2011 йил, 2 июль, шанба
Биз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида, хусусан, “Ёшлар” телерадиоканалида ҳукм сураётган шафқатсиз цензура, коррупция, маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик, иқтисодий ўғирлик каби иллатларга қарши бош кўтариб, мавжуд қонунбузарликларни бартараф этилишини ҳукуматдан талаб қилиб чиққанлигимиз учунгина ЎзМТРК раҳбарияти томонидан ноқонуний тарзда ишдан ҳайдалган тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амонова 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати биноси олдида эълон қилган очлик акциямизни уй шароитида давом эттирмоқдамиз.
Бугун очлик акциямизнинг олтинчи куни. Ҳар доимгидек, эрталаб таниқли мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов қўнғироқ қилиб бизнинг соғлиғимиз ва хавфсизлигимиз билан қизиқди.
Кўп ўтмай ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Давлатовадан ҳам қўнғироқ бўлди. Д. Давлатова ҳам бизнинг соғлигимиздан ниҳоятда хавотирда эканлигини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Саида опа Қурбонова ҳам Жиззахдан сим қоқиб, руҳан биз билан эканлигини таъкидлади. Эътиборлиси, кутилмаганда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи Одилжон исмли мухлисимиз қўнғироқ қилиб, 2009 йилдан буён бизнинг ЎзМТРКдаги ноҳақликларга қарши олиб бораётган курашимизни кузатиб бораётганлигини баён қилди. Бизга соғлик, бардамлик тилади.
Соат 12.00 ларга яқин Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташановлар ташриф буюришди. Суҳбат чоғида улар ўз ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан ҳолда очлик акциясини ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Энг муҳими “Эзгулик” раҳбарияти уй шароитида бизнинг халқ билан мунтазам алоқада бўлиб туришимиз учун бизга интернет хизматидан бепул фойдаланиш имкониятини яратиб кетишди.
Вазила Иноятова гарчи оғир бетоб бўлишига қарамасдан, Абдураҳмон Ташанов кўмагида бизнинг соғлиғимиздан хавотирланиб хабар олиш учун келиши, бешинчи қаватга бемор ҳолида зўрға кўтарилишидан жуда таъсирландик. Бу ҳолатдан В. Иноятованинг атрофидаги одамлар тақдирига бефарқ эмаслигини ҳис қилдик.
Кечга яқин “Виждон асирларини озод этиш” қўмитаси раиси Баҳодир Намозов биздан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида эшик қоқди.
Олтинчи куни гарчи очлик организмимизни енгиб бораётган, тобора мадорсизланиб, ҳолдан тойаётган бўлсак-да, атрофимиздаги одамларнинг тақдиримизга бефарқ эмаслигини ҳис қилиш бизга катта куч берди.
Очлик акцияси токи талабимиз қондирилмагунча давом этади.



