ЙИЛЛАРГА НОМ ҚЎЙИЛИШИДАН ҚЎРҚИБ ҚОЛДИМ

(Тошкентда юздан ортиқ дўкон ва ўнлаб ошхоналар бузиб ташланди)
Март, апрел ойларида Тошкентнинг Юнусобод ва Чилонзор туманларида тахминан юз эллликка якин дукон ва ошхона бузиб ташланди. Хусусан, Юнусобод маркази Универсал магазини қаршисидаги, бозорга якин жойда, чиройли қурилган, озиқ овқат, ширинликлар, саноат моллари сотадиган 5- 6та магазин ва иккита дорихона бор эди. Магазинларнинг кўринишига ҳам, сотувчиларнинг муомаласига ҳам гап йўқ эди. Бу ерда йигирмадан кўп сотувчи ва дорихоначи ишлаётувди. Дуконлар бекатга якинлиги учун харидорлар керак нарсаларини шу ердан олишар ва автобусларга ўтириб кетишарди. Аммо улар бир икки кун ичида кунпаякун қилинди. Юнусобод бозори ичида эса ўнга яқин ошхона бор эди. Бежиримлигига, ошпазларнинг овқатларига ҳам гап йўқ эди. Бу ерда тахминан 50=60 киши хўрандаларга хизмат кўрсатаётувди. Ҳозирда улар қаерга тарқаб кетганлиги номаълум. Шунингдек, Навоий кўчасидаги 100дан ортиқ дўкон ва ошхоналар, Паркент бозори жанубидаги қатор магазинлар, Фарҳод бозори қаршисидаги ўнлаб дўконлар ҳам қийратувчиларнинг “ғазаби”га йўлиққан…
-Шунча дўконнинг қийратилганига сабаб нима экан, – сўраймиз, бозор мутасаддиларидан бирини гапга солиб.
– Ҳеч ким билмайди, бузилган магазинлардан бирида жияним ишларди, биронта ҳужжат, қоғоз-моғоз кўрсатишдими, деб сурасам, Тошкентни кўкаламзорлаштириш ҳақида бир ҳужжат кўрсатишганини, бузишга икки кун рухсат беришганини, акс ҳолда, узлари бузиб, қурилиш материалларини ҳам ўзлари олиб кетишларини айтишганини сўзлади, дейди. -Улгурганлар тез бузиб олишди, улгармаганларга ўзлари “ёрдамлашишди”.
Айтишларича, ўша кунлари Тошкентга иш излаб келган мардикорларнинг ҳам куни ишлари «юришиб» қолган. Юзлаб мардикорлар милиция ёрдамида магазин бузиш ишларига жалб қилинган. Уларга қанча ҳақ берилгани ҳам маъдум эмас.
– Наҳотки, шунча магазинларни бузиб, биронта важ кўрсатишмаган бўлишса,- сўраймиз, илгари Навоий кўчасидаги ярмаракаларда ишлаб ҳозирда «Малика» фабрикаси орқасидаги магазинлардан бирини ижарага олган сотувчидан.
– Бизга кўрсатишди. Сеул билан Ўзбекистоннинг Навоий кўчасидаги магазинлар ёнида қандайдир парк қуриш учун шартномалари бор экан, ўша шартномаларни бажаришимиз керак, дейишди, аммо бизнинг йиллар давомида қурган магазинларимиз, уларга кетган харажатларимизни ҳеч ким тўламади. Ғинг десак, еб турган нонимиздан ҳам жудо бўлмайлик, деб индамадик. Навоий кўчасидаги сотувчиларнингку, сал омади келиб “Малика” фабрикаси ёнидан қўним топишган. Аммо Юнусобод, Паркент бозоридаги бузилган магазин ва ошхоналарнинг собиқ сотувчи ва ошпазлари деярли ишсиз қолишди. Уларга на бир тавон, на бир иш беришгани маълум эмас. Қолаверса, Навоий кўчасидаги магазинлар ва ошхоналар бу паркка ҳеч бир халақит бермас, аксинча боққа келганларга хизмат қилиши мумкин эди.Магазин, ошхона, бозордаги ўринларни қўшганда 500-600 киши беиш қолган. Уларнинг оилаларини ким боқади?
-Йилларга ном қўйилишидан қўрқиб қолдик, – дейди бир зиёлинамо сотувчи. – Қишлоқ тараққийти йилида фермерларнинг ҳолига маймунлар йиғлади, ерлар бириктирилиб, минглаб одамлар ишсиз қолди. Соғлом авлод йилида дўхтирлар туғаётган келинлардан анча мунчасини туғмайдиган қилиб қўйишди… Бу йил эса, табиркорлар йили деб эълон қилинди ва юқоридаги каби воқеалар, дукон ва ошхоналарни қийратиш даом этмоқда. Хуллас, биронта йилга Ўзбеклар йили деб қўйишмасинда! – қалтис ҳазил қилди, сотувчи.
Тохир Тошкандий.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares