ҚАЙДА БОР БУНДАЙ ПРЕЗИДЕНТ?!

Соиб Мухандис

Халқни севадиган президентлар дунёда иккита бўлса, билингки, уларнинг бири – бизники. Агар биргина бўса, у ҳам, албатта, бизники! Негаки, ўзга юрт сардорлари лавозимларини суеистеъмол қилиб,

фарзандларини юқори лавозимларга тайинлаётган, юрт бойликларини талаб, ўзлаштириб, миллиардлаб долларларни Швейцария банкларига қўяётган бир пайтда, бизнинг президентимиз халқни ўйлаганлари-ўйлаган. Айтишларича, ҳатто кечалари ҳам уйқусираб, “ҳалқум-ҳалқум” деб чиқармишлар.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, халқни ўйламаган президент ҳар икки-уч ойда маош ва нафақаларни ўн-йигирма фоизга ошириб турармиди?! Муттаҳам ҳокимларни ишдан бўшатармиди?! Йўқ, албатта.

Муттаҳам ҳокимлар тез-тез алмаштирилмаса, улар манманлик касалига мубтало бўлиб, охир-оқибат эгасини ҳам танимай қолишлари мумкин. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Президентимиз маош-нафақаларни ошириб ҳам, жуда тўғри қиладилар. Негаки, соат сайин ошаётган нарҳ-навони жиловлашнинг бошқа йўли бўлмаса керак-да. Нима дедингиз?!

Яна бир гап. Эътибор берган бўлсангиз, президентимиз шу пайтгача бирор марта бўлсин, нарҳ-наво ошади, деб ҳеч айтмаганлар. Ҳар сафар, халқнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида маош-нафақалар мунча фоизга оширилади, дейдилар. Қандай олийжаноблик!..

Маошлар ўн-йигирма фоизга ошмасдан, нарҳ-навонинг қирқ-эллик фоизга кўтарилиб кетишини у киши билмайдилар, дейсизми?! Жуда яхши

биладилар, лекин, яна ўша, халқни ўйлаб, шундай қиладилар. Бир ўқ билан икки қуённи овлайдилар. Бир томондан халқаро жамият олдида халқнинг,

юртнинг обрўйини сақласалар, бошқа томондан кўзимизни очиб: “Эй инсон, маош-нафақаларни ўн беш фоизга оширсам, билгинки, нарҳ-наво ўттиз фоизга, йигирма фоизга оширсам, нарҳ-наво қирқ-эллик фоизга ошади. Ҳаракатингни қилиб қол”, – дея, биз гумроҳларни олдиндан нозиклик билан огоҳлантирадилар. Халқни ўйлаш шунчалик бўлади-да!

Президентимиз халқни ўйламаганларида, “Баркамол авлод йили”, “Қари-қартанглар йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Она-болалар, ота-оналар йили” дея, йилларга ном берармидилар?! Йўқ, албатта.

Аёлларни бичиш тадбири ҳам – улар соғлигини ўйлаб қилинган нарса. Нима кераги бор уларни қийнаб, азоблаб?! Туғишнинг, бола тарбиялашнинг ўзи бўладими?! Юртнинг текинтомоқлари қанча кам бўлса, шунча яхши эмасми?!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares