ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАВОЛАНИШГА ҲАҚҚИ ЙЎҚМИ?

Авторитар давлатда муассаса ва корхоналарнинг раҳбарлари фақат юқоридаги амалдорларнинг оғзаки ва ёзма буйруғига бўйинсунади. Демократик давлатда эса, фақат қонунга итоат этилади. Афсуски, Ўзбекистонда авторитар тузим ҳукмронлигини ҳар қадамда учратиш мумкин… Айтайлик Конституцияда. ҳар бир фуқаро даволаниш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган. Аммо амалдачи?
Масалан, бизнинг Ғаллаоролда Аҳмедова Тамара исмли Тумангаз идорасида ишлайдиган сингилимиз бор. Ёлғиз ўзи уч нафар фарзандини боқиб ўстирмоқда.
Шу йилнинг 19- сентябр куни бояқиш аёл юрак хуружи ва кучли юқори қон босими туфайли Ғаллаорол туман марказий шифохонасининг шошилинч бўлимига оғир аҳволда ётқизилган. Дастлаб шифокорлар унга ёрдам кўрсатишган. 23 сентябр куни эса, унга (ҳали даволаниб, соғаймаган беморга) касалхонани тарк этишни буюришган. Касалхонанинг ранимация бўлимининг мутасаддиси Тожибоева Зайнабнинг унга айтишича, туман хокими Илҳом Эшонкуловнинг ўзи, шахсан туман марказий шифохонаси бош шифокори Дулан Маматмуродовга Аҳмедова Тамарани касалхонадан чиқариб юборасан, деб буйруқ қилган эмиш. Ажабо, тумандаги вазиятни қарангки, ўзининг ҳақиқатпарварлиги туфайли ҳокимга ёқмаган, аҳволи оғир беморни ҳокимнинг буйруғи билан касалхонадан чиқриб юборишган. Бояқиш бемор «хеч бўлмаса терапия бўлимида ётиб даволанишни давом эттирай», деб Худони зорини қилса ҳам эътибор беришмаган. Зайнаб опа «терапия бўлимига ҳам сизнинг ётишингиз мумкин эмас», деб касалхонада беморнинг қолишига рухсат беришмаган. Тамара Аҳмедова доктор опадан нима сабабдан бундай бўлаетганини сўраганида, «сиз ишлаетган тумангаз филиалида жанжалларинг бор экан, шу сабабдан туман хокими сизнинг касалхонада ётишингизни хохламаяпти», деб жавоб берган.
Оддий бир беморнинг касалхонада ётишига Туман ҳокимининг қаршилик қилиши ҳам авторитар тузимнинг белгисидир. Тумангаздаги (ўтган мақоламизда ҳам ёзган воқеалар) туман хокимлигини ваҳимага солмоқда. Бечора аёл касалхонада қолишнинг иложини қилолмасдан уйига қайтиб келиб, қайтадан даволаниш учун вилоят касалхонасига қараб йўл олди. Вилоят касалхонасида хам Гиппократ қасамини бузиши мумкин бўлган шифокорлар учраб қолишидан хавотиримиз бор. Шўрлик аёлнинг даволаниб. уйига, болалари бағрига қайтишига Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин!
Г.Бердиева.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares