ТАХРИРИЯТДАН: бундан бир оз илгари Абдулазиз Махмуд кинога олган шартли равишда “Фикрлар” деб номланган, машхур ёзувчиларимиз Одил Ёқубов, Учкун Назаров, шоира Гулчеҳра Нуриллаева, рассом Баҳодир Жалолов, тилшунос олим Бахтиёр Исабеков қатнашган “Кинокамерага айтилган юрак дардлари” суҳбатини ўзбек тилида эътиборингизга ҳавола этган эдик. Ижодкорлардан Собит Мадалиев бу суҳбатда қатнашиб, асосан рус тилида гапирган, шунингдек, Учқун Назаров, Баходир Жалолов (ўзбекча гапириш билан бирга) қисман рус тилида ҳам сўзлаган. Биз бугун (ҳамкоримиз Ботир Норбой кўмагида) Собит Мадалиев, Учқун Назаров, Баходир Жалоловнинг русча сўзларини ўзбекчага ағдариб ўқувчилар хукмига ҳавола қилмоқдамиз.
Шоир Собит Мадалиев (ўзининг шеърлар китобига ёзилган сўзбошисини ўқийди): “Аянчли бўҳронлар билан шафқатсиз емирилиб бораётган ушбу ҳаётимизда, ягона реаллигимиз охир-оқибатда бебошлик, ягона финалимиз эса тушкунлик бўлаётган бир даврда энг кўп жабр кўрадиганлар – булар ўз кўникмаларини жуда секин ўзгартирадиганлар, кўзбўямачиликка ўргатилмаганлар, бошқаларга маймундек тақлид қилиш қобилиятидан маҳрумлардир.
Агарда баъзида дарвишлик тўнини елкага ташлаб ўзлигимизни яшириш имконияти бўлмаганда эди, бундай ҳаётга чидаб бўлмасди.
Собит Мадалиев: (бир оз сукутдан кейин) ўзининг шеърлар тўпламини варақлайди ва қуйидаги рубоийсини ўқийди: (мазмуни)
Эх, худойим, қандай оғир замонлар-а.
Кўчманчидай, бизни ундан-бунга ирғитишар
То бошимизгу тушар кўргуликлар
Гоҳ ўйлаб топилар уруш
Собит Мадалиев, Учқун Назаров, Баҳодир Жалоловларнинг рус тилидаги интервьюсидан парчалар:
Собит Мадалиев: Биз демократия нима эканлигини билмаймиз. Демократия сўзини бу сўзга тўғри келмайдиган маънода тушунамиз. Бир неча йил аввал Ўзбекистоннинг марказий матбуотида бу масалар кенг муҳокама қилинди. Ҳатто жуда ҳурматли бир олим «Бизнинг ўзбекона демократиямиз ўзига хос характерга эга. Бизда ўзимиз, халқимиз бўйсунадиган кимдир, албатта бўлиши керак», деб ёзди. Гўёки Ислом дини шундай ўргатганмиш. Аммо бу одамлар, ялоқхўрлар, ўзларини зиёлидай кўрсатаётганига қарамасдан… исломни ҳам, демократия асосларини ҳам тушунишмайди.
Бу ҳолатда, бизнинг қулликка солинган руҳий ҳолатимиз биз кимгадир итоат этишимиз лозимлигини айтиб, мажбурлайди. Демократия асослари, Шарқ демократиясининг асослари пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссалом томонидан белгилаб берилган. Абу Бакр ҳокимиятга келганда, тўғрироғи, уни биринчи халифаликка тавсия этишганда, одамларга: «Тўхтанглар! Мен Сизларнинг ичингизда энг яхши араб эмасман. Мендан кўра ҳурматлироқ одамлар бор, келинглар, ўшаларни сайлайлик», деди. Унга эса шундай деб жавоб беришди:
«Тўғри, Сиздан кўра ҳурматли одамлар бор, аммо пайғамбаримиз Муҳаммаднинг суннатини халққа сиз аниқроқ, тўғрироқ етказиб берасиз.» Шунда Абу Бакр шундай деди:«Майли, мен биринчи халифа бўлишга розиман, аммо шу шарт биланки, мен қабул қилган ҳар бир қарорга ҳар бир араб ўз фикрини билдирсин.»
Агар бизга қандай демократия кераклигини муҳокама қилиш имконияти насиб этганда эди, ҳаёт бошқачароқ бўларди.
Афсуски, бир нечта тили қийшиқ, кўнгли тор кимсалар бутун бошли халққа қандай яшашни, нимага ишониш – ишонмасликни, қаерга бориш бормасликни шарт қилиб қўйишмоқда… Бизга аллақандай чекланган демократияни қуришга ваъда беришяптики, уларнинг бу каби қадам олишлари билан биз демократияни ҳали уч юз йилда ҳам қуриб битирмаймиз.
Учқун Назаров: Пора беришаётгани ва олишаётгани ҳақида тинимсиз гапирилаётган бўлсада, бу ҳол тўхтамаяпти. Илгари маълум жойлардагина олишса, ҳозир ҳамма жойда, иложи бор барча ерларда пора олишмоқда.
Қолаверса, фақат олишмайди, «бер», деб миқдорини ҳам очиқ айтишади. Қаерга борма, ҳамма жойда олишади: милицияда, солиқ қўмитасида – ҳамма жойда, ҳаммаси пора олади.
Нега биз бунчалик бузилиб кетдик? Нега биз шу даражада молпараст, иккиюзламачига айландик? Нега ўзимиздаги ҳар қандай маънавиятни ўлдирмоқдамиз?
Собит Мадалиев: Биз маънавият ҳақида гапирамиз, аммо халққа дин эркинлигини бердикми? Дин давлатнинг пошнаси остида турибди. Шундай экан, маънавият ҳақида гап бўлиши мумкинми? Дин эркинлиги ҳақида гапирамиз, айни замонда, ҳокимият одамларни чеклайди, улар олдига ҳамма вақт тўсиқлар қўяди. Бунданам қаттиқроқ гапирай. Бўриларни овлаганда итларни гиж-гижлатиб, уларни қуршаб олишади, ҳокимият ҳам жамиятни ўраб, одамларни қимир этмайдиган аҳволга солиб қўйган. Фақат ҳокимиятнинг кўрсатмаларига бўйсунганларгагина йўл бор. Буларнинг қонунлари ғалати: ўғирлаш мумкин, порахўрлик мумкин, ҳамма нарса мумкин, аммо ҳокимиятга на сўз билан, на амалда қарши туриш мумкин эмас.
Учқун Назаров: Маънавий ҳалоллик, ҳақиқат, инсоф ва диёнат қани? Буларни ким қиляпти? Бу гўштқиймалагични ким айлантирмоқда? Халқ ҳам муроса қилиб, тишини тишига қўйиб чидаб, сукут сақлаб келаётган экан, демак бу ҳол кимгадир кераккка ўхшайди. Тўғри, қаердадир, ошхоналарда балким гапиришаётгандир. Автобус бекатларида ҳам аллақачон гапира бошлашди. Чиқиб кетаяпти-да. Энди гапирмаслик мумкин бўлмай қолди. Ким учундир бизнинг жим туришимиз керак. Бу сунъий, сиртқи жимлик билан ўзимизнинг нотўғри ишларимизни оқламоқчимиз… Мен ўзининг 16-17 яшар ўғлига: “бирон жойда хатолик, қонунсизлик кўрсанг айтгин”, деб таълим бераётган бирон оилани билмайман. Аксинча, “жим юр, ўзингга қийин бўлади”, дейишади. Шу йўл билан ёшлигиданоқ бўйсунувчан, иккиюзламачи қилиб тарбиялашади. Кейин бу бола бошини ўнгга бурсанг ўнгга, чапга бурсанг чапга кетаверадиган зотга айланади.
Баҳодир Жалолов: Мен умуман тушунмайман, нималар бўляпти ўзи?! Биз жамиятни турли табақаларга бўлайлик, десак, феодал ҳам, аристакрат ҳам эмасмиз. Бу юқори табақа, бу паст табақа, дегандай. Талабаларнинг ижтимоий аҳволи жуда оғир. Контрактни олинг! Биз яна шошилдик. Биз бутун дунёга,ривожланган мамлакатлардан кам эмасмиз, деб кўкрагимизга уриб мақтанамиз. Марҳамат қилиб, кечирасиз, биз ёмон эканмиз. У ёқларда ижтимоий аҳвол даражаси баланд, Конституция, қонунлар ишлайди. Бир неча юз йиллар ичида ҳамма нарса жой жойига қўйилган, текисланган. Демократик давлатларга хос меёрлар яратилган.
Иқтисод ишлаяпти. У ердаги кўп одамлар ўзларининг президентлари ким, бош вазири ким, унчалик қизиқишмайди ҳам… Аммо қонунга бўйсунишади, ўз Конституцияларини ва ўзларидан нима талаб қилишларини билишади. Улар юқори мансабдорлар билан эмас, ижро этувчи амалдорлар билан гаплашишади. Уларга шунг ўзи етарли. Биздачи, ҳамма масалаларни юқори амалдорлар ечади. Амалдор ҳамма нарсани ечади. Биз эса… ҳеч нарса ишлаб чиқараолмаймиз. Тиш пастасини ҳам ишлаб чиқараолмаймиз. Мен нималар бўлаётганини тушунмаяпман. Шундай ишлар бўляптики, жамиятни ривожланиши билан бу ишларнинг алоқаси борлиги кўринмайди.
Учқун Назаров: Умуман, нима десанглар ҳам, бизнинг халқимиз инқилоб(1917 йил)гача ҳам ёмон яшаган. Ўша инқилобдан кейин дуруст яшай бошладик: билим беришди, хотинлар паранжини ташлашди, университетлар, гидроэлетростанциялар, йўллар қурилди, электр беришди, аммо ҳаммани бир хил қолипда фикрлашга мажбур қилишди. Фақат мана шундай ўйлайсанлар, бошқача эмас. Мен, мустақилликдан кейин ҳаммаси орқада қолса керак, деб ўйлагандим, адашган эканман.
Собит Мадалиев: Нега ўша қолоқ ўрта асрларда ўқиган одамлар ҳам қомусий билим эгаси бўлишган? Бугунчи, озод, эркин деганимиз билан,10 синфни битирганлар ўз аждодларини билмайди. Улар ҳеч нарсани билмайди. Мактаб шўро даврида яхши эди. Мактаб билим берарди. Бугун мактаб демогогиядан бошқа ҳеч нарса бермайди. Бугунги болаларнинг келажаки нима бўлади? Бугун мактабни битираётганлар, ҳокимиятдаги харомхўрлик, ёлғонни кўриб, қандай фуқаро бўлиб етишади? Қадриятлар фақат бойлик билан ўлчанар экан, болалар ҳаётни ўзгартириш, яхшилашга интилишармикан?
Учқун Назаров: Ҳозиргача ҳам цензура бор. Бўлганда ҳам жуда қаттиқ. Мен ёзувчи сифатида жуда яхши биламан. Расмий равишда цензура таъқиқланган. Аммо у мавжуд ва жуда мураккаб. Илгари цензура ролини алоҳида бир ташкилот, бу ишга расмий жалб қилинган одамлар бажарган бўлишса, ҳозир цензор ролини газета ва журналлар, радио ва телевидениянинг бош муҳаррирлари бажаришади. Уларга шу мажбурият юкланган.
Илгари муҳаррир кечирим сўраб, юқоридаги цензорга ишора қиларди, ҳозир унинг ўзи цензор вазифасини бажаради: ҳар қандай тирик фикрни қирқиб ташлайди. Шундай экан, цензура йўқолгани йўқ, «тушингизни сувга айтинг». Цензура бор, яна қанақаси денг! Гап шундаки, бизнинг қон томиримизга цензурани киритиш керак эамас, аксинча қонимиздан цензурани сўриб, суғуриб ташлаш керак. Расмий цензура бўлмаса ҳам мен ҳамиша шу сўзни, шу сатрни тўғри ёздиммикан, тўғри бўлдимикан, балки шусиз ҳам дурустдир, деб минг марта ўйлайман. Калламга ўрнашиб олган цензор бошим устида қиличини кўтариб туради.
Собит Мадалиев: Бугун ўзбек миллати йўқ! Халқ ўз ҳолича дардларини, орзу умидларини айтаолмайди, қуллардай кун кўради. У кун ўтган сари ўзининг кунини кўриш учун курашишга мажбур. Ҳокимиятга қарши туриши, халқнинг дардини ифодалаши лозим бўлганлар ожиз! Бу хил одамлар тарқоқ ва кам. Бу ишни қилиши мумкин бўлган «зиёлилар» дея аталганлар эса, кечирасиз, улар бурнидан ип ўтказилган.
Учқун Назаров: Ҳозир у ёки бу амалдорни мақташ учун қайси сўзни ишлатсам, деб кўкрагига уриб юрган шоввозлар демократик, халқона ҳаёт бошланганда одамларнинг юзига қандай қарашаркан, деб ўйлайман. Халқ: «Ҳой, президент, ўтган йил учун ҳисобот берчи, биз қанча даромад қилдик, Республика бюджети қанча бўлди? Бу пулларни сен нималарга ишлатдинг», деса эди. Ҳеч ким шуни айтмайди-да. Президент ҳам ҳисоб бермайди. Шу туфайли биз ҳеч нарса билмаймиз. Газеталар алдайди, телевидение алдайди. Мен қўрқаманки, ҳозир шу тизимда ишлаб юриб, ёқасини йиртиб ўзларини ватанпарвар кўрсатиб алдаётганлар, юртимизда демократик ўзгаришлар юз берса, яна алдаш йўлига ўтиб олади, «гапиришга қўйишмади, цензура бор эди, биз эса ҳақиқатни айтганмиз, деб сувдан қуруқ чиқишади. Биласизми, улар ўзлари ўрганган сўзларни яна такрорлайверишади. Ҳозир индашмайди. Айтишлари мумкин эди. Биласизми, ёзувчи кўзгу, халқнинг имони бўла туриб ҳақиқатни айтмаса ким айтади? Бизнинг ёзувчиларимиз эса, мақтов сўзларини айтиш учун сўз излаш билан оворалар. Улар, балки мени президент махкамасига ишга олишар, балки вазир бўлиб қоларман, деб орзу қилишади.
Мана, Сиз жадидлар ҳақида, уларнинг режалари тўғрисида, Ўзбекистонни ҳеч бўлмаса Туркия типидаги давлатга айлантиришни орзу қилганлари ҳақида гапиряпсиз. Демократик, эркин, жасур, қўрқмас. Ахир улар ҳам жуда демократик мамлакатда улғаймаганлар. Ҳатто ўша пайтда ҳам уларга бағрикенглик билан қарашган экан. Бошқа бир шароитда яшаб ҳам демократ шахс сифатида шаклланиш мумкин эканку! Улар дунёни кўришди. Туркия, Эронни кузатишди. Россия ва Европада бўлишди. Киммдир у ерда ўқиди, кимдир ишлади. Фақат дунёни кўриш, бу мамлакатларни ўз юрти билан қиёслаш орқалигина аниқ хулосага келиш мумкин. Биз ривожланяпмизми, ёки бир жойда депсиниб турибмизми? Биласизми! Улар тезда англаб етдилар. Лекин уларнинг хатоси шунда бўлдики, шўро ҳукуматининг алдовларига қув тушдилар. Шўро ҳукумати эса, уларни алдади. Дастлаб: «Ҳа, ҳа, ҳа!Сизлар мустақил давлат бўлишларинг, советлар иттифоқидан истаган пайтларингизда чиқиб кетишларингиз мумкин. Ўзларингизнинг газета, журналларингизни, киноларингизни чиқаринглар. Ўз фикрларингизни илгари суринглар.» Ва жадидлар ўзларининг ўйларини ифода қила бошладилар ва қўлга тушдилар. Болшевикларга уларни айблаш учун худди шу аргументлар керак эди. Ахир, жадидлар қамоқда ҳам «Ҳа, биз яхши маънодаги, ўз миллатимиз манфаатларини ҳимоя қилгувчи миллатчимиз», дейишди. Улар бу сўзни хукумат кейинчалик ишлатган маънода ишлатишмади. Мен жадидлар бекорга ўлиб кетдилар деган фикрга қаршиман. Улар миллат учун жон куйдирганлари учун ҳалок бўлдилар. Улар биз учун қандай қаҳрамонлик кўрсатиш мумкинлигини акс эттирувчи кўзгудирлар. Улар шўро мафкурасига қарши бордилар ва жонларини фидо қилдилар.



