СОХТА ВА ЖИДДИЙ ХАВФЛАР

Носир Зокир

Ушбу мақола билан мен Америка кашф қилмокчи эмасман. Мақсадимни мақола сўнгида тушуниб оласиз. Собиқ иттифоқ режими авторитар режим эди. Халқ комунистик партия сиёсатига бўйсундурилган эди. Рахбарлар ишига бахо беришида, унинг коммунистик ғояларга қанчалик содиқлигига қараб бахо берар эди.

Энди, диктатура режимида эса рахбарлар ишига уларнинг хокимият тепасида бўлган диктаторлар золимга содиқлигига қараб бахо берилади. Демократик режимини эса биласиз, рахбарларга бахони халқ беради. Халқ рахбарни халққа, Ватанга қанчалик содиқлигига қараб бахо беради. Бундай давлатда халқ ҳеч қачон кўпчилик овоз билан ўзи сайланган рахбарни истефосини талаб килиб, кўчаларга чиқмайди. Чунки халқ иродасига бўйсунмаган рахбарни муддатидан олдин истефога чиқариш механизмилари мавжуд.

Кейинги пайтларда диктаторлар, золимлар халқни ва айникса ривожланган Ғарб мамлакатларини экстремизм билан қўрқитишмоқда. Яъни, улар асли йўқ экстремизмни бор қилиб кўрсатиб, «кўриб қўйинглар агар мен кетсам, ўрнимга мана шу соқолик экстремистлар келади! Кейин кўрсанлар» демоқдалар. Бу сўзларни очик гапирмасалар ҳам ғарбга шундай тушунча жўнатмоқдалар. Эътибор берган бўлсангиз, яқин шарқ давлатларида давом этаётган халқ исёнларини Каддафийга ўхшаган золимлар экстремистлар уюштираётганлиги хақида гапиряпдилар. Лекин бу сўзларга хеч ким ишонгани йўқ. Хатто Европада анча обрўга эга бўлган Назарбоев ҳам ўз мамлакатга экстремизм хавф солаётгани хақида гапирмоқда.

Энди асл муддаога ўтсам. Яқинда Россия телеканалларидан бирида Сталин хақида бир хужжатли фильм намойиш этилди. Унда куйидаги сўзлар янгради. «Америка президенти Рузвельт бир нарсага адашган эди, у Сталин билан учрашгач, Сталинни қаттиқ қўлроқ сиёсатчи деб тасаввур қилган эди» Аниқ қилиб айтсак, диктатор Сталин Америка президентида шундай таасурот қолдиришини мақсад қилган эди ва мақсадига етди. Айтмоқчиманки, орадан 60 йилдан ортиқ вақт ўтиб Американи хозирги рахбарлари ҳам диктатор золимларни экстремизм билан қўрқитиш сиёсатидан қўрқиб Рузвельт хатосини такрорламасинлар.

Замон ўзгаряпди, золимлар ҳам замонга қараб замонавийлашиб бормоқда. Айниқса собиқ иттифоқ тереториясидаги диктаторларни алдов йўлларини кўриб, ёқа ушлайсан киши. Улар рахбарлик қилаётган давлатларда ҳеч қачон экстремистлар хокимият тепасига келмайди. Бунинг учун фундамент бўлиши керак. Яъни, халқни маълум кисми буни хоҳлаши керак.

Шу омилни шаҳсан мен кўрмаяпман. Америка ва уни қўлловчи давлатлар бугун айниқса ўша терроризмни келиб чиқишига асос яратиб бораётган диктаторларга қарши курашиш керак. Бундан ташқари, мухолиф сиёсатчилар билан диний оқимларни бирлашиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Мана, шундай омил эса бугун мавжуд. Мана, шунга бугун жиддий эътибор қаратиш лозим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares