ёхуд, Ўзбекистон инқирози назариётчиси ҳамда таназзули амалиётчиси Ислом Каримовнинг ўнлаб миллион китоблари кимга – нимага керак?!
Кутубхоналардан бирида тасодифан кўриб қолганим – Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси ҳамда Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази томонидан тайёрланиб, 2001 йили “Шарқ” нашриёт – матбаа компаниясида чоп этилган “Президент Ислом Каримов асарлари библиографияси” билан танишиб, Ўзбекистонни 22 йилдан буён хонавайрон айлаб келаётган “юртбоши”нинг нақадар “сермаҳсул ижодкор” эканидан лол қотдим. Унга “Тафаккурдаги уйғониш – Янгиланишлар назариясининг методологик асослари” сарлавҳаси остида дабдабали сўзбоши ёзган Нарзулла Жўраев, деганлари эса, маддоҳбозлик – ялтоқсозликнинг юқори чўққисига кўтарилганига амин бўлдим.
Н. Жўраев мазкур муқаддимасида Ўзбекистонда жамиятни тубдан янгилаш ва кўпқиррали ислоҳотлар концепциясини яратиш жиҳатидан И. Каримовни, ҳеч тап тортмай ёки уялмай – нетмай, Америка Қўшма Штатлари давлатчилигининг асосчиси ва биринчи президенти Жорж Вашингтон, АҚШнинг демократчи президентлари Авраам Линкольн, Томас Жефферсон, Индонезиянинг ислоҳотчи президенти бўлган Аҳмад Сукарно билан ёнма-ён қўяди, яна уни, тарихда ижобий маънода юксак ва муносиб ўрин эгаллагани боисидан, оламий бир қамровда тан олинган Шарль де Голль, Маҳатма Ганди, Жавоҳарлаъл Неру, Мустафо Камол Отатурк, Жамол Абдул Носир сингари буюк арбобларга тенглаштиради.
Ушбу “кетялар” муаллиф, бундай ўта номаъқул ўхшатишлари билан шундай улуғ зотларнинг инсоният олдидаги улкан хизматларига қора кўланка ташлайди, ўз халқлари ва жаҳон жамоатчилигининг уларга нисбатан юксак ҳурмат – иззатини камситади. Чунки, Вашингтон, Линкольн, Жефферсон, Сукарно, Голль, Ганди, Неру, Отатурк ҳамда Носирнинг номлари халқаро миқёсда эъзозлар – эҳтиромларга бурканган бўлса, Каримовнинг оти, тириклигидаёқ, вайронкор ва қотил ҳукмдор тариқасида лаънатлар-у қарғишларга чулғанаётганидан мутлақо кўз юмиш мумкин эмасдир.
Шунингдек, сўзбошида И. Каримовга ўзига хос ноёб истеъдод; фаол сиёсий интеллектуал салоҳият эгаси; фавқулодда феномен, дея ашаддий баландпарвоз, шу билан бир вақтда, ўта аҳмоқона баҳо берилиши ҳамда унинг етук ва баркамол таълимоти ўзбек миллий фани барча соҳаларини ривожлантиришда энг муҳим методологик асос бўлиб хизмат қилади, дея мутлақо ноўрин иддао ва бўҳтонона даъво этилиши Н. Жўраевнинг ниҳоят даражада лаганбардор ҳамда ялоқхўр эканлигидан навбатдаги ишончли далолатдир.
Энди, “юртбоши” ножанобларининг бевосита “ижодий фаолияти”га тўхталсак: айни библиографияда батафсил равишда келтирилишича, 1992 – 2000 йиллар мобайнида унинг 131 та китоб ва рисолалари босилган, тўпламларда 188 та, матбуотда 160 та мақолалари эълон этилган. Бошқачароқ айтадиган эсак, Каримов йилига 14,5 тадан, яъни, ойига биттадан ортиқроқ китоб “ёзиб чиқарган”, ёки, йилига 38 тадан, яъни, ойига 3 тадан мақола “эълон қилган”. Гиннес рекордлар китоби биринчи саҳифасининг бошидан жой олгулик бундай “мислсиз натижа”га эса, тарихда ҳали – ҳануз ҳеч ким эришмагани ва эриша олмаслиги-да, шубҳасиз.
Агар, И. Каримовнинг 9 йилда 131та китоб нашр этгани, библиография босилганидан бериям орадан яна шундан кўпроқ сана кечганлигини эътиборга олиб, мазкур даврда унинг нисбатан камроқ, яъни, айтайлик, 100 та “асари” чиққан, дея тахминласак ҳам, Каримовнинг жами китоблари ўртача 231 тага етади. Шунингдек, шахсан ўзим аниқлай билганим – ўзбек ва рус тилларидаги ҳар қайсиси 12 жилдлик (Ўзбекистон телевидениесида оғиз кўпиртириб мақталганидек, 8000 саҳифалик) “танланган асарлари”ни айтмайсизми?!
Каримов учун “ижодкорликда”, айниқса, 1998 йил жуда “баракали” кечибди, яъни, ўша санада И. К.нинг оз эмас – кўп эмас 23 та (ҳар ойда 2 тадан /!!!/) китоби босилибди. Ана сизга “самарали ижод”! Энди, булардан воқиф бўлса, умр бўйиям арзирли китоб чиқаролмай нариги дунёга ўтиб кетган ҳамда уларнинг ортидан бораётган бечора-ю шўрида ўзбек шоирлари-ю ёзувчиларининг ўлганлари гўрида тик туриб, тириклари савил жонларини топшириб қўймасинлар-да, ишқилиб…
Айни ўринда: “Хўш, Каримов китобларининг жами адади (тиражи) қанча ўзи?” деган ҳақли савол туғилади. Унинг барча “чиқарма”лари хусусидаги ахборотни менга, нафақат, вилоят, балки, республика кутубхонасидаям топиб беришаолмагани боис, буни ўзимиз аниқлашимизга тўғри келади. Шундай экан, турфа саналарда босилган 3 та китобнинг жами нусхаларини қўшиб, чиққан натижани учга бўламиз: демак, 1999 йилда “Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда” – 100 мингта, 2000 йилда “Миллий истиқлол мафкураси – халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир” – 500 мингта, 2008 йилда “Юксак маънавият – енгилмас куч” – 50 мингта нашр этилган Уларнинг умумий сони – 650 мингни учга тақсимласак, 216666 нусхани ташкил этади. Буни кескин камайтириб, ҳар бир китоб ўртача 150 минг донадан босилган, деб ҳисоблаган тақдиримиздаям, уни 231 га кўпайтирсак 34 миллион 650 минг рақами келиб чиқади. Ушбуни тағин озайтирган ҳолда яхлитлаб, 34 миллион нусхага келтирсак, И. К.нинг китоблари Ўзбекистоннинг 30 миллион нафар аҳолисига – бешикдаги чақалоқларни қўшгандаям – 1 донадан тегиб, яна 4 миллионтаси ортиб қолар экан (нима, ”муаллиф” уларни ўзи билан бирга нариги дунёдагиларга олиб кетмоқчими?!). Битта президентнинг ўз мамлакати фуқароси сонидан-да анча бисёр нокерак китоб чиқариши айнан шундай саволни туғдиради ва бундай номақбул ва аҳмоқона “муаллифлик” Ер куррасидагина эмас, балки, бутун коинотда бошқа учрамаслиги аниқдан-да аниқдир.
Дарвоқе, “Ўзбек совет энциклопедияси”нинг 1975 йилда нашр этилган 6-жилдида кўрсатилиши-ча: шўро ҳокимиятининг 55 йилида “пролетариат доҳийси” Владимир Лениннинг Ўзбекистонда нашр этилган асарларининг жами тиражи 6 миллион нусхагаям етмаган экан. Каримов бундан 3 баравар қисқа фурсатда 6 ҳисса кўп китоб чиқарганига (!!!) қойил қолмаслик мумкинми?! Тағин, уларнинг орасидаги осмон билан ерча фарқ – Лениннинг ҳамма асарларини, шахсан, ўз калласи, ўз қўли билан ёзганлигида ҳамда уларнинг узоқ йиллар мобайнида дастуриламал тариқасида хизмат қилганлигида эди. Шунингдек, И. К. “китоббозлик пойгаси“да собиқ СССРни деярли 20 йил бошқарган яна битта “доҳий” – Леонид Брежневни-да олис йўлларда сарсон – саргардон қолдириб кетди.
Эндиликда, Каримовнинг чор тарафни босиб, ҳамма томонни бекорга банд қилиб ётган миллион – миллионлаб китоблари хазинамизга қанчалаб ақчага тушганлигиниям чўтга ташлаб кўрсак: 34 миллион 650 минг китобнинг ҳар қайсига ўртача 250 граммдан қоғоз сарфланса, шунинг ўзи 8 миллион 662 минг 500 килограмм, ёхуд, 8662 тоннадан ошади. Бунчалик миқдордаги қоғоз 144 та темир йўл вагонига юк бўлиб, ҳар бири 10 вагондан иборат 14 та поезд эшелонидан-да ортиб қолади. Келтирган айни қиёсимиз, албатта, тасаввур учун зарур мисолдир.
Каримовнинг китобларига ишлатилган сифатли оқ қоғознинг ҳар бир килограмми : 6 минг сўмдан арзон эмаслигини эътиборга олсак, уларни босиш учун фойдаланилган қоғознинг ўзигагина кетадиган маблағ 51 миллиард 975 миллион яъни, қарийб, 52 миллиард сўмга тўғри келади. Бунинг устига тағин турли – туман ноширлик, матбаачилик харажатлари ва хизматлари, пинҳонавий муаллифлар – олимларга (мазкур “асарлар”нинг биронтасиниям Ислом Карим ёзмаганлиги, алҳол, ёза билмаслиги Худогаям, бандаларигаям тўлиқ аён эса-да, бунчалик вайсақилик билан шуғулланишга ўнлаб, балки, юзлаб нарзулла жўраевлар жалб этилганлиги, шубҳасиз), таржимонларга, бошқа кўпдан кўп ходимларга, ишчиларга тўланган ҳақлар ва ташкилий ишлар билан боғлиқ ўзга бисёр сарфларни қўшсак, буларнинг ҳаммасига жами кетган пул 100 (юз) миллиард сўмдан-да ошиб кетади…
Ҳали бунга ўзбекнинг маблағи эвазига ажнабий тилларга ўгирилиб, чет элларда чоп этилиб, тақдимоти ўтказилган ва тарқатилган “президент асарлари”нинг, Каримовнинг шахсияти ҳамда фаолияти тўғрисида, асосан, хорижда нашр қилинган ёстиқдай – ёстиқдай альбомлар-у китобларнинг харажатлари кирмайди. Бундан бир неча йил муқаддам эса, “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номланмиш “асар”нинг юзга яқин давлатларда тақдимот маросимлари ўтказилди, дея бутун жаҳонга бонг урилганлиги эсимизда турибди. Бундай кўпсонли ҳамда йирик миқёсли тадбирларнинг неча миллионлаб валюта заҳираларимизни “ямлаб – ютгани”, тағин, қанчаси айни баҳонада талон – торож этилганлигини эндиликда аниқлаш жуда қийиндир.
Буларнинг барчаси жамланса, уларга кетган умумий сарф – харажатлар 200 миллиард сўмликдан ҳам ошиб кетиши шубҳасиз ва турган гап.
Хўш, тирик жон бошига биттадан-да ошиб тушадиган Ислом Карим китобларининг ҳаётдаги самараси, фойдаси нечук, улар халққа, мамлакатга, зиғирча эса-да, наф, манфаат келтирдими ўзи?! Агар, “ёзувчи президент”нинг ойига биттадан (гоҳида, иккитадан) босилган китобларида мантиқ – маъни бўлганида эди, Ўзбекистон аллақачон сайёрамиздаги жадал тараққийлашган давлатларни-да, шубҳасиз, ортда қолдириб, ҳаммасидан ўзиб кетарди. Аммо, амалда мутлақо терс ҳолат рўй берди: Ўзбекистон энг қолоқ Африка мамлакатларидан-да қашшоқ давлатга айланиб, ҳартарафлама ҳалокат жари ёқасига келиб қолди. Бундан шундай аччиқ ва аламли хулоса келиб чиқади, демак, элни оч – яланғочликка, юртни харобликка – хомталашликка маҳкум айлаш учун бечора ўзбекнинг 200 миллиард сўми ҳавога совурилибди-да, ёхуд, сувларга оқизилибди-да! Кўтарам устига кўндаланг, деганлари шумикин, ё?
Республикада 2010 йилги пахта тайёрлаш шартнома режаси бажарилиши муносабати билан ЎзТВ орқали билдирилди-ки, ўтган санадаги пахта ҳосилидан 200 миллиард сўмликдан зиёд соф фойда кутилмоқда эмиш. Таққосан олганда, Каримовнинг беҳуда қоғоз қораловчилиги ва валақлаши ана шу фойданинг барига тенг маблағни “еб – ютиб” юборибди. Бошқачароқ айтганда, бу чиқим қаторасига ҳамма вилоятларнинг пахтачиликдаги соф даромадини тўласинча йўққа чиқариш билан баробардир. Ҳа, булар аччиқ ҳақиқатлардир, шулар билан биргаликда, инкор этиб бўлмас йўқотишлар, ўрни мутлақо қопланмас бой беришлардир.
Ҳадемай, чиқитга, тутантириққа, ҳожатқоғозга айлантириладиган (шулардан бошқа нарсага ярамайдиям) айни сон – саноқсиз беҳуда ҳамда вайсақи китобларга харжланиб кетган мана шу 200 миллиардлик пулга ҳар қайсиси 400 миллион сўм турадиган 500 та замонавий қишлоқбоп мактаблар қурилиши мумкинлиги, ўқувчиларни бир неча йил дарсликлар ҳамда қўлланмалар билан таъминлаш имкони бўлганлиги, миллионлаб муҳтожлар, йўқсиллар, камбағаллар, қашшоқларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, минглаб ишчи ўринлари яратиш мумкинлигини назарда тутсак, Ислом Каримнинг сафсатабозлик – китоббозлиги Ватанимизга ҳамда халқимизга нақадар қимматга тушганлиги, ғазнамизга ўнгланмас ҳалокатли зарба бўлиб урилганлиги кундай равшанлашади.
Илло, Ислом Карим Ўзбекистонни ҳартомонлама талон – торож, ўзбекистонликларнинг хонумонларини хонавайрон қилгани етмагандай, уларни бошқа тарафдан-да боплагани – боплаётгани яққол кўриниб турибди.
Хўш, шундай экан, бундай зулмкор – вайронкор, бузғунчи – қўпорувчи, халқ душмани, ватан хоини бўлмиш “юртбоши” (садқаи бундай ном кетсин!) кимга ва нима учун керак?!
ЭЛТУҒЁН.