2. Эркин туроқ
3. Тахмис
4-6. Тўртликлар
***
2. ҚАМОҚДАН ҚОЧИШ
(болалар кунига)
Травматалогия бўлимига зуд
Келтирилди бола беш-олти яшар.
Қолишига яшаб жуда оз умид,
Бувиси, онаси юм-юм йиғлашар.
Дадаси янги ёш шаҳримизда бой,
Бобоси пойтахтда катта амалдор.
Уйлари – уй эмас, уч қават сарой,
Мошинлари эса жип қатор-қатор.
Болакайга адаб бермоқ эдилар,
Энг боло хонада қўдилар қамаб.
“Сен ўйнаган боллар гадай, дедилар,
Мана, сенга нотбуқ, ўтиргин ўйнаб”…
Пардадан ясади болакай арқон,
Кинода кўрганди, кўзлари мўнчоқ.
Устолга боғлади арқонни “чаққон”,
Кейин, қўлтиқлади “камаз” ўйинчоқ…
Кейин… кейин учди, япишди ерга,
Арқони устига тушди хипираб…
Кўчада кум, тупроқ ўйнашга бирга,
Туришарди “гадай” дўстлари қараб.
***
3. ХОФИЗИ ХОРАЗИМИЙ
ғазалига тахмис
Кўриб ҳуснинг ақли парокандаман,
Кўргали бир ҳар зум орзумандаман,
Ёнгум аталмиш фироқ гулхандаман,
Ой юзунга жон била то бандаман,
Меҳри равшандил бикин тобандаман.
Бергали жон сан учун шайман ўзум,
Васфинг иншо этгали етмас сўзум,
Найлайин, парирў, кеча ва рўзум
Кўргали юзунг гулистонин кўзум,
Завқ била гул бикин пурхандаман.
Йўқтур адад махлиё – гунгларингга,
Кўйларингда кўзлари мунгларингга,
Қўшмасанг-да мани ҳеч тенгларингга,
Гулни ўхшатгали ол энгларингга,
Бу жихаттин лолатак шармандаман.
Кўчди кўхна Қайснин зайли манга,
Ёлғиз ўзинг дуняда Лайли манга,
На Бадаҳшон зумраду лаъли манга,
Пой бўсунг бир даст бергали манга,
Топтим, эй жон, давлати пояндаман.
Васлинга минг омил етгали моне,
Тушди бошимға ситам савдо не-не,
Лутф ила ҳеч манга боқмади толе,
Ман санга жон бирла ошиқман, вале,
Сан, нигоро, қандасан, ман қандаман.
Лек эмасман қўй мижожлиқ қабила,
Солгай аъдоға Равоний зилзила,
Тиз чўкарман санга як, бошим сила,
Сан шаҳаншоҳи замонсан ҳусн ила,
Ҳофизи бечоратак ман бандаман.
***
4. ЧИНОРГА
(хиргойи)
Сен ашёсан жаво-о-онларга,
Полга паркет, ўчоққа хассан.
Сен шохлари осмо-о-онларга,
Тегиб турган ватаниммассан.
***
5. ЎХҲ, ВОҲ
Қуён, сичқон, ғоз, эчки,
Қилибдилар йиғилиш.
Мавзу экан боз эски –
Палангни гумдон қилиш.
***
6. МАНТИҚ
Бўлма ҳайрон, хулоса яса,
Чиқмас ҳаёт қонуни издан.
Илиқ сўзин дўстинг аяса,
Унут, кутма шарорни муздан.
***
Андижон
1 06 2011
– – –
*… 1 – бағишлов
*… Тахмис – рамал баҳри, рукнлар: фоилотун, фоилотун, фоилун. 1-чи мисра, 1-чи рукнда “васл ҳо” услуби қўлланганлиги боис, “кўриб ҳуснинг”, “кўруб уснинг” деб ўқилади.




