Толиб Ёқубовни 1989 йилдан бери биламан: Митинглар, намойишлар, ҳар ким фикрини бемалол гапирадиган, танқид авжига чиққан пайтлар. Бир митингда, жуссаси кичик бир инсон чиқиб, афаризмларга тўла шундай фикрларни айтдики, зал сув сепгандек жим бўлиб қолди. Митингда, профессор олимлар, маданият, санъат арбоблари бор эди. «Бу ким бўлди экан» деб танишишга ошиқдим. Низомий номли педагогика институтининг доценти, математик олим Толиб Ёқубов эканликларини билдим.
Шу-шу биз дўст бўлиб қолдик. Тошкентга борсам Толиб акани хонадонларида албатта меҳмон бўлардим. Максадим, у кишидан илм ўрганиш билан бирга, фалсафий фикрларини эшитиб, сиёсий билимларимни ошириш эди. Эсимда Жиззахлик амалдорлар юқорининг буйруғи билан Толиб акани халқ орасида обрусизлантириш учун нималар килмади, дейсиз?!
Қамашди, суйиқасд уюштиришга ҳаракат қилишди. Лекин Толиб ака синмади. Аксинча, халқ орасида тобора обрўси ошиб борди. Мен у кишининг қишлоқларида бўлганимда бунга ўзим гувоҳ бўлгандим. Ўзбекистон Инсон Ҳукуклари Жамиятида бирга ишладик. Ўзимизникилар катта маблағни ўзлаштиришда айблаб, ташкилотни бўлиб ташлашди. Толиб ака шунда ҳам ташкилотни янада кучайтириб халқ орасида шундай ишлар олиб бордиларки, хатто, хукуматни казо-казо амалдорлари у киши билан хисоблашишга мажбур бўлган пайтлари бўлди.
Толиб ака чин дўстдир. Озодликдан махрум қилинган кишиларни ҳар бирини хонадонида бўлиб, қўлидан келганича ёрдам берганларини шахсан гувоҳи бўлганман. Вақтлар келади, Толиб Ёкубовнинг номи Ўзбекистон тарихидан, Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган, халқнинг озодлиги учун курашган, хақиқий миллат ўғлонлари сифатида, муносиб ўрин эгаллайди. Бу исбот талаб килмайдиган аксиомадир.
Устоз Толиб ака сиз ҳақиқий маънода барзача ўрнак бўлувчи курашчисиз. Сизга биз хавас билан қараймиз. Оллоҳдан сизга узоқ умр тилаб қоламиз!
Шогирд ва дўстларингиз номидан,
«Бирдамлик» Ҳаракати Фаргона водийси
бўйича координатори Носир Зокир.
***




