Қарши шаҳри Кунчиқар ва Махаллот махалласида яшайдиган одамларнинг тинчлиги бузилганлиги кузатилаяпти. Бунга сабаб эса, маҳаллаларда ўғирлик каби жиноятнинг содир бўлаётганлиги, бугунги оғир иқтисодий ва ижтимоий ҳолатда кимлардир яшаш учун кураш қабилида жиноят йўлига кириб бораётганлигидир. Кузатувимизга тушган “Кунчиқар” маҳалласи Талабалар кўчасида ўғирлик бўлаяпти ва бегона одам дераза ортида туриб, ёш болаларни ва хонадон эгаларини қўрқитиш холатлари содир бўлди. 10 сентябрь куни соат тахминан 22:00 лар атрофида шу кўчадаги қўш қаватлик уйлар атрофида қўшниларимдан бири, бу ерда бугун тахминан соат эрталаб 9:00 бирон бир бегона кишини кўрган кўрмаганимни сўрай бошлади. Вокеъликга ойдинлик киритишини сўрадим. “Хотиним чакалоғи билан уйда, катта фарзандим 3 ёшда-ку. Бир одам келиб даданг қани, аянг каерда деб тергай бошлабди. Яқиндагина яна бир фарзандлик бўлгандик. Хотиним қўрққанидан бақирган ва зудликда домни айланиб ўтиб, нотаниш одамга қараб ғишт отибти. Бу биринчи марта эмас”, – дейди Ойбек исмли кўшнимиз. Бундан 5-6 ти кун илгари қўшни хонадонлардан бирида ўғирлик содир этилди. Жиноят хонадон эгасининг иш юзасидан Тошкентга кетган вақтида бўлиб ўтган. Қўшниларнинг айтишлариича, бу иш юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Худди ўша кунлари мен хам нотаниш кимсаларни кўчамизда кечқурун ўтирганини кўрган эдим, аммо булар ўғирликга тушишни режалаштираётгани хаёлимга хам келгани йуқ. Бирортани кутаётган бўлса керак деб хаёлимдан ўтказгандим. Булар мени пойладиган ИИБ ходимларидан фарқли эдилар. ИИБ ходимлари мени кўришлари билан қочиб кетишади, нотаниш кимсалар эса ҳеч қаерга қочишга уринишмасди ҳам. Қарши шаҳри кўчаларида юрсангиз, оддий одамлардан кўра милиция ходимлари кўпдай кўринади. Нега энди жиноят камаймаяпти? Бирон бир байрам олди мени қуршаб тўрт томонимдан ўраб ташлашади, мен жиноятчи эмасманку? ИИБ ходимлари ҳақиқий жиноятчиларни пойлашса, уларни зарарсизлантиришса дуруст бўлмасмиди? Савол кўп аммо жавоб йўқ! Ўзбекистонда яшаш оғир, ишсизлик оқибатида жуда кўплаб ёшлар жиноятга қўл уришаяпти. Ўғирлик қилган шахслар ушланса қамоққа равона бўлишсада, у ерда нимани ҳам кўришарди? Ўзидан ҳам бадтар хавфли рецидивистлар билан мулоқотда бўлади ва янаям тажрибалироқ бўлиб, жазо муддатларини ўтаб чиқишади. Озодликда эса,иш йўқ! Тағинда ўғирлик, босқинчилик ва ҳаммаси қайтадан бошланади. Ўзбек ҳукумати ёшларни иш билан таьминланишини кўзлаб ички сиёсатини олиб борса, келажакда жуда кўплаб жиноятларнинг олди олинган бўларди. Афсуслар бўлсин-ки, кўплаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари куни ўтмай қолганидан иш излаб Россияга кетишмоқда. Кета олмайдиганлар эса жиноятга қўл уришга мажбур бўлмай қолмайди. Ўзбекистонда эса иш топилмайди, топилганда ҳам унга бериладиган ҳақ яшаш учун етмайди. Нега ўзбек халқи ҳукуматдан иш билан таьминлашини талаб қила олмайди? Одамларимизда мавжуд бўлган ички бир қўрқув ҳамма нарсадан устундек. Йўқ! Ахир улар жиноят қилишдан қўрқишмаяптику. Аҳвол шундайлиги, мумкин ҳукуматимизни қаноатлантираётгандир ҳам. Мен интернет тармоғи орқали Ўзбекистон Республикаси ИИБ вазири Боходиржон Матлюбовга юзланмоқчиман. Ҳурматли вазир жаноблари! Қарши шаҳрида кўпайиб бораётган жиноятларнинг олдини олишда нима иш қила оласиз? Юқорида номи тилга олинган худудда назоратни кучайтириб беринг, аҳоли эса ички ишлар идоралари мулозимларига мурожаат қилишдан ҳам қўрқишаяпти. Нега десангиз участка инспекторлари ўз ишларига совуққонлик билан ёндошаётганликлари сабаблик, ўғирлик ва шунга ўхшаш холатлар кўпаймоқда. ИИБ ходимлари ишламаяпти, ишласин дея талаб қилишдан қўрқишаяпти. Ахир аҳоли солиқлари ҳисобидан милиция идоралари фаолият кўрсатмайдими? Демак, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам айнан мана шу милиция идораларининг вазифасидир. Шу масалани ўзингиз ечиб беришингизни сўраб қолардим, акс холда жиноятлар авж олиб бораверади.
10-сентябрь, 2011- йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси



