ОЧЛИК АКЦИЯСИНИНГ ЎН БЕШИНЧИ КУН ТАФСИЛОТЛАРИ

11 июль, 2011 йил
( 15-кун тафсилотлари Зарнигор томонидан қоғозга туширилди)
Очлик акциясининг ўн бешинчи куни душанбага тўғри келди.
Бу кунга келиб очлик тутаётганлар, яъни аяжоним М. Эшонқулова ва С. Амоновалар бутунам ҳолдан тойиб бўлишганди. Мен “Очликни тўхтатайлик” деб кўп ёлвордим. Аммо улар унашмади. Дадажоним мендан очликни тўхтатишни қатъий талаб қилдилар. Бозордан ёзнинг барча меваларини келтирдилар… Дадажоним айтмаган тақдирларида ҳам мен очликка ортиқ чидай олмасдим. Ёз меваларини кўриб, иштаҳам очилиб кетди. Хуллас, бугун мен тушликдан кейин очликни тўхтатишга қарор қилдим.
Турли ёз меваларини Саодат опа ҳам аяжоним ҳам кўришди. Аммо иштаҳалари очлимадими, ё нафсларини тийиш учун ўзларида куч топа олишдими, хуллас, очликни тўхтатишмади…
Кун бўйи очлик акциясининг 15-кунини бошидан кечираётган аяжоним ва Саодат опанинг ҳамкасблари, дугоналари ва турли ҳуқуқ ҳимоячилари қўнғироқ қилишди. Уларнинг тақдири, соғлиғи билан қизиқишди…
Масалан, ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов Франциядан қўнғироқ қилиб, очликни зудлик билан тўхтатиш лозимлигини тайинладилар.
Шунингдек ҳуқуқ ҳимоячилари Ҳазратқул Худойбердиев кун бўйи эл. почта орқали мактуб орқали ҳол-аҳвол сўрадилар, керакли маслаҳатлар бердилар. Энг асосийси, очликни тўхтатишни қайта-қайта уқтирдилар…
Бир сўз билан айтганда, уларга ҳар куни 30 га яқин киши қўнғироқ қилиб очликни тўхтатинглар, бесамар иш учун соғлиқларингдан ажралишларинг шарт эмас дейишади. Электрон почталарига ҳар куни очликни тўхтатишларини сўраб ўнлаб хатлар келади. Лекин аяжоним билан Саодат опа ҳалиям Каримовдан марҳамат кутиб ўтиришибди. Бирор бир янгилик бўп қолар деб умид қилишмоқда. Ҳозир уларнинг фақат суяклари қолган. Очлик акциясининг 15-куни бўлишига қарамасдан, ҳукумат раҳбарларидан бирортаси “Ҳолинг қандай?” деб сўрашмади… Менимча, аслида аяжоним билан Саодат опа Каримовнинг сўзларига ишониб, Каримовга суяниб ЎзМТРКдаги раҳбарларнинг ноқонуний ишларига қарши бош кўтаришган эди. Шунга ҳам 2 йил бўлди. Бироқ бирор бир натижа бўлмади. Бу орада Каримовга аяжоним билан Саодат опани бадном қилувчи турли хабарлар етиб борди. Каримов буларни менимча 1000 йилдаям қабул қилмайди. Илгари қабул қилса, энди қабул қилмайди. Нимагаки, мана, кеча интернет сайтларини очиб қарасам, ўзларини ҳуқуқ ҳимоячисиман дегувчи шахслар буларга қарши ҳар-хил бўлмағур сафсаталарни сотишибди, роса провакация қилишибди. Уларни мақсадлари битта: Қандай бўлмасин буларни ҳукуматни, Каримовни кўзига ола қарғадай кўрсатиш. Бу йўлда улар ҳар қандай пасткашликданам тойишмайди. Ҳаммаси Ариповга сотилган. Унинг сармояси эвазига аяжоним билан Саодат опага қарши чиқишлар қилиб ётшибди интернетда. Каримов қабул қилмаса, аяжоним билан Саодат халқ душманига айланса, бундан ким манфаатдор бўлади, албатта Телведениянинг арбоблари-да. Жиноятлари очилмай қолади, жазодан қутилиб қолишади.Шунинг учунам улар аяжоним М.Эшонқулова ва С.Амоноваларни бадном қилиш учун ҳеч нарсадан тап тортишмаяпти… Тирноқ ичидан кир қидиришгани қидиришган..
Мана, кеча, 10 июльдан 11 июлга ўтар кечаси соат 2.00 ларда Саодат опани аҳволи оғирлашди. Тез ёдам чақирдик. Тез ёрдам шифокори келиб, кўрди, қон босими кўтарилиб кетган экан. Аммо қанчалик аҳволлари оғир бўлмасин, шифокорлар касалхонага олиб кетишни исташмади. Шифокорлар Саодат опага “ Сизни касалхонага об кетишимиз керак эди, аслида. Лекин, бизниям тўғри тушининг. Сизни олиб кетмолмаймиз. Негаки сизнинг паспортингиз Самарқандда пропискада экан. Нега Тошкентда рўйхатда турмаган беморни олиб келдинг деб бизни обориб-обкелишади. Шунинг учун сизга битта қон босимини туширадиган укол қиламизу, тинчгина қайтамиз” дейишди. Укол қилиб кетишди. Ҳатто “сигнальний лист” ҳам беришмади… Сўраганимизда, бир кунда икки марта чақирув бўлган, шунинг учун такрорий лист беролмаймиз” дейишди шифокорлар.
Мана, бугунам тушликка яқин Саодат опанинг яна қон босими тушмай, соғлиғи оғирлашаверганидан кейин яна тез ёрдамга қўнғироқ қилдик. Дўхтирлар келиб, у кишига бироз қон босимингиз ошибди, деб, қон босимини туширадиган укол қилишди. “Сигнальний лист” сўрагандилар, “Мутлақо соғломсиз, нима қиламан сизга “сигнальний лист” бериб. Соғлом деб ёзаманми? Агар соғлом деб ёзсам, ўзингизга қийин бўлади” дейишди. Саодат опа “Агар соғ бўлсам, нега укол қилдингиз?” деб сўрагандилар, шифокорлардан “Бу шунчаки қон босимининг ошиши, холос. Буни касаллик деб бўлмайди” деган жавоб олдилар. Ва яна шифокрлардан бири Саодат опага “Сиз 15 кун овқатланмадим деб кўп ўйлайвериб, ўзингизни ўзингиз қийнаб юрманг. Сизнинг жирингиз кўп экан. Яна 15 кун очликка дош беришингиз мумкин. Соғлиғимни йўқотаяпман деб қўрқманг” деди … Демак, дўхтарларга ҳам тайинлаб қўйишган экан-да…
Бугун ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарсам: “Мен ўз номимдан Сайёра Рашидова ва Акмал Саидовларга хат ёзмоқчиман. Улардан розилик олиб берсанг, ўз номимдан ёзиб, жўнатаман. Кейин улар воқеани текширишади?” дедилар… Бунга аяжоним билан Саодат опа рози бўлмадилар. “Президент ҳал қилаолмаётган муаммони Сайёра Рашидова ё Акмал Саидов бартараф қилаолармиди? Қолаверса, биз ўз вақтида Сайёра Рашидовага шикоят аризаларимизни буюртма хат орқали жўнатганмиз. Идорасининг остонасига бош уриб борганмиз ҳам. Тўрт ҳафта навбат кутиб, тўртинчи ҳафтанинг қабул куни навбат эндигина бизга келганида, гарчи иш вақти тугамаган бўлса-да, С. Рашидова “Сизларни қабул қилолмайман” деб эшигини бурнимизга ёпган ва қабулхонасини тарк этган” дейишмоқда аяжоним билан Саодат опа ҳафсалалари пир бўлиб…
Шу очлик акциясининг 15-кун тафсилотлари эди. Воқеа жойидан Зарнигор Ҳакимова ёзиб олди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares