«БИРДАМЛИК»НИНГ ЯНГИ МУХБИРЛАРИГА АМАЛИЙ МАСЛАҲАТЛАР

 ТАХРИРИЯТДАН:

«Бирдамлик» сайтига ҳар куни ўнлаб мақолалар келади. Афсуски, биз улардан баъзиларинигина ёритишга муваффақ бўламиз. Чунки кўпгина мақолаларнинг боши ҳам охири ҳам бўлмайди. Баъзан, муаллиф айтмоқчи бўлган асосий гап қолиб кетиб, ортиқча тафсилотларга ўрин берилади. Хатлардан, суд хукмларидан, қарорлардан… узундан-узоқ кўчирмалар (ҳатто тилхатлар, ҳукмларнинг скайнер қилинган суратлари, ) келтирилади. Натижада бу материални ўқиган ўқувчи зерикади…Шуларни ҳисобга олиб, биз нисбатан тажрибали муаллифларимизга МАҚОЛА ҚАНДАЙ ЁЗИЛАДИ? деб мурожаат қилдик. Қуйида Ботир Норбойнинг жавобини ёритмоқдамиз. Бу фикрга алтернетив жавоблар кутиб қоламиз.


***
Журналистика соҳасидан узоқроқ бўлган муаллифлар у ёки бу муаммонии акс эттирар эканлар, ёзилаётган мақола халқимиз (ўша ёритилаётган воқеа юз берган ҳудуддаги одамлар) ҳаёти учун қай даражада зарурлигини ҳисобга олишлари лозим. Иккинчидан, мақола ифодали, тушунарли тил билан ёзилиши, мавзу иложи борича чуқур, атрофлича ёритилиши зарур! Мақола жанри ҳақида назарий гапларни кўп гапириш мумкин, аммо бундан кўра амалий маслаҳатларга ўтган маъқул.
Айтайлик, ёш, бошловчи мухбир қўлига порахўрлик ҳақидаги материаллар тушиб қолди ва у бу ҳақда «Бирдамлик» сайтига мақола ёзиб бермоқчи. Бунда, бизнингча, қуйидагиларга эътибор бериш керак бўлади:
1.Мақоланинг илк абзаци (приамбуласи)да бўлиб ўтган воқеанинг мағзи берилади. Мн: бизга N… нинг маълум қилишича, (ёзиб беришича): фалон мактаб (ширкат ёки идора) раҳбари, ўз ходимидан (ёки жамоадан) (… сўм) пора олган (ёки пора олаётганда қўлга тушган ва ҳакозо…).
2. Сўнг бу ҳол қандай юз бергани атрофлича ифодаланади. Мас: фалон мактаб директори (ширкат ёки идора бошлиғи), пистон санада (числода), (… Сизларга фалон ишни дўндириб бераман) деган баҳона билан ўқитувчилардан, (ходимлардан)… N суммада пул олган ёки янги ишга кирувчи ўқитувчидан, ходимдан пул талаб қилган. Аммо бу ҳолдан норози ўқитувчилардан бир қисми (ёки ишга кираётган мутахассис) шу пулни бермаган ва бу ҳақда ИИБ (ички ишлар бўлими) ё бўлмаса МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати)га, мурожаат қилган… Бунинг натижасида қуйидаги ҳол юз берди… (тафсилотлар иложи борича аниқ, лўнда ва атрофлича ёзилади).
3. Сўнг воқеанинг энг кейинги тафсилотлари берилади (Мас: раҳбар қўлга тушди, ёки пора бермагани учун фалончини ишдан ҳайдади, ишга олмади ва ҳакозо).
4. Мақола давомида шу ҳудудда, бу хил ҳодисалар қай даражада авж олгани, нечта порахўр қўлга тушгани ёки тушмагани ҳақида ёзилади. Бу ҳолга (иложи бўлса) юқори доирадаги раҳбарларнинг муносабати акс эттирилади. Мазкур вазият туфайли келиб чиққан муаммолар қандай ечилаётгани (ёки ечилмаётгани) тушунарли тил билан баён қилинади.
Ёки Инсон ҳуқуқлари ҳақида маҳаллий материаллар асосида мақола ёзмоқчисиз. Материалингиз ҳам бор. У ҳолда қуйидаги улгига риоя этиш мумкин, деб ўйлаймиз:
а.Мақоланинг илк абзацида (юқорида ҳам айтилганидек) бўлиб ўтган воқеанинг мағзини ёзасиз Мн: кучишлатар тизимининг фалон ходими, ИИБ ёки МХХ ходимлари Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси …ни(исм фамилияси…) ни хибсга олди.
б. Сўнг бу ҳол қандай юз бергани атрофлича ифодаланади…
Фалон тумандаги ИИБ (ёки МХХ) терговчиси (исм фамилияси) тергов ишларини олиб борди… (Хибсдаги ҳуқуқбон қандай тергов қилингани, қийноққа солингани ёки солинмагани акс эттирилади…)
в. Сўнг (агар бўлиб ўтган бўлса) суд жараёни тасвирланади. тахминан қуйидагича: бу иш юзасидан … (фалон санада) туман судида махкама жараёни бўлиб ўтди. Махкамада судга (исм фамилияси…) раислик қилди. Давлат қораловчиси ҳуқуқбонга … деган айб қўйиб, Ўзб.ЖКнинг … моддаси билан гуноҳкор деб топди. Аммо айбланувчининг адвакати (ҳимоячиси) бу ҳол, яъни, фуқарога шундай модданинг қўйилиши унинг ҳуқуқбонлик фаолияти билан боғлиқлигини урғулайди…. … (ҳимоячи фикри берилади)
Суд қандай ўтгани атрофлича изоҳланади. Иложи бўлса, суд хукмидан, кассасация, шикоят аризасидан кичик кўчирмалар келтирилади.
г. Мақола охирларида муаммонинг кейинги тафсилотлари берилади (Мас: Суд ҳуқуқбонни … йилга озодликдан маҳрум этди, шикоят аризаси эътиборга олинди ёки олинмади тарзида тўғриси ёзилади. У суд жараёнига Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳамда расмийларнинг муносабати берилади… ва ҳокоза…
д. Мазунинг тарихчаси берилади, Яъни, шу ҳудудда, бу хил судлар қандай ўтаётгани, нечта фуқаро қамалгани ёки озод этилгани ҳақида ёзилиши мақоланинг мазмундорлиги ва ижтимоий аҳамиятини оширади.
P. S. Бу амалий маслаҳатлар журналистикадан узоқроқ фуқароларнинг дастлабки мақолаларини ёзишга ёрдам бериши мумкин. Аммо маълум малакага эга бўлгач нисбатан эркинроқ ёзиш яхши натижаларга олиб келади. Шунингдек, биз оддий муаллифлардан ҳам маслаҳатимизнинг ҳамма пунктларига бекаму кўст риоя этишларини, барча мақолаларида шу улгудан тўла фойдаланишларини талаб этаолмаймиз. Аммо улгунинг асосий қисмларига риоя этилса, муаллиф нокерак жумлалардан қутилар ва масала моҳияти очиларди, деган фикрдамиз…
Ботир НОРБОЙ, филология фанлари доктори.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares