ОЧЛИК АКЦИЯСИНИНГ ЎН УЧИНЧИ КУН ТАФСИЛОТЛАРИ

9 июль, 2011 йил.
(Кун тафсилотлари М. Эшонқулованинг қизи Зарнигор томонидан ёзилди)

Матбуот анжумани ўтказиш учун иштиёқманд бўлиб ўтирган кунларида, 7 июль кунигача аяжоним Малоҳат Эшонқулова ҳам, Саодат опа Амонова ҳам у қадар ўзларини олдириб қўйишмаган эди. Матбуот анжуманига ҳеч кимнинг ташриф буюрмаганлиги уларни бутунлай руҳларини тушириб юбордими, ҳарқалай, бирдан ўзларини ташлаб қўйишди…. Ёки шу кунга қадар уларни тутиб турган бир илинж ҳам кўзларига сароб бўлиб кўриндими, билмадим, кеча кечга бориб, қимирлолмай қолишди… Худди ҳаётдан умидини узган одамлардек шифтга маъносиз тикилиб ётишгани-ётишган… Ҳатто қўл-бетларини ювишга бориш учун ҳам менинг кўмагимга муҳтож бўлиб қолишди… Бутунам ҳолдан тойиб қолишди…. Мен уларнинг аҳволидан хавотирга тушяпман… Камига, 7 июль куни менинг ҳам очлик эълон қилганимни эшитган бувимнинг қон босимлари кўтарилиб кетиб, комага тушиб қолибдилар. Касалхонага олиб боришган экан, умид йўқ, уйга олиб кетаверинглар дейишибди… Шунинг учун амаким дадажонимга қўнғироқ қилдилар… Дадажоним шу ондаёқ Самарқандга, бувимнинг ёнларига кетганларича қайтган эмас… Уйда бирор бир катта одам йўқ. Мен эса қўрқиб ўтирибман… Аяжоним билан Саодат опа шунча кун қандай қилиб очликка дош беришди, ҳайронман… Мен шунчалар оч қолдимки, худди ҳозир ўлиб қоладигандекман… Кун бўйи уйга ва қўл телефонларига бўлган қўнғироқларга жавоб бердим… Суръат ака Икромов қўнғироқ қилиб, аямлардан ҳол сўраб, эртага албатта келиб, хабар олишини маълум қилди…
Кун бўйи аяжонимнинг, Саодат опанинг қўл телефонларига ва уйга бўлаётган қўнғироқларга жавоб беравериб, жуда чарчаб ктедим… Бугун яна ўзларини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказиш маркази раҳбари Юсуф Имомов деб таништирган киши бир эмас икки маротаба қўнғироқ қилдилар. Яна ўша гап. “Очлик ўтказишнинг ўзига яраша қоидаси бор. Уч киши кузатувчи бўлиши керак. Бир дафтарга кузатувчи шифокор ҳар куни очлик тутган одамларнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни ёзиб бориши шарт” деб такрор-такрор тайинладилар. “Ўзингиз бир шифокор топиб, кузатувчиликка келаман деб ваъда қилган эдингиз-ку, нега келмадингиз?” деб сўрасам, “Мен шифокор қидираяпман, топсам, албатта бораман” деб жавоб қилдилар…
Кейин Саодат опанинг уч нафар дўстлари қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Самарқанддан ҳолам ҳам қўнғироқ қилиб: “ Аянга айт, бесамар нарсага ҳаётини хавфга қўймасин!” деб роса койидилар…
Куннинг биринчи ярмида “Ўзбекистон виждон асрларини озод этиш” қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов, куннинг иккинчи ярмига бориб ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Хусаинов қўнғироқ қилиб, аяжоним билан Саодат опанинг соғлиғини сўрадилар.
Телефон орқали ҳол сўраганидан кўнгли хотиржам тортмаган чоғи, Баҳодир ака Намозов кечга бориб ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева билан кириб келишди… Уларни кўриб аяжонимни ҳам, Саодат опанинг ҳам кайфиятлари кўтарилиб ктеди… Анча суҳбатлашиб ўтиришди…
Улар суҳбатлашиб ўтиришганларида қўнғироқ қилган киши ўзларини Абдураҳим Пўлатов деб таништирдилар: “М. Эшонқулова ва С. Амоновага айтинг, улар тезда очликни тўхтатишсин. Кучларини аяшсин. Кураш учун куч тўплашсин” дедилар. Абдураҳим Пўлатовнинг сўзларини-оқизмай томизмай эгаларига етказдим… Аяжоним билан Саодат опа Абдураҳим Пўлатов ҳақида кўп эшитишган экан, исм-шарифларини айтишим билан дарров танишди…
Бугун аяжоним билан Саодат опанинг кўнгилларини кўтарадиган яна бир воқеа бўлди. Улар очлик эълон қилишганларидан бери сабаб турли сайтларга кириб, дунё воқеаларидан хабардор бўлишга ҳолсизликлари сабаб, мадорлари етмасди… Бугун уларнинг хориждаги бир дўстлари эл.почта орқали Исмоил Дадажоновнинг шу йилнинг 7 июль куни yangidunyo сайтида чиққан “Сиз иснодсиз холос!” деб номланган мақолаларини юборибдилар. Исмоил Дадажоновнинг “Абдуқаҳҳор Исмоилов”га қарата жавоб тариқасида ёзилган бу мақоласи менга ҳам жуда маъқул бўлди. Аяжоним билан Саодат “Исмоил Дадажонов ҳақида кўп эшитишганмизу, аммо шахсан таниш эмасмиз. Кучга кириб олсак, у кишига албатта ўз миннатддорчилигимизни билдирамиз” дейишмоқда. Аммо мен И. Дадажоновга ҳозироқ ўз раҳматимни айтишни истардим…
Куни кеча “Озодлик” мухбири Гуласал опа скайп орқали Шуҳрат Бобожоновнинг шахсий блогига ёзилган аяжоним М. Эшонқулова ва Саодат опа Амоновалар хусусидаги ўйлари, фикрлари ҳақидаги мақоласини юбориб, бизни хурсанд қилган эдилар.
Кеча, 8 июль кунида яхши хушхабарлар кўп бўлди. Соат 19.00 да эл. почтамизга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятовадан мактуб келди. Лотин имлосида битилган ушбу хабарни эътиборларингизга ҳавола қилмоқчиман:
Qizlar, salom!
Omonmosizlar? Men Venadaman. Bugun ertalabki yig’ilishda xuddi tashkil qilgandek sizlarning masalangizni kotarib qolishdi. Shoshib qolganimdan ozimni tanishtirmabman ham. Bayonotlaringizni kecha stol ustiga qoyib qoygandim. 25 tasi 10 min.da tugabdi. Bugun yana kopaytirib qoydim. Yna tarqab ketti. Sozga chiqib birinchi marta bizni ofisda anjuman otkazganiyz, keyingi jarayonlar, hullasi, hammasini gapirib berdim. Qiziqish juda katta. Lekin bu degani ochlikni davom etterish kerak degani emas…
Sizlarga omad
Vasila
Яхшиям, оламда яхши одамлар бор экан…. Шу одамларнинг меҳри очлик азобини енгишда кўмак бермоқда…
Бугун “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев ҳам қўнғироқ қилиб, “Уларга етказинг, очликни тўхтатишсин” деб тайинладилар…
Мен ҳам бу очликнинг тезроқ тўхтатишини истардим. Шу кеча дуо қиламан, Яратгандан сўрайман: “Эй, Худо, аяжоним билан Саодат опанинг очликка дош бераётганларига мана, эртага 14 кун бўлади. Уларга бу азобларининг мукофотини бер. Худойим, ишқилиб Каримовнинг кўнглига раҳм сол!”

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares