Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишга
киришилганлигига 15 йил бўлаётганлиги муносабати билан
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” қонун ҳамда уни амалга киритиш хусусида қарор қабул қилганди. Вақтлар ўтиши билан, мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган вазифалар белгиланган муддатларда бажарилавермагач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сессияси 1995 йил 6 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг юқорида тилга олганимиз қонун ва қарорига ўзгартиришлар киритадиган яна янги қонун ҳамда қарор қабул қилди.
Мамлакат парламентининг ана шу ҳужжатларига кўра, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш 1996 йил 1 сентябрдан бошланиб, босқичма – босқич давомлашиб, 2005 йил 1 сентябрда ниҳоясига етказилиши шарт эди. Орадан, деярли, 10 йил кечиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги ёзув ислоҳотига боғлиқ ўша қонуни ҳамда қарори вазифаларини кўрсатилган саналарда амалга ошириш мумкин эмаслиги аёнлашди. Шундан сўнг, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тартиблари ва муддатлари иккинчи маротаба бузилиб, бу жараёнлар 2009 йилга қадар давомлаштириладиган бўлди.
Таассуфларки, “лотинлаштириш” ислоҳоти ушбу санада ҳам, умуман, амалга ошмасдан қолди ҳамда, мана, орадан тағин 2 йил кечиб кетганига қарамасдан, ниҳоясини топмаётир ва шу аҳволда асрнинг чорагигачаям интиҳосига етмаслиги кўриниб турибди..
Айни масалага қолганда, бундай ўзгартириш, узайтириш, чўзиш, бузишларнинг рўй бериши илгариданоқ аниқ эди. Негаки, ушмундоқ “ёзув ислоҳоти” аввалбошданоқ пухта ўрганилмасдан, аниқ ҳисоб – китоб қилинмасдан, чуқур ўйлаб кўрилмасдан, фақат, тор доирадаги кимсалар манфаатинигина кўзлаган ҳолда қўл урилган нотўғри сиёсат эди. Мен мазкур гапларни бир ижодкор сифатида “лотинлаштириш”га мутлақо қарши эканимдан эмас, балки, ҳаётнинг ўзи айни ислоҳотни инкор этаётганидан келиб чиқиб айтаётирман-ки, юқоридаги ва қуйидаги ҳолатлар буларнинг яққол исботидир.
Мен лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ва амалга киритиш бошланганлигига 15 йил бўлаётганлиги муносабати билан яна айрим мулоҳзаларимни билдириб, ўз фикрларимни далилламоқчиман.
Авваламбор, мазкур ислоҳотнинг муҳим мақсадларидан бири – ёзувимиз билан оғзаки нутқимизни мувофиқлаштириш, тилимиздаги товушлар ва ҳарфларнинг мутаносиблигини таъминлаш бўлса, йирик олимлар, амалиётчилар, ижодкорлар, зиёлилар ҳамда мутахассисларнинг уқтиришларича, лотин имлосига асосланган янги ўзбек ёзуви, барибир, юқорида тилга олинган муаммоларни тўла ҳал этадиган даражада эмас, билъакс, илгаригидан-да номукаммалроқдир . Иккинчидан, “лотинлаштириш”нинг айнан ҳозирги қийин ва оғир вазиятда, мушкул шароитда амалга оширилиши Ўзбекистоннинг шусиз ҳам тошбақақадам “тараққиёти”ни, тағин-да баттар сусайтириб юборади.
Учинчидан, бу – илгариям, яъни, 1928 – 1940 йилларда бир маротаба босиб ўтилган ҳамда инкор қилинган йўлдир. Тўртинчидан, агар, бизларга алифбони ўзгартириш қатьий шарт бўлса, тегишли равишда ислоҳ этилган арабий имлога ўтганимиз дуруст эмасмиди?! Ахир, 1200 йилликдан зиёд тарихимиз ва алломаларимизнинг диний ҳамда дунёвий асарлари, мумтоз бадиий адабиётимиз ушбу ёзувда битилган-ку! Шундай қилинганида, кейинги чораккам бир асрда яшаб ўтган халқимиз маҳрум қилинган имкониятлардан, ҳеч қурса, эндиги авлодларимиз баҳраманд этилган бўлардилар. Ҳозирги кетишда эса, улар, нафақат, араб ёзувидаги, балки, сўнгги 65-70 йиллик кирилл алифбосидаги манбаларимиздан-да фойдалана олмаслар.
Бешинчидан, буюк аждодимиз Заҳириддин Бобур, туркий, яъни, эндиликда таърифланаётганидек, эски ўзбек тили ва ёзувига мослаб яратган “Хатти Бобурий” имлоси тарихдан маълум. Гарчи, ўзимизга хос мустақил ёзув ҳамда миллий алифбо зарур экан, нечун Бобур хаттини такомиллаштирган ҳолда қабул этмадик?!
Тегишли манбаларда ўзбек ёзувининг лотин имлосига ўтказилиши сиёсий, лингвистик ҳамда маънавий масала сифатида баҳоланади. Аммо, бу – энг биринчи навбатда, улкан иқтисодий – ижтимоий муаммолар ҳамдир. Ҳозирги кунлардаям ўқиш ва ёзиш имкониятига эга аҳолининг 70 – 80 фоизи лотин ёзувини билмаслигини, уларни бунга ажратилган қисқа вақт оралиғида оммавий ўргатиш имконсизлигини, ўнлаб асрлик маънавий – маданий – адабий меросларимиз, юзлаб матбуот нашрлари, бадиий асарлар, техник – илмий ҳамда бошқа махсус адабиётлар, минглаб ёзув – кўчирув – босув техника воситаларининг янги алифбога ўтказилиши қанчалаб маблағ, меҳнат, куч талаб қилишини тасаввур этиб кўринг-а! Тағин, Ўзбекистоннинг ҳозирги харобдан-да хароб моддий имкониятлари билан айни жараён қанчага чуваланиши (шу пайтгачаям тўрт (!!!) бора бузиб, чўзиб узайтирилди) халқнинг ярим оч – ёрти яланғоч эканлиги шароитида, бу – ўлганнинг устига чиқиб тепган, ёки, кўтара олмасанг қўшиб боғла, деганлари эмасми?!
Агар, кейинги қонунга мувофиқ, 2005 йил 1 сентябридан эътиборан, лотин ёзувига асосланган ўзбек имлоси республика бўйича ёппасига, мажбурий равишда жорий этилганида ҳали бунга мутлақо тайёр бўлмаган аксарият ватандошларимизнинг ҳоллари не кечарди? Истаймизми – йўқми, ҳалиям катта ва кекса ёшдаги фуқароларимзнинг ярмидан зиёд қисми мазкур ёзувни ўрганолмасдан оламдан саводсиз ўтиб кетади ҳамда кетаяпти ҳам. Ҳатто, навбатдаги узайтирилган (унинг қачонгача эканлигини аниқлаш чорасини тополмадим) муддатгачаям барчани бунга оммавий қамровда ўргатиш иложсиз. Демак, бундай вазиятда ХХI аср бошига келиб, Ўзбекистонда худди ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидагидек, ЧСБлар, яъни, чаласаводликни битириш курслари очиладими?! Бунақада мутараққий дунё олдида, шусиз ҳам сариқ чақалик, қадр – қимматимиз янада тушиб кетмайдими?
Булардан ташқари, Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган янги алифбони амалга киритиш Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон давлатларида яшовчи 5 миллион нафардан ортиқ миллатдошларимиз билан маънавий – маданий – адабий алоқа ришталарининг узилишига олиб келмоқда. Илло, ҳозирданоқ, қирғизистонлик, қозоғистонлик, тожикистонлик ва туркманистонлик ўзбекларнинг болалари Ўзбекистонда нашр этилган ҳамда ўзлари шу пайтгача фойдаланиб келишган дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларидан маҳрум бўлдилар. Бу, алалоқибат, қўшни қардош мамлакатлардаги миллатдошларимизнинг она тилларини йўқотишларига олиб келадиган асосий салбий сабаб ва омилдир. Негаки, уларда аввалгидек дарсликлар ишлаб чиқариш имкони йўқ. Шундай бўлгач, ўзлари яшаётган давлатларнинг тилларида ўқитиладиган мактабларда таълим – тарбия олишга мажбур бўлмоқдалар, ўзбек мактаблари эса, бундай шароитда ўз – ўзидан йўқолиб кетишга маҳкумдирлар.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 22 йил тўлаётир. Шунчалик узоқ муддат оралиғида ушбу муносабат билан қабул қилинган қонуннинг асосий талаблари ҳанузгача тўла амалга оширилмаган бир вазиятда икки – уч йил ичида ёзувимизни тубдан ислоҳ қилиш билан боғлиқ улкан муаммоларни ҳал қилиш мутлақо мумкин эмасдир.
Қисқаси, лотин имлоси асосидаги янги ўзбек ёзуви зўрма-зўраки тиқиштириладиган бўлса, юқоридаги сабабларга биноан, мамлакат ривожи, сиёсат ва маънавият тараққийси, халқнинг аҳвол – руҳияси ҳозиргидан-да баттарлашиб кетиши турган гап! Яқин келажак буни, албатта, кўрсатажак!
Мазкур ислоҳотга боғлиқ ишларнинг, нари борса, эндигина чорак қисми бажарилгандир, эҳтимол. Ҳолбуки, улар аллақачон, яъни, 6 йил муқаддам тугалланиши даркор эди. Айни масаладаги ҳолнинг хароблигини шундан ҳам билса бўлади-ки, ҳозир, ҳатто, шаҳарлардаям янги имлони билмасликдан атроф – теваракдаги ёзувларни ўқиёлмай, ўзларини, бамисоли, осмондан тушиб қолгандек, ёхуд, бирон чет элга бориб қолгандек ҳис этиб, адашиб – улоқиб юрган сарсон – сайлилар сонмингтадирлар.
Шундай экан, ҳалиям ушбу борадаги хатоларни тузатишнинг имкони йўқ эмас. Жуда шарт ва зарур бўлса, айни пайтда амалда бўлган кирилл алифбосидаги имломизни нисбатан такомиллаштирган ҳолда уни қўллашда давом этиш мақсадга мувофиқ кўринади. Лотин алифбоси асосидаги ўзбек ёзувини ўрганиб улгурганларнинг эса, ўзларига фойда. Эрта бир кун машаққатлар-у муаммолар (дарвоқе, улар юқорида далиллаганимиздек, аллақачон бўй кўрсатмоқда) қаршисида эсанкираб ўтиргандан кўра, шуниси маъқулдай, назаримда. Тағин, қолаверса, янги ёзув ислоҳотининг яққол сезилиб ҳамда кўриниб турган истиқболсизлигини тан олиш ҳам мардоналик нишонасидир.
Хуллас, мазкур соҳага қолганда етти эмас, керак бўлса, етмиш марта ўлчаб, сўнг кесмоқ даркордир. Ахир, булар – халқимиз, миллатимиз, Ватанимизнинг ҳаёт – мамотига дахлдор масалалар ҳамда муаммолар ҳисобланади.
ЭЛТУҒЁН