Яна ўша…

Ёдгор Обид

Бош эгик, кўзлар юмуқ, мардуми хилват гўшаман.
Лақмаи-ялтоқдурурман, баъзида бевақт жўшаман.
Ким қаёнга бошласа эргашурман ит каби,
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десанг ҳам ўшаман.
Баъзилар таъна қилур босмиш тамом ғафлат дея,
Билмагай ўз қадрини ҳеч, қилмиши бидъат дея,
Қўйгил энди, бош қотирма юрт дея, миллат дея…
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десанг ҳам ўшаман.
Неча ўн йиллар тирик мурда бўлиб юрдим охир,
Мурдалиғда йўқ озорлиғ, кўп ҳузур кўрдим охир,
Ўз қўлим бирла ўзимга дору- қафас қурдим охир…
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десанг ҳам ўшаман.
Дўппини ерга қўйиб, бошим қашиб ўйланаман,
Туну- кун минг бир хаёл ичра қолиб сўйланаман,
Бемуроду- беғурурман, ваҳм ичра ўламан…
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десанг ҳам ўшаман.
Бир ажиб элдир элим, авоми қул, подшоҳи қул,
Ёв имо қилса мудом-ўзин бадном этгай нуқул,
Бу балога йўқ даво, қонимда шул, жонимда шул…
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десанг ҳам ўшаман.
Минг Мусо умри керак чиққунча бу элдин садо,
Сотқини кўп, қўрқоғи кўп, ҳам мунофиқ беҳаё,
Мен каби нодон қулингни кечиргайсан эй худо…
Дод десанг ҳам ўшаман, войдод десан ҳам ўшаман.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares