ИШОНЧ

Абулфайз Бapoтов

Умурбоқий анъаналар

Давлатимиз томонидан экалогияга эътибор кучайганидан кейин телевевидения ҳам бу соҳага эътиборини қаратди. Жумладан, шаҳарларда ва шаҳар типидаги посёкалардаги кўп қаватли уйларнинг шундоққина ёнида тоғ бўлиб уюлиб ётган чиқиндилар ва бу кўнгилсиз манзарага лоқайд қараб келган мутасадди раҳбарлар ҳам танқид тиғига олина бошланди. Ижроия идора йиғилишларида ҳам бу масалага катта эътибор бериш кундалик вазифага айланди.
Зарбдор туманидаги Бўстон шаҳарчасида ҳам кейинги йилларда тозалик ва ободонлаштириш ишларига панжа орасидан қараб келинди. Одамлар ҳовлилари ва молхоналаридан чиққан чиқиндиларни ўзлари яшайдиган даҳаларнинг қоқ ўртасига ташлаверганлиги учун ахлат уюмларидан катта тепаликлар ҳосил бўлди. Маҳалла фуқоролар йиғинлари раислари эса, бу кўнгилсиз манзараларга лоқайд қараб келдилар. Туманга Эргаш Ғайбуллаев биринчи раҳбар бўлиб ишга келди-ю, маҳаллаларга эътибор кучайди. Бўстон шаҳарчасидаги “Шодлик” маҳалла фуқоролар йиғинига қарашли “Мустақиллик” даҳаси аҳолиси “дом”лар орасида тоғ бўлиб уйилиб кетган чиқиндиларини чиқариб ташлашга ҳокимликдан кўмак сўради. Ҳокимнинг топшириғига аосан шаҳарчада жойлашган Вилоятлараро “Мирзачўл” бирлашмаси ёрдам қўлини чўзди. Бирлашмага қарашли сув тармоқлари бошқармасининг техникалари ёрдамга келди.
Даҳада фуқоролари ҳам ҳашардан четда турганлари йўқ. Ҳар бири имконияти борича пул йиғишиб, техникаларга ёқилғи сотиб олиб беришди, тракторчиларга навбатма-навбат иссиқ овқат ташкил қилишди. Даҳада яшаётган салкам 90 хўжалик аҳли бир тан, бир жон бўлиб ҳашарда фаол қатнашганлари ҳолда, маҳалла фуқоролар йиғини мутассаддилари қораларини ҳам кўрсатмаганлиги даҳа аҳлини тааажжубга солди. Айниқса, маҳалла фуқоролар йиғинининг муҳтарам раиси уйи ахлат чиқиндхонадан атиги йигирма метрлар чамаси масофада жойлашган бўлишига қарамасдан, салкам етти кун давом этган ҳашарда, у зот ақалли бир мартагина, ҳашарчиларга “ҳорманглар,”-дейишга ярамади. Кейин эса, вилоятнинг ўша пайтдаги ҳокими номига, “Шодлик” маҳалласининг “Мустақиллик” даҳасидан салкам 140 телешка чиқиндини олиб чиқиб ташладик,” -деб, миннатдорчилик хати ёзишга журъат этди. Даҳа аҳолиси, “машоқда йўқ, ўроқда йўқ, аммо хирмонда ҳозир” бўлган кўзбўямачи раиснинг бундай “хурмача қилиғи” ҳақида туман ҳокимини хабардор этишди. Аммо унга қандай чора кўрилганлиги ҳақида бирон хабар эшитмадик.
Раис ҳузурига келган фуқороларни тўғри келган жойда сабабсиз ҳақорат қилаверганидан сўнг, уни ишдан олишга мажбур бўлишди. Сўкағон раисни туман “Маҳалла жамғармаси”га раис қилиб қўйишиб, “Тико” русумли хизмат машинаси билан тақдирлашди. Ана шундан бери квадрат шаклида қурилган 8 та “Дом”нинг қоқ ўртасига ахлат чиқиндисини тўкиш барҳам топди. Маҳалла фаолларидан Абдураҳмон, Гулсум, Гулнора, Ойгул, Шароф, Гулчеҳра ва бошқалар топ-тоза қилиб супуриб қўйилган майдонга навбатчиликка қўйилишди, ахлатини кўтариб келганларга шаҳарчанинг нариги чеккасидаги хилват жойни кўрсатишди: “ўша ёққа олиб бориб ташласанг, бир еринг камайиб қолмас.” Қарабсизки, кимдир молининг гўнгини тележкага юклаб, бошқаси пақирга ёхуд шолчага солиб қаторлашиб ўша ёққа кетаётган бўлади. Аввалига фуқороларнинг ўжарроқлари, “чиқиндиларимизни шу ерга ташлаймиз, шу ерга ўрганиб қолганмиз. У ёққа ким ҳам боради,”- деб шаддодлик қилганлар ҳам топилди. Аммо кўпчиликка бас келиша олмади. Ана шунга иккинчи йил бўлаяпти. Одамлар ўрганиб қолишди. Илгарилари ахлатга тўлиб-тошиб, ҳар томонга сассиқ ҳид таратиб ётган майдонда ҳозир болалар турли хил ўйинларни ўйнаб юришибди.
Энг муҳими, маҳалланинг “Мустақиллик” даҳасида қулоч ёзган ташаббус қўшни қўшни даҳаларга ҳам кўчди. Шаҳарчадан чиқиндиларни олиб чиқиб кетадиган техникаларнинг йўқлиги одамларни ташвишлантирмай қўйди. Улар агар қалбда иштиёқ бўлса, бу ишларни ўзлари, ўз кучлари билан амалга ошириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдилар. Умурбоқий анъаналарнинг ҳаётбахшлиги яна бир карра ўз исботини топди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares