Саиджаҳон Равоний: МАНЗУМ МАШҚЛАР


1. Бағишлов
2. Қўшиқ
3. Ғазал
4-8. Тўртликлар
***
1. ШУҲРАТ ГАНИЕВГА

Бухорода бордур ҳуқуқбон,
Зеҳни ўткир, тахлилда сарбон.

Ҳеч кимга ул қилмас ҳушомад,
Қилмайди ҳам нола, надомат.

Маслагида баланд шукуҳи,
Тазйиқлардан тушмайди руҳи.

Айтар доим фикрини холис,
Борган кўплаб элларга олис.

Қитъаларда қиларла хурмат,
Анинг исми Ғаниев Шуҳрат!
***
2. ДЕРАЗАНГДАН БИР БОҚ
(ёшлик дафтаридан)

Ишқингда мен кўп ёна-ёна,
Келдим уйинг олдига яна,
Бўлур сенга қандай зиён, а?
Деразангдан, лоақал, бир боқ.

Ёғарми қор ёмғир аралаш,
Куйдирарми жазира, оташ,
Термуламан интизор яккаш,
Деразангдан, лоақал, бир боқ.

Келтирдим мен даста чинни гул,
Демоқдалар мени, “жинни, гўл”,
Бас қил изза қилишингни, Гул,
Деразангдан, лоақал, бир боқ.

Келганимни билурсан яҳши,
Ўйланма кўп, қилурсан яҳши,
Дунёда энг бўлурсан яҳши,
Деразангданг, лоақал, бир боқ.
***
3. ҚЎЙМА МЕНИ ЗОР ЙИҒЛАТИБ

Эй гулузорим, асру қўйма мени зор йиғлатиб,
Мунчали сенға мени хаёни на бор йиғлатиб?

Гулшан аро кўруб жамолинг, бедилу девонаман,
Бир қия боқмай ўтасен беэътибор, йиғлатиб.

Шамси зуҳо юзингни кўргали бир этуб интизор,
Ойлар авосит юрасен бепадидор, йиғлатиб.

Назми фусун арузда толиби мусанниф айладинг,
Кечалари фузун фироқингда бедор йиғлатиб.

Кўзима гарчи қатра ёш олгали бермагай ғурур,
Қилди чунон руҳимни шум толе фигор, йиғлатиб.

Кўйларинг узраким турармен жазира-ю дай хазин,
Зора, саломим алик ол, аё нигор, йиғлатиб.

Бил, вале кечса ҳам на, бор оламаро Равонийинг,
Ким сени дилхун этса, қилгум ани хор, йиғлатиб!
***
4. ГАЛИЛЕЙ ИШИ

Галилейни қилмангиз тергов,
Қилмангиз кўп чама ва шама.
У ҳақ эди, биларди черков,
Авом учун эди махкама.
***
5. БЕМОР

Искариот Исони сотди,
Уни хочга михлатди Пилат,
Наполеон сфинксни отди,
Башоратлар қилган-ку Пўлат!
***
8. БАРГ

Бандидан барг узулди-ю, чирт,
Шамолда гоҳ учди фалакка.
Чиқитлигин билмади у ғирт,
Тушди охир ахлат челакка.
***
7. ШУКРОНА

Юсуф Жума шоир, хайрият,
Мана бўлдинг ниҳоят озод.
Сен қамоқда, қилардим уят
Тўла қонли қилгани ижод.
***
8. ДАЪВАТ

Сўфий элим, тафаккур юргиз,
Бир дақиқа Ҳамсани ёпгил.
Бир кун яна қутурар қирғиз,
Тийиб қўйиш йўлини топгил!
***
Андижон
25 05 2011
– – –
*… 1 – Буҳоролик ҳуқуқбон Шуҳрат Ганиевнинг 25 май таваллуд кунига бағишлов
*… Ғазал – қайта ишланган. Ражаз баҳри, рукунлар – муфтаилун, мафоилун, муфтаилун, мафоилун.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares