Ўзбекистонда пора олиш юқори давлат амалдорларидан энг пастдаги оддий маҳалла оқсоқолигача урфга киргани кўпчиликка сир эмас. Ҳар бир амалдор ўтирган курсисига қараб пора талаб қилади. Масалан, маҳалла оқсоқоли ёзиб берадиган арзимас маълумотномаси учун икки минг сўм сўраса, туман ҳокими бир қарорга имзо қўйиш учун ўн минг доллар талаб қилади.
Шу пайтгача порахўр амалдорларни мушугини ҳеч ким пишт демасди. Кейинги пайтларда пора олиб қўлга тушаётган раҳбарларнинг кўпини эшитаяпмиз.
Яқинда Тошкент вилояти, Олмалик шаҳар ҳокими Гулямов Равшан Асадович ва уни югурдаги Арслонов Улуғбек катта миқдорда пора олиб тумшуғидан илингани ҳақида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, шу йилнинг 3 феврал куни шаҳар ҳокими ўз қўл остида ишлайдиган ходими Арслонов Улуғбек Суенбаевич воситачилигида бир фуқарони ишини битириб бериш эвазига ундан 7000 доллар талаб қилади. У фуқора шаҳар ҳокими Гуламов Равшан Асадовичга 5000 долларини бериб, Арслонов Улуғбек эса ўзига 2000 долларни олаётганида тегишли идоралар томонидан қўлга олинадилар. Улар порахўрлик, ўз мансабини, ваколатини суистемол қилиш каби Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 205, 209, 210 моддалари билан айбланиб, узоқ йилга озодликдан маҳрум этилдилар.
Ўзбекистонда бу каби порахўрликлар ҳали бери тугайдиганга ўхшмайди. Ҳар бир амалдор ўз мансабига пора бериб пора олиш мақсадида ўтириши ҳаммага кундай равшан. Порахўрлик касалини даволаш учун мамлакатимизда сиёсат тубдан ўзгариши керак.




