Ўзбекистон Олий Суди адолатли эмас, адолатга қарши суддир.
9 июн куни Ўзбекистон Республикасининг Олий Суди Республика Адлия вазирлигининг Инсон Ҳуқуқлари Халқаро ташкилоти HRW Хюман Райтч Вочни Ўзбекистондаги фаолиятини бутунлай тугатилишини сўраб киритган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантирди. Бу билан Республика Адлия вазирлиги, Олий Суд ва бошқа қонунчилик институтлари маҳаллий ва халқаро қонунларни назар писанд қилмасликларини, қонун устиворлигини таъминлаш ва унга амал қилишга қарши эканликларини ушбу қарор билан амалда исботладилар.
Ўзбекистон Республикасидаги барча қонунчилик институтлари президент Каримовнинг айтганларини бажариши ва барча умуминсоний қадриятлар, қонунлар ҳамда Республика Конституциясини оёқ ости қилиб келаётгани жуда ачинарли ҳолдир.
HRW Хюман Райтч Воч дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларида қонуний фаолият олиб бораётган бир пайтда Ўзбекистондан қувилиши Каримов режими бошқараётган мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари вазияти қанчалик абгор эканлигини очиқ кўрсатади.
Ўзбекистондаги бу аҳволга халқаро ташкилотлар, демократик ҳамжамият ва ўзбек мухолифати вакиллари томошабин бўлиб турмасликлари керак. Инсон ҳақуқлари устувор қадрият ҳисобланадиган демократик давлатлар бундан кейин Каримов режими билан мулоқот чоғида жуда эҳтиёт бўлишлари, ўз муносабатларини энг аввало инсон ҳуқуқлари асосида қуришлари керак.
“Бирдамлик” халқ ҳаракати барча демократик ташкилотларни Ўзбекистон ҳукуматининг бу ноқонуний ҳатти -ҳаракатига қаршилик кўрсатишга чақиради. Барча мустақил ҳуқуқбонлар, инсон ҳақлари ташкилотлари, муҳолифат вакиллари HRW Хюман Райтч Вочни қўллаб қувватлаб, турли сиёсий акциялар ўтказишлари лозим. Ўзбекистон Олий Суди инсон ҳақларига қарши қаратилган бу маҳкамани яна бир бор адолат юзасидан кўриб чиқишига эришмоқ лозим.
“Бирдамлик” барча мухолифат фаоллари ва инсон ҳақлари ҳимоячиларини Ўзбекистон Олий Суди, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари бинолари олдида HRW ни юртимизда фаолият олиб боришига рухсат берилишини талаб қилиб пикетлар ўтказишга чақиради.
Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ташкилотларига қарши фаолиятини тўхтатмас экан, биз ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашимизни тўхтатмаслигимиз лозим.



