КУРАШ ЙЎЛЛАРИДАН ТОЙМАГАН ШОИР

Шўро даврида, аниқроғи, ўтган асрнинг 60-80 йилларида ҳам Ўзбекистон мустақилллигини чин дилдан орзу қилиб ёзилган шеърлар мавжуд эди. Бу шеърларни 20-30- йилларнинг буюк шоирлари – Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитратларнинг анъаналарини давом эттирган Асқар Қосим, Чўлпон Эргаш, Миразиз Аъзам, Муҳаммад Солиҳ каби шоирлар ёзишарди. Бу шоирлар орасида Миразиз Аъзамнинг ўзига яраша ўрни бор. У болалар ҳақида ёзган шеърларидан баъзиларида, 80 йиллардан бошлаб эса, катталарга ёзган асарларининг аксариятида очиқ ойдин бўлмасада, образли йўсинда, сатрлар ботинида бу туйғуни ифодалади. Айтайлик, Гуржи халқи ҳаётига бағишлаб ёзган қатор асарларида, ўзбекнинг ҳам улар каби ғурурли, ор-номусли халққа айланишини орзу қилгани сезилиб турарди.
Дарвоқе, 80 йилларнинг охирларида бу самимий инсон ва ватанпарвар шоирнинг «Бирлик халқ ҳаракати» таъсисчилари сафида бўлиши бежиз эмас эди. У дастлабки йилларда бу ҳаракат сафларида баҳоли қудрат фаолият олиб борди. Аммо Бирлик сафлари пароканда бўлгандан кейин ва касаллик оқибатида шахс сифатида анча пассивлашди. Бизлар пассив деган пайтларда ҳам халқ тарафида бўлди, ҳақиқат ва адолатни куйлашни бас қилмади. Кейинчалик, Бирликнинг пароканда бўлиш сабабини фалсафий идрок этишга интилган шоир ёзади:

Адолат бор, адоват бор, адоватдан келар офат,
Бу душманлик, бу кек доим чиқаргай эл аро ғорат.

Адолатда малоҳат бор, адолатда маҳобат бор,
Адоватда зулумат бор, қароҳат ва буюк иллат.

Бу маълум бир ҳақиқат-ку, нечун тилга оларсан кўп?
Латиф санъат ила сўз оч, ичингда бор эса қурбат.

Сабаб икки яқин дўстим адоватга чўмиб кетди,
Аламли бу ҳақиқатдан юракда қолмади роҳат.

Адолатнинг кичик бир бобида асло чекинмаслар,
Адолатга адолат мушт урар энди, бу не ғурбат?

Уларни дўст этиш, эвоҳ, жаҳон аҳлига мушкулдур,
Қалбларига етиб бормас уҳувват, бирликка даъват.

Уларни бирга ишлашга чақиргай Миразиз Аъзам,
Бу йўлда ёнса жони, бу – бўларди жонига миннат.
Бу ерда Миразиз ака ўзининг икки дўсти сифатида кўрсатган Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлат эканлигини бирликчилар ва эркчилар яхши билишади. Афсуски бу Шахслар малоҳат, маҳобат, адолат йўлидан юришмади. Адоват йўлидан кетишди. Эмишки, сиёсатда шундай бўлиши лозиммиш. Миразиз Аъзам дўст деб билган Шахслардан бири бўлиниш икки хил қарашдаги лидерларнинг таъсирида юз берди, деб ўйлайди. Иккинчиси буни халқ ҳаракатига хиёнат тарзида талқин килади. Бир-бирига адоватдан иборат гаплар гапиради. Ҳар иккиси ўзича ҳақ бўлиши мумкин. Аммо Миразиз Аъзам лирик қаҳрамонича улар бир-бирига адоватни бас қилиб, қабоҳатга қарши бирлашиб курашиши лозим… Миразиз ака ўша 90-йилларда ҳам бу икки лидернигина эмас, икки оқимни ҳам бирлашишга чақирганлар сафида эди. Ҳозиргача ҳам ўзини бирлашув куйчиси сифатида кўрсатмоқда.

Жилғалар дарё бўларлар бирлашиб,
Турналар сайёҳ бўларлар бирлашиб.

Музлигу иссиқ-совуқ денгизлару
Қитъалар дунё бўларлар бирлашиб.

Ой ила юлдузлару сайёралар
Бир фалак – фазо бўларлар бирлашиб.

Эрк деса, ҳурлик деса бир мушт каби
Одамлар шайдо бўларлар бирлашиб.

Бир ажиб ҳодиса улкам, шайтанат
Бир-бирига ёв бўларлар муштлашиб,

Ва локин инсонни кўрган чоғида
Жанг учун пайдо бўларлар бирлашиб.

Миразиз дерки яна: мунофиқлар
Кўринмас мафё бўларлар бирлашиб.

Миразиз Аъзамнинг ҳамиша халқ тарафида туриб ижод қилишга ҳаракати натижасида унинг ижодида халқнинг, шу жумладан, Бирлик халқ ҳаракатининг «таржимаи ҳоли» акс этиб туради. Шоир бу китобнинг бошида берилган, «Маҳабо» рукни билан тугайдиган ғазалида мустақилликни кўзда тутган ҳолда ёзади:

Марҳабо, келдингми, жоним, марҳабо,
Ҳурлигим, эркин жаҳоним, марҳабо.

Эй, асрлаб кутганим маъюсгинам,
Дилдаги дарди ниҳоним, марҳабо.

Йиғлама, бас, жон сувинг қайтиб келар,
Эй, Оролим, заъфароним, марҳабо…

Энди ётма, ўлмаган жоним элим,
Силкин эй, умри хазоним, марҳабо.

Кул, очил, энди боқар сенга замон,
Истеъдоди сернишоним, марҳабо…

Энди ортиқ ўз болангга бойлигинг,
Жаннатим, олтин маконим, марҳабо.

Эй, кеча қонга беланган Шошгинам,
Марди мардон қаҳрамоним, марҳабо.

Иншоолоҳ, ҳур яшарсан, Миразиз,
Ҳур бўлар мангу Туроним, марҳабо.

Шоир бу ўринда айрим мухолифатчи шоирлар каби фикр юритмай, гўё, биртомонламаликдан қочмоқчи: юртимизнинг ютуқларини ҳам кўрсатмоқчи бўлади. Аммо Ўзбекистон ва унинг халқи ҳали тўла эркин бўлмаганини эсдан чиқармайди. “Энди ётма, ўлмаган жоним элим, Силкин эй, умри хазоним, марҳабо… Иншоолоҳ, ҳур яшарсан, Миразиз, Ҳур бўлар мангу Туроним, марҳабо” сатрлари бунинг далилидир. Миразиз Аъзам Ватанда яшаб туриб унинг келажагини ўйлаётган, ҳаётни ҳаққоний акс эттиришга интилаётган адиблардан:

Ҳаёт қувлашмачоқ янглиғ: қаён боқма, югур, чоп-чоп,
Агар сен ҳам қувиб ўтсанг, уял, дерлар, этакни ёп!

Ўзиб кетмаслигинг лозим бировлардан билиб-билмай,
Агар юз-хотиринг йўқса, бошингда ўйнагай бир соп.

Китобда йўқ бу қонундан савол очма, савол очма,
Дегайларким: ёношма сен, бу иқлимлар фақат биз боп.

Ҳазин ҳолингни кўрганда кулишгай аҳли донишлар:
Эзилма, ўрта йўлдан юр, ҳаёт мезонин излаб топ.

Ҳаёт мезонин изларсан тинимсиз Миразиз Аъзамдай,
Билмай ҳам қоларсан бир кун бутун умринг бўлганин соп.

Бу мисралар бугунги замоннинг шеърий сувратидир. Шоир қаҳрамони ўрта йўлдан юриб бўлсада, ҳақиқатни аён этмоқчи. Илғор, софдил кишиларни юқорига чиқишига йўл қўймаётганлар муҳитини лаънатламоқчи. Шу асарнинг ўзида “соп” сўзи икки марта, икки хил маънода қўлланилишини ҳам айтиб ўтишни истардик. Юқорироқдаги байтда у (“Агар юз-хотиринг йўқса, бошингда ўйнагай бир соп”) ҳокимларга қарши борганлар бошида соп, (даста, дубинка) ўйнашини акс эттиради. Охирги байтда эса умрнинг тугаши маъносида ишлатилган. Миразиз Аъзам ҳаётни борлиғича, мураккаблишича кўришга интилади.. Ўзининг бир ғазалини Аллоҳга мурожаат шаклида ёзаркан, мамлакатимиздаги ҳурлик, гарчи яхши инсонларга татимаётган бўлсада, осон келмаганини, буюк зотларимиз мустақиллик йўлидаги курашда оғир қийинчиликларни бошдан кечирганини, ҳатто миллионлаб қурбонлар берилганини урғулайди.

Ўзинг яхши биласан, аранг келдик бу кунга,
Милёнлаб бердик қурбон, тинимсиз ютдик зардоб.

Бошдан то оёққача топталганмиз зулмдан,
Ҳар бир қилтомиримиз инграр чертгандай мизроб.

Не-не адиб, арбоблар бошларидан еди ўқ,
Бири учди бўронда, бирини ютди гирдоб.

Таланди хазинамиз, ташилди аслаҳамиз,
Қўлларда қурол тугул қолмади оддий асбоб.

Қўйдилар бошимизга қўрқоқлар, хоинларни,
Карвон ўлакса бўлар, сарбони бўлса қаллоб.

Одамлар, асранг энди бу кунги қутлуғ эркни,
Ё Ҳақ, ёруғлик юзин ортиқ тўсмасин ҳижоб.

Миразиз Аъзамингнинг кўнглида умиди кўп,
Кечиргил шоирингни, мана, сўз бўлди санжоб.

Албатта, Ўзбекистон ичкарисида яшаётган шоир сифатида, гоҳ зуғумлардан ҳадиксираб, гоҳида ахборот тахчиллиги оқибатида, бу ғазалида шўро даврида ғазинамиз таланганини, “Марҳабо” ғазалида эса, (“Энди ортиқ ўз болангга бойлигинг, Жаннатим, олтин маконим, марҳабо”, дея) эндиликда Ўзбекистоннинг мол мулклари ташиб кетилмаслиги, халқнинг ўзига қолаётганлигини акс эттирмоқчи бўлади. Ҳолбуки, бу сатрлар баҳсли. Мустақиллик йилларида қанча олтин, мис, уран, нефт қазиб чиқарганимиз, умуман қазилма бойликлар, пахта, пилла ва Қоркўл теридан орттирилаётган бошйликлар сир сақланаётганини тўлиқ айта олмайди… Айни замонда лирик қағрамони юқори доираларнинг кўплаб вакилларида виждон ва имон дефицити мавжудлигини, ўзи эса уларга қачондир инсоф пайдо бўлишини кутганини, аммо бунга муяссар бўлмаганини акс эттиради:

Эй гадо дил, жони йўқдан қон тиларсан, во ажаб,
Кимдаки имкони йўқ, имкон тиларсан, во ажаб…

Сен ватанни сутли говмиш деб билувчи телбадан,
Нафс қулидан шу ватанга жон тиларсан, во ажаб.

Бу башар авлоди ичра ҳамма ҳам инсон дебон
На саноғу сонда бордан сон тиларсан, во ажаб.

Мансаб аҳлида – хаёлингда – адолат барқарор,
Кимники виждони йўқ, виждон тиларсан, во ажаб.

Миразиз Аъзам, бугун кўрдингми сен босқинчини?
Ори йўқ бир бешарафдан шон тиларсан, во ажаб,

Миразиз Аъзам, мавжуд ҳаётда юртимизнинг бойликларини талаб, ўзида йўқ семириб юрган кимсалар ҳам бу юрт келажаги учун ўзича жон куйдираётган Шахслар ҳам борлигини яхши билади. Биринчи типга нафратини, (“На саноғу сонда бордан сон тиларсан, во ажаб… Кимники виждони йўқ, виждон тиларсан, во ажаб… Ори йўқ бир бешарафдан шон тиларсан, во ажаб… тарзида) ифодалайди. Аммо кўплаб шеърларида камсуқум ва покдил кишиларга муҳаббати ортиқлигини ҳам акс эттиради. Камсуқум кишиларга қарата: “Сени айблаб куладилар бити тўкилиб, Сен эътироз билдирмайсан ерга тикилиб” дейди. Бу зотнинг ҳамиша камсуқумлик билан умр ўтказиши ўзига ҳам қимматга тушишини аён қилади. Фикрларини: “Худди чиндан айбдор каби сукут сақлайсан,Томоғингга келса ҳамки сўзлар тиқилиб,Сукунатнинг нимаси бор, севимлими ул,Севган ёринг севарми ё турсанг эгилиб?”. Сингари сатрлар билан ифодалайди. Сўнг дейди:
Гапирсанг-чи, нима учун айтмайсан жавоб
Қора қонга беланса ҳам бағринг сўкилиб?!
Ҳа, тушундим, индамасанг нонинг бут бўлар,
Аранг йиққан ризқ-насибанг кетмас тўкилиб…
Бир қаршилик уруғидир сукут ҳам, тўғри,
Дур ёшларинг тупроқларда қолгай экилиб…
Лек, унутма, болаларинг бўғзидан ўтмас
Сен нонингни топсанг агар, етти букилиб,
деб ёзади. Хуллас, Миразиз Аъзам замонлар ўзгарганда ҳам ўзгармай, кураш йўлларидан тоймай келаётган виждонли ижодкорлардан. Бу ҳол юқорида кўчирмалар олинган, асосан арузда ёзилган, “Кузги япроқлар” деб гўзал ном қўйилган янги китобида ҳам сезилади. Ўша китобдаги ғазаллардан бирида ҳам айтганидек, Миразиз Аъзам ҳамиша яхшилик, эзгулик, бирлик ва оддий халқ тарафида бўлиб келди. У ўзига мурожаат тарзида ёзган ғазалида:

Бирга бўл деҳқонлару чоллар билан,
Катта кентда арбоб-ла тиллашма кўп.

Тингла халқнинг куйлари, армонларин,
Элбехабар куйчи била куйлашма кўп.

Ишсиз ёшлар ёнига бор кўйлардаги,
Ҳадеб баланд тепаларга тирмашма кўп.

Ош-қатиқ бўл бечора-ю шўрлик ила,
Аммо ёмон хаёлларга илашма кўп.

Миразиз, яхшилик қил имкон қадар,
Эл учун ўтсин умринг кураш-ла кўп.

Миразиз Аъзам мавжуд ҳукуматдан ҳеч нарса уми д қилмади, ўзи айтгандай, “Катта кентда арбоб-ла тиллашмади”, халқнинг куйлари, армонларин”, тинглади, “Элбехабар куйчи била куйлашмади”, яъни, айрим шоирлар каби ялоқхўрлик, маддоҳлик қилмади ва шунинг учун ҳам орден медаллар олмади, ҳатто ўзининг ўнлаб шогирдларига берилган “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини ҳам олгани йўқ. Аммо биз уни аллақачон Халқ шоири бўлганига, элиимизнинг севимли куйчисига айланганига гувоҳмиз.

Ботир Норбой, Филология фанлари доктори.

МИРАЗИЗ АЪЗАМНИНГ “КУЗГИ ЯПРОҚЛАР” КИТОБИГА КИРГАН ҒАЗАЛЛАРИДАН НАМУНАЛАР

***
Бўлар бўлган, синар синган, нетай энди, гуноҳим кўп,
Яширмоққа иложим йўқ, гуноҳимга гувоҳим кўп.

Гувоҳим ёт киши эрмас — оёғимдир, қўлимдир ул,
Ёмон йўлға олиб кетган ўзимнинг ўз «илоҳим» кўп.

Санамгоҳни намозгоҳ деб сиғинганман санамларга,
Дариғо, ёт санамларда қолиб кетган нигоҳим кўп.

Кўнгилни дўст биларканман, адаштирди аро йўлда,
Неча дўстни адо қилган кўнгил аро сипоҳим кўп.

Бу Сўз отлиғ сеҳргарнинг этокиндан тутингандим,
Гўзал қалбда яро очган учар ўқдай силоҳим кўп.

Етим ўсган болайдим бир, етакчи-қиблагоҳи йўқ,
Қоронғуга йўлим бурган топилди хеш-паноҳим кўп.

Умр ўтди адоватда, қабоҳатдан едим калтак,
Гаҳи кандим, гаҳи ёрим йиқилган қора чоҳим кўп.

Шаррим ёзгич фариштамга Орол янглиг сиёҳ лозим,
Орол лекин озаймоқда… дегандимки: «сиёҳим кўп.»

Гуноҳкор Миразиз Аъзам, кечир Тангрим, ғафур Тангрим,
Кечирмассанг нетарман деб, юроким ичра воҳим кўп?!

***
Ватанга ким бўлур ворис? Қаю инсон эрур ворис?
Кими тупроқ учун турса бўлуб довон, эрур ворис.
Демаким, эй рафиқ, менга: биров ишдан, биров сўздан.
Қўшилмам гар десанг менга: қуруқ гапдон эрур ворис.
Сўзин ёзган ва ё айтган магар байроққа кўз суртиб
Ва тупроққа тўкиб кўзёш — ўшал хушхон эрур ворис.
Ёвин селдай босиб борган ва манглайдан отилган ўқ —
Қаро ерни қучиб ётган ўғул арслон эрур ворис.
Юҳо нафси ёмонларни — шаётинни босиб-янчиб
Ҳалоллик йўлларин очган ҳалол инсон эрур ворис.
Замонлардан замонларга, забонлардан забонларга
Азиз номи ўтиб юрган бўлиб достон, эрур ворис.
Ватанни Оқсарой янглиғ кўтарган қаддини ростлаб
Элин маъмур этолган мард, ақли полвон эрур ворис.
Улуснинг тил учиндаги бирон сўзни ёниб айтса
Ватанга Миразиз Аъзам ҳам ҳеч бегумон эрур ворис.
***
Нечун миллиятчи бўлдим? – Бунга ёвлар эрур боис,
Йўлимни чеклаган, тўсган баланд ғовлар эрур боис.

Сенинг халқинг қолоқ халқ, деб, илм-фандан йироқ халқ, деб
Берунийлар элин туртган қуруқ довлар эрур боис.

У ёнга бир бурилганда, бу ёнга бир бурилганда
Мадрасам, масжидим йиққан қўпол говлар эрур боис.

Чаманда гулни кўргандай, элимда бир даҳо кўрса
Кўкимда Чўлпоним урган разил овлар эрур боис.

Кўзи қонга тўлиб ётган, яшил ўрмонин тарк этган,
Ҳалол ўғлимни бузганлар – мушук мовлар эрур боис.

Ажиб атворлари: кавлар бир ерни, бири дилни,
Фақат ер остини эрмас, кўнгил овлар эрур боис.

Эшикдан газ қувур ўтган, қувур ғарбга қараб кетган,
Ўзи газсиз, ғўза терган хор яёвлар эрур боис.

Ер узра молдай ишлатган, сўнг туҳматла ер тишлатган,
Қизларни ҳам қамаб кулган беаёвлар эрур боис.

Ўтган иш ўтди, фикр қил, Миразиз Аъзам шукр қил,
Бу ҳасратга ички дардлар, сис-оловлар эрур боис.

Баҳс этиш асли ёмонмас, бўлмаса беҳуда баҳс.
Бир фақат жонон билан этмоқ қийин осуда баҳс.

Кўзларига термиларсан, сўзларинг ёддан чиқар,
Жимгина мағлуб бўларсан, тин топар қайғуда баҳс.

Кетганингда ўз уйингга, ётганингда тун маҳал
Гавдалангай тушларингда қайтадан уйқуда баҳс.

Тағи бир тур баҳс бўларки ундан ор қилғай киши,
Илму динга қарши бўлса, асли бу олуда баҳс.

Ақли бут ориф йигит жоҳил билан баҳслашмагай,
Баҳслашиб қолса мабодо, бўп ўтар кулгуда баҳс.

Четда юр эй, Миразиз Аъзам, бунингдек даврадан,
Боқма асло, қайда қандай ўтса ўтсин сувда баҳс.

***
Турфа кўйга солодур инсонларни эҳтиёж,
Гирдобларга кўмодур жононларни эҳтиёж,

Бир ёнда ўйин-кулгу, бир ёнда бўлса заҳмат –
Дарҳол ишга солодур шайтонларни эҳтиёж.

Ғийбат-ҳасаддан қочар дунё кўрган боболар –
Чунки кўмиб ташлайди ирфонларни эҳтиёж.

Қўмондон аскар ҳақин таласа бойлик йиғиб,
Ҳадни ташлашга ундар посбонларни эҳтиёж,

Адлия ухлаб ётса, ишга тушар золимлар,
Қўллашга мажбур айлар ёлғонларни эҳтиёж.

Боғбонлар бўлиб ночор, деҳқонлар қолса беҳол,
Саҳрога айлантирар бўстонларни эҳтиёж.

Ҳақ устувор бўлмаса орқага дўнар ҳаёт –
Қарамликка қайтарар давронларни эҳтиёж.

Эй сен, Миразиз Аъзам, ухлама, чора изла –
Сусайтириб қўймасин иймонларни эҳтиёж.

***
Сарғайиб ўтиришар офтобда хотин-халаж,
Гоҳо рўмолсиз, гоҳо ҳижобда хотин-халаж.

Гоҳ масжид остонаси, гоҳ метрода тиланар,
Баъзан куйлар, қўллари рубобда хотин-халаж.

Севгим, эҳтиромим кўп кўз-қоши қароларга,
Аммо қалбим эзмоқда шу тобда хотин-халаж.

Кўзларига қарасанг, кечирим сўрагандай,
“Бошқа йўл йўқ”, дегандай хитобда хотин-халаж.

Ўтиш даврин ҳоллари, кечим қийинлигидан
Ҳис этишар ўзларин гирдобда хотин-халаж.

Мубтало улар ҳозир турли можароларга,
Кундалик кемтиклардан фарёдда хотин-халаж.

Ҳа, улар кўпчиликмас, озчилик ҳам эмаслар,
Аччиқланиб, кучланиб шитобда хотин-халаж.

Қадларини тиклашни билайлик биз, эркаклар,
Кирмасин бевақт хоки туробга хотин-халаж.

Мунча донолик қилиб эланасан, Миразиз,
Пастдан юқоригача ҳисобда хотин-халаж.

Ўртар мени ҳар доим кўллар юзидаги мавж,
Севгилимнинг ТВда айтган сўзидаги мавж.

Шамоллар сийпалаган қуёшранг ва ложувард
Ўзбекюртнинг қўшқўлли олтин кузидаги мавж.

Боғлар сувин симириб, билакларин шимариб,
Зафарларга отилган ёшлар кўзидаги мавж.

Авазхонни қамалдан қутқарган Гўрўғлини
Сел бўлиб тасвирлаган бахши бўғзидаги мавж.

Қилни қирқ ёрган олим Ҳамид Зиё домланинг
Туркистон тарихини таҳлил тарзидаги мавж.

Юртим етакчилари жаҳоннинг ҳар ерида
Баралла айта олган жасур лафзидаги мавж.

Озодликни мунчалар севдинг, Миразиз Аъзам,
Сени ёндирар доим бу сўз мағзидаги мавж.

***
Боғда униб ўсди бир қуш, изғиб юроди шохма-шох,
Раъйи чексиз, чекланмаган, у чарх уроди шохма-шох.

Райҳонлару, жамбуллару турли-туман гулни чўқиб,
Тутлар, гилосларни талаб даврон суроди шохма-шох.

Булар оздай кўринганда ўзга қушлар инин кавлаб,
Қўйган тухумларин титиб, тотиб кўроди шохма-шох.

Кейин булбул, кейин саъва, қумриларга қирон солди,
Ҳаммасини битта-битта боғдан суроди шохма-шох.

Во ажабо, на чумчуғу жиблажибон, на зарғалдоқ,
На читтакка омон бермай, қувиб юроди шохма-шох.

Ола ҳакка, дерлар уни, ўғри зағизғон, дейди халқ
Экологлар кўзларини четга буроди шохма-шох.

Миразиз Аъзам хаёли ўғри зағизғон ишларин
Изма-из тинмай кузатиб, кўриб бороди шохма-шох.

***
Менинг орзу-хаёлимда улусим доимо обод,
Бамисли Сир каби ўйчан, Амудай жангари, озод.

Наманганда ва Паркандда савол бергувчи инсон кўп,
Жавоб бергай керак бўлса андижонлик янги авлод.

Чунончи бир савол улким: нечун ҳар ким яшар ҳар хил,
“Беш қўл ахир баробарми?”- жавоб бергай бирор девзод.

Ҳа, қўлингни кузат, ишлат, шу ҳар хил қўл бирикканда
Ҳаётингни гўзал қилмоқ учун сенга берур имдод.

Тўғри, деб бармоқларингга ўтирсанг кўз тикиб мудроқ,
Билиб қўйки, уйқу сенинг кунларингни этгай касод.

Миразизнинг неча ўн йиллик кузатган илми шу,
Истасанг сен ҳам риоят шу тарийқни айлагин ёд.

Жаҳд ила, ғайрат ила, зеҳну фикр, тадбир ила
Ҳар жамоат, истаганда, ўз ҳаётин этди шод.

***
Баланддан боқмагин манга, сенам кимсан аён манга,
Назм мулкида ман фаррош, сенам султон эмас анга.

Аён кимга қараб ётдинг, кими бирла намак тотдинг,
Қачон кимга кими сотдинг, қачон урдинг қўлинг зангга.

Бу дафтарни очиб бўлмас, сиринг ёвга сочиб бўлмас,
Вале, ундан қочиб бўлмас, аён барин тушунганга.

Мани санда ишим йўқдир, хусуматли нишим йўқдир,
Хавотир олмайин ухла, хабар топмас мандан янга.

Ман эрса, ман… ёвим бошқа, элим ризқига кўз тиккан,
Еримни топтаган каслар ила киргум фақат жангга.

Сан бир шумроқ боламдайсан, манинг оғриқ ярамдайсан,
Кетиб кўнглинг амалларга, ўйнадинг турли оҳангга.

Бу кун бўлдим дея сардор, ҳаромдан ҳам чекилмассан,
Ҳаром луқма, кибр-ҳавво ҳалокат келтирар санга.

Бу сўзни Миразиз Аъзам деяркан, сен юзинг бурма,
Йўқотма эл аро қадринг, йўқотгандек кучин танга.

***
Хаёлимда юрар бир ўй: шифо борми мунофиққа,
Асл йўлни сурат этган садо борми мунофиққа?
Ҳақиқатга ишонтирган ота бирла она борми,
Ҳукм ёки илм аҳли — даҳо борми мунофиққа?

Нечун битмас ажиб зумра — сўзи бошқа, иши бошқа,
Наҳот ҳеч бир иложи йўқ, даво йўқми мунофикқа?

Бу қандоқ бир синоатким, мунофиқ айш сурар доим,
Жамоатда, жамиятда баҳо борми мунофиққа?

Ватан борми, улус борми, муқаддас бир хаёл борми,
Аё тақдир, заҳирангда ҳаё борми мунофиққа?

Дема сен, Миразиз Аъзам, зулм кўрдим мунофикдан,
У дунёю бу дунёда Худо борми мунофиққа?

МИРАЗИЗ АЪЗАМ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares