Келажакда Ўзбекистон бойлар ва ўта бойлар давлати бўлади

Бизнинг шиор “Мамлакатда қашшоқлик ва камбағалликни тугатамиз, яшасин бойлар ва ўта бойлар”
Баҳодир Чориев

Агар Ўзбекистон тарихини ўрганиб чиқсак мамлакатимизда бойлар кўпинча таъқибга учраганликларига амин бўламиз. Олдинги мақоламда ёзганимдек ўлкамизни феодал тузумидан совет тузумига ўтиши бойлар, мулкдорлар тузумини бутунлай барбод қилди. Совет тузумини қулаши ортидан Каримов яратган тузум эса ҳалол бойлар ёки мулкдорлар тузумини яратишга имкон бермади. Каримовнинг “аросатдаги” тузуми ишбилармон инсонларни тадбиркорлик билан шуғулланиб, бой бўлишга йўл қўймади. Аксинча, ишбилармон инсонлар, тадбиркор инсонларнинг кўпчилиги қамоқларга ташланди, бир қисми жисмонан йўқотилди, баъзиларининг мол-мулки Ўзбекистондаги “салохатли инсонлар” томонидан уюштирилган рейдерлик ҳаракатлари натижасида тортиб олинди.
Мамлакатда камбағаллик ва қашшоқлик кенг қулоч ёйди. Шахсан И.А. Каримовнинг: “Ўзбекистонда ўта бойлар бўлмайди” деб очиқ айтиши Ўзбекистонни тушуниб бўлмас тузумга олиб келди. Биз Каримов яратган тузумни “Аросатдаги тузум” деб атаймиз ва Каримов олиб бораётган адолатсиз тузумига “Йўқ” деб жавоб берамиз. Бизнинг шиор “Мамлакатда қашшоқлик ва камбағалликни тугатамиз, яшасин бойлар ва ўта бойлар” дея хайқирамиз.
Бизнинг иқтисодий ислохат дастурларимиз келажакда албатта амалга оширилади. Бизнинг биринчи мухим қиладиган ишимиз мамлакатимизда яхши сиёсий ислохат ўтказишдир. Шунинг учун келажакда амалга оширмоқчи бўлган режаларимиз билан ўртоқлашиб турамиз.
Биз яратмоқчи бўлган мулкдорлик тузуми қандай бўлади деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Биз хукуматга келишимиз билан Ўзбекистондаги барча қонуний эркинлик ва ҳуқулар тикланади. Демократия шамоли мамлакат бўйлаб эркин ва хеч қандай тўсиқларсиз эсиши керак. Қонун устуворлиги ва судлардаги адолат мулкдорлар учун энг мухим бўлган ишлардир.
Тижоратчи, тадбиркор, бизнесменларнинг иш фаолиятига куч ишлатар тизимлари ва давлат амалдорларининг ноқонуний суқулаверишларига чек қўйилади. Давлатнинг куч ишлатар тизимлари, амалдорлар тижоратчи, тадбиркор, бизнесменларнинг иш фаолиятига ноқонуний суқулаверса мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Хозирги вақтда Ўзбекистонда баъзи яширин тижоратчилар, куч ишлатар, суд, прократура, адлия, молия ва бошқа давлат ходимлари ва амалдорларнинг қўлида каттагина бойликлар йиғилган. Биз уларнинг мулкига дахл қилмаймиз. Ўзбекистоннинг келажаги ва иқтисодининг ривожланиши учун бу инсонларнинг бойлигини қонунийлаштириб берамиз ва улар келажакда ўз бойликларини яширмасдан, қўрқмасдан Ўзбекистон ичида ёки ташқарисида идора этишларига имконият яратиб берамиз.
Агар давлат ходимлари, амалдорларни жиноят содир қилган бўлса хам биз Ўзбекистоннинг келажакдаги тинчлиги, хотиржамлиги ва равнақи учун уларни авф этамиз, уларга босимларни кўрсатмаймиз, аммо журналистик текширув, бошқа турдаги тортишувлар ва суд тизимига аралашмаймиз. Бизнинг ишимиз мамлакатимизда адолат тарозисини ўрнатиш, суд ёки журналистлар фаолиятига аралашиш ва тарафкашликка чек қўйиш. Адолатли судда ўзаро тортишувлар албатта адолат юзага чиқариши керак. Мамлакатимизда хозирги соядаги бойларнинг мулкини ва бойликларини қонунлаштириб беришимиз, яъни уларнинг мулкларининг дахлсизлиги четдан келаётган ишбилармон ва тадбиркорларни бизнинг ислохатларимизга ишончини оширади..
Мамлакатимизда бир ўзбек валютаси эмас, балки катта саккизликка кирган давлатларнинг, ҳамда қўшни давлатларнинг валюталари ҳам эркин муомалада бўлиши жуда мухимдир. Ушбу валюталарни мамлакатимизга чексиз равишда кириб келиши ва чиқиб кетишининг эркин(фақат божхона декларациясиясида ёзилиши керак. Бу ўз навбатида иқтисодий хисобот ва тахлил учун жуда мухимдир) бўлиши ва инсонларнинг ёнида ушбу валюталарни чекланмаган миқдорда олиб юра олиш ва эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи жуда мухим . Бу валюталарнинг эркин муомаласи бошида қийинчилик ва ноқулайликларни келтириши мумкин, аммо бошқа давлатлардан кириб келаётган ишбилармон ва тадбиркорларнинг ишончи оширади.
Биз хукуматга келгунча Ўзбекистондан қувилган, бойликлари ва мулклари тортиб олинган, қамоқларга ташланган, таъқиб ва тайзиқларга учраган барча чет эллик ишбилармонларнинг масаласини ўрганиб чиқишимиз жуда мухимдир. Бизнинг хукумат мустақил комиссия тузиб, уларни фаолиятини холис ўрганиб, бу ишбилармон кишилар хақ бўлсалар уларнинг Ўзбекистондаги йўқотишларини қоплаб берамиз .
Иқтисоднинг ривожланишида энг мухим рол ўйнайдиган сиёсатлардан бири бу солиқ сиёсатидир. Хозирги Ўзбекистондаги солиқ сиёсатини умуман оқлаб бўлмайди. Ўзбекистонда солиқчиларнинг сони жуда кўп. Ривожланган давлатларда Ўзбекистондаги юзта солиқчининг ишини бир киши амалга оширади. Енг ачинарлиси шундаки Ўзбекистондаги энг коррупциялашган ташкилотлардан бири бу солиқ хизматидир. Солиқчилар давлат бюджетига камида 35 % тушумни туширмасдан ўзларининг яширин даромад манбаига айлантириб олишган. Ўзбекистондаги исталган савдо нуқтаси ёки дўконини чуқурроқ текширсангиз солиқ ходимларига доим пора узатиб турганини аниқлайсиз. Биз келажакда бу сохани бутунлай ислохат қиламиз, мамлакатда солиқ ставкаларини камайтирамиз ва барча назоратни электрон назоратга алмаштирамиз. Солиқ тизимини шундай ислохат қиламизки, натижада ишбилармонлар, тадбиркорлар ва солиқ тўловчи субъектлар хозирги кундаги солиқ тўлови ва солиқчиларга бераётган пора-узатмалари ўрнига электрон ҳолига кўчирилган ва ҳозиргидан бир неча маратоба кам бўлган солиқни тўлайди. Биз туманлардаги барча солиқ идораларини бутунлай ёпамиз.Фақат вилоят марказидаги солиқ бошқармалари қолдирилади ва улар замонавий технология билан жихозланиб ёш кадрлар билан алмаштирилади.
Хозирги солиқчиларни эса жиноий таъқибдан озод қилиб, улар тўплаган бойлик ва мулкларини қонунийлаштириб берамиз. Улар ўз мулкларини идора этишларига, келажакда тадбиркорлар сафига қўшилишиб, ўз мулклари билан мулкдорлар синфини сонини ошириб янги иш жойларини яратишларига, бойликларига бойлик қўшишларига имконият яратиб берамиз.
Солиқ мавзуси бу жуда катта мавзу, биз албатта келажакда бу мавзуни кенгроқ ёритиб, уни тахлил қилишга харакат қиламиз.
Биз имкон қадар жуда кам ставкали солиқ тўловларини йўлга қўямиз, ишбилармон ва тадбиркорларнинг иш фаолиятига амалдорлар томонидан ноқонуний аралашувига чек қўямиз. Чегараларни очамиз, божхона ва бошқа тўловлар хам жуда катта миқдорда қисқартирилади, барча биздан олдинги амалдор ва ходимларнинг мулклари легаллашади. Шундай холатда ҳам солиқ тўловчи атайлаб солиқ тўловидан бош тортса ёки Ўзбекистоннинг бошқа қонунларини оёқ ости қилса унга нисбатан жиддий қонуний чора кўрилади. Белгиланган солиқ тўловини амалга оширмаслик бу халққа нисбатан хиёнат деб бахолаймиз.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares