(ёки Умиджжоннинг сўнги умиди)
10 июл куни тушдан кейин соат 15 лардан ўтиб колган пайтда эшигимиз тақиллади. Чиқиб қарасам 44,45 ёшлардаги аёл турибди. Ёнида ўн, ўн бир ёшлардаги боласи ҳам бор.
– Саида опа Сиз буласизми- аёлнинг овози титраб чиқди. Уларнинг ҳар иккисининг нигоҳларида сўнгги умидларгина менга қадалганди.
– Ҳа мен Саида опангизман. Келинг синглим. Кани ичкарига киринглар. Кир ўғлим.
Уларни ичкарига киритиб дастурхон ёздим, чой дамладим. Нон ушатиб, чой қўйиб узатгач секин суҳбатга тортдим. – Энди гапиринг синглим. Кимсиз? Қаердан келдингиз? Кунинг иссиғида нима ташвишлар билан юрибсиз?
– Мен Сизни жуда кўплардан эшитдим. Қаерда яшашингизни билмасдим. Изладим, кўпчиликдан сўрадим. Ульяновда дейишди. У жойни билмасдим. Cуриштирсам Навбаҳор хўжалиги илгари Ульянов номида экан. Болам иккимиз нажот излаб келдик.-Аёлнинг кўзларида ёш куринди. Ўспирин йигитчанинг боши егилди.
– Мен Пахтакор шаҳар Тошкент махалласи Навоий кучаси 6 уй 5 хонада яшайман. Исмим Нуринисо. Бу ўғлим Умиджон. Бу йил 7 синфга кўчди. Турмуш уртоғим билан 2004 йилда Сирдарё вилоятининг Меҳнатобод туманидан ҳозир яшяб турган уйимизни Пахтакор Давлат солиқ инспекцияси ходими, эримнинг поччаси Чиндалиев Пухорбойдан 700.000 сўмга сотиб олиб, кучиб келдик. Чиндалиев П кариндош бўлганлиги учун натариал тартибда расмийлаштирмадик.2005 йил бошидан бошлаб паспортларимизни Пахтакор шаҳар Тошкент маҳалласи 6 уйнинг 5 хонасида доимий яшаш учун ИИБ ПБ дан рўйхатдан ўтказдик. Биз 17 йил турмуш курдик.Турмуш ўртогим кейинчалик ахлоқан бузулиб кетди. Ҳақоратлайдиган, урадиган, кейинчалик эса болам иккаламизни кечалари уйдан чиқариб юборадиган одат чиқарди. Шундай кунларнинг бирида 2009 йил 9 сентябр куни кечаси мени ҳақоратлаб, калтаклаб судраб, кетмасанг ўлдираман деб уйдан чиқариб юборди. Тунда болам иккимиз бир биримизнинг пинжимизда тонг оттирдик. Шу кундан бошлаб уйга қайтиб киритмади.Боламни етаклаб ҳар кимларникида яшаб юрдим. Болам мактабга ойлаб боролмай қолди. Бир неча бор келдим. Хатто иссиқ кийимларимизни олишимиз учун ҳам уйга киритмади… Эрим Акбар Холбоевнинг иккинчи оиласиман. Биринчи оиласи билан ҳам ажрашган. Хозир учунчи оиласи билан яшаяпти. Яшайверсин. Мен розиман. Аммо мени айни кунларда бўлаётган бошқа хақсизликлар кийнаяпти. «Зўрнинг кети тегирмон юргизади» деган накл тугри экан. Мени ва боламни кети тегирмонни юргизадиган зўрлар хурлашди ва хўрлашмокда.
Ҳокимиятга ва қонунга суянгандим. Афсуски ҳокимият ҳам конун ҳам Зўрларнинг қўлида уйинчок экан. Нима учун бундай дейишимнинг сабабини айтиб берайин.
Аввалида эримни судга беришга уялиб юргандим. Охири бўлмади.Андишани йиғиштириб қўйиб ўзим ва боламни уйга киритиб қўйишларини сўраб ўфуқаролик ишлари буйича Дўстлик туманлараро судига ариза билан мурожаат қилгандим. 2010 йил феврал ойининг 11 куни суд бўлиб утди.Судга Хуршид Эшмуродов раислик қилди Бир қатор сохта маълумотларга суяниб иш кўрди ва уйни Чиндалиев Пухорбойга тегишли деб топди. Менинг 2005 йилнинг бошиданоқ Пахтакор туман ИИБ ПБ дан шу уйда доимий яшаш учун руйхатдан ўтганлигимга, махаллада хўжалик китобида болам иккимиз рўйхатда турганлигимизга эътиборга ҳам қаратмади.
Суд қарори ва ўтган вактдан турмуш ўртоғим А.Холбоев қитмирлик билан ғаразли максадини амалга оширди. Яъни, уй-рўзғор буюмларимни, мол мулкимни талон тарож қилишга улгурди ва уйга қариндошлари бўлган иккинчи гуруҳ ногирони Хаитова Г. ни оиласи, кўч курони билан киритди. Пахтакор туман ҳокими Э Солиевга уйсиз қолганимни ва болам иккаламиз ҳар кимникида юрганимизни, бунда туман ҳокимлигининг ҳам айби борлигини айтиб, ёрдам беришларини сўраб бир эмас бир неча бор мурожаат қилдим. Афсуски туман ҳокимлиги уй низолигига қарамасдан Хаитова Г. номига бир эмас икки бор давлат ордер ёзиб берди.
Турмуш ўртоғим А. Холбоев, поччаси Чиндалиев П ва Пахтакор туман ҳокимлиги (пораланган бўлса керак деб уйлайман) уйдан мени ва боламни мажбуран чиқариб юбориб, уйни тортиб олиш мақсадида Хаитова Г. нинг ўзи ва турмуш ўртоғининг ногиронлигидан, онаси М. Хаитованинг нафакахўрлигидан фойдаланишаяпти.
Судья Хуршид Эшмуродовнинг яна бир ишини айтиб ўтайин. 2010 йил 19 август даги УЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҳал қилув қарор чиқарган. Бу қарор бошдан охиригача ёлғон ёзилган.Чунки судга бирон маратоба чақирилмаганман, иштирок ҳам этмаганман. Суд булаётганлигини таъсодифан билиб қолгандим. Судья Х. Эшмуродов турмуш ўртоғимнинг аризасига кўра менинг қўлимда турган (ҳозир ҳам қўлимда). никох қоғозини бекор қилди.Ажримда Мол мулк, уй жой хақида, вояга етмаган боланинг иқтисодий таъминоти тўғрисида гап ҳам бўлмади. Мана ўқиб кўринг.- У қўлидаги ҳужжатлар орасини титиб қарорни топиб қўлимга тутқазди.
– Судья Х.Эшмуродовнинг қарори натижасида биз болам иккимиз тамоман ҳимоясиз, кўчада қолдик. Адолат кани? Қайси қонун она ва болани кўчада яшашга махкум қилади? Х.Эшмуродов қайси қонунга таяниб бу қарорни чиқарди?
2010 йил май ойида фуқаролик ишлари буйича Жиззах вилоят судига кассация шикояти ёздим. Суд 2010 йил 8 июлда бўлиб ўтди. Судга М. Ризаев раислик қилди. Шикоятимни ўрганиб чиқиб уйни давлат тасарруфидаги, ҳокимият фондидаги уй деб топди ва 2005 йилдан буён Чиндалиевлар оиласи бу хонадонда яшамаётганлигини, биз яъни она ва бола қонуний руйхатда турганлигимизни инобатга олиб болам ва мени яшаш учун уйга киритилсин, деб қарор чикариб беришди.
Болам иккимиз адолатли судья ҳам борлигидан хурсанд бўлдик. Судьянинг танлари соғ, имонлари басаловат, юзлари ёруғ булишларини оллодан сўраб дуо (бошқа имкониятимиз йўқ) қилдик.
Бу қарорнинг ижросини сўраб пахтакор туман суд ижрочиларига олти ой қатнадим. Аввалига қарор келгани йўқ дейишди. Сўнгги борганларимда улар менинг устимдан ошкора «Сиз ўша уйга кириб яшайсизми? –дея устумдан ошкора килишди.2010 йил 26 ноябрда Жиззах вилоят Адлия бошқармасига суд департаментига суд қарорини ижро қилиб беришларини ва боламни моддий томондан таъминлаб беришларини сўраб мурожжат қилишга мажбур бўлдим.
2010 йил 9 декабр куни комиссия аъзолари билан бирга А.Назаров болам иккимизни уйга киритиб ижрони тугатиб кетди. Шундан буён иккичи қаватдаги икки хонали уйда икки оила яшаяпмиз.
Уйга кирдигу азобларим яна кўпайди. Эримнинг қариндошлари бўлган бу ногиронлар мени ва боламни уйдан чикариш мақсадида гапиролмасаларда барча мунофиқликни қилишаяпти. Мана саккиз ойдирки болам иккимиз тайинли иссиқ овқат еганимиз йўқ. Хонамизга уланган электор токи симини узиб қўйган. Коронғуда ўтирамиз.Газдан, ҳожатхонадан фойдаланишимизга қўймайди. Деярли ётиш учунгина уйга кирамиз.
Мен ёрдам сўраб Жиззах хақикати газетасига ҳам бордим. Газетадан Абдумўмин исмли мухбир келди. Мухбирга ҳоким ўринбосари А. Саломов илгари бу уйда одам яшаганлигидан бехабарлигини, Чиндалиев алдаганлигини, Хаитова Г. нинг номига берган ордерни бекор қилиб беришини, уйни руйхатдан Ўтиб яшаб турган ёлғиз она ва вояга етмаган болага қонуний қилиб беришлигини айтди.. (Уша пайти чамамда менга қўшилиб А.Саломовнинг ўзи ҳам гапи ростлигига ишонган эди)..А. Саломов мухбирнинг хузурига ДСИ ходими Чиндалиев П.ни ҳам чақирдида «Хаитова Г. ни уйга қандай киритган бўлсанг шундай чиқарасан. Уй она ва боланики. Ордерни буларга ёзиб бераман» дея топшириқ берди.. Чиндалиев П. Хаитова Г. ни уйдан чиқаришга ваъда берди. Афсус А.Саломов ёлғон гапирган экан. Раҳбарлар вазиятдан чиқиш учун ваъда бераверар экан… Мухбир ҳам бир келиб кетувчи одам экан.
Ёрдам сўраб 2011 йил тахминан июн ойининг бошларида Жиззах вилоят ҳокимлигига 2011 йил июн ойи Узбекистон республикаси Олий суд раиси Б. Мустафоевга, Республика Призиденти И.А. Каримов номига шикоят аризаси ёздим.
Вилоят ҳокимлиги жавоб ҳам бермади. Ўз. Рес.Бош прократурасидан 2011 йил 18 июнда бўлим бошлиги адлия катта маслахатчиси Б.Э. Норов имзолаган хат келди.
Хатда Ўз. Рес президенти И.А. Кармов номига ёзган аризамни кўриб чикиш учун Жиззах вилоят прокурорининг ўринбосари адлия маслаҳатчиси Б.М. Эрматовга ҳал қилиб беришлик учун юборилаётганлигини маълум қилган. 2011 йил 21 июнда ёзилган хатни Уз.Рес. Бош прокуратурасининг фуқароларнинг хукук ва эркинликлари жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси И.К. Жасимов имзолаган.. Хатда ёзган шикоят аризам Жиззах вилоят прокурори вазифасини бажарувчиси адлия катта маслахатчиси Р.Х.Пулатовга кўриб чиқиб қонуний ҳал қилиб бериш учун юборилганлигини натижаси хақида 2011 йил 7 июлдан кечиктирмасдан ахборот беришларини маълум қилган. Вилоят прокуратураси ўз навбатида туман пракуратурасига ишни кўриб чикиш учун жўнатган шеқилли туманимиз прокуратурасига чақирилдим. Прокурор ёрдамчиси Комил Холмуродов «Призидентга ва бош прокурорга қисқа шикоят ёзган экансиз. Тўлик тафсилотлари билан ёзиб беринг» деди. Мен бўлиб ўтган воқеаларни тўлалигича ёзиб бердим. Президентликка хатим етиб борибди. Энди барча азобларим тугайди деб ўйлагандим.Чучварани хом санаган эканман.
Арзларим соат стрелкаси буйлаб Узбекистонни бир айланиб чикдию яна ўша мен учун ёмон бўлган натижа билан тугади. Энди нима қилишимни билмайман. Ўзбекистонда мен мурожаат қилмаган раҳбар колмади. Додимни кимга айтайин. Ёрдам беринг. -Аёлнинг кўзларидан ёш тўқилди
-Кашта тикиб, яни кизларга ёстиқ тикиб сотаман. Шунинг орқасидан ўзимни ва боламни бокаман. Шу уй жанжали сабаб кон босимим кутарилиб кетадиган бўлиб қолди.Шу сабаб кашта ҳам тиколмаяпман. Мана Умиджоним ёш бўлса ҳам боқиб турибди. Бозорда сомса сотаяпти. Кунига бир ярим, икки минг топиб келади -Ўспирин йигитчанинг синиқ чеҳрасида, умид билан тикилган кўзларида жилмайишга ўхшаш нарса жилваланди. Унинг нигоҳларида илиниб турган сўнгги умид менга сўрок бўлиб қадалди. Мен эса Сизларга мурожаат қилмоқчиман.
Эй Сиз!!! …
Қадим юртнинг бугунги эгалари!!!…
Қонун эгалари!!!…
Адолат қилинг !!!
Умиджонинг кўзларидаги сўнгги умид нафратга айланиб қолмасин!
Ҳаётга илк қадамларини нафрат билан ташламасин!
Акс ҳолда барчамиз айбдор бўлиб қоламиз!
Саида КУРБОН.
Жиззах вилояти, Пахтакор тумани.