ЎЗИМИЗНИНГ ТОЛИБ АКАМИЗ!

(Машҳур бирликчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубнинг 70 йиллигига)
Замоннинг шиддатлилигини қарангки, яқиндагина бирликчи қиз жувонларга ёқадиган қоп-қаро мўйловчаларини бураб, митинглар пайтида қизил шапкалилар билан дадил олишиб, кейинчалик ҳам уларнинг тазйиқлари номақбуллигини юзларига айтиб кураш йўлида белини боғлаб, ғанимларининг юрагини доғлаб юрган ўзимизнинг Толиб акамиз етмишвойлар сафига қўшилибди. Биз Толиб акамиз, деб урғу бераётганимиз бежиз эмас. Кейинги пайтларда, у киши кимгадир хат ёзса ёки ёзган мақолаларини юборса, “Толиб акаман”, деб имзо қўядиган бўлганлар. Ҳолбуки, Толиб Ёқубов “Бирлик халқ ҳаракати” сафларига қўшилиб, бу жўшқин дарёда кетаётган кемалардан бирининг дарғасига айлана бошлаганда 45 ёшдан ошган, ҳали элликка, “акаман”дейиш даражасига етмаганди. Ҳозир чин дилдан акалик қилаётган Толиб ака Ҳаракатнинг дастлабки йилларида, ким нима иш буюрса, мен доцентман, математик логикадан дарсликлар ёзганман, деб ўтирмасдан ким нима иш буюрса қилиб кетаверарди. Ўша пайтлари “Толиб ака, фалон куни митинг бўларкан, ўзингиз бир чиройли эълон ёзиб беринг” ёки “Толиб ака! Абдураҳим Пўлатни қамашаётган экан, бир яхшилаб қарши ариза ёзиб беринг”, “Жиззахда халқ кўчага чиқибди, бориб кўнглини кўтариб келинг” каби илтимослар кўп бўларди. Толиб акамиз бу илтимосларнинг биронтасини ерда қолдирмасди. Ўзлари ҳам, машиналари ҳам хизмат қилар, ўзларининг чиройли дастхатлари билан ватман қоғозига эълонлар ёзиб берар, ёшроқ бирликчилар уни қаерлардадир кўпайтириб, шаҳарнинг, Тошкент вилоятининг турли туман ва қишлоқларидаги одамлар говжум жойларга ёпиштириб келишарди… Хуллас, ўзи каттагина олий даргоҳда доцент бўлиб ишлашига қарамасдан мен олимманку, деб ўтирмас, Бирликнинг ўти билан кириб, кули билан чиқарди.
Кейинроқ Толиб акада публицистик маҳорат ҳам борлиги маълум бўлиб қолди. “Кичкина Сталин”, “Демократия ўйинлари”, сингари мақоллари билан “Бирлик”, “Мустақил ҳафталик”, “Тўмарис” каби эркин матбуотларда қатнашиб қаламини чархлай бошлади. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг тузилишида бош-қош бўлган ўзимизнинг “новча” бўйли Толиб акамиз, аввал Абдуманноб Пўлат раҳбарлигида, сўнг ўзи мустақил равишда фаолият юрита бошлади. Шу орада оддий бирликчидан Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг лидерига айланди, Инсон ҳақлари бўйича кўплаб мамлакатларда бўлиб ўтган симпозиум ва конгресларда қатнашди, дунёга танилди. Тошкент шахрида туриб Инсон ҳуқуқлари бўйича кўп савоб ишлар қилди, миршаблару судлар билан олишди! Сўнгроқ у кишига тазйиқ чидаб бўлмас даражага етди-ю, у киши Фарангистонга кетиб қолдилар. Толиб аками ўз мақолларида гоҳ ўзларини камситиб, мен туғма ногиронман, бўйим ҳам унчалик узун эмас, деб юради, аслида у кишининг бўйи ҳам, ўйи ҳам кўплардан узунлиги маълум бўлиб қолди. У киши Францияга боргандан кейин, шоирларимиздан бири ҳазил тариқасида айтганидай, Бобил минораси ҳам ўзини анча паст сезиб қолди.
Толиб акамиз балки айрим пайтларда кимларнидир ранжитган, ким биландир ортиқча баҳслашган бўлиши мумкин(беайб Парвардигор!), аммо У киши Ватанда қолиб, узоқ йиллар Ўзбекистондаги миллий озодлик ва демократия йўлидаги курашда ҳамиша собит турганлардан биридир.
Толиб ака! Сиз кўплаб қийинчиликларни, не-не машаыыатлар ва касалликларни енгансиз. Мабодо кексалик сабаб у ер бу ерингиз оғриётган бўлса, кайфиятингиз тушмасин! Бу оғриқларни ҳам енгасиз! Биз Сизнинг қутлуғ 70 ёшингиз билан муборакбод этар эканмиз, мустаҳкам соғлиқ, букилмас ирода, руҳий кўтаринкилик тилаймиз! Халқимиз, яқинларингиз ва дўстларингиз бахтига узоқ йиллар омон бўлинг! Яхши кунларда она юртимизда, тўкин дастурхон атрофида, 80,90, 100 йиллик тўйларингизни нишонлаш насиб этсин!
Ҳурмат билан
Абдулазиз Маҳмуд, Дадахон Ҳасан, Гулчеҳра Нур, Ботир Норьбой, Носир Зокир, Ҳайитбой Абдулло, Миролим Одил, Маҳбуба Қосим, ва бошқалар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares