Ёруғлик бўлсин…

Ватандошларимиз билан учрашувда менга Ўзбекистондаги электр энергияси тўғрисида жуда қизиқ савол берилди.Ҳақиқатдан ҳам,халқимиз электр энергияси тез тез узиб қўйилишига кўникиб қолди.Мамлакатнинг кўпгина ҳудудларида электр энергияси ўзига хос жадвал билан эрталаб 2 соат,кечқурун 2 соат берилади. Бу саволга шу тўпдаги баъзилар,гўё халқнинг электр энергияси учун қарзи кўп,қачон шу қарзлар тўланса узилиш бўлмайди деб жавоб беришга ҳаракат қилишди. Бу жавобга қўшилиш мумкин эди, аммо эътиборга олиш лозим бўлган умуман бошқа ҳолатлар мавжуд. СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон мустақил, шу жумладан электр энергияси билан таъминлашда ҳам мустақил бўлди. 20 йил давомида ҳеч бўлмаса кам қувватли электростанциялар қуриш у ёқда турсин,ҳатто борини ҳам расво ҳолатга келтиришди. Капитал ремонт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Баъзи ҳисоботларга қараганда эса Ўзбекистон энергетика вазирлиги ўзининг вазифаларини муваффақиятли бажариб ҳатто экспортга ҳам ишлаяпти. Каримов режимининг сохта иқтисодчилари энг асосийсини унутишган.

 Бошқача қилиб айтганда бу худди ҳожатхонасиз катта уй қуришга ўхшайди. Бу уйда яшовчилар ё чидашади, ё қўшниларникига чиқишади. Бунга алоҳида фактлар керак эмас деб ўйлайман. 1991 йилдан бери уйларнинг ўзи уч марта кўп қурилган. Бу давлат қурилишидан ташқари бўлган, аҳоли томонидан қурилган уйларнинг ўзигина шунча. Агар турли хил савдо комплекслари, кичик фирмаларни қўшсак электр энергияси истеъмолчилари қанчалик ошганини кўрамиз. Электр энергияси эса резина эмас. Уни чексиз чўзиш мумкин эмас. Баъзида қандай қилиб тармоқ ҳали чидаётганига ҳайрон бўласан. Электр энергияси учун ҳақ икки баробар тўланса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Ечим янги электростанциялар қуришдир. Ўз вақтида Ўзбекистон учун қандай электростанциялар самарали эканлигини ҳамкасабалар ва сафдошлар билан кўп фикрлашганмиз.Атом энергетикаси хом ашёдан муаммо бўлмайди, аммо уни ҳисобдан чиқарамиз. Япониядаги сўнги воқеалар, энг хавфсиз атом энергетикасига эга деб ҳисобланган Франциядан яқинда келган хабарлар одамни ўйлантириб қўяди. АҚШ ўтган асрнинг 70- йилларида бундай объектларни қуришни тўхтатгани бизнинг ҳақлигимизни тасдиқлайди. Газ ва нефть каби табиий ёқилғиларда ишлайдиган ГРЭС лар қолади. Қуёш батареялари ва қуёш иссиқлик генераторлари каби икки хил варианти мавжуд қуёш энергияси асосидаги қизиқарли лойиҳаларт ҳам мавжуд. Ҳар қандай ҳолатда ҳам зудлик билан ҳаракат қилиш лозим. Электр энергиясининг янги манбаларини қуришни эртага ёки келаётган душанбага қолдирмасдан бугуноқ бошлаш керак. Ҳукуматнинг ҳаракатсизлиги шундоқ ҳам қийналаётган халқни,мамлакатни ёмон аҳволга олиб келади. Каримов ва унинг оиласининг сурбетларча ёлғони халқни худди вампир каби ҳолсизлантирмоқда. Диний фалсафий ўгитлар муаллифи Саъдий ёлғон худди оғир зарбага ўхшашлигини, яра битса ҳам чандиқ қолишини айтган. Ҳозирги бошқарув ҳам худди шундай. Мамлакатдаги барча чандиқларни санаб тугатиб бўлмайди. Ҳар қандай ёлғон бир кун ошкор бўлади. Каримов ўз нутқларида доимо ғалла мустақиллигига эришилгани тўғрисида гапиради. Нега бўлмаса Қозоғистондан ун сотиб олинади ? Иқтисодиётдаги камчиликларга беҳисоб мисол келтириш мумкин. Бу ҳақда тўхтовсиз гапириш мумкин, лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас.Бизга шу нарса аниқки, янги келган бошқарувчи Ўзбекистон иқтисодиётини кўтариш учун биринчи навбатда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг қувватини оширишни ўйлаши керак. Бусиз барча қилмоқчи бўлган ишларимиз қуруқ гап бўлиб қолаверади. Шу иш амалга оширилса халққа нимани истасак ўша нарсаларга эришамиз. Завод ва фабрикалар тўлиқ қуввати билан ишлайди, чет эллик инвесторлар келади. Бу эса энг асосий муаммо бўлмиш ишсизлик муаммосини ҳал этишнинг энг тўғри йўлидир.

Абдужаббор Исмоил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares