2011 йил, 4 июль
Бугун 2011 йил, 4 июль, Очлик акциямизнинг саккизинчи куни. Эрталаб ҳар доимгидек таниқли мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов ва рафиқалари Гулнора опа қўнғироқ қилиб биринчилардан бўлиб ҳол-аҳвол сўрадилар. Улар ўзимизни уринтириб қўймасликни, соғлиғимизга аҳамият қаратишимизни, бирор нарса безовта қилса, тезда тез ёрдамга мурожаат қилишимиз кераклигини тайинлашди.
Эрталабки салқин билан Абдулла Тожибой ўғли кириб келди. Ҳамма қатори у киши ҳам энг аввало соғлиқни асраш лозимлигини таъкидлади.
27 июнь – Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида “Муҳтарам Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов, бизни қабул қилинг. Биз очлик эълон қилдик.” деб ўзбек ва рус тилида талабимиз ёзилган плакатларни кўтариб, президент аппарати биноси олдида турганимиз учун шу куннинг ўзидаёқ Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди судяси Э. Р. Шамсуддинова томонидан биз Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси, 1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, ҳар биримизга энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баробари миқдорида, 2.984.100 ( икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида жарима жазоси белгилаш ҳақида суд қарори чиқарилган эди. Суднинг мазкур қарори чиққанига ҳам 7 кун бўлибди. Ушбу қарор устидан аппеляция ёзиш мақсадида суддан қарорни бугун олишга ҳам муваффақ бўлдик. Соат 18.00 ларда “Виждон асрларини озод этиш” қўмитаси раиси Баҳодир Намозов ташриф буюрди. Ҳаял ўтмай ҳуқуқ ҳимоячилари Жаҳонгир Шосалимов ва Абдураззоқ Содиқов ҳам ҳол сўраб келишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари руҳимизни кўтариш учун ўз ҳаётларида содир бўлган кўнгилли воқеалар ҳақида анчагача ҳикоя қилиб ўтиришди. Соат 19.30 ларда таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов ҳам биздан хабар олгани келди. Суҳроб ака билан муҳим масала борасида маслаҳатлашиб олиш имконияти бўлдик. Очлик акциясининг саккизинчи кунида ҳам атрофимиздаги яхши одамлар бизни ёлғизлатиб қўймади. Имкони бўлганлар келиб, имкон топа олмаганлар эса қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўраб туришди. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Акромхўжа Муҳиддинов қўнғироқ қилиб, “ Қизларим, бошига тушган кулфатлар туфайли соғлиғимдан айрилиб қолганман. Бетоб ётибман. Касалманд бўлмаганимда эди шу пайтгача сизлардан албатта бир неча марта хабар олган бўлардим. Бардам бўлинглар. Руҳларингни туширманглар. Ҳақ ҳам, ҳақиқат ҳам сиз томонда” дегани бизга анча далда бўлди.
Бизнинг тақдиримиз 85 ёшли отахон Садриддин Ғиёсовни ҳам бефарқ қолдирмаган экан. Шу бугун отахон сим қоқиб, бизни узоқ дуо қилдилар.
Шунингдек, Жамол Жабборов, Татьяна Давлатова ва ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Ҳусаиновлар ҳам кун бўйи қўнғироқ қилиб, бизнинг ёлғиз эмаслигимизни, бизни қўллаб-қувватловчи ҳамюртларимиз бисёр эканлигини бизга бот-бот эслатиб туришди.
Очликнинг саккизинчи кунида гарча очликдан мадоримиз қуриб, ҳолсизланиб қолган бўлсак-да, атрофимиздаги одамларнинг илиқ муносабати бизга жуда катта далда бўлди.



