ЯНА БОЙМИРЗА ҲАЙИТГА

                            Гулчехра Нуруллаева                                       

 

 

                              «… мени Ватандан қувладилар. Истиқлол

                   байроғи остига кириб олган неокоммунистлар

                   (эски коммунизм ҳақида «ғиринг» дея

                   билмаганлар) менга, Ватандан кет, дедилар…»

                                                                                      Боймирза  ҲАЙИТ

 

 

          Зиё сочар ҳадемай офтоб,

          Тошкент сизсиз уйғонаётир.

          Сизга бунда таҳқирлар сероб,

          Тақдирларга лойиқ эй ботир!

 

          Шаҳар яшар, тинглаб эрта-кеч

          Мусиқалар, ҳамд-у санони.

          Бизга малол, ўртаркан ўкинч

          Олисдаги сиздай синони.

 

          Жандасининг устидан шаҳар,

          Байрам тузиб, кияр зарбоф тўн.

          Таажжуб-ла деманг: «Алҳазар!..»

          Ниқобланмоқ бизда шундай жўн.

 

          Шаҳар битар ҳар кун мадҳия,

          Иймон атаб шонга шайдони.

          Қувғиндадир, изламанг сира

          Ўзингиздай марди майдонни.

 

          Шиддатлисиз. Шиддат кўрмай: «Оҳ,

          Бу ўлимтик шаҳарми?!..   дерсиз…

          Битта сирдан айласам огоҳ,

          Сиз   келажак одамидирсиз.

                                              02. 02. 1993.

                             х  х  х

                                 х

          Ярқираган тонглар суратланади,

          Чирқираган онлар суратланади.

 

          Ғолиблигим эмас, мағлублигимдан

          Қувонгувчи жонлар суратланади.

 

          «Кимсан ўзи?..   дейсиз… Менга елкадош,

          Эътиқодга хонлар суратланади.

 

          Биз энди бегона. Бир пайт сиз билан

          Бирга еган нонлар суратланади.

 

          Куйиб-ёнганларим, сизга бўлсин, деб

          Талашганим шонлар суратланади.

 

 

          Узр, кетолмадим сўқмоғингиздан,

          Сиз оқлаган қонлар суратланади…

                                              24. 02. 1993.

                             х  х  х

                                 х

 

          Тўфонлардан толиққаним чин,

          Қирғоқ сари ҳайда, қайиқчим.

 

          Изтиробим, сабрга айлан,

          Қирғоқда бор кимсасиз чайлам.

 

          Чарчоқларим қувмоқ   хоҳиши,

          У   мен учун таскин оғуши.

 

          Қиёқзорлар эмас тутқунда,

          На истасам, айтарман унда.

 

          Соғинганим   тўғридил терак,

          Гар суянсам, бўлади тирак.

 

          Ялпизларни тавоф этарман,

          Майсаларга сингиб кетарман…

         

          Унда мени эркинлик қутлар,

          Унда йўқдир  жонга човутлар.

 

          Юрагимга тушмагай гурзи,  

          Йўқ тўфоннинг  ҳокимлик ҳирси.

 

          Кезарман-у осойиш боғим,

          Мард қайиқчим қўмсарман тағин…

                                               24. 02. 1993.

 

                   ТЎРТЛИКЛАР

                               1.

          Ўртанди у юртин туғи устида,

          Ҳар битта жароҳат, йиғи устида.

          Айбламанг, оромни сизга қолдириб,

          Яшар-ку ҳанжарнинг тиғи устида…

 

 

                                   2.

             («Сиз… Сен… У…»  туркумидан)

 

          Эзгулик   шарорим, деманг, уяламан,

          Адолат   шиорим, деманг, уяламан.

          Қанча ҳақиқатнинг тўсдингиз йўлин,

          Ҳақиқат    қарорим, деманг, уяламан…

                                    3.

          Бахтингизни дардга ўртоқ кўрмасайдим,

          Топган омадингиз чўлтоқ кўрмасайдим.

          Дуч келдим ялтоқлар салтанатига,

          Ақалли сизни мен ялтоқ  кўрмасайдим…

                                    4.

          Саф-саф ҳарфларнинг унлиси менми?

          Мунгли юракларнинг мунглиси менми?

          Айтинг, айта қолинг, қулоғим сизда:

          Алпларнинг опаси, синглиси менми?

                                     5.

          Ажаб, дунё тўла шеърбоп ўйлар,

          Қўрқоқлар матонат қўшиғин куйлар.

          Кўнглим, ҳар ҳайъатга ишонаверма,

          Ўғрилар ўғрини «пирим» деб сийлар…

                                     6.

          Кўксимни  БЕАРМОН  тилгувчи бўлди,

          Устимдан  БЕИСЪЁН  кулгувчи  бўлди.

          Мен учун ўртаниб, мен учун ёниб,

          Кўнглимни  БЕИМКОН  олгувчи бўлди…

                                    7.

          Ўз-ўзингга суял. Онангга суял.

          Суял ўктам ёринг, дониш отангга.

          Қадам босаркансан, ўғилжон, ҳар гал

          Албатта суянгил мунис Ватанга.

                                     8.

          Кўнгил, бахт излагил риёзат ила,

          Кўнгил, дўст излагил фаросат ила…

          Биродарлик бекор, тотувлик бекор,

          Бўлса у куч ила, сиёсат ила…

 

                              9.

          Ёлғиз ўзинг очсанг эшикни,

          Ёлғиз ўзинг ёпсанг эшикни…

          Бу   не азоб, бу   не уқубат?!  

          Кошки йиқиб тепсанг эшикни…

                                      10.

          Маҳзун кўзларимни кўкка қолдирманг,

          Бошимдан ўтмоқда чакка, қолдирманг.

          Азизим, бир лаҳза, ҳатто бир лаҳза

          Мени  АНДУҲ  ила якка қолдирманг…

                                      11.

          Илоҳим, дилтангга сен дилшод бергил,

          Илоҳим, беморга сен имдод бергил…

          Демасман: безабон, бедилга рутба,

          Қўрқоқ-у жоҳилга истеъдод бергил…

                                     12.

          Дилхунман… Дарё-чи, яллалар айтар…

          Беморман… Ёмғир-чи, аллалар айтар…

          Ё раб, наҳот ёшли қўшиқларимни

          Менга насиб бўлмас паллалар айтар?!

 

                                          13.

          Сиз тўйиб ҳидладингиз, райхон берилганида,

          Куйладингиз, нигоҳи жайрон берилганида…

          Майдон бўлса, шаҳд ила от сурарман, девдингиз,

          Сарбадорни кўрмадик майдон берилганида…

                                14.

          Руҳимга ҳамаллар эга чиқишди,

          Сочимга шамоллар эга чиқишди.

          Азоб-ла ясовдим қувонч балдоғин,

          Қувончга заволлар эга чиқишди…

                                    15.

          Бас, юзинг ёшларга ювма, болажон,

          Сакра, ўйна, гувран, қувна, болажон.

          Дунё ширинлиги ўзингсан, эркам,

          Аччиқ андуҳларим қувла, болажон!

 

 

                                     16.

          Қўрқувдан дарз олди зиндондаги одам,

          Фирибдан дарс олди зиндондаги одам…

          Ўзи чиқиб олиб алал-оқибат,

          Чиқдик, деб жар солди зиндондаги одам…

                                  17.

          Осмонда оқ, оппоқ сурп турибди,

          Ортида қоп-қаро фириб турибди.

          Маъюс кўзларимга қайда тасалли?  

          Алмисоқ тегирмон юриб турибди…

                                         18.

          Сел ёғмиш. Кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз,

          Дил хомуш. Кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз.

          Ташлай қолинг, чавандоз, йигит тўнин елкадан,

          Алпомиш кўриб, ўзни кўрмаганга оларсиз…

 

                                      19.

                («Сиз… Сен… У…» туркумидан)

          Демам: «Куйларимнинг ғаними   сенсан.

          Ёр-ёр тўйларимнинг ғаними   сенсан…»

          Озод ўйлар   менинг ганжи хазинам.

          Озод ўйларимнинг ғаними   сенсан!..

 

                                  20.

             («Сиз… Сен… У…» туркумидан)

 

          Сўзлашда сало

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares