ЎЗБЕКИСТОН РАСМИЙЛАРИ ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРИШМОҚЧИ

Шу кунларда Ўзбекистон телевидениеси мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан туркум кўрсатувлар бермоқда. Уларнинг аксариятида Ўзбекистон Конституциясига оёқ қўйиб, ўзини ўзи учинчи бор сайлаган ноқонуний президент И. А. Каримов мустақилликнинг ижодкори, курашчиси, қаҳрамони тарзида кўрсатилмоқда. Содда, оми одамларни ва 80 – 90 йиллардаги озодлик учун кураш тарихини билмаганларнигина ишонтириши мумкин бўлган ўшбу кўрсатувларда И.А. Каримов гўё туғилгандан бошлаб, Ўзбекистонни озод қилиш учун курашга бел боғлаган, бу йўлда тинимсиз ҳаракат қилган эмиш. Кўрсатувларнинг «ижодкорлари» шу даражада эсларини йўқотишганки, тарихда биринчи бор, давлат тили, мустақиллик учун кўчага чиққан Бирлик халқ ҳаракатининг минглаб аъзолари, Мустақиллик деклорациясининг ҳақиқий ижодкори Эрк партиясининг хизматлари ҳақида лом мим дейилмайди. Аксинча КГБ олган видио лавҳалари берилар экан,мустақиллик учун кўчага чиққан халқни бузғунчи, экстремист сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинади. Ислом Каримовнинг мустақилликдан сал олдинроқ айтган ва ўша давр видиотасмаларида ва газеталарда (шу жумладан мухолифат нашрлари ва видиотасмаларида) муҳрланиб қолган «Биз мустақил бўлолмаймиз, мустақил бўлсак. қопга тушган мушукдай бўлиб қоламиз», деган сўзлари ҳақида лом мим дейилмайди. Ғолбуки, шундай фикр айтилганини минглаб кишилар тасдиқлайдилар. Тарихни сохталаштирувчилар тайёрлаган кўрсатув сухандонининг айтишича, Каримхон ГКЧП ҳодисасидан кейин Ўзбек совет Республикасининг президенти сифатида Москвадаги мажлисга борганида М.С. Горбачев: «энди СССРда икки президент бор», деб пичинг қилган, уни совуқ қабул этган эмиш. Шунда Каримов: «агар пичинг қилаверсангиз, зални ташлаб чиқиб кетаман», деганмиш. Ёлғон ҳам эви биланда! Ахир Каримовнинг ўзи ГКЧПни қўллаб қувватлаганини бутун дунё биладику! У Москвадаги ўша ўзи айтган мажлисга борганида кўплар унинг ГКЧПни қўллаганини айтишган. Ўша пайтдаги видиотасмаларда СССР раҳбарларидан бири Горбачевга: «Каримов ГКЧПни қўллади, уни бир ёқлик қилиш керак», деганини, Горбач эса лақмаларча:»Ну товарищи, мы все люди, мы тоже ошибаемся», деб гапирганини бутун дунё кўрган… Агар Горбачев илгари Каримовдан олган поралар эвазига уни қутқармаганида постидан ўшандаёқ учиб кетарди…

Ўзтелерадионинг ялоқхўрлари, хусусан 14 август 2011 йилдаги такрорий кўрсатувда Каримовнинг қўлидан Ўзбекистон қаҳрамони унвонини олган адабиётчи Озод Шарафиддинов, шўро газетаси «Совет Ўзбекистони»да ишлаб «тили чиққан» журналист Номоз Саъдуллуев сингари таниқлироқ, кўпроқ эса, ҳеч ким танимайдиган қариялар видиотасмага тушаётганда айтган гапларидан фойдаланишади. Озод Шарафиддинов ўлимидан олдин (1990 йили юз бкрган) Ўш воқеалари ва уни тўхтатишда Каримовнинг хизмати ҳақида гапирган, уни кўкларга кўтариб мақтаган экан. Ахир бу ғирт ёлғонку! Агар Каримов шундай ўзбекпарвар бўлса, нега Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбарлари СССР Марказкомининг бюро аъзолилигигача кўтарилишди. Нега 2010 йил июнида Қрғизистонда ўзбеклар қирилганда, «Бу қирғизларнинг ички иши», деб мум тишлаб ўтирди? Қизиғи шундаки, О. Шарафиддиновни жонли суратини бераётган кўрсатув «ижодкор»лари ҳеч бўлмаса, журналистиканинг оддий этикасига риоя қилмайдилар: О. Шарафиддиновнинг «Ўзбекистон қаҳрамони» эканлигини ёзишни унутмаганлари ҳолда кўрсатув 2011 йилнинг август ойида берилаётганини ҳам, ловвуллаб турган голланд печкаси олдида ўтирган О. Шарафиддиновнинг марҳум эканлигини ҳам, суратга олинган санани ҳам гўё, «унутадилар». Аммо унутиш бекорга бўлаётгани йўқ! Мақсад И. А. Каримовни доҳийлаштириш, О. Шарафиддинов кабилар тили билан «президент»ни мустақилликнинг меъмори сифатида кўрсатиш…

Журналист Номоз Саъдуллаев сессияда И. А. Каримовга қарши «ҳужум» уюштирилгани ва у киши бу ҳужумчиларни енгиб чиққани тўғрисида оғиз кўпиртириб сўзлайди. Аммо нима учун шундай ҳужум уюштирилганини, Сессияда И. А. Каримовнинг қандай ҳатти ҳаракатлари танқид этилгани ҳақида лом-мим демайди. Айтайлик, Шукрулло Мирсаидов нима ҳақида гапирди, Жаҳонгир Муҳаммад нима деди сингари саволларга жавоб йўқ. Шунингдек, Н. Саъдуллаев ўша сессия пайти Муҳаммад Солиҳнинг ўзи билмаган ҳолда, довдираб, Каримовни ҳимоя қилганини ҳам айтмайди. Ўзининг баландпарвоз сўзларига далил келтирмайди. Фақат мақтов ва мадҳиядан иборат товушлар онгли томошабинни ишонтирмайди.

Ажабо, агар ўша сессияда Каримов енгилганида Номоз ҳозирги оҳангда сайрармиди, ёки пластинканинг бошқа томонини гапирармиди? Балки ўша сессияда Каримов постидан учиб кетганида, 1992 йили Талабалар шаҳарчасида нон сўраб кўчага чиққан йигитлар отилмас, қизлар калатакланмасди. 2005 йилги И.А. Каримов томонидан уюштирилган Андижон қирғини ҳам бўлмасди. Агар тахт ўзгариши бўлиб, ўзбекпарварроқ одам президент бўлганда 2010 йили Ўш ва Жалолободдаги қирғин ҳам юз бермасди…

Жаноб маддоҳлар кўзингизни очинг! Тарихни ўзгартириб ёзиб бўлмайди. СССРнинг ва унинг раҳбарларининг буюклиги ҳақида ёзилган китоблар, тайёрланган кўрсатувлар нима бўлдию сизларнинг ювидихўрликларинг қаерга борарди. Замон – СССР тарихчиларининг сохта сўзларини, Сталинни кўкларга кўтариб ёзган маддоҳларнинг овозини ахлат қутисига улоқтиргани каби бугунги маддоҳларнинг ёлғонини ҳам ахлат қутисига улоқтириши аниқ. Зеро тарихни сохталаштириб бўлмайди.

Тоҳир ТОШКАНДИЙ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares