“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати шу йилнинг 12, 13, 14 октябрь кунларида Ўзбекистон бўйлаб барча фуқароларни “Ош” ( оммавий шикоят) тадбирига таклиф этганидан хабарингиз бор.
Назаримизда, “ОШ” тадбирининг учунчи куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида муваффақиятсиз якун топди. Негаки, мазкур оммавий шикоят тадбирининг охирги кунида ҳам шикоят-аризалари ҳукумат идоралари томонидан ойлаб-йиллаб ўз ечимини топмаётган жабрдийда фуқаролардан бирортаси ташриф буюрмади.
Бироқ, шуни ҳам эътироф этиш керакки, бугун Олой бозори марказий дарвозаси ёнига тўпланган “Бирдамлик” аъзолари сонининг чўғи ҳар кунгидан салмоқлироқ бўлди.
Абдулла Тожибой ўғли, Татьяна Давлатова, Владимир Хусаинов, Виктория Бажинова, Ҳаракатнинг Жиззах вилоят бўлими раҳбари Саида Қурбонова, Малоҳат Эшонқулова ҳамда мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Анатолий Волковлар маҳаллий вақт билан соат 11.00 дан то 12.40 га қадар шикоят аризалари ўз жавобини топмаётганлиги сабаб умри ҳукумат идораларида сарғайиш билан ўтаётган фуқароларнинг ташрифини ҳам билан умид ва илҳақлик билан кутишди.
Ҳаракатнинг Тошкент вилояти бўйича раҳбари Шарифахон Тўйчибоева тадбирда йиғилганларга қўнғироқ қилиб, “Йўлдаман, мен ҳам ҳозир сизларга бориб қўшиламан” деган бўлишига қарамасдан, фақат ўзига маълум сабабларга кўра негадир етиб келолмади. Бу ҳолатнинг сабабига аниқлик киритиш учун Ш. Тўйчибоевага қайта-қайта қилган қўнғироқларимиз бесамар кетди. Опа билан қайта боғлана олмадик.
Пойтахтда бўлиб ўтаётган мазкур тадбир иштирокчиларининг сафига Фарғона вилоятидан ҳам фуқароларнинг келиб қўшилиши кутилаётган эди. Бироқ, кутилгандек бўлиб чиқмади.
Бу ҳақида Ҳаракатнинг Фарғона вилоят бўйича раҳбари Неъмат Сиддиқов телефон орқали шундай ҳикоя қилади: “Биз Тошкентда бўлиб ўтаётган “ОШ” нинг охирги кунида қатнашиш учун уч киши бўлиб йўлга чиққандик. Йўлда содир бўлган кўнгилсизлик туфайли бораолмадик. Аниқроғи давонда то ошхонага кириб чиққинимизга қадар биз ўтирган аватоуловнинг балонларини тешиб кетишибди. Иложсиз қолганимиздан, ортга қайтишга мажбур бўлдик, афсус”.
Демакки, мамлакат бўйлаб ўтказилиши белгиланган “ОШ” тадбири пойтахтдаки кутилган натижани бермаган экан, у ҳолда вилоятларда аҳвол қандай, деган савол туғилиши, табиий. Биз айнан ана шу саволга жавоб топиш учун Ҳаракатнинг вилоятлардаги фаоллари билан боғланишга уриндик. Ҳаракатнинг Тошкент вилояти, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм вилоят раҳбарларига ҳарчанд қўнғироқ қилмайлик, “Телефон хизмат доирасидан ташқарида” деган жавобдан ўзга сўзни эшитишга, афсуски, муваффақ бўлмадик.
“Вилоятда биз томонимиздан бирор бир ҳаракат бўлган эмас, очиғи” дея гапни қисқа қилди Ҳарактанинг Сирдарё вилояти бўйича раҳбари Каримжон Бозорбоев телефон орқали бўлган суҳбатда.
Ҳаракатнинг Фарғона водийси бўйич араҳбари Носир Зокирнинг гувоҳлик беришича, «ОШ” тадбирнинг охирги кунида айтилган жойга “Бирдамлик” фаолларидан 3 киши, турли мазмундаги шикоят-аризалари ортидан сарсон бўлиб юрган 4 киши, жами 7 нафар фуқаро тўпланди. “Бирдамлик”чилар Ҳукукмат идораларига шикоят қилган фуқаролар ҳамроҳлигида вилоят ҳокимиятига йўл олди. Бироқ барча бирдек пахта йиғим-теримига сафарбар этилганлиги сабабли, ҳокимият биносидан бирор бир зоғ чиқмади. Ҳокимиятдагилар ҳам пахта далаларига “қувилган” экан. Шу сабабли фуқаролар ўз шикоятларини ҳокимиятга топшираолмаган фуқаролар оноумид бўлиб, тарқалишга мажбур бўлишди.
“Бизда, Жиззахда пахта йиғим-теримини жуда қаттиқ олишган. Кундуз куни кўчада бирор бир одамнинг юришига йўл қўйишмайди, ҳатто бозорлар фаолияти ҳам тўхтатиб қўйилган. Шу сабли “ОШ” тадбирига бирорта фуқарони йиғиш мушкул бўлди. Шундай бўлишига қарамасдан, вақтни бесамар ўтказган эмасман. “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати ҳукумат идораларига шикоят-аризаларингизни чиқаришда ва ҳаракатга келтиришда амалий кўмак беради” деган ёзув битилган қоғозларни кўчада, маҳаллаларда аҳолига тарқатиб чиқдим. Бу қоғозда менинг манзилим ва телефон рақамларим ҳам битилган. Энди кутаяман, албатта натижаси бўлиши керак. Ўзим эса “Ош” тадбирида қатнашиш учун эрта тонгда Тошкентга келавердим” дейди суҳбат чоғида Ҳаракатнинг Жиззах вилояти бўйича раҳбари Саида Қурбонова.
“Андижонда “Бирдамлик” ЎХҲ “Оммавий Шикоят” тадбири давом этади”, дея
хабар қилади “Бирдамлик” Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Андижондаги муттасаддиси Саиджаҳон Зайнабитдинов, – “Яъни мазкур тадбир 16 октябрь куни ҳам давом этиб, 17
октябрь куни якунланади.”
С. Зайнабитдиновнинг сўзларига кўра, Андижон шаҳридаги жаҳон бозори ҳудудида миллий ҳунармандчилик ашёлари билан савдо қилувчи расталар бузиб ташланган ва уларга бозорнинг қадам етмас, кимсасиз, овлоқ ҳудудидан савдоо учун жой ажратилган. Қизиғи шундаки, миллий ҳунармандчилик асбоб-ускуналари билан савдо қилувчиларнинг бузиб ташланган жойини тилло тақинчоқлар, ҳориждан келтирилган турли-туман буюмлар билан савдо қилувчи шахслар эгаллади. Нега? Чунки маҳаллий ҳокимият ва бозор маъмурияти миллий ҳунармандчилик савдоси билан шуғулланувчиларни назар-писанд қилмаган, шу сабаб уларнинг савдо учун қулай жойини бойвучча савдогарларга “тортиқ” этишган. Бозордаги мавжуд муаммо фақат шундангина иборат эмас, албатта. Бир сўз билан айтганда, “Бирдамлик” фаоллари ушбу кунда мазкур бозорнинг ўзига хос турли муаммолари борасида ёзилган шикоятга жабрдийдалардан имзо тўплаш билан машғул бўлдилар. Айни дамда, мазкур Жаҳон бозорида ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари савдо бўлишини инобатга олган ташкилотчилар имзо тўплаш ишларини яна икки кун давом эттиришга қарор қилишган. Имзолар тўлангач ариза вилоят ҳокимлигига топширилади.
Қашқадарёда “ОШ” тадбирини ўтказиш Ҳаракат фаоли башорат Хидировага осон кечмади. Қанчайин ҳаракат қилмасин, пахта йиғим-теримига оммавий сафарбарлик сабаб, шикоят-аризасининг ҳамон ечимини топмаётганлигидан хуноби ошиб, ҳуқуқлари паймол бўлаётган фуқароларни тадбирга тўплашнинг имкони бўлмади. Ана шундан кейин Б. Хидированинг якка ўзи влиоят ҳокимиятига ўз баёноатини топширди.
Кўриб турганингиздек, бир сўз билан айтганда, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати ташаббуси билан ташкил этилиши кўзда тутилган уч кунлик “ОШ” ( оммавий шикоят) тадбирининг мақсад-муддаоси қайсидир маънода ҳукумат одамларини сергаклантирган бўлиши мумкин, бироқ аҳоли онгига қадар керагича етиб бормади. Шу сабабли, айтиш мумкинки, мазкур тадбир мутлоқ муваффақиятсизликка учради. Нега? Бу саволга жавобни узоқдан, ўзгалардан эмас, аслида ишни бошдан “хом” ташкил этган “Бирдамлик”чилар ўзларидан қидиришса, ҳақиқатга яқинроқ бўларди.
Бироқ шуни эслатиш жоизки, донишмандлар “ Ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бўлади…” дейишган. Шу маънода айтиш мумкинки, бу каби муваффақиятсизлик “Бирдамлик”чилар учун катта бир сабоқ, мактаб бўлди.
МАЛОҲАТ



