Қора тош

Ёдгор Обид

Юксакликда турибди сукут сақлаб қоратош,

Еллар унга бепарво, гуллар унга бепарво.

Сен ҳам боқма бепарво, қора тошга , қорақош,

Ўша менинг руҳимдан шакл топган бир нидо.

Ўша зангор бағирда қадр топган ҳиссиёт

Тақдирин бўшлиқларга қилиб қўйган ҳавола.

Ушалмаган армонни қора босар умрбод,

Қора ранглар остида қора қотган бир нола.

Сукут сақлаб турибди унсизгина бир нидо

Юксакликка талпиниб бамисоли қоратош.

Олам унга бепарво, сен ҳам боқма бепарво,

Ушалмаган армонни қора босар, қорақош…

Оҳу

Қояларнинг ортига ўзингни урмасангчи,

Кўзларинг жовдиратиб, қалтираб турмасангчи,

Менинг ошиқ қалбимга ғашлар тўлдирмасангчи,

Кел энди, сен ҳам мени интизор қилмасангчи,

Манов ҳижрон тонгида сенга маҳталдир бу жон,

Истасанг қалбим очай оҳу, оҳу, оҳужон!

Сени нишон олгунча синиб кетсин милтиғим,

Ўт- ўлан ўриб берай, тутайин сиқим- сиқим,

Сўнгра бир гап сўрайин, зора чиқса ҳордиғим,

Неча кундир кўринмас жамалаги қийиғим,

Ошиқ қалбим ўртайди ҳижрон ўти беомон…

Хабар айтақолсангчи оҳу, оҳу, оҳужон!

Сен ҳам учратмадингми ўша чашма бўйида?

Қўшиқлар айтмадими биронтанинг кўйида?

Изларин ўпар эдим кўрсам тоғнинг сойида,

Ахир менку оҳ урган кеча- кундуз ўйида…

Айт, ошиқлик дардини биласанми, оҳужон,

Ёки менинг ҳолимдан куласанми, оҳужон?

Тоғ малагин сен каби қалби эркин қуш эди,

Кўзлари кўзларингдай, қомати заб ҳуш эди,

Ширин такаллумидан ошиқ дил беҳуш эди,

Наҳот ўша кўрганим рўё эди, туш эди,

Энди ҳолим не кечар оҳу, оҳу, оҳужон,

Кўнгил қайдан сув ичар оҳу, оҳу, оҳужон!

Тоғли шўх йигит эдим, ота касбим сайёдлик,

Неки тушса домимга- шу эди менга шодлик,

Дараларда кезардим гоҳ пиёда, гоҳ отлик,

Неки қилдим, ўйласам, асли экан бедодлик,

Бу кун тушиб ўртанар бу ошиқ тандаги жон-

Оҳу кўзлар домига, оҳу, оҳу, оҳужон!

Қояларнинг ортида қалтираб турмасангчи,

Юрагимга зарбма- зарб армон тўлдирмасангчи,

Мен ошиқни ўзингга бунча зор қилмасангчи,

Ёр васлига етмасдан ғамда ўлдирмасангчи,

Ҳижрон ўртар бағримни шундай ҳам ҳеч беомон,

Бугун ўзим тутқунман оҳу, оҳу, оҳужон!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares