ОТА-БОЛА МУШТУМЗЎРЛАР КИМНИНГ ЭРКАТОЙИ?

Шу йилнинг 23 мартида жиноий ишлар бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон туман судининг очиқ суд мажлисида оҳангаронлик муштумзўр оилалардан ҳисобланган Хушназаровлардан бири Шерзод Озодовичнинг жиноий иши кўриб чиқилди. Ва суд бу гал ҳам фуқарога қўл кўтарган бир бойваччага нисбатан Ўзбекистонгагина хос бўлган «бағрикенглигини» яна бир карра яққол намойиш этди.
Гап «Оҳангароншифер» корхонасига бир вақтлар оддий таржимон сифатида суқилиб кириб олган, кейинчалик айблари туфайли таҳририятдан қувилган Озод Хушназаров ва унинг «изи»дан бораётган муштумзўр ўғли Шерзод Хушназаров ҳақида бораяпти. Бу ота-бола муштумзўрлар Оҳангаронда дўқ-пўписа билан иш битириш, ҳатто раҳбар ходимларга қўл кўтаришдан ҳам тойтишмаяпти.
Таъкидлаш керак, Озод Хушназаров, деса оҳангаронликлар бир сакраб тушадиган бўлиб қолган. Ўзининг фойдаси учун сув келса симирадиган, тош келса кемирадиган бу шахс эски касби журналистлигига таяниб давлат тили қонуни қабул қилинган йиллари корхоналарда зарурат юзасидан ташкил этилган таржимон лавозимига божаси Тўлаган Айнақулов кўмагида ишга кириб олди. У тез орада корхона касаба уюшмаси раиси лавозимига «сайланди». Корхона эса катта – минг чоқли одам ишлайди. Энг асосийси бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот жуда харидоргир. Ахир бутун бошли мамлакатдаги шифер етказиб берадиган учта корхонанинг энг каттаси шу «Оҳангароншифер» ҳисобланади. Озод Хушназаров билан «келишиб ишламаган» кейинги раҳбарлар албатта қамалади..
Озод Хушназаров ўз мансабидан фойдаланиб, пул ишлашнинг антиқа йўлларини омилкорлик билан ишга солди. Жумладан, Тошкентдан казо-казо санъаткорларни, ёзувчиларни чақириб корхонада номига учрашувлар суҳбатлар уюштирди. Шу мақсадда ишчи-ходимларнинг миллионларини ажратди. Аммо тадбирга ана шу миллионларнинг ҚАНЧАСИ САРФ бЎЛГАНИНИ бир ўзи билади.
Озод Хушназаров кейинги йилларда бир неча қалин-юпқа китоблар чоп этди. Аммо бу китобларда холис фикрлардан кўра аламзадалик, ўзини оппоқ, бошқаларни қора қилиб кўрсатиш мотивлари устунлик қилади. О.Хушназаров бу китобларида иккинчи жаҳон урушида қон кечиб, кўкраги орден ва медалларга тўлиб қайтган, кейинчалик узоқ йиллар туман газетасининг муҳаррири бўлиб ишлаган, марҳум Акром Аъзамовдан қандайдир ўч олмоқчи бўлади. Ҳозолда англашинишича, Озод Хушназаров мухбирлигини пеш қилиб одамларни лақиллатиб юрганини сезган А.Аъзамов муҳаррир сифатида уни ишдан ҳайдаб юборган экан. А.Аъзамов муҳаррирликдан кейин шаҳар «Нуроний» жамғармасини бошқарди. Саксон ёшларида қазо қилди. Мусулмончиликда ўтган одамлар ҳақида ёмон гап айтиш гуноҳ саналади. Озод Хушназаров эса китоб чиқаришга киришдию деярли ҳар бир асарида Акром Аъзамовни асосий салбий қаҳрамон сифатида тасвирлаб келмоқда.
Озод Хушназаров китобларини тарқатишда ҳам бошқа ёзувчилардан анча пешқадам чиқиб қолди. У китобларини корхона ишчи-хизматчиларига мажбурий сотишни «намунали» йўлга қўйган. Кассада ишлайдиган қизи Нилуфар маош тарқатиш жараёнида ходимлардан китоб пулини ушлаб қолаверади. Бундан жаҳли чиққан ишчилар орасида китобни олиб кўчага улоқтирганлар ҳам бор.
2003 йилнинг 31 октябрида Озод Хушназаров ҳузурига ёрдам сўраб келган корхона ходимаси Нилуфар Боситхонованинг номусига тегмоқчи бўлади. Шу мақсадда унга нисбатан куч ишлатиб бошига, танасининг турли жойларига урган. Аммо «таниш-билиш»чилик билан Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туман суди унга енггил жазо берган. Бинобарин,2004 йил 15 декабрида ўтказилган очиқ суд мажлиси ҳукмига кўра О.Хушназаров иш ҳақидан 20 фоиз давлат фойдасига ундириш шарти билан1 (бир) йилу 6 (олти) ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этилган…Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.
Энди эса Озод Хушназаровнинг ўғли Шерзод ҳам отанинг ножоиз қилиқларини давом эттирмоқда. Масалан, 2010 йилнинг апрел ойида корхонада иккита цех бирлаштирилиб технолог бўлиб ишлаб келаётган Шерзод Хушназаровнинг лавозими қисқаради ва у корхона бошқаруви раиси буйруғи билан ўша лавозимидан бирмунча юқори бўлган техник бўлимдаги инженер технолог лавозимига ўтказилади. Шерзод ана шу вазифада иш бошлаганидан кеийн 2010 йилнинг июнь ойининг ўрталаридан 5 сентябрга қадар корхонада тафтиш ишлари бошланиб ходимлар иш ҳақи сақланмаган мажбурий меҳнат таътилига чиқариб юборилади.
2010 йилнинг 5 ноябрида Шерзод Хушназаров вақтинча раиси Б.Юлдашевнинг хонасига кириб ундан бошқа лавозим сўрайди. Б.Юлдашев Шерзодга ҳозирча ўз иш жойини қадрлаб туриши, ўзи ҳам раҳбар лавозимини вақтинча бажараётганини тушунтиришга интилади. Шунда Шерзод сўкиниб, ҳақоротли гаплар айтиб чиқиб кетади. Орадан ярим соатларча вақт ўтиб, бош иқтисодчи вазиифасини бажараётган Жаҳонгир Султоновнинг хонасига бориб у ерда бош ҳисобчи Равшан Абдуназаров уччалови иш юзасидан гаплашиб ўтирганларида ҳузурларига Озод Хушназаров, унинг ортидан ўғли Шерзод шитоб билан кириб келади. Озод Хушназаров Боҳодир Юлдашевга қарата «Сен нега менинг ўғлимга иш бермайсан?» дея дағдаға қилади. Баҳордир Юлдашев О.Хушназаровга, тинчланишини, ўғли яхши ишда ишлаётганини айтади. Аммо ота-бола тинчланмайдилар.Шерзод стуллардан бирини жаҳл билан раис тарафга қараб тепиб юборади. Ота ўғлига «Ур» деб буйруқ беради. Шерзод Б.Юлдашевнинг чап юзига мушт туширади. Мушт зарбидан ерга йиқилгач оёғи билан ўнг юзига тепади. Баҳодир Юлдашев оғир зарб туфайли хушидан кетади. Бош иқтисодчи ва бош ҳисобчилар ана шундагина ота-бола муштумзўрларни бир амаллаб хонадан чиқариб, эшикни ичкаридан қулфлаб оладлилар. Ота-бола Хушназаровлар узоқ вақт эшикни тепиб очишни талаб қиладилар. Бу орада корхонадан медпункт ходимлари келиб бошқарувнинг вақтинча раисига биринчи ёрдам кўрсатадилар. Б.Юлдашевни касалхонага олиб кетишади. У шифохонада роса 13 кун даволаниб чиқади.
Жиноий ишлар бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон туман судининг А.Қодиров раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида Шерзод ўз айбига қисман иқрор бўлди. Суд, жабрланувчи Б.Юлдашевга етказилган моддий ва маънавий зарарни қопламаганини, қарамоғида икки нафар фарзанди борлигини ҳисобга олди ва дастлабки тергов томонидан Шерзод Хушназаровнинг жиноий ҳаракати Ўзбекиитон Республикаси ЖКнинг 109-модда 2-қисми билантўғри квалификация қилинган деб баҳолади . Ш.Хушназаровга энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида, яъни1.130.375 (бир миллион бир юз ўттиз минг уч юз етмиш беш) сўм жарима жазоси тайинланди.
Энг ажабланарлиси ўз ходимидан тепки еб шарманда бўлган раҳбар Б.Юлдашев ўзига етказилган маънавий ва моддий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилиши тушунтирилди. Боҳадир Юлдашев ота-бола муштумзўрлар устидан судга мурожаат қилармикан ёки «кел, қўй, шу ёмонга бас келиб ўтираманми?» дея индамай қўя қолармикан?
Шарифахон Тўйчибоева.
Тошкент вилояти. Оҳангарон шаҳри

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares