Ботир НОРБОЙ, филология фанлари доктори.
Илдизлари хунлар, саклар, массагетлар ва (шу уруғлардан пайдо бўлган) туркий ва форсий хақонликларга бориб тақаладиган қавмларнинг биз истаган даражада иттифоқ эмаслигининг кўп сабаблар бор. Биринчидан, ҳозиргача ҳам туркийлигимиз ёки форсийлигимиз билан ортиқча фахрланиб, бу қавмларнинг тарихдаги хатолари тўғрисидаги бор ҳақиқатни бўяб-бежамасдан айтаётганимиз йўқ. Бундан 1,5 минг 2 минг йиллар олдин хитой давлати ҳайиқиб турадиган турк ҳақонлиги ўз йўлбошчиларининг соддалиги, хитойлик арбобларнинг усталик билан олиб борган сиёсати таъсирида парокандаликка учраб Ғарбий ва Шарқий ҳақонликларга бўлиниб кетишган. Туркийларнинг аксарияти, шу жумладан ўзбек, қозоқ, туркман ва қирғиз туркийлари ҳам кўчманчиликка кўникиб, айрилиб яшашгани туфайли туркийлик ҳиссидан кўра уруғдошлик, бойлик орттириш ҳисси кўп ҳолларда устун келган. Қорахонийлар Салжуқ туркларига қарши уришишган. Амир Темур форсларнигина эмас, туркий миллат йўлбошчиси бўлган Боязидни ҳам аямаган. Ота томондан Абулхайрхон(янглишмасам, ХУ аср урталарида Ўзбек хонлигини қурган)номли буюк зотнинг невараси, она томондан темурийлардан бўлмиш Шайбоний ўзининг қориндоши бўлмиш Бобурга қарши қўшин тортган. Ҳатто бир оила фарзандлари ҳисобланган темурийлар бир-бирини аямаган. Ҳусайн Бойқаро ўз ўғли (?) Бадиуззамонга қарши урушган. Эндигина тахтга ўтирган Бобурга ўз амакиси Султон Аҳмад мирзо уруш очган.
Туркийларнинг бирлашмаслигига яна бир сабаб, бизнинг ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати мафкурачилари таъсирида фахрланиб юрганимиз Амир Темурдан тортиб тарихдаги амир ва хонларимизнинг узоқдаги мамлакатларгагина эмас, яқин қўшниларга ва ҳатто бир-бирига ҳам уруш очганидир. Туркийларнинг бир-бирига қўшин тортиши 19-аср ўрталаригача ҳам давом этаверган. Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликлари сал қўллари бўшаганда бир –бирининг ерига бостириб кириб, бойликларини талаш билан шуғулланиб келишган. Бу ҳам етмагандек, қўшни диндош ва тилдош халқларга ҳам босқинлар ясашган. Хива хонлиги сарбозлари ўзига қарши бош кўтарган туркманлар ва қорақолпоқларни қийратишдан тўхтамаган. Қўқон хонлиги вакиллари бош кўтарган тоғлик тожиклар ва қирғизларнинг жангари вакилларига қарши кураш олиб боришган. Чўлпон тарихимизни “бош кесар хонларнинг тарихи”, деб бежиз айтмаган.
Шулар туфайли туркийлар ва форсийларнинг айрим вакилларида ҳозир ўзбек деб аталаётган қавмга асоссиз (ахир,туркману қорақолпоқларга, қирғизларга ўзбекнинг қора халқи эмас, амалдорлар ва уларнинг сарбозлари қарши курашганку!) нафрати бор.
Халқларимизнинг оми вакиллари бир-бирини камситадиган латифалар ва мақоллар тўқишади. Ўзбекистонлик оғзи полвон мияси суюлган айрим вакиллари қардош, диндош тожик биродарларимиз ҳақида: “тожикдан дўстинг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин”, дейди. Қозоқ биродарларимиз худди шу мақолни (“ўзбекдан дўстинг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин” тарзида) ўзбекларга нисбатан ишлатади. Ҳатто ўзини демократик мухолифат вакили деб биладиган айрим кишилар, тожикларга ёки ўзбек (қозоқ ёки қирғиз)туркийларига нафрат изҳор этишни канда қилмайди. Албатта, ҳаётда ҳам, адабий асарларнинг қаҳрамонлари орасида ҳам бу хил тамойилларга қаршилар кўп. Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романининг қаҳрамони, “Бир куни бир қозоқ билан бир ўзбек…” деб латифа бошлаган Ғаркўз лақабли персонажни жеркиб ташлайди. “Сенга ўхшаганлар туфайли халқларимиз бирлашолмай келади”, дейди. Ҳаётда ҳам бу хил байналмилалчи кишиларни кўп учратамиз. Менга қолса, гарчи демократик қадриятларга мос келмасада, халқларни камситиб тўқилган мақол ва латифаларни ёйганларни тийиб қўйиш, Марказий Осиё мамлакатларида миллатчиликка қарши алоҳида қонун чиқариш керак.
Қадим Туркистондаги туркий, форсий миллатларнинг асоссиз нафрати кучлилиги ва муҳаббати камлигининг давлатларнинг мафкуралари билан боғлиқ сабаблари ҳам бор. Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва айниқса, Қирғизистонда бир дин ва тил вакиллари эканлигимиз, тарихимиз, маданиятимиз бирлиги, дўстлигимиз ҳақида, ҳатто Шўро давридагидан ҳам кам ёзишади ва гапиришади. Ҳолбуки, оғизда эмас, амалда халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга ёрдам бергувчи маданият, адабиёт ва санъат кунлари ўтказилиб турилганда, иқтисодий ва маданий муносабатлар йўлга қўйилганда Қирғистондаги ваҳшийликлар юз бермаган бўларди.
Ва ниҳоят Марказий Осиё халқлари ўртасидаги бу хил мажороларга деярли томошабин бўлиб турган Туркия ҳукуматидан ҳам ўпка-гинамиз бор. Ўш ва Жалолободда қирғин бўлган пайтда, Туркия ўз муаммолари билан ўралашиб қолганини тушунсакда, айнан шу қардошларимиз бу мажороларнинг олдини олиш ва бартараф этиш йўлида кўп иш қилиши мумкин эди, деб ўйлаймиз ва ўша пайтдаёқ бир қанча ўзбек зиёлилари бу ҳақда уларга хабар беришга журъат этган эдик. Аммо натижа биз кутганчалик бўлмади.
Шу хил моддий, маънавий руҳий ҳодисалар туфайли Марказий Осиё халқлари бирлашаолмай келади. Ҳатто сал кам 70 йил СССР бўлиб яшасак ҳам, турли республикаларга бўлинганимиз туфайли кўпчилигимизнинг қонимизда ўзбеклик, қозоқлик, қирғизлик, туркманлик, тожиклик сақланиб қолган. Ҳатто битта мамлакатда яшаётган ўзбеклар хоразмлик, бухоролик, самарқандлик, фарғоналик, тошкентлик, сурхандарё ёки қашқадарёлик деган туйғудан воз кечгани йўқ. Қозоқ биродарларимиз мустақилликдан кейин ҳам бир-бири билан учрашиб қолишса, “қай жуздансен”, деб уруғ суриштиришади, қирғизлар Шимоллик ва Жанублик эканликларини эслатиб туришади. Кишилар, миллатдошлиги туфайли эмас, уруғдошлиги ёки ердошликлари туфайли бир-бирини қўллаб туришади. Бу хил майда миллатчилик, уруғдошлик туйғулари мамлакат бирлигига зарар келтиришини халқларимизнинг илғор вакиллари (айтайлик Чингиз Айтматов, Мухтор Шаханов, Одил Ёқубов, Мамадали Маҳмудов, Юсуф Жума каби адибларимиз) айтиб келишган.
Миллий бирлик йўлида бир-бировни қўллаш қабиладошликдан баландроқ мақом бўлсада, демократик қадриятлар олдида паст мақомдир. Инсон Инсон бўлганлиги учун ҳам ҳақиқат йўлида бир бировни қўллаши керак, аммо биз ўзбекларгина эмас, қўшнилармиз (айниқса Қирғизистон)да ҳам демократик қадриятлар нотўғри тушунилгани учун, миллий демократик ғояларни илгари суришга мажбур қолмоқдамиз.
Қирғистондаги ички сиёсатни чуқур англамаган, кучларни тўғри чамаламаган, тўғрироғи, бу мамлакатда демократик тушунчалар шаклланган деб ишонган ва бир томонга ён босган ерли ўзбек лидерларидан баъзилари ҳам қовун туширган пайтлари бўлганини энди англаб етмоқдамиз…
Ўрта осиёлик халқларимизнинг оми вакиллари кўнглидаги асоссиз нафрат (шунингдек, қирғиз ҳукумати ичидаги миллатчи тўдаларнинг ғазаби ) Ўш ва Ўзгандаги қирғинга 20 йил тўлгандан кейин 2010 йилнинг июнида Ўш, Жалолобод ва Бозорқўрғонда ўзбек қавмига қарши яна қатли омлар бўлиб ўтди.
Ва ниҳоят, ҳамиша, “Огоҳсан шоҳсан”, деб билгувчи Ўзбекистон лидерларининг Қирғизистон жанубидаги воқелар пайти миллат ҳақида қайғурмаганларининг гувоҳи бўлдик. Шу маънода, Баходир Чориевнинг “Фарғона ру”га берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматининг ўша пайтдаги воқеаларга муносабатининг салбий баҳоланиши тушунарли. Агар ўзбек миллатига озгина қайишишганида фожеалар бу даражада бўлмаган бўларди. Бугунги шароитда Бахтиёр Исабековнинг (бир гуруҳ адиб ва олимлар қатори 2005 йили берган ва яқинда) Бирдамлик сайтида чиққан интервьюсидаги:“ ўзбек миллати ҳали Ўзбекистонда ўзининг миллий давлатига эга бўлгани йўқ”, деган фикрига ишонишга тўғри келади. Зеро, миллий давлатчилик принциплари бўйича, бирон жойда миллатимиз вакили қийинчиликка учраб қолса, керак ёрдамни олиши лозим.
Аммо мамлакатлар, қавмлар ўртасидаги ўзаро муаммолар борлигига қарамасдан, “Бирдамлик” лидери Баходир Чориев интервьюсида тўғри айтилганидек, бугунги шароитда Р. Отунбаеванинг ҳуқуқий демократик давлат яратиш позициясини қўллашимиз керак. Интервьюда ҳам таъкидланганидек, Қирғизистонда ҳуқуқий демократик давлат қурилиб, қонунлар ишласа, ҳақиқат қарор топади, ноҳақликлар, қилмаган айби учун қамашлар барҳам топади ва қамалганлар оқланади, деб умид қиламиз. Кам сонли миллатларга нисбатан қилинган тажовузларни уюштирганлар ва бу тенгсиз жангда қатнашиб, ўзга миллат вакилларига жабр етказганлар қонун олдида жавоб бермоғи шарт.
“Ёмонликни олдингда тут, яхшилик келса бахтинг”, дейди халқ. Шахсан ўзим, бутун дунёда, айниқса, Марказий Осиё ва Ватанимиз Ўзбекистонда миллий мажоролар юз бермаслигини, қон тўкилмаслигини орзу қиламан. Аммо аксарияти оми ва узоқни кўраолмовчи бўлган ерли халқларнинг душманлари кўп: Худо кўрсатмасин, душманлар бир эвини қилиб, учқундан аланга чиқаришлари мумкин. Мен яшаётган жойдаги баъзи зиёлилар орасида, “халқларимизни душманлари ўзбеклар ва ерли тожиклар ўртасида мажоро чиқаришмаса, гўрга эди”, деб ҳадиксираб юришади. Қирғизистонда қонли тўқнашувлар юз бераётган пайтда эксперт гуруҳ рахбари сифатида фаол ишлаётган Суҳроб Исмоиловни учратиб қолдим ва: “Қирғизистонда шу қадар ваҳшийлик бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганимдим”, дедим. У: “Худо кўрсатмасин, агар ерли тожиклар ва ўзбеклар ўртасида шу хил тўқнашув бўлса, бу икки халқнинг оми вакиллари ҳам қирғизистондаги воқеаларни такрорлаши мумкин”, деган мазмунда гапирди. Менга, ўша пайтда, унинг фикрлари тўғрига ўхшаб кўринди ва сесканиб кетдим. Бугунги кунда биз зиёлилар қардош халқлар ўртасида англашилмовчиликларнинг олдини олиш йўлида ишлашимиз керак. Зеро Марказий Осиёда азалдан яшаб келаётган халқларнинг бўлишадиган ҳеч нарсаси йўқ. Оддий одамларга мусаффо осмон, тинч ер, зарур озиқ овқат, кийим кечак: фаровон ҳаёт бўлса – етарли. Ота-боболарнинг: “Осмонимиз мусаффо, еримиз тинч бўлсин”, деб дуо қилишларининг туб маъноси ҳам шу!
2011 йил 5-апрел. Қозоғистон.



