Барча дўстларга Салом !

Дилмурод акаМени холис тушуниб, холисона руҳий-маънавий қўллаб-қувватлаётганларга самимий ташаккур айтаман. Гарчи ўзим қамоқ жойларда,озодликдан маҳрум бўлсам-да, менинг  аҳволим ва    камтарона ижодимга эътибор кўрсатилаётганлиги менга суянч бўлмоқда, юрагимда куч-ишонч  оширмоқда.

Мен озодликдан маҳрум шароитдаман, бу руҳий-ижодий жиҳадлардан ҳам маҳрумлик эмас!

                                         «Тасалли»

Балки сабрим етар,аммо умримга ҳеч кафолат йўқ,

Умид бордир шуъла янглиғ,лек шуълада ҳарорат йўқ.

Ярим асрий ҳаёт кўрдим,сафо кўрдим,жафо кўрдим,

 Қаро чизмак бўлди кимдир,бироқ манда хижолат йўқ.

Ҳабиб аҳлин синов этмак яратгандан раво,дерлар,

Дейин шукроналар,мандан ўзига ҳеч шикоят йўқ.

Этиб хотир Чўлпондан то Рауф Парфи,дедим :Бу кун-

 Ҳур фикратдан,пок тийнатдан улуғроқ ҳеч ибодат йўқ!..

 Эй Дилмурод,умид узма,ёруғ кунларга толпингин,

Ноумидга икки дунё шижоат йўқ,шафоат йўқ!

Яна бир шеърни эса,»Ўттиз саккизинчи йил.Усмон Носир нидоси» деб атадим.

Бу бир нечта қисқа шеърлардан иборат бўлиб,шу йил 26-27  январда ёзилган:

                         -1-

“Юртим!”деб ёнганлар куйиб кетдидилар,

«Элим!»деб ёнганни сўйиб кетдилар,

«Оллоҳ!» деб иймомонга чорлаган зотлар

Қамоқ деворига қонлари ила

«Мазлум!» дея имзо қўйиб кетдилар!

                        -2-

 Мен-да бир мазлумман,мен оддий маҳкум,

Ҳақиқат истаган,ҳақорат топган,

Қадимдан бор ибрат:”Камбағални, ким-

Туянинг устида ҳам кўппак қопган!”

Мен-да  бир Мазлумман,мен оддий маҳкум …

                        -3-

Арғумоқлар кўп жаҳонда,мен истаган Саман йўқдир,

Неча байрам,турфа мажлис,дилга хос Анжуман йўқдир.

Етти иқлим,ўнсаккизминг олам васфин айтма,эй,ки-

Бу кун эзгин Юрагимдан ўзга манга Ватан йўқдир!

Бу шеърларни узвий давоми шаклида 9 феврал куни “Усмон Носир нидосига қайтар садо»

Деган шеърий сатрларни қоғозга туширгандим:

Ноҳақлик битмаган,зулм бор ҳануз,

Қонунни кўр билган Ҳукм бор ҳануз.

Адолат истаган,Адоват топган-

Кишани аламли мазлум бор ҳануз!

Сўз учун бўғзига сиртмоқ қадалган,

Сўз учун қувилган,хоин аталган-

Ижодкор бор   ҳануз,битик бор ҳануз-

Асоссиз,исбодсиз Сиздек қамалган!

Устоз Усмон Носир!Сизни СИЛ этган

Азоб-ўйлар бу кун менинг елкамда.

Орадан чорак кам бир аср ўтган,

Аммо…Ташҳис ўхшаш…Қисмат экан-да!..

  Э.Хеммингуэй :»Инсонни ўлдириш мумкин,аммо енгиб бўлмайди!»

  айниқса,у-инсон ИЖОДКОР бўлса!

Бу таъкиднинг исботи ҳаётда минглаб топилади:Чўлпон,Абдулла Қодирий,

Убайдулла Хўжаев,Усмон Носир…лар!  Улар жисмонангина маҳв этилдилар,

Лекин руҳан қиёмат қадар тириклар билан ҳамнафасдирлар!

…Менга  озми-кўпми ижодий салоҳият ато этгани учун яратганга беҳисоб

                                                                                                шукроналар айтаман!

                                    Дилмурод Саййид.Қарши шаҳри. 2014йил.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares