ТИРИК ЕТИМЛАРНИ КИМ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ ???

«Етимхона» дейиш расман ножоиз,
«Болалар уйи» бу, юмшоқ ибора.
Халқимиз кўрсатган ғамхўрлик боис
Етимлик йўғига содда ишора.
Майли, шўр қилмасин тақдир ҳар қалай
Бирон жигарингнинг пешонасини.
Босиб ўтганмисан бир бора атай
Бу маюс даргоҳнинг остонасини.
Кўнгил сокинлиги топади барҳам,
Ногоҳ бир силкиниб тушади тупроқ.
Ота-ю,онасиз қолганидан ҳам
Рост гап, бунда тирик етимлар кўпроқ.
Улар кўзларида зангор чиройда
Яшнаган ўлканинг кузларин кўрдим.
Тўққиз ой куёшга ҳамроҳ бу жойда
Ҳасратнинг эримас музларин кўрдим.
Кулфат бу бир умр ёдимда қолган.
Англадим ўт ва сув орасидалар
Меҳрсиз ҳаётга, меҳри йўқолган,
Калбида дард ёнган норасидалар.
Энг МУХОЛИФ давлат розидир аммо
Етуклик биз билан тузмас битимлар
Токи қадим ўлка сийнаси аро
Мўлтираб боқаркан тирик етимлар.
«Тирик етимлар» Илгари бу сўзни эшитган ҳар қандай киши бир сесканиб тушарди. Ҳозирда кўпчилик бу ҳолга ўрганиб қолди, шекилли! Менинг фикримча шундай…
Мен ҳам турмуш ўртоғим билан 1989 йили ажрашганман. Ўша пайтларда кичик ўғлим бир ёшу уч ойлик эди. 4 нафар болам билан жуда-жуда қийналганман. Алимент олмаганман. Сабаби 4 боламни иккига бўлишни таклиф қилишди: яъни иккаласи мен билан иккаласи отаси билан бўлади, дейишди. Мен алиментдан воз кечиб болаларимни олдим.
Болаларимни опамларникига, ака-укамларникига эргаштириб борган пайтимда дастурхон ёзишса, болаларим аввал шу оила аъзоларининг ҳаммасининг юзига бир-бир қараб чиқишарди-да сўнг дастурхонга кўл узатишарди. Бу ҳолни кузатиш менга жуда оғир ботди. Шу сабабли қариндошлар билан қарайиб 10 йилдан бери жиддий борди- келди қилмай қўйдим: тўй – маракада ҳам болаларимсиз, ёлғиз ўзим бир, икки соатга борардим. Одамларнининг миш-миши-ю, ёмонотлиқ қилмоқчи бўлган касларнинг берган азоблари учун қанчалар қийналдим.
1997 йилининг март, апрел ойлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Уйимда 20 килоча буғдой қолганди. Ун қилиб чиқартирсам 10 кунда еб бўламиз. Бошим қотди. Ўйлаб –ўйлаб бир коса буғдойни қайнатдим. Пишгандан сўнг қовурдим. Кейин толқон қилиб туйдим… Ҳар куни шундай килдим. Нонуштага бир коса,тушликка бир коса, кечга бир коса тайёрлаб едик. Қорнимиз тумасада ҳар на, ковзонарди.
Буғдойнинг ҳаммасини бир маратоба пишириб тайёрлаб қўйсам бўларди. Бироқ болаларим ёш эди, эртанги кунимизни ўйлашмасди. Қоринилари тўйгунча ейишни ҳоҳлашарди. Уларнинг қорнини тўйдиролмаганим учун, истаган нарсаларини едириб, истаган нарсаларини кийдиролмаганим учун ҳеч кимга кўрсатмай йиғлаган пайтларим бўлди… Шундай кунларнинг бирида «Пахтакор хаёти» газетасининг муҳарири «Болаларингизни Болалар уйига топширинг, ёрдам бераман, қийналаётган экансиз, деб қолди.
Ўйландим: оналари билан қолган болалар билан онасиз юрган болаларни таққослаб кўрдим. Болаларим касал бўлса ҳатто, катталари ҳам «Сиз билан ётаман» деб бўйнимдан қучоқлаб оларди. Бир минут ҳам менсиз ётмасди. Болаларимни ўзимдан бошқага ишонмадим. «Болалар уйи» га беришга кўзим қиймади.
Эр- хотин ажралишса, аксарият холларда болалар онаси билан қолади.Оталар эса ҳатто алимент тўлашдан ҳам қочишади. Баъзилари қариндош ёки таниш фермерлардан «Фалон» фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишлайди» деб арзимаган ойлик маоши кўрсатилган ёлғон маълумотнома олиб келиб беришади. Янаям ачинарлиси шундаки, алиментни қонун орқали талаб қилишган вақтда ҳам суд ижрога чиқариб беради. Бироқ, ижро, йиллаб баъзан уч йиллаб чўзилиб кетади.
М а с а л а н: Наргиза исмли танишим икки боласи билан 2001 йили эридан ажралишган. Йиллар давомида у гўдак болалари билан алимент кутган. Болаларининг отасига борса «Алимент жўнатаяпман» деган, почтага борса «Келмади» дейишган. Шундай килиб 11 йил ўтгач у алимент ундириб беришда ёрдам сўраб вилоят прокуратурасига мурожаат қилган.. Вилоят прокуратураси Пахтакор туман прокуратурасига текшириш учун жўнатган.
Туман прокуратураси 2001 йилдан бошлаб то шу бугунги кунгача икки нафар бола учун атиги 392.631 сўм алимент жўнатилганлигини, шунинг ҳам 2004, 2005 йиллардаги жўнатилган 220.000 сўм алимент пулини Почта алоқа тармоғига қарашли, Пахтакор -3 алоқа тармоғи мудираси Мунаввар Тожибоева ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлигини, қолган 172631 сўмни арнасой туман почтасига қайтариб жўнатилганлигини аниқлаган.
Бу икки гўдак учун отанинг 11 йил давомида юборган алиментини ҳисоблаб кўрайликчи:
392.631сўмни бўлсак, 11 йилга = 35.693 сўмдан бўлади.
35.693сўмни бўлсак, 12 ойга = 2. 974 сўмдан бўлади.
2.974сўмни бўлсак, 29 кунга = 102 сўм-у.55 тийиндан бўлади.
102 сўм 55тийинни: 2 кишига = 0.78 тийиндан бўлади.
Ота ҳар бир боласи учун кунига 78 тийин тўлаб яна «Болаларимга алимент тўлаяпман» деб бола боқаётган аёлга зуғум қилса, шу 78 тийинни ҳам алоқа тармоғи мудираси М. Тожибоева еб кетса она қаёққа борсин? Болаларининг рисқини қийиб қаерга чопсин.
Пахтакор туман Почта алоқа тармоғига карашли Пахтакор -3 алоқа тармоғи мудираси Мунаввар Тожибоева тирик етимларнинг ҳақини ейишдан уялмадимикин? Етимларнинг ҳақини еётганида виждони қийналмадимикан? Ҳатто Худо олдидаги савол-жавобдан ҳам қўрқмадими? Қонунданчи?
М.Тожибоеванинг килган жинояти Пахтакор туман прокуратураси текшируви натижасида маълум бўлгач бундан роппа расо 6 йил илгари жиғилдонига уриб юборган 220.000 пулни Наргизага 220.000 сўмлигича олиб келиб берган.
Йиллар давомида болаларини едириб ичиришдан, кийинтиришдан, укишдан дўконлардан, таниш-билишларидан қарз бўлиб қийналган, бир неча маротоба алимент сўраб мурожаат қилган, яшаш манзилини аниқ билувчи, таниш бу почта мудирасининг қилган ишидан қаттиқ норози бўлган Наргиза ўз ҳақини ундириб беришларини, почта мудираси қилган жинояти учун қонун олдида жавоб беришини сўраб жиноят ишлари буйича Пахтакор туман судига мурожаат килган.
– Прокуратура бу суднинг иши деса, суд прокурорга боринг, дейди. Мана яна Вилоят прокуратурасига мурожаат қилишга кетаяпман. Болаларимнинг отаси шахсий машинасида киракашлик (таксистлик) қилади. Фалон фермерда ишлайди деб маълумотнома олиб келиб берган – дейди шикоят аризаларини кўтариб вилоят прокуратурасига кетаётган Наргиза йиғлашдан бер бўлиб..
Пахтакор туманида Наргизага ўхшаб алимент ололмай, судма-суд сарсон бўлиб, суд ижросидан норози бўлиб, болаларини боқишда, уй-жой тополмай қийналиб юрган аёлларни кўплаб учратасиз. Нуринисо, Мавжуда, Ширин ва бошқалар. Бундай аёлларнинг сони анчагина.
Ота она ажралишса болаларда нима гуноҳ. Ота болаларининг таъминотини таминлаб қўйсин. Алимент тўлашдан бўйин товлаб ялло килиб юрган баъзи оталарни КОНУН тартибга солиб қўйса яхши бўларди.
Саида Курбон.
Жиззах вилояти, Пахтакор тумани.
19.09. 2011 йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares