Бир қарашда бу оти бору, ўз йўқ ташкилотлар тарқатаётган баёнотлар, даъватлар, ва хабарлар, гарчи дунёнинг турли жойларидан, турли тоифадаги, турли малакали кишилар томонидан турли услубда тарқатилган бўлсада уларда қандайдир ўхшашлимией, қариндошликмией борга ўхшайди.
Агар масалага ташқаридан туриб, орадан икки уч ой ўтгандан кейин холис назар солинса, айниқса буларни бир кенгликда қатор жойлаштириб, барча параметрлар бўйича шошилмай солиштириб чиқилса, масала бирин кетин ойдинлаша бошлайди.
Макон бўйича: барча баёнотлар мухолифат номидан, гўё Ўзбекистон ичидан, ташқаридан туриб, ўзбек халқига қарата айтилмоқда.
Замон бўйича: Бу ташкилотлар, ва уларни ташкил этган, ва шу ташкилотлар номидан тап тортмай кимсан Ўзбекистон ҳукуматига таҳдид солаётган барча баёнотлар худди олдиндан келишиб олишгандек шу 2011 йилнинг баҳорида бирин кетин тарқатилди.
Энг қизиғи, ҳар учала баёнотда ҳам ўзбек халқига қарата “оммавий бўйсунмаслик”, “Иш ташлашлар”, “кўча намойишлари”, “амалдорларни, “ҳуқуқ муҳофазаси органлари ходимларини ўз томонига оғдириб олиш”, “Қаршилик кўрсатганларни зарарсизлантириш” ва ҳокоза фуқаролик уруши тактикасига оид топшириқлар йўриғлар диярли бир бирини такрорлаб келмоқда.
Мақсад бўйича: мавжуд ҳокимият органини куч билан ағдариб ташлаб, барча бўғинларда бошқарувни қўлга олиш ва халқ ҳокимиятини ўрнатиш ва албатта президент бўлиш. Тожибой ўғлининг мақсади аниқ. У президент бўлиши керак. Сабаби, у бу лавозимга ўзидан бошқа бирорта ҳам муносиб номзод кўрмаяпти.
КОС должен использовать все возможности для дестабилизации режима.
«Когда я стану президентом»
– Предположим, усилия КОС по свержению Каримова увенчались успехом. Кого вы видите на посту президента Узбекистана?
– Я сам хотел бы стать президентом Узбекистана.
Соли жаноблариям ўзининг эзгу ниятини кўпдан бери изҳор этиб келмоқда. Анархистик бўлса ҳам, теократик бўлса ҳам, диктатура бўлса ҳам, ҳеч нарса бўлмаса ҳам, қандайдир бир президент бўлиш.
Ултиматум тарзида қўйилган муҳлатлар ҳам бир фаслга мўлжалланган. Худди ЎХҲ, КОСМ, КСУ ва “ЕТАР”лар ҳали март ойидаёқ бир дастурхон атрофида ўтиришиб, ўзаро пухта келишиб олишгандек. Июн ва июл ойлари, яъни ёз чилласи.
Бу баёнотларнинг барчасида фақат бир нарса, назаримда энг муҳими эътибордан четда қолган. Амалдаги ҳукумат ағдариб ташланиб, ўрнига мутлақо янги халқ ҳукумати ўрнатилгач, бу анойи халқ нимага эришади? Мана шу савол мутлақо очиқ қолган.
Ҳамма иш ҳал бўлгандан кейин, дейлик: деҳқонларга янги кетмон тарқатиладими, ёки ҳозирча эскисини ишлатиб турадими? Ҳосилдорлик неча фоизга ошади?
Чўпонларчи, уларнинг таёқлари янгиси билан алмаштириладими ёки йўқ? Тўл олиш масаласи нима бўлади? Қўй эчкилар бирданига эгиз туға бошлашадими ёки бу иш келаси йилдан бошланармикин?
Милиция, прокуратура ва суд органлари ходимларининг ахволи нима кечади? Янги ҳукумат ҳам пора олишга йўл очиб берармикин, ёки, порахўрлик соҳаси ҳам худди тадбиркорлик каби солиққа тортилармикин? Ахир, анчайин сердаромад соҳада. Айтиб бўладими?
Кўчалар ва катта йўллар четига одатдаги йўл белгилари, координатлар ва кўрсатгичлар ўрнига ўрнатилган шиорлар, фахриялар, даъватлар, угит ва насиҳатларчи? Улар ҳам алмаштириладими, ёки эскилари ҳам бўлавердими?
Хуллас, бу борада гапираверса, саволлар жуда кўп ку, аммо, тарқатилган баёнотларда бирортасигаям жавоб берилмаган.
Мана, барча параметрлар бўйича масофадан туриб, ўрганиб ҳам чиқдик. Пала партишлигини инобатга олмаганда, диярли фарқ йўқ. Гўё бир ота онанинг фарзандларидек.
Энди масалага бошқа томондан ёндошиб кўрайлик. Тўғри, ҳар тўртала баёнотда ҳам ҳокимиятни қўлга олишга бўлган (Бирданига инсон ҳуқуқлари устиворлигини кафолатлаш ва демократик эркинликларини бирданига жорий этиш, бирданига сиёсий маҳбусларни озод қилиш, бирданига қўшни давлатлар билан чегараларни очиб ташлаш каби энг ўткир масалалар ҳақида диярли гап йўқ ) иштиёқ, журъат ва шижоат етарли.
Гап кетаётган тўртта ташкилотдан фақат биттаси, яъни “Ўзбекситон халқ ҳаракати” ташкилотигина ўз номидан ошкора баёнот тарқатди. Қолганлари эса, ўта “хавфли”, ўта кучли, ўта сирли, аммо, (то уларнинг даъвати билан исёнга келган халқ амалдашги ҳукуматни ағдариб ташлаб, энди ўрнига кимни тайинласак экан деб саросимага тушиб қоладиган пайтгача) яширин қолишни лозим кўришди.
Нима деб ўйлайсиз, ушбу макон, замон, мақсад ва муҳлатларда кузатилган бир бирини такрорлаш, муштараклик, бир бирини тўлдириб келиш, бир бирини давом эттириш ҳолатлари тасодифмикин? Нега бу Тожибой ўғлининг маънавий қиёфаси, бояқиш, нечоғли анойи кўринишга уринмасин, бу қадар жаноб Солига ўхшаб кетади. Булар ака ука эмасмикин ишқилиб? “Етар”жончи? У нега бу қадар Тожибой ўғлига ўхшайди? Булар ота бола эмасмикин мабода?
Худди ЎХҲ берган баёнот ҳар тарафдан акс садо бера бошлагандек. Худди ўзбек халки шу турткини кутиб яшаётгандек, кимдир “кетдик!” деса оломон бўлиб кўчага чиқадигандек.
Олманинг меваси олма ва у албатта, ўз тагига тушади. Назаримда масалага бир қадар ойдинлик кираётгандай. Агар тадқиқотни шу тарзда чуқурлаштириб бораверсак, ё Туркияда, ё Германияда жойлашган бирор бир кўп этажли уйнинг бирор бир хонадонига кириб борамизда копмпютер ортида ўтириб олиб, Ўзбекистон устига қўшин тортиб бораётган бирор бир “инернет арбоби”га дуч келамиз, чоғи. Аслида бу эрмакнинг катталар учун ҳам айби йўқ. Компютердаги “Уруш уруш” ўйинларини ҳозир катталар ҳам ўйнаётир.
Мақсад битта: Ўзбекистоннинг ҳовлиқма ҳукуматини таҳликага солиш, омманинг юрагига ғулғула, қутқу солиш. Эҳтимол, аламзада бўлиб юрган кимлардир ёки қайсидир бир буржи чап тушган анойи шу гапларга ишониб, кўчага чиқар-да қайсидир бир милисанинг-ми, прокурорнинг-ми, судянинг-ми ёки бошқа бир амалдорнинг-ми ёқасидан олар-да урҳо-ур бошланиб кетар. Балки,… Эҳтимол,… Бордию,…
Аммо, қанчалик пухта ўйланган ва моҳирона ташкил этилган бўлмасин, бу маш машаларни ЎХҲ тарафдорларидан бошқа ҳеч ким жиддий қабул қилмади. Ҳатто, хорижда яшаб, фаолиёт олиб бораётган сиёсий мухолифат намоёндалари бу ваҳимали баёнотларни сезишниям исташмади.
Мана, ваъда қилинган май ойи ҳам ўтиб кетди, июнь ойи ҳам, ҳатто, июл ойи ҳам ўтиб кетди. “Астрабодда осойишталик”. Бу ҳаракат ҳам олдигиларига ўхшаб, хомхаёллигича, эрмаклигича, маш машалигича қолиб кетди. Эссиз, «сўнги ўқ бўш кетгандай».
БЕГЗОД ҚУТЛУҒ



