Мен Жавбўриев Нори Самарканд вилояти Пайариқ туманига қарашли Накурт қишлоғида истиқомат қиламан. 35 йил шу қишлоқда ўқитувчилик қилдим. Ҳозир нафақадаман. Ёшим 75 да. Бизнинг қишлоқ тоғли қишлоқ бўлиб 750 хонадонда 10 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилади.
Қишлоғимизда хонадонлар тарқоқ жойлашганлиги учун қишлоқдан туман марказигача оралиқ масофа қарайиб 50 км.дан 80 км ни ташкил қилади. Аҳолининг кўпчилиги қайсидир иш юзасидан, масалан, қарилик нафақасига чиқиш, паспорт олиш, расмга тушиш, ўқишга ҳужжат тўғрилаш ёки коллеж ва институтга ҳужжат топшириш учун , ҳокимият, прокуратура, ИИБ, суд, касалхона ва шунга ўхшаш бошқа ташқилотларга бориш учун ҳар куни туман марказига қатнайди. Йўл узоқ. Хусусий автомашиналар тартибсиз қатнайди. Ёз кунлари бориб келишимиз, фақат йўл киранинг ўзи 7,8 минг сўм, кун совиб ёғингарчилик бошлангандан кейин эса 15, 20 минг сўмга кўтарилиб кетади. Автомашиналарнинг қатновида тартиб бўлмагани учун ҳам қачон келиб, қачон кетишини ҳеч ким билмайди Соатлаб, баъзан эса кунлаб автомашина кутиб йўлда қолиб кетамиз.
Шу сабабли биз 2005 йил Пайарик туман ҳокими Шоҳимардон Ғуломов номига 20 киши имзолаган талабнома киритдик. Талабномамизда бизнинг Накурт қишлоқ аҳолиси туман марказига катнашда кийналишаётганлиги, хусусий автомашиналарда қатнаши бундан ташқари йўл кира ҳақи қимматлиги сабабли қишлоқ ва туман маркази оралиғига тартибли автобус қатновини ташқил қилиб беришини сўраганмиз.
Туман ҳокими Ш. Ғуломов хатимизга жавоб бериб, бизнинг талабномамизни ўрганиб чикганлигини, «ОТТАВА КАН» хусусий фирмаси яқин кунларда кредит олишини ва кредит олиши билан автобус харид қилиб бизнинг талабимизга асосан Накурт қишлоғига ҳам албатта автобус қатновини йўлга қўйиб беришини маълум қилган эди. Биз Пайарик туман ҳокими Ш. Ғуломов ваъдаси амалга оширишини икки йил кутдик. Афсуски натижа бўлавермади… Ваъда – ваъдалигича колавергач айнан шу масала билан 2007 йили Самарканд вилоят ҳокими Баҳромхон Аъзамовга яна 15 киши имзолаган талабнома киритдик. Вилоят ҳокими Б. Аъзамов талабномамизни ўрганиб чиқиб Самарканд вилоят «Самаркандпассажиртранс» марказининг бошлиғи Ҳамраевга ушбу талабномани ҳал қилиб беришликни юклатди. Шундан сўнг қишлоғимизга басавлат – басавлат 3 киши келишди ва аҳоли билан учрашиб, яқин кунлар ичида автобус қатновини йўлга куйишларини ваъда қилишиб кетишди. Биз жуда хурсанд бўлдик. Ахир биттамас, иккитамас, уч кишининг лабзига ишонмай бўладими? Биз ишондик. Бу ваъданинг бажарилишини ҳам 2 йил кутдик.
«Чикмаган жондан умид» дейишадику. 2009 йил Самарканд вилоятининг янги ҳокими Ўктам Барноевга яна ўша эски мавзуда ўша талаб билан мурожаат қилдик. Янги ҳокимимиз талабномамизга жавоб ҳам бермади. Шундан сўнг 2009 йил 2 май ойи биз Гулмурод Жонибеков (мархум) билан бирга вилоят ҳокими кабулига бордик. Ҳоким йук экан. Комиссиялари кабул қилаётган экан. Биз шу 7 кишилик комиссия аъзоларига кирдик. Комиссиялардан бири «Самаркандпассажиртранс» маркази бошлиги Ҳамраевнинг ўринбосарларидан бири экан.
У йигит биз билан учрашди, ҳамма ҳужжатлар билан танишиб чикди-да албатта автобус қатновини йўлга қўйиб беришларини ваъда қилди. Биз содда, ишонувчан қишлоқ одами эмасмизми бу йигитнинг ҳам лабзига ишондик. 2009 йилнинг охиригача йўлга карадик. Автобусдан дарак йук. Шундан сўнг Узбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг «Инсон ва хукук» газетасига халқнинг талаби билан ёзма мурожаат қилдик.
2010 йилнинг 2 феврал куни Жонибеков Гулмурот ва мени Пайарик туман прокуратурасига чакиришди. Бордик. Туман прокурорининг ёрдамчиси бизни кабўл қилиб «Бу иш прокуратуранинг иши эмас. Бу ишни прокуратура хал қилиб беролмайди» дея удағайлай бошлади. Биз хайрон бўлдик. Гулмурод прокурор ёрдамчисига караб «Менга қара ука бу масалада биз Сизга мурожаат қилмаганмиз. Сиз чақирдингиз, биз келдик» дедида ўрнидан туриб эшикка қараб жадал юра бошлади. Шу пайт халиги йигит ўрнидан сакраб турдида Гулмуроднинг йўлини тўсиб «Узур ака, мен кўполлик қилдим. Келинг ўтириб гаплашайлик» дея ялина бошлади. Биз қўлимиздаги барча ҳужжатларни, талабномамизга келган Пайарик туман ҳокими Ш. Ғуломовнинг, Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Баҳромхон Аъзамовнинг, Самарқанд вилоят «Самаркандпассажиртранс» марказ бошлиғи Ҳамраевнинг жавоб хатларини кўрсатдик. Шундан сўнг телефонда «ОТТАВА КОН» фирмасининг бошлиғи Жамол Исмоиловни чақириб олди. Прокурор ўринбосари фирма бошлиғи Ж.Исмоиловдан нима учун халқнинг талаби шу пайтгача бажарилмаётганлигини суради.
Ж. Исмоилов эса ҳалигача банкдан (қайси банклиги хозир ёдимдан кўтарилибди) кредит ололмаётганлигини айтди. Прокурор ёрдамчиси эса банк бошлиқларига телефон қилиб нима сабабдан «ОТТАВА КОН» фирмасига кредит бермаётганлигини сўради. Банк «Бизга кредит олиш учун мурожаат қилмаган» деб жавоб берди шеқилли, прокурор ёрдамчиси фирма бошлигини «Нима учун ёлғон гапирасан. Кредит олиш учун ҳеч кандай ҳужжат топширмаган экансанку» деб уриша кетди. Фирма бошлиги «ҳужжат топширганман» деди, прокурор ёрдамчиси «алдаяпсан» дея тортиша-тортиша яна муросага келишди. Прокурор ёрдамчиси яна банкка телефон қилиб банк ходимига «ОТТАВА КОН» фирма бошлиги Ж. Исмоилов кредит олиш учун ҳужжат олиб боришини ва кредит беришларини тайинлади.
Туман банки бошлиғи прокурор ёрдамчисидан Вилоят банки бошлиғидан ҳам рухсат сўраб беришларини сўради. Прокурор ёрдамчиси телефонда вилоят банки бошлиғидан ҳам кредит беришда ёрдам беришларини сўради. «ОТТАВА КОН» фирмасининг кредит олишига вилоят банки бошлиғи ҳам ёрдам берадиган бўлди. Фирма бошлиғи прокурор ёрдамчисига қишлоқнинг йўли бузулиб кетган. йўлни нима қиламиз деди. Йўлни биз ўзимиз аҳолидан пул йиғиб, қўлимиздан келганича тўғрилаймиз дедик. Фирма бошлиғи йўлни таъмирлаб бўлган кунимиз автобус қатновини йўлга қўйишини ваъда берди .
Нихоят биз йўлни созлашга Ж. Исмоилов атобус қатновини йўлга қўйиб беришга эркакча қўл ташлашиб келишдик. Прокурор ёрдамчиси бизни (хали туғулмаган бола билан)янги автобус билан табриклади. Биз хурсанд бўлиб қишлоқка қайтдик.
Эртасига эрталаб аҳолини тўпладик. Нихоят қишлоғимизга автобус катнайдиган бўлганлигини, фақат йўлни ўзимиз тўғрилашимиз кераклигини айтдик. Маслаҳатлашиб хар қишлоқдан ишни ташқиллаштириш учун биттадан оқсоқол тайинладик.. Хар бир уйдан 500 сўмдан йиғиб олдик. Трактор тележкаларда, машиналарда сойдан қум тош олиб келиб тўкилди. Иссик овқат ташқил қилинди.
Ғайрат билан иш бошладик. Одамлар хурсанд. Айниқса, ёшларимиз жуда катта кўтаринки руҳда меҳнат қилишди. Ёшларнинг кўпчилиги талабалар. Уларнинг ўқиш жойидан қишлоқка келиб кетишлари муаммо. Шу сабабдан ҳам улар сидқидилдан меҳнат қилишди. йўлни тузатиб бўлдик. Ваъда қилинган вакт келди ҳамманинг кўзи йўлда. Автобус кутаяпмиз. Аммо автобусдан дарак йўқ. Бизку майли, қанчадан қанча ваъдабозларни курганмиз. Аммо ёшларнинг ишончини ўлдиришди, ёшларнинг….
Бу талабномамизни ким қачон хал қилиб беришар экан.Автобусни кута-кута Гулмурод орамиздан вақтли кетди. Қишлоғимиз аҳолиси 6 йилдирки ҳамон автобус кутади. Мана бугун ҳам йўлдаман. Кузатиб турдим Автостанцияда ишлайдиган 150 дан ортик автомашиналар тўхтаб турибди. йўлд«ОТТАВА КОН» хусусий фирмаси ходимларидан бири ҳар бир автомашинадан 3.000 сўмдан пул йиғиштириб оляпти. Камида 200 та автомашина ишлайди дейлик. Бир кунда 600.000 сўм бўлади. Бир ойда 18 000.000, бир йилда 216.000.000. сўмни ташқил қиларкан. Бозор куни келиб- кетувчи-ю меҳмонга келиб кетувчию, қайсидир нарсани қидириб бозорга келаётган автомашиналардан олганлари майли чўнтакларига қолсин. Кўнглимда шубҳа уйғонди. Назаримда қишлоқларга автобус қатнови йўлга қўйилса баъзи «тадбиркор»ларнинг кунлик тушумига зарар етармикан? Шу сабабдан ҳам автобус қўйилишидан кўра қўйилмаганлигидан манфаатдорроқмикан? Бироқ, аҳолини ким уйлайди?
21 аср техника асри дейилади. Мана шундай техника асрида бизнинг ёшлар йўлда соатлаб, баъзан кунлаб автомашина кутишмокда. Коллеждан, иниститутдан, лицейдан, ищдан кайтаётган ёшларимиз уйларига ҳафтада, ойда бир кунга келиб кетишлари ҳам муаммо. қишлоғимиз ҳамон аросатда.
НОРБОБО
Самарканд вилояти Пайариқ тумани
Накурт қишлоғи.
(оққа кўчирувчи Саида Қурбон)