Мулкдорлик тузумида ер ислоҳати

Баҳодир Чориев
Одамлар мулк шаклига қараб мулкка ҳар хил муносабатда бўладилар.Уларнинг давлат мулки, жамоа мулки, бошқа шахсларга қарашли мулк, хўжайининнг мулки, яқин қариндошининг мулки ва ўзининг шахсий мулкига муносабати тубдан фарқ қилади. Тасаввур қилинг, деҳқон 1 га ерни ишлатяпти. Унинг юқорида келтирган мулкчилик шаклларига қараб ерга муносабати ҳар хил бўлади. Биринчидан, унинг ердан кутаётган манфаати бўлса, иккинчидан унинг мулкка нисбатан мулкдорлик ҳисси жуда муҳим рол ўйнайди. Ерга мулкдор бўлган шахснинг ўз ерига нисбатан эътибори давлат мулки ҳисобланган ерга нисбатан бир неча баробар ошиқ бўлади
Ватанимиз Ўзбекистонда ҳозирги кунгача ер ўз эгасини топгани йўқ.. Барча ерлар давлатники ҳисобланади. Давлат бу халқ дейилсада, аммо бу ерда халқнинг манфатига хизмат қиладиган давлат бошқаруви йўқ..

Биз таклиф қилаётган Мулкдорлик тузуми авваломбор барча ерларни Ўзбекистон халқига фуқаролигидан келиб чиқиб тенг, бепул бўлиб беради. Ўзбекистонда сиёсий ислоҳатлар ўтқазилиб, бошқа ислоҳатлар ўтқазишга замин яратилгач, Ўзбекистон парламенти ер соҳасидаги мутахассиларни ерни бутунлай хусусийлаштиришга жалб қилиб, улар иштирокида парламент қошида депутатлар билан биргаликда ер хақида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқарадилар.Ушбу қонунда ерлар туманлар миқёсида хусусийлаштириш кўзда тутилади.Ўзбекистон Олий Мажлиси ер хақида янги қонунни ишлаб чиққач туман кенгашлари ушбу қонунни ўз туманларига тадбиқ қиладилар.Бу қонун Олий Мажлис қабул қилган кундан бошлаб қонуний кучга киради.
Барча ерлар комиссия орқали тафтиш қилиниб, олдин хусусийлашган ерлар ўрганилиб чиқилиши ва ноқонуний ўзлаштирилган ерларнинг барчаси Давлат ихтиёрига қайтарилиши керак. Хусусийлашган корхона ва ҳиссадорлик жамиятларининг ерлари шу корхона ва жамиятлар мулки бўлиб қолиши керак. Мунозарали, тортишувдаги ерлар юзасидан низоларга адолатли суд ўз қарори билан нуқта қўйиши ва ер ҳақиқий эгасига берилиши керак.
Ахолини рўйхатда олишда ушбу қонун қабул қилинган кундаги барча янги туғилган чақалоқлар ер олувчилар рўйхатига киритилиши керак. (қонун қабул қилинган кундан кейин туғилган чақалоқлар рўйхатга киритилмайди, акс холда жуда кўплаб чалкашликлар пайдо қилиши мумкин.) Хусусийлаштириш учун ҳар бир туман миқёсида аҳолини қайта рўйхатга олинганидан ва тумандаги жами экин ва заҳира ерларнинг 5-10 фоизи (вазиятга қараб бу кўрсаткич ўзгариши мумкин. Бу туман ер комиссиясининг хулосасига ва туман кенгашларининг қарорларига боғлиқ) давлат заҳирасига қолдирилганидан сўнг,қолган ерлар туман аҳолисига,вoучер,қимматбаҳо қоғозлар орқали бўлиб берилади. Бутун Ўзбекистондаги ерлар аҳоли бошига қараб тенг тақсимланади. Ерни хусусийлаштиришда фақат ерни хусусийлаштиришга кетган таннархи ва вoучернинг таннархи ҳисобга олиниб йиғим олинади. Ушбу йиғимнинг нархи АҚШ долларида кўрсатилади.Вoучерлар туманларга қараб хар хил кўринишда ва рангда бўлади. Вoучерда ер егасининг паспорти, балоғатга етмаган бўлса бола гувоҳномасининг серияси ва рақамлари ёзилиб, унда вoучер эгасининг исми кўрсатилиши керак.Вояга етмаган фуқароларнинг вoучерларини унинг ота оналари эркин муомалага киритадилар.Туман эгаллаган ер майдони ва тумандаги ахолининг зичлигига қараб вoучерлардаги ер миқдори ҳар хил бўлиши мумкин. Мисол учун баъзи туманларда вoучерда ер майдони тахминан 0.01 га бўлса баъзи туманларда бу 0.0001 га бўлиши мумкин.Қўлига вoучер теккан Ўзбекистон фуқароси қўлидаги вoучерни сотиши ёки бошқа одамларнинг вoучерини сотиб олиши мумкин. Вoучерлар фақат битта эмиссияда чиқарилиб, бир ёки бир неча марта муомалага киргач, улар ер майдонларининг мулкдорлари қўлида сақланади. Ер эгаси, мулкдор ерини сотмоқчи бўлса ёки бошқаларга ҳадя сифатида бермоқчи бўлса, олувчилар албатта вoучерлар борлигига эътибор қилишлари керак.Барча вoучерларнинг олди-сотди амалиётлари Республика Фонд биржасининг туманларда очилган бўлимларида олиб борилади.Янги ер егалари эса келажакда ер сотиб олиш ва сотмоқчи бўлганида Республика кўчмас Мулк биржаси орқали амалиётларини ўтқазадилар. Барча ҳисоб-китоб ва тўловлар АҚШ доллари ҳисобида бўлиши керак.
Аҳолиси жуда зич, ер майдони кам бўлган туманларда ер майдонлари туман кенгашининг қарорига мувофиқ Кўчмас Мулк биржалари орқали ким ошди савдосида сотилиб, ерни хусусийлаштиришга кетган харажат йиғим сифатида Давлат хазинасига киритилиб, қолган асосий маблағ эса туман аҳолисига тенг тақсимланиши керак. Барча савдолар очиқ бўлиши ва матбуотда тўлиқ ёритилиши керак. Ким ошди савдосида ер сотиб олиш учун фақат Ўзбекистон фуқароларига рухсат берилиши керак, яъни ернинг эгалари Ўзбекистон фуқаролари бўлмоғи керак.
Келажакда, ер эгалари истаса ерларини кўчмас мулк биржаси орқали сотишлари,ҳадя қилишлари, истаган ҳолда ердан фойдаланишлари мумкин бўлади. Ер хусусийлашмас экан,иқтисодда ривожланиш бўлмайди ва коррупция камаймайди. Хусусийлашган ернинг ер ости ва усти бойликари ер эгасининг мулки бўлиши керак. Ер ости бойликлари дейилганда хусусийлашган ер майдонидан ер марказигача бўлган қатламдаги барча бойликлар назарда тутилади. Ер устки бойликлари деганда қуш парвози баландлигидаги масофадаги барча нарса ерни хусусийлаштирган шахс назоратига ўтади. Агар давлат келажакда бу ерга эҳтиёж сезса, ер эгасини рози қилган ҳолда ер давлат ихтиёрига қайта сотиб олинади.
Шу ерда қисқача, ерни ўз эгасини топиши бўйича кичик схема таклиф қилиб ўтмоқчиман. Ер туманлар бўйича аҳоли сонига қараб вoучер орқали тақсимлангач, ҳозирги кунда ўз ерига меҳр қўйган,келажакда шу ерни эгаси бўлишни истаётган фермер,деҳқонлар ўзлари деҳқончилик қилаётган ерни ўзларининг номига хусусийлашишини истайдилар. Шу фуқароларнинг манфатлари ва истакларини ҳисобга олиб, уларга бир йил муддат бериш керак. Вoучерлар фуқароларнинг қўлига тегиши билан,бу ер эгалари белгиланган бир йил ичида ўзларига етарлича,одамлар қўлидаги вoучерларни қимматбахо қоғозлар биржаларининг жойлардаги бўлимлари орқали сотиб олишлари керак ва ушбу ерни олишлари лозим. Агар улар бир йил ичида шу ерни ололмасалар,унда бир йилдан кейин ушбу туманнинг истаган кишисига туман бўйича истаган ерларни қўлида йиққан вoучерлари орқали қўлга киритиш имконияти берилади. Туман фуқаролари учун ҳам бир йил муддат бериш мақсадга мувофиқдир. Бир йил ичида туман аҳолиси барча ерларни хусусийлашишига эришмасалар,унда учунчи йил вилоят аҳолисига рухсат берилиши керак. Шунда ҳам ерлар ўз эгасини топмаса,унда тўртинчи йил республика аҳолисига бу имкониятни бериш керак. Агар шундай ҳолатда ҳам республика бўйича ерлар ўз эгасини тўлиқ топа олмаса,унда чет эл фуқароларини бу ишга жалб қилиш мумкин. 10 йил давомида ерлар ўз эгасини топмаса,унда хусусийлашмаган ерлар давлат заҳирасига қайтариб олиниши керак. Ерни хусусийлаштириш жараёнида камчилик ёки муаммолар пайдо бўлиши табиий . Ўйлайманки, мутахасислар ҳар қандай муаммоларга оқилона ва адолат юзасидан ёндашиб бу муаммоларни одилона ҳал қилишади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares