МУХОЛИФАТСИЗ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ БЎЛМАЙДИ

Носир Зокир

Ливия рахбари Муамар Каддафи ўз тарафдорларига мурожаат қилиб,
давлатни химоя қилишга чақирди. Вахоланки, у ўзини химоя қилишга
чақиран эди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон телевидениясининг «Ёшлар» канали орқали
жанубий Кореяни «Сарой шамоли» теле-сериали намойиш этилмоқда. Шу
сериалда бир неча сарой амалдорлари давлатга хиёнат қилганликда
айбланиб хибсга олинади.

Аслида улар подшонинг сиёсатига қарши чиққан шахслар эди. Бу подшо
тарафдорлари томонидан давлатга хиёнат сифатида талқин этилади. Бу
сериал, бир неча йиллар олдин бўлиб ўтган воқеалар асосида ишланган.
Демак, ўша замонларда ҳам подшонинг сиёсатига қарши чиқиш бир бутун
давлатга қарши чиқиш сифатида талқин қилинган экан.

Келинг, ўзимиздан мисол келтирайлик. Ўзбекистонда мухолифатдаги
«Бирлик» ва «Эрк» партиялари кучайган пайтда, баъзи сиёсий кўр
амалдорлар, мухолифатчиларни «давлат душманлари, ҳалққа қарши кучлар»
сифатида кўрсатишга харакат қилишди. Вахоланки, мухолифатчилар ҳеч
қачон Ўзбекистон деган давлатга, унинг ҳалқига қарши бўлмаганлар,
юргизаётган сиёсатга қарши бўлганлар. Инсон хуқуқларига риоя
этилишини, Ўзбекистон хукумати кўл қўйган ҳалқаро хужжатларнинг
талабларини бажаришини талаб килганлар, холос.

Мухолифатнинг вазифаси хукумат олиб бораётган сиёсатни танқид
қилишдир. Шу танқидни хукумат амалдорлари «душманлик» деб билишсаса,
ўша хукумат ношуд хукуматдир. Танқидни тўғри қабул қилиб, хатоларни
тузатишга харакат килишса, ўша хукумат ҳақиқий ҳалқпарвар хукуматдир.
Шундай хукумати бор халқнинг келажаги буюк бўлиши аниқ. Сизнинг
мазангиз қочса, шифокорга каерингиз оғриётганини айтасиз. Ана ўшандан
кейингина у сизни даволай бошлайди. Айтмасангиз-чи, у қаердан билади
дардингизни. Сиёсатда ҳам шундай. Камчиликлар айтилади, сўнг ўша
камчиликларни хукумат тузатишга харакат қилади. Хукуматни тинимсиз
мақтаётган, камчиликларни яшираётган партияларни, шахсларни мен
хукуматнинг дўсти, деб билмайман.

Зеро, буюк аждодларимиздан бири Рухиддин Авходий «Ким айбингни айтса,
у дўстинг, ким яшириб юрса – заҳарли илон», деб бежиз айтмаганлар.
Лекин хукуматнинг сиёсатидан доимий равишда хато қидириш ҳам ярамайди.
Танқид ҳалол, фактлар асосида бўлиши даркор.

Хуллас, мамлакатнинг сиёсий тизими мухолиф партияларсиз ривожланмайди.
Мухолиф партияларга имконият яратмаган мамклакатни келажаги йўқдир. Бу
исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Мухолиф кучларни танқидига
чидамаган хукумат араб мамлакатларида ҳалқ ғазабига учраётган
хукуматларнинг тақдири кутади. Бу ҳам исбот талаб қилмайдиган
аксиомадир.
***

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares