Бизга маълум бўлишича, Россиянинг Владивасток шаҳрига яқин жойдаги ҳарбий шаҳарчада уй-жой қурилишида ишлаб юрган хоразмлик меҳнат мухожирларидан камида икки киши 13 июль куни снаряд портлашидан ҳалок бўлган. Икки киши реанимацияда оғир аҳволда ётибди…
Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, ўтган асрнинг 90 йиллари бошларида бу ҳудудларда юз берган катта портлашдан кейин снаряд ва турли қурол аслаҳаларнинг парчалари шу атроф-муҳитга учиб, тарқаб кетган. Россия сапёрлари портлашдан кейиноқ маълум тозалаш ишларини олиб боришган бўлишсада, ўз ишларига совуққонлик билан қараб, ҳудудга тарқаган снарядларнинг ҳаммасини ҳам аниқлай олишмаган. Шу ҳудудларга учиб бориб тушган снарядларнинг баъзилари портламай ҳам қолган. Ўша ҳудудда ишлаб юрган ва ҳарбий, сиёсий саводи бўлмаган Узбекистон фуқароларидан бир қанчлари иқтисодий аҳволини ўнглаш учун ўзлари ишлаётган жойларда топилган қурол аслаҳа қолдиқларини, шу жумладан, снарядларнинг бўлакларини металлом сифатида сотиб юришган. Бутунича қолган снарядлардан бирини арралашаётганда портлаш содир бўлган. Қурбонлардан (Кўшкўпир туманининг Обод қишлоғида яшаган) иккитасининг исми фамилиясини аниқладик. Бирининг исми Шомурод фамилиясини Авазниёзов дейишди. Иккинчисининг исми Дониёр фамилиясини Отақов дейишди. Тасдиқланмаган манбаларга қараганда, ҳалок бўлганларни Россия ҳарбийлари ўз ҳисобларидан темир тобутларда уйларига юборишмоқда. Жонлантириш бўлимида ётган икки меҳнат муҳожирининг аҳволи маълум эмас. Бунинг устига ўша ерда ишлаб юрган Қодиров Мадад исмли мардикорнинг қориндошлари бизга маълум қилишича, бир қатор хоразмлик меҳнат мухожирлари бу портлашдан сўнг хибсга олинган.Ўзбекистондаги оғир иқтисодий, ижтимоий аҳвол туфайли қориндош-уруғлари уларнинг ҳолидан хабар олаолмаяпти. Ўзбекистон ҳукумати эса, ҳар галгидай, бу фожиаларга панжа орқасидан қарамоқда. Ҳалок бўлганлар, жонлантириш бўлимида ётганлар ва қамоқдагиларнинг тақдири қориндош уруғларини безовта қилмоқда. Аммо осмон узоқ, ер қаттиқлиги, оддий халқ вакилларида ортиқча маблағнинг йўқлиги шундай кунларда, айниқса, билиниб қолмоқда…
Саид Азим