Ўзбекистондаги мавжуд ерларни хусусийлаштиришда кўплаб фермер ва деҳқонлар ўзлари меҳр қўйган ерларидан ажралиб қолиши мумкин. Бу инсонлар учун қанчалик қийин ва ачинарли бўлмасин, ерларни хусусийлаштириш керак.
Ҳозирда фермер хўжалиги учун давлат вақтинчалик ажратиб берган ердан фойдаланувчи фермерлар қуйидагиларга эътибор беришлари лозим:
1. Сиёсий жиҳатдан фаол бўлишга.
2. Иқтисодий билимларини оширишга.
3.Қўлларидаги маблағларини тежашга, чунки ерларни хусусийлаштириш даврида бу тежалган пуллар жуда керак бўлади.
Ер хусусийлаштирилганидан кейин давлат буюртмалари бекор қилинади.Фақат ер эгасининг ҳохиши билан давлат буюртмаси маълум бир вақтгача сақланиши мумкин.
Хусусийлашган ер эгаси қонунларда таъқиқланмаган истаган қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Ер эгалари ўз ерларидан истаганча фойдаланадилар . Деҳқондан фақат соддалаштирилган солиқлар олинади. Унинг фаолиятига ташқаридан аралашиш таъқиқланади. Ер эгаси ўзи етиштирган маҳсулотларини истаган давлатларига, чекланмаган миқдорда, истаган валюталарига сотиш имкониятига эга бўлади. Деҳқон истаса ўз маҳсулотини валютага сотади, истаса сўмга. Унга ўз маҳсулотини дунёнинг исталган бурчагида ҳеч бир тўсиқсиз сотиш имкониятлари берилади . Шу ерда кичик бир схемани таклиф қилмоқчиман. Ери хусусий бўлган деҳқонни ўз ихтиёрига ташлаб қўйиш керак. Одатда жойлардаги деҳқонлар биринчи йиллари Ўзбекистон ичидаги бозорга қараб деҳқончилигини режалаштирадилар. Камида 2-3 йил деҳқонлар ерларидан кутилган фойдани ололмаслиги мумкин,аммо кейинги йилларда деҳқонлар ўз маҳсулотини мамлакатдан ташқарига сотишни режалайдилар. Шундай ҳолатда давлат ва ҳокимият амалдорларини аралашувисиз, ҳеч қандай режаларсиз деҳқонлар бозор қонунларидан келиб чиқиб вилоят ва туманларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўзлари билмаган ҳолда режалаб қўядилар.
Мисол учун бир туман узумчиликка, иккинчи туман полиз экинларига, учунчи туман қуруқ меваларга,бошқа туманлар эса ғаллачилик ёки пахтачиликка ихтисослашади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар бозор иқтисодиётидан келиб чиқиб маълум бир хўжалик ва туманларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотини сотиб олишни бошлайди. Бу албатта деҳқонларнинг манфатига жуда мос тушади. Илғор фермерлар бир турдаги маҳсулотини қўшни давлатларга сотишини йўлга қўяди. Кўпроқ фойда олиш учун у бошқа фермер ва деҳқонлардан келишилган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш ва қайта ишлаб сотишга киришиб кетади. Қарабсизки,буни ортида кўплаб янги ва замонавий корхоналар вужудга келади.Пахта ва ғалла ўрнига ер эгалари бошқа экинларни экиши давлатнинг асосий стратегик маҳсулоти пахта ва ғалланинг камайиб кетишига олиб келади. Бу иқтисодиётга хавфдек кўринади, аслида эса вазият бутунлай бошқача тус олади. Пахта асосан чет давлатларга валютага сотилиб, тушган валюта давлат ғазнасига тушади. Ҳозирда пахта билан боғлиқ барча амалиётларни давлат ўз назоратига олган ва у томондан бошқарилади. Бизнинг мисолимизда пахта ва ғалла ўрнига бошқа экинларни етиштириб сотадиган фермерлар аввалом бор Ўзбекистон бозорларига бир қисм маҳсулотини олиб чиқадилар. Табиийки, ички бозорнинг тўлиши маҳсулотни ташқи бозорга олиб чиқишга ва уни қиммат нархда сотишга ундайди.
Етиштирган маҳсулотини Ўзбекистондан ташқарига, қўшни давлатга олиб чиққан фермерлар бозордаги нарх – наводан келиб чиқиб махсулотларини сотадилар. Ҳеч бир давлат амалдори пора олиш эвазига маҳсулотнинг нархини сунъий ҳолда камайтира олмайди. Ҳар бир келишув фермернинг ихтиёри билан амалга оширилади. Маҳсулоти сотилган фермерлар Ватанимиз Ўзбекистонга валюта олиб киришадилар.
Хўш, деҳқон валютасини Ўзбекистонга олиб киргач нима қилади?
Биринчи галда ўзининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон ичидаги бозор ва дўконлардан керакли молларни сотиб олади.
Болаларини ўқиши, тўйлар ва бошқа тадбирларга сарф қилади.
Ўзига тегишли ерни мелориатив ҳолатини яхшилаш, ўғит ғамлаш, техника сотиб олиш ёки ижарага техника олиш учун пул ажратади.
Қўшимча ер майдонларини сотиб олади.
Қайта ишлаб чиқариш корхонасини қуриш ёки уни кенгайтиришга сарфлайди.
Фермерлар пулининг деярли ҳаммаси валюта шаклида, мустақил, ишончли банкларда сақланади. Демак, банкларнинг хизмат фаолияти кенгаяди, уларнинг кредит бериш имконияти ошади. Ундан ташқари суғурта бозори ривожланади. Фермерларнинг қўлидаги валюта кўплаб молиявий институтларнинг кўпайишига ва ривожланишига олиб келади.
Ундан ташқари ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Мамлакатда порахўрлик бир мунча камаяди, иш жойлари кўпаяди.
Жойлардаги ҳокимлар, милиция ва бошқа амалдорлар ўзларининг ишлари билан шуғулланадилар. Уларнинг далада қиладиган ишлари қолмайди.
Болалар меҳнатига чек қўйилади, азиз болаларимиз пахта далаларида умрини ўтказмасдан билим олиш ва дарс билан машғул бўладилар. Уларни далага олиб чиқишга ҳожат қолмайди. Мамлакатда маъмурий буйруқбозлик йўқолади. Фермер еридан олиш керак бўлган барча даромадларни олдиндан ҳисоблаб, ўзи белгилаган даромадни олишга ва ундан керакли мақсадларда фойдаланишга ҳаракат қилади.
Келажакда биз саноатни бутунлай эркинлаштирамиз. Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган техниканинг барчасини Ўзбекистондан ишлаб чиқаришига ҳаракат қиламиз. Бу банклардаги фермерларнинг валюталарини ташқарига чиқиб кетмасдан мамлакатимиз саноатига сарф қилишинига олиб келади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишловчи цехларни Ўзбекистонда ишлаб чиқишни йўлга қўйиш кўп миқдордаги валютани мамлакат ичида сақлаб қолиш имкониятини яратади. Бу эса ўз навбатида давлат валюта заҳирасини ошириб, миллий валютамизни қадрсизланишини олдини олади.




