Ўзбекистоннинг келажакдаги йўли – бу мулкдорлар синфини яратишдир

Баҳодир Чориев

Инсон бу табиат ичидаги энг мукаммал тирик мавжудоддир. Шундай экан бошқа мавжудодлар ичида унинг талаблари, заруриятларининг чеки йўқдир. Мана шу зарурият ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак манфатларини қондириш мақсадида инсоният тарихда кўплаб уриш, қирғинларни бошидан кечирди. Бир қанча тузумларни яратди ва уларни йўқ қилди. Шулар ичида ўзининг мукаммаллиги, барқарорлиги билан капитализм тузуми ўзини сақлаб қолди ва тобора дунё бўйлаб кенгайиб бормоқда.

Биз Ватанимиз Ўзбекистон тарихинига назар ташласак, кўп асрлар феодал тузумни бошидан кечирган халқимиз, капиталзм тузумига ўтишга улгуролмай қолди. Феодализм тузумидаги қолоқлик қон-қонига сингиб кетган ўзбек халқига капитализмга ўтиш жуда хам оғир кечиши аниқ эди. Биз бу ерда бу масалга тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз.

Ўзбекистон халқи феодал тузумдан социализм тузумига ўтиши ортидан хонлик ва амирликлар даврида вужудга келган барча мулкдорлар синфини яксон қилди. Совет ҳукуматининг қатағонлари ортидан ёш авлодлардаги мулкдорлар синфини қоралаб, уларни зарарли паразитларга тенглаштирдилар. Мулкдорлар авлодларини халқ душманларига айлантирдилар. Уларни қулоқ қилишиб, узоқ сургунларга юборишдилар. Совет бошқаруви даврида мулкдорлар синфи батамом йўқ қилинди. Ғарб дунёсидаги капиталистик бошқарувга қарши Советлар даврида кучли тарғибот ва ташвиқот ишлари тўхтамасдан доим олиб борилди.

Афсуски, иқтисодни режаштириш ва бошқарув ортидан Совет давлатининг иқтисоди таназзулга учради. Советлар даврида Коммунистик партиянинг раҳнамолари бўлган бир қанча Ўзбекистоннинг бошқарувдаги шахслар замон ўзгариши билан бир думалаб демократларларга айланиб қолишдилар. Хукумат бошқарувини қўлдан чиқармаслик учун номигагина бозор иқтисодиётига ўтилди. Лекин афсуски иқтисодни бошқариш реал бозор иқтисодиёти, ёки Очиқ иқтисодиёт билан эмас, балки Советлар давридаги режаштириш ва бошқариш услубида олиб борилмоқда. Оқибатда охирги 20 йил Ўзбекистон иқтисодида ривожланиш ўрнига таназаззул вужудга келди. Кўриниб турибдики, билими, тарбияси, дунё қараши коммунистча бўлган Ислам Каримов мамлакатни очиқ бозор иқтисоди томон йўналтиролмади. Бунинг натижасида ўтган 20 йил ичида мамлакатимиз кўплаб иқтисодий ривожланишни қўлдан бой берди. Вахоланки, Совет давридан қолган завод, фабрика, ишлаб чиқариш ускуналари, жуда яхши кадрлари билан Ўзбекистон кўп қийналмасдан очиқ бозор иқтисодиётига ўтиб кетиши мумкин эди.

Биз ҳозиргача режали иқтисод бошқарувида яшар эканмиз, келажагимиз мавҳум бўлиб қолаверади. Бизни шундай иқтисодий, ижтимоий ахволга солган Каримов режимига албатта бархам беришимиз керак. Шундагина биз
мавҳумликдан қутуламиз ва ўзимиз танлаган йўлдан борамиз.

Бу ерда хам танлов учун йўллар жуда кўп. Мисол учун диний халифачилик, Исломий давлатчилик ортидан феодал давлат бошқарувига қайтиш,

Эски Совет давлатини қўмсаб, Социализм йўлини танлаш,

Мулкчиликка асосланган Капиталзм йўлини танлаш ва бошқа йўллар.

Менимча, ўзбек халқига энг маъқул йўл, бу мулкчиликка асосланган, очиқ бозор иқтисодиётига таянадиган капиталзм тузуми жуда маъқулдир.

Каримовнинг хозирги иқтисодий бошқарувини биз “аросатдаги иқтисод” деймиз. Уни номига очиқ бозор иқтисоди, аслида эса эски Совет давридагидек режали ва бошқарувли иқтисод.

“Аросатдаги иқтисод” бугунги кунга келиб ўзини ожизлигини тўлиқ кўрсатди. Хозирги кунда юз минглаб олий маълумотли, илмий иш қилган, ёки ўзинг тайинли иш жойи бўлган мутахасислар Россия, Қозоғистон ва дунёнинг барча давлатларида тирикчилик мақсадида қийналиб, ватандан, оиладан, дўст-биродарлардан узоқда ишлаб юриши, хамда ёнида хеч қандай маълумот олмаган инсонлар билан бирга ишлаши ва улар билан бир хил маош олиши жуда ачинарлидир. Энг ачинарлиси бу инсонларнинг келажаги мавҳумдир. Улар эртага бошларига қандай кун келишини билишмайдилар. Улар бугун соғ юришибди, тирикчиликлари бор, агар касал бўлиб ишламай қолсалар, унда уларнинг бошини ким силайди. Ўзбекистон давлатими? Йўқ, Фақат хозирги Каримов бошчилигидаги давлат эмас.

Халқнинг қашшоқланиб давлатнинг бойиши учун олиб борилаётган сиёсат бу жуда аҳмоқона сиёсатдир. Мен бунга қаршиман. Аксинча фуқароларни бойиш, инсонларнинг фаравон хаёт кечириши бу эса ўз навбатида давлатнинг бойишига уни ривожланишига олиб келади.

Дардимизни айтаверсак, ёзаверсак дардимиз тугамайди. Бу билан эса биз ҳаётимизга енгиллик олиб келолмаймиз. Биз аниқ режалар билан ишлашимиз керак.

Каримов хукумат тепасидан кетиши керак, бунинг устидан Бирдамлик Халқ Харакати ишлаяпти. Лекин келажакда Ўзбекистон қайси йўлдан бориши бу жуда муҳимдир.

Биз Бирдамлик Халқ Харакати ва келажакда тузилаётган Ўзбекистон Либерал Иқтисод Партияси Капитализм, Очиқ Бозор Иқтисодиётига асосланган Мулкдорлар синфини яратиш ва Мулкдорлар тузуми ( Капиталзм тузуми) йўлида борамиз. Хўш бу йўл қандай йўл? Бу халқимизга қандай яхши умидларни бериб, уларни рўёбга чиқаради?

Келинг мисол тариқасида ўқитувчи ва тиббиёт сохасининг ходимларига бир назар солайлик. Совет тузумида яхши ишлаб, ўз рўзғорини ўртамиёр боққан бу соха ходимлари каримовнинг “аросатдаги иқтисоди” ортидан бугунги шароитда жуда иқтисодий оғир ахволга солиндилар. Ўзбекистондаги нарх-наволар дунё бозоридаги нарх-наволар қаторида турган бир вақтда уларни ойлик маоши жуда ачинарли аҳволдадир. Олган маошлари ҳатто озиқ овқатларига етмайдиган бу соҳа ходимлари қандай қилиб ўз келажагига , давлатнинг буюклигига, ҳукуматнинг одил сиёсатига ишонишсин. Бугунги уларнинг оғир ҳаётидаги қийинчиликдан фақат бир йўл, Ўзбекистонни янги капиталистик тузуми бўлган мулкдорлар тузумига ўтиш йўли қутқаради.

Бу йўлга ўқитувчи ва зиёли инсонлар қандай ўтилади?

Албатта ҳар бир йўлни танлаш ва ўтиш даврида анча қийинчиликлар бўлади. Бу биз учун, халқимиз вакиллари учун осон кечмайдиган иқтисодий ислоҳотдир. Аммо бошқа чорамиз йўқлиги учун, порлоқ ҳаёт, болаларимизни келажаги, ватанимизнинг тараққиёти учун албатта биз бу йўлдан боришимиз керак бўлади.

Ўзбекистон келажакда яхши моддий ва маънавий таъминланган 9 йиллик мажбурий, бепул ўрта мактаблар дастурини қайта ишлаб амалга ошириш жуда муҳимдир. Бу ерда албатта ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясига етарлича ўрин берилиши керак.

Барча олий ва ўрта билим юртлари тўлиқ давлат қарамоғидан чиқарилмоғи, улар хусусийлашмоғи керак. Уларга ўз ўқув дастурини ишлаб чиқаришлари, очиқ бозор иқтисодиёти шароитида ўз мутахассис, кадрларини меҳнат бозорига олиб чиқиб, уларни иш билан таъминлашлари (Кадрларни бозор шароитида сотиш ва буни ортидан даромад қилиш. Бу бизнинг қулоғимизга ғалати туюлсада, аслида капиталстик давлатларда шундай иш олиб борилади) Бу ерда мулкдорлар тузуми-капиталстик тузумда мехнат бозори қизиши табий холдир. Агар бирор бир олий ўқув юртнинг бозори бу ерда касод бўлса , бу албатта ушбу олий юртни тугатишига олиб келади. Бундан кўп фожеа қилмасдан, оддий ҳолат деб қараш керак. Мулкдорлар тузумида кучли рақобатдош кадр ва мутахасислар меҳнат бозорида рақобатга бардош бериб, ўз иш ўринларига эга бўладилар. Бу эса ўз навбатида таълим соҳасидаги порахўрликка қарши кучли нафратни олиб келади, яъни порахўрлик бу соҳадан чекинади. Порахўрликни давом эттирган Олий Ўқув юрти рахбарияти ва ходимлари эса қисқа вақт ичида Мулкдорлар тузумида касод бўлади, оқибатда еса, ўзлари ишсиз қолишлари табийдир.

Мехнат бозорида сифатли ўз кадрлари яъни тайёр махсулотлари билан чиққан олий ўқув юрти эса бу ерда жуда катта иқтисодий фойда кўради. Дунё бўйлаб унинг билим бериш рейтинги ошиб бораверади. Моддий имконияти бор бўлган бундай олий ўқув юртлари касодга учраган олий ўқув юртларини бутунлай сотиб олиб, у ерда ўз филиалларини ташкил қилишиб, фаолиятини янада кенгайтираверадилар. Бу ерда албатта зиёли ва ўқитувчиларнинг иқтисодий яхшиланиши ортидан яхши ҳаёт кечириши яхшиланади.

Ўзбекистонда келажакда тўлиқ бозор иқтисодиётини шаклланиши ва иқтисоднинг ривожланишига зиёли ва ўқитувчиларнинг меҳнати катта бўлиши мумкин. Мен бу ерда бир схемани таклиф қилиб ўтмоқчиман.
Биз келажакда Ўзбекистон иқтисодиётига 10 миллиардлаб долларлик сармояларни жалб қиламиз. Лекин бизнинг халқимиз ушбу сармояларни тўғри йўлга солиб ишлатиш тажрибаси ва билимидан жуда узоқда. Биз албатта мамлакатда коррупция ва адолатсизликка барҳам беришга харакат қиламиз, лекин шунинг билан бирга халқимиз ҳам бозор иқтисодиётига руҳан, маънан, билим ва қизиқиш билан тайёр бўлиши ҳам керакдир. Хозирги вақтда чет элларда ўқиб ва ишлаб юрган ёшларимиз жуда озчиликни ташкил қилади. Қолган ёшлар ва бошқа инсонларда эса етарлича замонавий иқтисод билим ва тажрибалари йўқ. Бу масалани ҳал қилишга қуйидагича ёндашиш мумкин.
Чет эл банкларининг сармоялари ҳисобидан республикамизнинг барча туманларига ўқитувчиларни иккинчи, яъни иқтисод бўйича касб олиши учун пуллик ўқув курслари ташкил қилиш керак. Бу курсга қатнаш ихтиёрий бўлиб, улар иқтисоднинг истаган соҳасида ўзларига иккинчи касбларни танлаб, ўқишлари мумкин бўлсин. Банк томонидан ажратилган узоқ муддатли ва кам ставкали кредит миқдори $1000 бўлиб, шундан ярмини $500 курс қатнашувчиси иккинчи соҳани ўқиши ва Сертификат олишига сарф қилиниши қолган $500 ўз шахсий эхтиёжини қондиришга сарф қилиниши кўзда тутилиши керак. Бу ерда ўқув дастури иқтисоднинг масалан банк соҳаси, менеджер, турли хизматлар, туризм, ишлаб чиқаришнинг соҳалари, биржа ва қимматбаҳо қоғозлар, транспорт, коммуникация, тил мулоқатлари, эститика, этика,халқаро маданият, қонунчилик ва бошқа соҳаларни ўқиш кўзда тутилган бўлиши керак. Бу албатта ушбу соҳалар бўйича бошланғич билим. Лекин шу билимни халқ ўртасида тарқатиб, миллионлаб инсонларни бозор иқтисодиётига қийналмасдан, муаммосиз ўтишига ва инсонларни ўз йўлларини топиб олишига катта туртки бўлади.
Ўқитувчилар биринчи кредитни олиб уни тўғри йўлга ишлатишлари бу ўз навбатида кредит олувчиларни тарихи яратилиши ва уни кузатиб борилишига туртки бўлиши мумкин. Келажакда бу инсонлар ўз тадбиркорлик соҳаларини кенгайтирмоқчи бўлсалар, албатта кредитлар тарихи уларга жуда катта ёрдам бериши, оқибатда улар катта кредитларни ҳеч қандай муаммосиз олишлари ва ҳаётга жалб қилишлари мумкин.
Сертификат олган, иккинчи касбни эгаллаган ўқитувчилар хам ўз навбатида мактабларда кечки икки соатлик пуллик ўқув курсларини ташкил қилишига йўл очиб берилиши муҳимдир. Мисол учун бир ўқитувчи синфига 5-10 гача ўқувчини иқтисодни бирор бир соҳаси бўйича ўқишга жалб қилди. Менимча, ўқиш 10 кун давом этиши ва бу ўқиш учун тўлов қиймати $100 ташкил қилиши мумкин. Шундан ўқитувчи $80 ўзига қолдириб, $20 мактаб фондига ўтқазиши керак. Мактаб ҳам ўз навбатида ушбу йиғилган фонддан синфларни ва мактабни тўлиқ таъмирдан чиқариши мумкин.
Инсонларни иқтисод бўйича биринчи, бошланғич билимини олиши, қўлларида сертификатлари бўлиши бу ўз навбатида яхшироқ ишларни топишига олиб келади. Агар ўқувчи бир неча курсларни битириб, қўлида сертификатлари бўлиши меҳнат бозорида унга бўлган талабни оширади. Қолаверса биринчи Резюми мактабда, ўқитувчилар томонидан берилиши меҳнат бозорини жуда ҳам қизитади ва яхши шакллантиради. Бу ерда ҳам ўқувчиларни сертификат олишлари учун ёрдамга банклар келиши ва улар узоқ ва паст ставкалар билан кредитлар ажратишлари мумкин. Бу эса мамлакатда банк-кредит амалиётини ривожланишига олиб келади. Менинг фикримча, Ўзбекистонлик зиёли ва ўқитувчилар ҳам бозор иқтисодиёти шароитида ўз йулларини топадилар ва ҳаётда қийналмайдилар. Йиллар давомида қашшоқликда, йўқчиликда қийналиб келаётган зиёли ва ўқитувчилар бизнинг даврда тадбиркор ва янги бойларнинг энг олдиларида бўладилар. Уларга яна эл ичидаги ҳурмат ва меҳрибонлик қайтиб келади.

Энди Тиббиёт ходимларининг хозирги Каримовнинг “Аросатдаги Иқтисоди” шароитидаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига бир назар солсак.

Менинг назаримда Советлар тузуми даврида, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида эришилган мувафаққиқтлардан хозирги кунда жуда ортга чекинилган. Бунга асосий сабаб, Каримовнинг “Аросатдаги Иқтисоди” дир. Бу сохадаги порахўрлик, коррупция, сохадаги билмсизлик, тажрибасизлик, ўз салбий натижасини бермоқда. Бунинг ортидан халқимизга кўрсатилаётган сифатсиз тиббий муолажа, хизмат бўлса иккинчи томондан соха ходимларининг ўзларини хам чуқур иқтисодий ва ижтимоий таназзулга юз тутганлигидир. Яна бир ачинарли томони шуки ўн минглаб шу соха ходимларини чет элларда, хеч қандай химоясиз шароитларда бошқа халқларга хизмат қилаётганлигидир. Уларнинг хам узоқ дарбадарликка яшаб тирикчилик қилишлари бу албатта “Аросатдаги Иқтисоднинг” натижасидир.

Энди мулкдорлар тузуми-капиталистик тузумда уларнинг иқтисодий ахволи қандай бўлади?

Одатда, капиталистик давлатларда бу соха ходимлари ўта бой кишилар саналади.

Афсуски бугунги ўзбек тиббиёт ходимлари ўта қашшоқ кишиларга айланиб бўлди. Бу соханинг ривожланишида мулкдорлик тузуми-капиталистик тузумнинг ўрни каттадир.

Бу соха хам мулкдорлик тузумига ўтишда бир қанча қийинчиликларни кечиради. Бошқа сохалар қатори ушбу соханинг олийгох ва ва бошқа таълим юртлари бутунлай хусусийлашиши керак. Барча дори-дармон ишлаб чиқариш корхоналари, тиббий хизмат ва муолажа хизматини кўрсатувчи барча касалхона, ва бошқа муассасалари хам бутунлай хусусий қўлга ўтиши керак. Давлатнинг бу ердаги роли хизмат кўрсатиш ва дори-дармон ишлаб чиқаришнинг тоза тиббиёт сохаси назоратида эканлигини назорат қилишдан иборатдир. Хамда жуда қашшоқ ва кам таъминланга, қаровчиси бўлмаган, меҳнат қилишга қобилияти бўлмаган инсонларни ижтимоий химояга олиш, уларга кўрсатилган тиббий хизматлар учун касалхона ёки бошқа тиббиёт муассасаларига тўлов амаллари қилиш. Яъни давлат қашшоқ қатлам учун ижтимоий химоя ортидан хусусийлашган касалхоналарга пул тўлаш ва уларни қаттиқ назоратини амалга ошириш бўлмоғи керак.

Келажакда Ўзбекистон четдан кириб келаётган сифатсиз дори-дармонларни қаттиқ назорат остига олиши керак. Мамлакат бўйлаб янги хусусий дори-дармон ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқарадиган корхоналар кўпайиша барча қўлайликларни яратиб бериш керак. АҚШ тиббиёт сохасидаги барча тажрибаларни Ўзбекистон тиббиёт сохасига қаратиш бу биз учун тиббиёт соҳасидаги янги бир даврни бошлашидир. Бу соҳани тўлиқ хусусийлаши, давлат аралашувини соҳага чеклаш, ташқи технологик ва инвестицияни бу соҳага жалб қилиниши, хозирги кунда юз минглаб бу соха ходимларини яхши иш билан таъминлайди, уларнинг шахсий иқтисодий даромади яхшиланади. Бу эса ўз навбатида тиббиёт сохасидаги юз минглаб мулкдорларни вужудга келтиради. Агар келажакда Ўзбекистон шу йўлни тута олса, демак тез орада қўшни бошқа давлатлар хам Ўзбекистон орқасидан эргашиши табийдир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares