БИЗНИНГ САКЕ ОҒАМИЗ…

 Ботир Норбой,филология фанлари доктори.

Бу гал Алматыга борганимда, қозоғистонлик дўстимиз Сейтбай мени ажойиб бир олим билан таништирди. У ҳали СССР гуллаб яшнаб турган бир пайтда, тузумга қарши исён кўтарган, кейинчалик 1986 йил Олмаотада юз бергани декабр воқеаларида лидерлик қилган Саке Сарқитбек оға Имашев эди. Аксарият дўстлдари уни Саке, деб аташади. (Қозоқларда кишининг отини ҳар гал атаб чақиравермасдан, кўпинча дастлабки икки ҳарфга “ке” қўшимчасини қўшиб мурожаат қилишади. Айтайлик Ботир бўлсанг Баке, Нодир бўлсанг Наке, дейилдаверади).

Сакенинг таржимаи ҳоли ҳам ғалати. 1943 йили Қозоғистонда туғилиб ўсган, ўрта маълумотни ўз ватанида олган Саке Питербург (Ленинград)да тарих факультетида ўқиган. Ўн йилга яқин Питердаги СССР фанлар акдемиясининг Шарқшунослик бўлимида ишлаган. Сўнг қозоғистонга келиб, турли нашриётларда муҳаррир, бўлим мудири сифатида фаолият юритган. Китоблар ёзган… Сакенинг “Шажара сири”, “Занги бобо”, “Алашнинг айқиндамаси”,, “Чингизхон ҳақида ҳақиқат ва ёлғон”, “Сийирши” сингари қатор китоблари дунё юзини кўрган. Энг қизиғи шундаки, у ўзининг аксарият китобларини давлат босмохоналарида эмас, хусусий босмохоналарда, ўзига тўқ ҳомийларнинг кўмагида чоп эттирган…

Саке ҳам бизларга ўхшаб, туркий халқларнинг илдизи бир, Марказий Осиёдаги туркий халқларнинг олимлари тарихни бирга ёзишлари керак, деб ҳисобларкан… Саке ёзган жуда кўп китобларда туркий халқларнинг келиб чиқиши ҳақида гап кетади. У халқнинг келиб чиқишини илк тарихий-диний китоблардан, жой номлари ва халқларнинг касб корлари ифодалайдиган сўзлардан ахтараДИ. Шунинг учун у энг кейинги ёзган китобининг отини “Сиыршы» (Сигир боқувчи – чорвадор) деб атаган. У кўплаб диний ва тарихий китоблардан келиб чиқиб, уларда (ҳатто, Птолемейда, “Таврот”да, хитой манбаларида) Сеир, Сиер, Серы, каби номлар учрашини, бу номдаги тоғ ва водийлар борлигини айтади ва туркий халқларнинг тарихи 5-6 минг йил эканлигини ўзига хос тарзда исботлаб беради. Ассурия ҳам бизнинг туркий халқларнинг дастлабки макони, дейди. Шунингдек, Сир дарёси ҳам Сеирнинг ўзгарган варианти, Амударёнинг аввалги номи ҳам Ўғиз (ўкиз)дан келиб чиққан дейди.Туркий халқларнинг тарихчилари Чингиз, Амир Темур каби тарихий шахсларга ҳар хил муносабатда бўлиб келаётганини айтаркан, улар тарих саҳнасида нима иш қилганидан қатъий назар, боболаримиз, деб биларкан: Ўрта Осиёнинг жуда кўп хону беклари, Қўнғирот уруғидан, – дейди, Саке. – Бу уруғ эса, мўғил туркларига, Чингизхонга бориб боғланади. Чингизнинг аскарларининг асосий қисми, унинг айтишича, 95 фоизи туркийлардан иборат экан. Биз унинг отини аташдан ор қилмаслигимиз керак. Унинг авлодалари 400-500 йиллаб ҳокимият бошқарган, Россия князлари келиб Чингизийлардан ёрлиқ олиб кетишган ва шундан кейингина улар ҳокимлиги қонуний ҳисобланган.”, дейди Саке. Биз туркийлар бир ота онанинг фарзандларимиз, йирик давлатлар бизни бўлиб ташлаган. Аслида биз бир бўлишимиз керак…, дейди Саке.

– Сизни 80 йилларда Москвада бир ўзи исён қилган дейишади, тўғрими? – ўсмоқчилаб сўрайман, Сакедан.

– Буни тарихини мен айтиб берақолай, – дейди кеннойи. Бир куни у менга кўп қоғозлар сиғадиган, чўнтакли белбоғ тикиб бер, деб қолди. Нимага керак, десам айтмади. Мен эринмай эни бир қарич, бўйи бир метрча келадиган кўп чўнтакли белбоғ тикиб бердим. У ўз хонасига кириб кетди. Мен эътибор ҳам бермабман. У эртасига Москвага кетадиган бўлиб қолди. Борса, бориб келар, деб хайрлашиб қолдим. У эса Москвага бориб, тўғри Туркия элчихонасига кирмоқчи бўлибди. Элчихона уни қабул қилмабди. Саке шу яқиндаги бинонинг томига чиқиб, камаридаги мингта қоғоз – варақани кўчага улоқтирибди. Уни эса, КГБ ушлаб қамаб қўйибди.

– Варақада нима деб ёзилган экан?

– Ҳаммасига, рус тилида “Туркистонга озодлик”, деб ёзилган экан.

– Тўғрида, озодлик бериши керак эди, мана озодликни олдик, – дейди кулиб, Сарқитбой оға!
– Олганингни сенга фойдаси бўлдими, Сен озодлик учун курашдинг, 86 йилги ўша қўзғалонга бош-қош бўлдинг, ҳузурини бошқалар кўряпти. Икки хонали уйда неваралар билан сиқилиб ўтирибмиз…

– Нима бўлибди, зато халқимиз озод, ҳукуматимиз ундан ҳам озод… – кулади Саке.

Сарқитбек оға билан хайрлашар эканмиз, ўзаро ижодий ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Ёши етмишни қоралаган, озодлик курашинингг бошида турган, кўплаб китоблар ёзган ватанпарвар, туркпаравар оғамиз Сарқитбек Имашевга куч қувват ва узоқ умр тилаймиз. Дунё олимларининг, шу жумладан, туркий халқлар олимларининг ҳамкорлиги абадий бўлишига тилакдошмиз!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares