МАОРИФ СОҲАСИДАГИ ПОРАХЎРЛИК ВА ТОВЛАМАЧИЛИКНИНГ ИЛДИЗЛАРИ ҚАЕРДА?

Мактаб-маориф соҳасида у ёки бу сабаб билан ўқитувчилардан, мактаб болаларидан пул талаб қилиш ҳоллари камаяётгани йўқ. Айнан шу хил воқеалар Ғаллаорол туман Халқ таълими бўлимига қарашли Маржонбулоқ шаҳридаги 73-ўрта мактабда тез-тез содир бўлиб турибди. Масалан, 2008-йил ноябр ойида 73 мактабга Ишонқулова Шаҳноза Абдурасуловна математика-информатика фанидан дарс бериш учун ўқитувчи сифатида ишга қабул қилинди. Ш. Ишанқулова математика оғир фан бўлганлиги сабабли, ўқувчининг мияси чарчашини ҳисобга олиб, дарс вақтини олдинроққа суришни мактаб директоридан илтимос қилди. Аммо буни эвазига каттагина пора беришга мажбур бўлишини ўйлаб индамай қўя қолди. Ишонқулова Шаҳноза мактаб директори Бозорбоева Нигорага дарс жадвалини ўзгартириш учун сўраган 30.000 минг сўм пулни бермаганлиги учун математика фани охирги соатларда ўтиладиган бўлди. Шаҳноза ўз соғлиғи яхши бўлмасада, дарс жадвалини ўзгартиришни ўзи учунмас, ўқувчилар учун сўраганди. Мумайгина даромад деярли ҳар куни чўнтагига тушиб ўрганган мактаб директори Бозорбоева ўзи қўйган пулни Шаҳнозадан ололмагач уни ишдан бўшатиш учун ҳар-хил баҳоналар излай бошлади. Сўнг дарс жадвалини ўзгартириш учун мактаб директори сўраган 30.000 минг сўм пулдан М.Х.Х.-ходимлари хам хабар топиб комиссия келди. Комиссия текширгач, қўйидагилар маълум бўлди.
1.Мактаб директори Базарбоева тамонидан фуқаро И.Алибоев 1- штат бирлигида уста вазифасига асоссиз равишда ишга қабул килиниб 2009-йил декабр ойидан 2010-йилнинг июл ойигача жами 708308 сўм иш ҳақи ноқонуний тўланишига йўл қўйилган.
2. Мактаб фарроши Д.Рустамовага 2010-йил 1-январдан 1-августгача бўлган давр ичида1-разряд ўрнига 2-разряд буйича иш ҳақи ҳисобланиши натижасида 7-ой давомида 65723 сўм ортиқча иш ҳақи тўланган.
3. Мактабда 2009-йил 1- октябрдан 2010-йил 1-июнгача бўлган давр ичида мактаб директори ва ҳисобчининг эьтиборсизлиги натижасида 3 холатда 122277сўм ва бир ҳолатда 288287сўм моддий ёрдам пули асоссиз равишда ортиқча тўланган.
4. 2009-йил ноябр ойида 26 нафар ўқитувчининг иш хақлари хисобидан 33.000 минг сўмдан ушланиб мактаб директори Н.Бозорбоеванинг пластик карточкасига мактаб эҳтиёжлари учун деб жами 858.000 минг сўм маблағ ўтказилган. Ушбу йиғилган маблағ хисобидан олинган товар-моддий бойликлари ва бошқа сарф-ҳаражатлар тўғрисида ҳеч қандай хужжат расмийлаштирилмаган.
5.Ишонкулованинг 2010-йил феврал ойи иш ҳақидан 35.000 минг сўм асоссиз равишда мактаб директори Н.Бозорбоеванинг пластик карточкасига ўтказилган.
6. Мактаб ишчиси Ш.Эргашева мактаб козонхона оператори вазифасида ишламаган бўлсада унга ойлик иш табелида иш соатлари қўйилиши натижасида 2009- йил ноябр ойидан 2010-йил 1-апрелгача 5 ой давомида жами 386121 минг сўм иш ҳақи ноқонуний тўланган ва ушбу ҳисобланган иш ҳақи тўлик мактаб директори Н.Бозорбоеванинг пластик карточкасига ўтказилган. Мактабда яхши ишлаган ўқитувчилар бир йилда бир маротаба моддий ёрдам билан рағбатлантирилади.Рағбат 280.000 минг сўм. Бу рағбатга ўқитувчилар ҳар йили имзо қўйиб беришади халос. Пулни бўлса директор хоним ўз чўнтагига уради. Ўқитувчилар мактабда ишлаганларига ҳам шукур қилиб юришаверади. Ахир оилани хам тебратиш керак –ку.
7. Бу йил хам мактаб ремонти учун 460 нафар ўқувчидан накд 5.000 минг сўмдан пул йиғилди. Ваҳоланки мактаб 2008-2009-йилда копиталний ремонтдан чиқарилган. Қўйнидан тўкилса қўнжига деганларидек, мактабга комиссия келди, деб йилига 3-4 маротаба 30та ўқитувчидан 30.000 минг сўмдан 50.000 минг сўмгача пул йиғиб олинади. Яна бир мисол, Игамова Назокат Очиловна мукаддам жиноят содир этиб, судланган бўлсада, шу бугунги кунгача илмий бўлим мудираси лавозимида ишлаб келмокда. Бу ҳолатни қандай тушунмоқ мумкин?
Хўш, Бозорбоева кимнинг эркатойи? У кимга суянмоқда? Шунча камчилик ва нуқсонларни, жиноятларни кўра била туриб, Халқ таълими бўлимидагилар ҳеч қандай чора кўришмади. Шунча қилган жинояти ўз тастиғини топсада, нима сабабдан ўз ловозимида ханузгача михланиб ўтирибди. Ваҳоланки ўзи 73-мактабни еб битириб тугатаётган бўлсада, камига қариндош уруғини хам мактабга ишга жойлаб қўйган. Мактаб директори Бозорбоевадан ҳақингизни талаб қилиб кўрингчи Вазирлар Махкамасида қариндоши борлигини пеш қилиб сизга дўқ-пўписа қилишга ўтади. Мактаб маориф соҳасида порахурлик ва товламачиликнинг урчишида, мансабдорларнинг орқасида турганлар ҳам айбдордирлар… Шу учун ҳам мактаб соҳасида Шаҳнозага ўхшаган ҳақиқатпарварларга ўрин қолмаяпти. Мактаб директори Шаҳнозага ўхшаб бош кўтарганларни, “сен ёзувчисан, мактабда сенга ўрин йўқ”, деб, гўё, ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун, дея “меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ”ни қўлларига тутқазяпти. Бундай ноҳакликка учраган биргина Ишонкулова Шаҳноза эмас… Мактабдаги порахўрлик – ҳам моддий эҳтиёжни қондириш, ҳам маънавий тубанликдир. Таниш –билишчилик, ошно оғайнигарчилик бўлмаса порахўрлик ҳам, товламачилик ҳам бўлмайди… Шаҳноза Ишонқуловага ўхшаганлар ўз иш жойига қайтишлари керак.
Гавҳар БЕРДИЕВА,
Жиззах.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares