БИРДАМЛИКНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТУРКУМИДАН
Азиз Ватандошлар! Ўзбекистонда фаровон, тинч ҳамда эркин ҳаёт учун курашаётган мухолифатчи сафдошлар! Биз. бирдамликчилар ҳам барча софдил кишилар каби, Ўзбекистонда, илғор мамлакатлардаги каби эркин, демократик тизим барпо бўлишини истаймиз ва шу йўлда тинч, нозўровон кураш олиб борилиши тарафдоримиз. Аммо ҳолва деган билан оғиз ширин бўлиб қолмайди: биз, барча учун мақбул ширин турмуш сунъий йўллар билан яратилмаслиги, биронта одамнинг қони тўкилмаслиги, курашимиз қонли тус олмаслиги… тарафдоримиз. Албатта, биз янги халқ ҳаракати (ва бошқа ташкилотлар)ни тузган сафдошларимиз оммани қуролли курашга бошлаяпти, деган фикрдан йироқмиз. Айни замонда, Ўзбекистондаги, Марказий Осиёдаги, қадим Турондаги сиёсат, кўплаб оқимлар томонидан кўп йўналишли тарзда олиб борилаётганини, юртимизда беқарорлик юзага келтирилишини истовчи кучлар ҳам мавжудлигини, улар турли йўллар билан оммани бошқача йўлларга солиб 2005 йил Андижондаги, 2011 йил Ўш ва Жалолободдагига ўхшаш вазиятларни юзага келтириши мумкинлигини исташаётганини, ниҳоятда хушёр бўлишимиз, орада «қовун тушириб» қўймаслигимиз лозимлигини эслатмоқчимиз. Ўзгаришлар сунъий йўллар билан яратилмаслиги деганимизнинг сабаби шуки, Ўзбекистонда ва чет элларда ишлаётган юртдошларимиз бугунги кунда ватанимиздаги мавжуд аҳвол билан, амалдорларнинг бир қисми коррупция батқоғига қай даражада ботганлиги, оғизда демократияни чуқурлаштириш ҳақида гапираётганлар амалда нима ишлар қилаётгани билан… тўла таниш эмас. Биз, уларни, аввало, шу хил ахборотлар билан “суғоришимиз”, ўзгаришлар зарурлиги сабабини, бугунги шароитда, тинч курашнинг қайси йўллари мақбуллигини уларга тушунтиришимиз керак. Интернет тармоқларининг ўзи билангина бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Чунки, минглаб мехнат мухожирлари, юртимиздаги оддий кишиларнинг интернетга боғланиш имконияти йўқ. Бинобарин, юртимизда яхши ўзгаришлар бўлишини истаган кучлар ҳаққоний ахборотлардан узоқда, улар бир тишлам нон топиш, бола чақасини яхши яшашини таъминлаш илинжида юришибди ва сиёсий кураш назарияси ва амалиёти билан таниш эмас. Турли сайтлардан юборилаётган материалларни нари борса 300-500 одам ўқиши мумкин. Аммо ўқиш бошқаю, уқиш бошқа эканлигини эсдан чиқармайлик. Биз юзлаб эмас, минглаб одамларнинг сиёсий онгини оширишимиз керак. Шундай экан, интернетдан бошқа кўплаб воситалардан ҳам кенг фойдаланишимиз муҳим муваффоқиятларга олиб келади… Бирлик халқ ҳаракати, Эрк партияси ва бошқа сиёсий ташкилотларнинг дастурларида ҳам, халқнинг сисий саводини ошириш, уларнинг бир қисмини ҳаққоний маънодаги тинч сиёсий курашга тортишни тарғиб қилувчи бандлар бор. Шундай экан, дастлаб худди шу ишлар билан гоҳ биргаликда, гоҳ алоҳида бўлсада, иш олиб борайлик! Газета журналлар чиқарайлик! Дастурларимизни оммалаштирайлик! Ҳаққоний, тинч кураш тарфдорларини кўпайтирайлик! Мамлакатда ўзгариш бўлишини истаган паст ва ўрта бўғин амалдорларини ҳам бу ишга жалб қилайлик! Кейинчалик, керак бўлса, ўша кўпайган омма ва амалдорларнинг ўзи бизга нима қилиш кераклигини англатади. Шундан кейингина биз ҳукуматга ўзимизнинг жиддий талабларимизнни етказишимиз, амалдорларнинг софдил қисмини бу тинч курашга жалб этишимиз лозим бўлади.
БИРДАМЛИК БОШҚАРУВИ.



