ҚИССА
Бу ўз ҳосилини узадиган, яшил баргларни ғазон қиладиган, яна бир ўтган даврдан дарак берадиган мавсум – куз фаслининг ойи бўлиб, айнан шу паллада Нозим хожининг ахволи бутунлай ва қайтариб бўлмас даражада ўзгариб кета бошлади.
Бошланишида у жуда тез озиб кетди, суяклари беўхшов бўртиб қолди, дармонсизланди ва ой охирига етмайёқ деярли юролмайдиган рамақижонга айланиб қолди. Шу билан бир қаторда узликсиз оғриқнинг кучи зўрайди, жонини халак қилди, иштахасини бўғиб қўйди ва морфин деб аталмиш афюнга тобе қилиб алахсирсифат одамга айлантириб қўйди. Бу каби ўзгаришлар яқинлари, қариндошлари ва узоқ яқиндан йўқлаб келувчи таниш-билишларини ажаблантираётган бир ҳолатни юзага келтираётган эди; хожи учун ҳаммаси тугаётганига, паймонаси тўлаётганига ва нари борса ўн кунлик, бир хафталик ёки бир неча кунлик умри қолганига барчани ишончи комил бўлиб қолмоқда эди.
Олдинлари Нозим хожини кўриниши сира ҳам бу каби ахволга тушмаган эди. У бир неча ой аввал анчагина басавлат кўринишга эга инсон эди: бироз баланд бўйли, виқор билан одимловчи ва бир қарашда катта ёшларга хос ёқимтойлик жилваланувчи киши эди. У тенгиларнинг кўринишларида аллақачон кексалик аломатлари зохир бўлган бўлсада, хожи мудом улардан тетик ва шахдам, соғлиғи тўғрисида қайғурувчи, нисбатан ёш ва бақувват кўринишидан мағрурланувчи киши эди. Унинг тўлқинсимон сочларига оқ оралаган бўлсада у қадар сийраклашмаган, ўзига хос қалинлиги билан ажралиб турган ва ёши етмишга етиб икки маротаба хаж рукнини адо этган бўлсада, ҳали – ҳамон ҳаётнинг неъматларидан умидини узмай келаётган инсон эди.
Унга кўпчилик тенгқурларини ҳаваси келса келгудек эди. Чиндан ҳам, бир қарашда Нозим хожининг атрофидаги одамлар орзу қилса қилгудек ҳамма нарса бордай – бой бадавлат, казо казо ўғиллари қизи, нисбатан дабдабали ҳовли жойи, машинаси ва шу орқали одамлар орасида хурмат эътибори жойида бўлган одам эди. Шуни ҳам билингки, Нозим хожи Иттифоқ давриди ҳам ёмон яшамаган бўлиб, асосий бойлигини ўша пайтда жаъмғарган, катта мансабга минган, комунист ва яхши ижрочи бўлган мансабпараст киши эди. Бу кимса мустақилликдан сўнг хожи бўлди, масжидга қатнай бошлади ва нафақахўрлик қилиб бекорчи бўлгандан кўра ишлашни мақул кўриб, олдинги алоқа ва пулларини ишга солиб бўлсада маҳалланинг райиси бўлиб олди. Шўролар даврида у “ўртоқ Нозим Тўлаганович” бўлган эди ва қора кастюм-шим кийиб галстук таққан, “Волга” русумли “ГАЗ-24” да ишга қатнаб, маҳалла маросимларига рўйхушлик билдирмайдиган мансабдор шахс эди. Бироқ у бир думалдаб олди-ю, замонни зайлига қараб хожи бўлди, бошига дўппи кийди, галстугини енгил ёзги чапонга алмаштириб кўпчилик қатори масжидга қатнай бошлади ва кўз очиб юмгунча маҳалланинг катталаридан бирига айланиб қолди. Ростини айтганда, у олдинлари ҳам кичкинга одам эмас эди ва маҳалла лаганбардорларининг доимий хурмат эътиборида бўларди.
Бироқ томдан тараша тушгандай кутилмаганда юзага чиққан, барча орзу-умидларини чиппакка чиқариб қўйган бедаво касаллик пайдо бўлиб қолди ва ҳаммани донг қолдириб, виқор билан одимловчи хожини бир неча ой ичида тушакка бутунлай михлаб ташлади. Энди у деярли овқатланмас, озиб-тузиб кетган ва чумчиқ панжаси мисол ориқлаб қолган қўлларини асабий қимирлатганича зайиф товуш билан:
– Салимахонни чақиринглар, – дегувчи эди.
Салимахон бир неча эшик наридаги қўшни аёл бўлиб, шахар шифохонасида ҳамширалик касби билан кун кўрар ва ишдан бўш вақтларидан қўни – қўшниларга дори – дармон бериб ёки турли хил уколларни қилиб рўзғор тебратар эди. Харна қилса ҳам, бу ишида оиласига яхшигина мадад бор эди-да, ҳозирги кунда эса бир сўм пулни ким ҳам ўзича берарди, дейсиз. Ёши ўттиздан ўтиб қолган, ҳийла семира бошлаган бу аёл одатда эрталаб ва кечки пайт хожини ҳолидан хабар олар, врач белгилаган уколларини қилар ва иши юзасидан ёд бўлиб кетган сўзларни такрорлар эди.
– Бугунги кўринишингиз кечагидан анча яхши, – дегувчи эди.
Бироқ Нози хожининг аҳволи яхши эмаслиги ҳаммага кундек равшан бўлиб, барча умидларини саробга айлантирган саратон касалиги адойи-тамом қилмоқда эди. Қорнидаги кичикроқ коптокдек катта бўлиб қетган ўсимта жуда тез ривожланаётган, бошқа аъзоларини эзиб-сиқиб босиб олаётган ва қорнини шириб – дўмбирамисол таранглаштириб юборган эди. Буларнинг бари қаттиқ ва узликсиз оғриқлар билан давом этаётган бўлиб, унга қувват бўлувчи уколлардан ташқари морфин ҳам қилишмоқда эди-ю, бироқ морфиндай кучли модданинг таъсири ҳам охирги кунларда камайиб, тобора ривожланаётган касалликка узоқ таъсир қилиш кучини йўқотиб бораётган ва бир неча соатдан нарига ўтмай қолаётган эди.
Ориқлаб кетган, қимирламай ётиб охиста нафас олувчи, зўрға гапира оладиган ва ахён – ахёнда қайнатиб совутилган сувдан бошқа хеч нима ичмайдиган беморга нима ҳам қилиш мумкин эди. Деярли хеч нима. Унга хотини, болалари ва келинлари навбатма навбат қарашмоқда эди-ю, бироқ уларни қўлида нима ҳам келарди дейсиз?! Фақатгина кунига бир неча бор холатини ўзгартириб, уқалаб туриш тафсиясини бажариб туришса бўлгани эди. Бу эса узоқ ётувчи беморларда пайдо бўладиган, ётоғ ярасининг олдини олиш учун қилинадиган бир муолажа эди, холос.
Худди шу ҳолатда хожини қаттиқ қийнаган ва ҳаёт билан хайрлашишига озгина қолган ходиса рўй берди.
Одатда морфин уни анчагина тинчлантирар, ҳаёлларини чалғитар ва озгина мизғиб олишига йўл бериб турар эди. Дорини кучи кетгач эса одам мадорини қуритувчи, жонини халак қилувчи беаёв оғриқ ўз кучини кўрсатарди. Аммо бир сафар бошқачароқ бўлди. Аввалига бир неча соатдн сўнг келадиган доимий оғриқ бўлди, сўнг бирданига ва кутилмаганда бутун вужудини силкитиб – варажага тушириб суякларни зирқиратувчи оғриқ пайдо бўлиб қолди. Ориқлаб, буришиб, юзида ажинлар макон топган хожи, бирданига оғзидан кўпик чиқариб ғалати хириллаш қилиб қолди.
Бундан ҳамма шошиб қолди: оила аъзоларининг назарида уни жони кўз очиб юмгунча чиқиб кетгудек эди. Аммо бундай бўлмади. Яхшиямки бу ҳолат бир мартагина содир бўлди ва жуда тез ўзгараётган хожини мадорини куритиб ташлади.
Тезлик билан олиб келинган махалла врачи, беморга бир кеча кундуз уч маротаба морфин қилишни лозим топди, дарров биринчисини ўзи қилиб хожини тинчлантириб қўйди ва ёнида турган хожининг тўнғич ўғили бўлган Жахонгирга янги муолажа бўйича дори – дармон олиш учун қағоз – ретцеп ҳам ёзиб берди.
Дадасини ҳолатидан хавотирланган Жахонгир учун бу воқеа отасига қарашга бир ҳамширани ёллашига туртки бўлди ва шу сабабли оила аъзоларини касалга қарашдек ёқимсиз дахмазадан қутилтириб, ҳаммани ундан миннатдор бўлган ҳолда қизғин маъқуллашларига сазавор бўлди.
Бу хуруж хожининг охирги дармонини ҳам тортиб олди. У қимирламай ва бирон бир гап гапирмай бир кеча кундуз ётди.
Бошқа нима ҳам бўлиши мумкин эди! Ахир бу каби бедаво касаллик, Нозим хожи сингари ҳаётни севувчи кимсани аллақачон таслим қилиб қўйган эди. Бошланишидаги бир нима қилиб бўлса ҳам тузалиб олишга бўлган харакатлари тез орада саробга айланди, замонавий тиббиёт ва турли табибларнинг муолажалари бекор кетди. Касаллик кундан кунга ривожланиб – кучайиб уни осонлик билан тушакка ётғизди, ўз измига солди ва шу билан хожини умидларини чилпарчин қилиб ташлади. Шунингдек бу касаллик кучли оғриқ билан жонини халак қилиб, уни морфин каби афюнга тобе қилиб қўйди-ки, энди у учун тубсиз, ўз – ўзида қуйилиб келувчи чалкаш хотира ва ҳаёллар бор эди, холос. Ва ахён – ахёнда бош кўтариб, уни бу дунё одами эканлигини билдирувчи беаёв оғриқ ҳам ўзини кўрсатиб турарди.
Ҳа шундай, бу касаллик хеч бир шубхасиз уни “ўлим” деб номланувчи ўзга ўзга оламга ўтиш йўлаги ёқасига келтириб қўйди. Ва мана шу касаллик баҳона, доимо осонлик ва мол-дунё тамон интилгани сабабли зайиф иродали, яшашдан мақсади кўр-кўрона бойлик ва сохта хурмат-эътибор бўлгани учун билимсиз жохил ва замонни зайлига қараб яшагани эвазига тушкун бир тунғунлик ҳолига келиб қолган эди. Буни хисобли дунё дейдилар. Гарчи ўлим хақ ва ундан қочиб юрган одамни бир кун келиб, албатта ушлаб олиши ҳаммага маълум бўлган воқелик бўлсада, энг катта бахтсизлик ва ўлими олдидан инсон тушиши мумкин бўлган энг ёмон ҳолат, агар табирингиз жоиз бўлса, идроксизлик ва ақлу – заковатнинг турғунлик ҳолати эмас-ми?!
Унинг ўлими яқинлигига хеч кимда шубха қолмаган эди. Аммо унга бўлган тайёргарлик хожида ўзида бирон бир аниқликка эга бўлмаганидек, оиласидагиларнинг харакатини ҳам бундан яхшироқ деб бўлмасди. Уларни қилар ишлари гўристондан жой ҳозирлаш, қафанлик, турли хил зарурий ва бидат маросимларни ўтқазишни чамалаб олишдан иборат бўлди, холос. Буларни барини хожига нафи тегиши даргумон бўлсада, тириклар орасидаги ахамияти ва маълум бир кўникмаларни тасдиқлаши ҳаммага маълум бўлган воқеалик эди.
2
– Хожи бобони ахволлари яхшими, қизим? – деди Нозим хожининг хотини, хамшира қизга мурожат қилар экан уни зимдан кузатиб.
Кўринишидан жиккакгина, ўжар, сочлари бўялиб кошларига ўсма қўйилган аёлни ўзини тутиши ва беписанда важохати билан пул тўлайдиган хўжайин кимлигини билиб қўй демоқчига ўхшарди. Бироз озғинроқ, ўрта бўйли бу аёл жуда молпараст бўлганидан ташқари тийиқсиз мақтанчоқ, орзон гаровли обруга ихлосли ва анчагина бефаҳм бўлган таннознома кампир эди. У ўзини ҳамма “хожи она” деб чақиришларини дадил талаб қилгувчи бўлиб, бир маҳаллар эрининг мансабдорлиги ортидан келган обрудан бениҳоя қувониб, боши осмонга етганди.
– Ҳа яхши, хожи она, – деди йигирма бешлар атрофидаги кўкликкина ҳамшира аёл ҳаяжонланиб.
Уни ишга ёллашган куниёқ бу баобру онахонни яхши таниган аёллар, анави “мадам”ни “хожи она” дейиш кераклигини тушинтиришган эди. Чунки у айганидай бўлмаса, йўқ жойдан жанжал чиқариши, оналигини пеш қилиб гапини маъқуллаб туриб олиши ва ҳаммага эшиттириб аюханнос солиши хеч гап эмас эди.
Шуни ҳам айтиш керакки, хожи она ўз ўғилларини измига солиб олган ва келинларини миниб олган бўлса-да, кичик келинига ўзини кўрсата олмай қолди. “Зўрдан зўрроқ чиқиб қолади”, деганларидай бўлди. Ёш келинчакни уйга тушириб келишган куниёқ ҳаммани оғзига тушган эди. Чунки ундаги бир дунё узук, зирак, занжир ва турли хилдаги тилла тақинчоқлардан ташқари кўл ва оёқларидаги қўшалоқ билакузуклари билан ҳам барчани хайратга солган эди. Бу ҳамма аёллар учун сира кутилмаган янгилик бўлган эди. Мисоли эртаклардаги каби афсонавий бойликдан дарак берувчи, катта ва қалин гардишли билакузуклар барча аёлларнинг кўнглини маҳлиё қилди ва йилтираган олмосли кўзлари синчков нигохларни қамаштириб юборди.Чиндан-да билакузуклар чиройли эди ва бунақасини – худди хиндлар каби оёқларга ҳам тақилган русмини хали хеч ким кўрмаган эди. Бошиданоқ маҳалла ва таниш аёлларнинг оғзидан бир неча ой давомида тушмай қолган бу янгилик хожи онанинг саркаш ва иззатталаб нафсида қониқиш хиссини уйғотган эди.
Шубхасиз, аксарият аёллар сингари хожи онанинг ҳам бундай бехисоб бойликдан – қўш-қўш билакузуклар, турли хил тилла тақинчоқлар, энг сара келин-киёв сарполари, ўғлига “қора қўй”га берилган “Нексия” машинаси ва ўзига қилинган сара моллардан кўзлари ўйнаб кетган эди. Хафтасига юбориладиган сават-сават нозу-неъматларни эса саноғи йўқ эди. Бундай ўз-ўзидан оқиб келаётган мол – дунё олдида хожи онани тили бир неча ойга чиқмай қолди ва қувончлари бир дунё бўлди.
Янги келин кўпам ўзини қийнатмайдиган, истаган пайтида турадиган ва уйидан турли хил қиммат баҳоли маиший техникаларини кўтариб келиб, ўз майлича бамайлихотир тамоша қилиб ва эшитиб ўтиришни ёқтирадиган эрка қиз экан. Қайнона келинни бошқачароқ тарбия кўрганлигини дарров сезган бўлсада, арқонни узунроқ ташлаб, шунча қилинган сарполар хурматидан ҳам уни бироз ўз ҳолига қўйиб беришни лозим кўрди. Чунки у шундай бойвачча бўлган янги қудаларини кейинчалик қизларини сиқувга олиш билан ўзига ва ўғлига қилинадиган совға – саломлар билан янаям “соғиб” олишни кўзлаб кўйганди. Хозирча бунинг хожати бўлмай, улар шундай ҳам қилишмоқда эди.
Аммо вақт ўтган сари янги қудалари юбораётган хар турдаги газмоллар, кийим-кечак, паябзаллар, дўппи, чўпон, аёллар ва эркаклар ички кийими, атир-упа, тилла тақинчоқ, болалар кийими, турли соатлар, мебел, бир дунё идиш-товоқ ва шу каби турфа хил бўлган-у аммо санаб саноғига етиш қийин бўлган нозу-неъматлардан кўнгли тўлган, истаклари рўёбга чиққан ва бу моллардан “кўзи тўйиб қолган” хожи онанинг ҳийла ғаши кела бошлаган эди. Чунки унинг кўнглига қарамай юборилаётган бу “совға саломлар” унинг истаклари асосида амалга ошмаётган эди. Хожи она бўлса, ўз тенқурларининг таъбири билан айтганда, “аллада азиз, тўрвада майиз” бўлишни истарди ва янги қудалари тамонидан кўрсатилаётган бу қадар “кўтар-кўтар”идан ўзини ўзгача сезиб, бир қадар ховлиқиб бораётган, устивор бир юзакилик ҳолатига келган ва жудаям ўзини кўрсатгиси келиб, бирқадар хаддидан ошишни ҳоҳлаб қолганди.
Шу бўлиб, хожи она нақ икки ой дегандагина, ўзини таъбири билан айтганда, “қайнона қанақа бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйишни” лозим деб топди. У ҳамма нарсани ўз ўрнига келтиришни, вазиятни қўлга олишни, бу уйда кимни гапи гап эканлигини билишларини ва қачонки уни кўнглини олибгина бу уйда кун кўра олиш мумкинлигини билдириш вақти етиб келди, деган фикрда эди.
Албатта, кўпни кўрган хожи она ўз имкониятларидан сира ҳам иккиланмас эди: ёшгина ва келгинди келин қандай қилиб унга тенг кела олсин. У эса келинни бир неча хафта ичида “измига солиб олишга”, “кўзига қарабтиб қўйишга” ва ўзини истакларини дархол фахмлаб олишни ва бажаришни ўргатишни кўзлаб қўйганди.
Вазият эса у ёшгина келинчакни “ўз измига солишга” ўтганидагина ойдинлаша бошлади ва у сира ҳам кутмаган ҳолатлар бирин-кетин юзага келиб қолди. Аввалига ёш келинчак хожи онанинг талабларини анчагина паромишхотир қабул қилди ва айтганларини сурат билан бажаришни ҳаёлига ҳам келтирмади. Кўпни кўрган қайнона бу холатни келиннинг уйидаги “анқовлар”нинг бепарвогина тарбияси деб билди ва дархол юз-хотир қилиб ўтиришни бир четга суриб қўйиб, кинояли захартомуз сўзлари билан “узиб олишни” бошлаб берди. У дархол келинни ёнига чақириб “имилламай тез харакат қилиш керак”лигини қатий туриб талаб қилди ва кўпам ўйлаб ўтирмай “ота-онангиз тарбиягизни эвлай олмабди” деди.
Шу кундан бошлаб хожи она кимга бўлмасин бошини сарак-сарак қилганича ёш келинидан хасрат қилишга ўтиб олди, “тарбияси йўқ, бефаросат ва рўзғор нималигини билмайди” дейдиган бўлди ва бу ҳам етмагандай ҳовлини ўртасида туриб олганича, овозини атайин баланд кўтарадиган, ҳаммага эшиттирганича янги келинни “айбларини тўкиб соладиган” ва бетўхтов гапириб “дардини достон”қиладиган бўлиб қолди.
У шу йўл билан олдинги икки келинини қаттиқ хижолатга солган ва юрагини олган эди.
Албатта, кўпчиликка хожи онанинг таптортмас уришқоқ феъли маълум эди ва бир талай махалла аёлларнинг таъбири билан айтганда, “хожи онани билмабсиз, уни совунига кир ювмабсиз” деса ҳам бўлаверар эди-ю, аммо у ғиззиллатиб югуртирамоқчи бўлган келинни “парвоси фалак” эди-да. У хожи онанинг зўравон қилиқларига сира ҳам парво килмас, индамас, унинг захартомуз сўзларини беэътибор қолдирганича уйига кириб кетар ва қўл телефони орқали ҳамма гапни ойисига етказиб турарди. У келинига овқат қилиши кераклигини айтганида, машинада бир қозон овқат бериб кетишди, уйни, ҳовлини шупиринг деганида, бир хизматкор аёл келиб ҳамма ёқни шупириб сидириб кўйди, кирларни ҳам ювди. Хожи она сенга кўрсатаман, дея дарҳол ўғлини ишга солмоқчи бўлган эди, бироқ сийлов ва совғаларга кўмилиб қолган йигит, хотинидан эртароқ туришни ҳам талаб қила олмаслиги маълум бўлди.
– Ойи, ахир сиз айтган ишлар бўляпти-ку – деб ғулдиранди у, – Сизга яъна нима керак?!
У келинидан эрига шикоят қилган эди, сира кутилмаганда Нозим хожи ҳам у тамонда эмаслиги аён бўлди.
– Хой, хотин! Ахир ўзинг кечагина “мана энди келиндан кўнглим чиқди” деган эдинг-ку! – деди хожи норози бўлиб, – Энди нима бўлди?! Мени уй ишларига аралаштирма, ахир келинингни акалари казо – казо жойларда ишлайди, қўлидан кўп ишлар келади. Мана кечагина, катта акаси жуда қалтис вазиятда мени қўллаб юборди, энди рахматига синглисини қуваманми?! Йўқ, бўлмайди. Улар керакли инсонлар, пачакилашиб ўтиришларинг бефойда ва хатто зарарли, билдингми?! Ҳа энди, битта қиз бўлгандан кейин эрка бўлади-да. Ўзинг билиб танлагансан…
Нозим хожига ортиқча ғавғони кераги йўқ эди. Уни ўз режаси бўлиб, маҳалладан ўғлини оиласига ёрдам пулини тўғрилашни ва пулларни ўзи олишни кўзлаб қўйганди. “Унар жойдан, албатта ундириш керак!” дегувчи шиор унга тегишли эди, вахоланки унинг ўғли ва хотинидан иборат икки кишилик кичкина оиласи, мол – дунёга бошиданоқ ботиб қолган эдилар. Аммо, “ўрганган кўнгил, ўлганда қолар”, – деб бежис ва бекорга айтилмаган экан.
Хожи онани каби “ўткир хотин”ни ёш келинчакни измига сололмаслиги одатдан ташқари ва ажабланарли бир ҳол эди, албата. Аммо буни хайрон қоларли жойи йўқ эди. Барча нарсани бойлик билан ўлчанадиган оила аъзоси бўла туриб, қандай қилиб ва ким бундай неъматларни келтирувчи омилга қўл кўтаради – шаккоклик қилади. Ёш келинчак эса деярли барча оила аъзоларига неъматларни келтираётган ишончли ва аниқ бир омилга айланиб бўлган эди. Мисоли табиат қонуни каби ўрнашган, барчани энг яширин хиссиётларига қадар тасарруф қила оладиган, гарчи ёзилмаган ва очиқчасига айтилмаган бўлсада бу оилада ходий бир ғоя-ишонч холига келиб бўлган мол-дунё ва бойлик сингари неъматларга бўлган ишончни ким ҳам ўзгартира оларди дейсиз. Ваҳоланки бу каби дунёқарашни оилада хукм суришига хожи онани каттагина улуши бор эди. Энди шундай бўлгач, қандай қилиб уни қўли баланд келиши мумкин?!
Ьироқ саркаш ва иззатталаб хожи онани бўш келгиси келмасди: ўз уйида келгиндига ютқазиш жуда аламли эди-да. Айниқса, келинни қайириб оламан, дея қилган харакатлари кучайган сари уни менсимай қўйишини кучайиб бориши йўл қўйиб бўлмайдиган холат эди. Ниҳоят, хожи она келиннинг онасига қўнғироқ қилиб уни чақиб олмоқчи бўлди. Ўзи тайёрлаб олган сабабларни кўрсатиб, тарбияни эвлай олмабсиз деб, бир нави сиқиштириб қўймоқчи бўлди. Бироқ келинини катта қилган онасининг оғзи, хожи онанинг оғзидан ҳам полвонроқ экан.
– Қудажоним, – дея сидирма қилиб жавоб берди онаси, – Мен қизимни шунақа қилиб катта қилганманки, айтсам сиз буни тасавур ҳам қилолмайсиз: унга ҳоҳлаган нарсасини бериб, айтгани доимо мухайё қилиб қўйдим ва қўлини совуқ сувга урдирмай пар ёстиқлар устида вояга етказдим. Кичиклигида таглигини энг қимматбаҳоли атир совунда ювдириб, қолмишига француз атирини сепганман. Қудагинам, агар билсангиз мени қизим мисоли бир гул кабидир – хидлайсиз, чиройидан завқланисиз ва керакли момуалани қиласиз, вассалом. Мен ва ўғилларим бор экан қизим қўлини совуқ сувга ҳам урдирмайман. Билдингизми?! Агар истасангиз уйингизга ўнта хизматкорни ташлаб қўяман, рўзғорингизни қиламан, ўғлингизга истаган нарсасини топиб бераман, хатто ўша истаги анқовни уруғи бўлса ҳам. Аммо қизимни ишлатаман, деб хамтама бўлманг. У ишламайди. Шуни ҳам эсингиздан чиқармангки қудажоним, биз яхшига яхшимиз, ёмондан қўрқиб ўтирмаймиз, қўлимиз эса истаган жойимизгача етиб бора олади.
Шундан сўнггина хожи онани попиги пасайиб қолди. Уларни ўз йўлига сола олмаслигини билди ва келинни пешонасида “безрайиб туриши”ни истамай, ўртанча ўғлини чиқаришга мўлжалланган ҳовлига кичигини чиқариб кўзидан нарироқ қилди.
Хожининг оиласи ўз даврида унча катта бўлмаган деб хисобланган оила бўлиб, каттаси қиз, қолгани эса уч ўғилдан иборат эди. Катта қизини эрга узатилган, ўғиллари уйланган ва улар учун қурилган янги ховлиларга кўчишган эди. Хожи билан ўртанча ўғлил – тўғри ва момуалада оддий бўлган Юсуфжон қолди. Шунингдек хожининг бир талай неваралари ҳам бўлиб, уларнинг каттаси балоғат ёшига етиб қолаётган эди.
Болалар оталарининг сайи – харакати ўлароқ олийгохларда ўқишган, маълум бир ишни бошини тутишган ва деярли барчалари ўзи сингари ниманидир олишни – таъмагирликни оддий бир ҳол каби қарайдиган бўлиб етишишган эди. Қуш уясида кўрганини қилади, деганлари рост экан, улар худди оталари сингари, бир гапни гапириб, амалда иккинчисини қилишни устамонлик белгиси дея билишар ва мансаб ортидан келадиган фаровонликка жуда ҳам орзуманда эдилар. Мансаб ва бойлик бу оила учун обру – эътибор, кеккаймачоқлик учун етарли бўлган асос, одамларга хўжайин бўлиб олишга қулай бир восита ва ўзга ҳолатда эришишлари даргумон бўлган бойиб олишнинг ажойиб бир имконияти эди.
Гапни очиғини айтганда, худди мана шуларни ортидангина Нозим хожининг оиласи фаровон ва тўкин – сочин бўлган ҳаёт тарзига эга бўлиб келмоқда эди. Болалар эса бу ҳолатни қандай бўлса шундайлигича қабул қилишган, нима қилиб бўлсада бойиб кетиш, пулдор бўлиш ва шу орқали обру-эътибор қозониш асл мақсад ўлароқ қабул қилишган ва барча харакатлари мана шу дунёқараш асоси устига қурилган эди.
Хожи она ёш хамшира жувонга бир-икки назар солиб, у бўшатган стулга бориб ўтирди.
У эрига қараб туриб қолди ва кўзига ёш олди. Ётавериб юмшоқ ёзтиқга ботиб кетган, қорни ва суяклари бўртиб чиққан, озиб қарайиб қолган ва хиёл очиқ оғзидан зайиф нафас олаётган хожининг ахволига ичи ачишди. Харна қилса ҳам бу одам уни эри эди-да ва хожи она унга анчагина суяниб қолган эди: сўзлари бир жойдан чиқадиган ҳамфикр, бир – бирларига кўникиб қолишган ва хожи эрлик салоҳиятини йўқотмаган эркак эди.
Аёл ғамгингина хурсинди, ичида “Бир неча ой олдин умуман бошқа одам эдингиз-а.”- деб қўйди ва эрини ориқлаб кетган қўлини қўлига олиб оҳиста сўради:
– Хожи бобо, тузикмисиз?
Кутилмаганда хожи кўзини очди, очиқ қолганидан қуриб қолган оғзини юмди ва зўрға “сув” деган сўзни айта олди. Хожи она дик этиб ўрнидан турди, ҳамшира жувонга сув ҳам бермабсан дегандай ўқрайиб қараб олди ва дарров идишда узатилган сувни қўлига олиб, эриига қичкина қошиқда сув тутди.
У сувни ичди, яна, яна ичди ва бироз тин олиб тургач:
– Мени ўтирғизиб қўйинглар, – деди.
Ҳамшира ва хожи она биргалашиб беморни ёнига, орқасига ёстиқлар суяшди, уни девор томонга тортиб ўтиришни қулайлиштириб қўйишди. У яна сув ичаман деган эди, сув беришди ва хожи она чаққонлик билан эрини қўлларини, елка – белларини бир рови силаб қўйди.
– Ётавериб, аъзойи – баданингиз увишиб қолгандиров, – деб қўйди ўзини ишини ўзи маъқуллаб.
Нозим хожи секин – аста ўзига кела бошлаётганди. Хожи она уни юзи – қўлларини ҳўлланган сочиқ билан артиб, бошига яшил дўпписини қигизиб қўйди, кийимлари ва жойини тўғрилаб оёқларини адиёли билан ёпди. Хожининг кўриниши бир нави холга келаётгандай эди, бундан хожи она янада дадиллашиб, шунча кунлардан бери туз тотмаган эри бироз тетиклашиб, озроқ қувватга ҳам кирар деган ҳаёлга бориб, ўрик шарбатини ичирди. Хожи индамай, хотини тутган бир пиёла шарбатни ичиб юборди, кетидан озроқ сув ичди ва хотини бугун анчагина яхши бўлиб қолибсиз, деган сўзига астигина бош ирғиб: “Ҳа, тузикман” дея маъқуллаб қўйди.
Эшик очилиб, хонадагиларга салом беришганича хожининг катта ўғли Жахонгир ва у билан ўртанчаси бўлган Юсуфжонлар кириб келишди.
Катта ўғил ишга кетишдан олдин отасининг ҳолидан хабар олишни ўзига қоида қилиб олган эди. У ўрта бўйли, оқ – сарғиш рангли, кўпроқ онасига тортганидан енгил ва тез харакатланадиган ўттиз бешлар атрофидаги киши эди. Жахонгир енгил табиатли, доимо одамни алдашни кўзлайдиган, мақтанчоқ ва мутлақо маслаги бўлмаган ишончсиз одам бўлиб, хонаси келганда ёнингиздаги пулингизни секингина шилиб олишдан ҳам тоймайдиган феъли бўлган одам эди. Шунингдек уят нималигини билмайдиган анчагина сурбет, беҳаё ва “замонавий безлардан” бири бўлган кимса эди-ки, айнан мана шу фазилатлари туфайлигина оиладагилар уни хурматини жойига қўйишар эди. Юсуфжон эса болалар ичида кўпроқ отасига тортгани эди; норғул гавдали, кўриниши оддий бўлсаям анчагини пишиқ ва бақувват йигит эди. Аммо унга отаси сингари маҳобатли кўринишга бўлган харакат ва бирмунча дадил бўлган мустақил фикр етишмаётганга ўхшарди. Муомалада оддий, кувлик қилишни билмайдиган, ишонувчан одам бўлгани учунгина унга бемалолроқ момуалада бўлинар ва кўпда у билан хисоблашиб ўтирилмас эди. Қачон қараманг доимо акаси ёки укаси қилмаган ишни Юсуфжон қиларди ва бундан бирон киши ундан ортиқча миннатдор бўлиб қолган эмас эди.
Улар хонага салом бериб киришгач Жаҳонгир дарров ташаббусни қўлга олиб дилгирлик билан онасини юзида ўпди. “Яхшимиз онажоним” – деди ва отасига яқинлашиб уни ҳам юзидан ўпди.
– Дадажон бугун кўринишингиз анча яхши, – деди ва ойисига қараб, – Тўғрими ойи? – деб сўраб қўйди.
– Ҳа, бугун дадангиз ўзини яхши хис қилмоқда.
Жаҳонгир ҳамшира қиз билан сўрашди, “қийналмаяпсизми?”- деб хол-ахвал сўради ва уни “Йўқ, рахмат. Ҳаммаси жойида.” деган сўзидан бироз иккиланган ҳолда отасини тамонга каради. Ҳаммалари ҳамшира қиз борлигидан ноқулайланиб, нима дейишни билмай бироз бўлсада туриб қолишди.
Вазиятни дарров тўғрилаб қўйишни лозим кўрган хожи она ҳамшира аёлга қараб;
– Қизим, агар бошқа ишингиз қолмаган бўлса дамингизни олаверинг, – деб уни хонадан чиқариб юборди.
Кўча тамондан машина келиб тўхтагани, ундан кимлардир тушгани ва қадам босаётган оёқларнинг дупирлаган товушлари келди. Ҳамма, дераза ортидан Юсуфжонни хотини кимнидир кутиб олишга ошиққани кўриб, эътиборларини ўша тамонга қаратишди.
Булар ниҳоятда пўрим кийинган Жавлон ва ўғилчасини етаклаб олган сингил опаси – бироз қорачароқ, оху кўзли ва жозибадор Сарвиноз экан.
Сарвиноз ўрта ёшдан ўтиб қолаётган бўлсада анчагина хушбичим, хозиржавоб ва худди онаси сингари қанчалик зўр кийинса, одамларни шунчалик менсимасликка одатланган қилиғи бор бўлсада, ўзига ёки ишига керакли бўлган одамларга хушмомуалада бўлишни унутмайдиган аёл эди. Яқинда у ўз иши юзасида бироз кўтарилишга эришиб олди. Буни қарангки, худди отаси маҳалланинг райиси бўлиб – бўлмаёқ соддароқ кастюмини кийиб, эскироқ дўпписини бошига илгани каби Сарвиноз ҳам ўзининг бемаъни калондимоқлигини бир қисмини ташлаб юборди.
Аммо бу ер ишхона бўлмай, туғилиб ўсган уйи бўлганидан ўзини чегаралаб ўтиришни хожати йўқ эди. Айниқса, ёнидаги укасининг жуда башанг кийими, улар миниб келишган янги машина, келинлар олдида ўзини кўрсатиш иштиёқи ва ўзига кичкина келин тамондан совға қилинган қимматбаҳоли кўйлагидан кўнгли чиқиб бўлган эди-ки, бундан у янада манмансираши ва изчилгина юзсизлик билан бемалол дағал сўзларини ишлатиши мумкин эди.
Сарвиноз мактабда ўқитувчилик қиларди ва эрталабда отасини кўргач ишга боришни ва йўл – йўлакай ўғлини боғчага ташлаб ўтишни режалаштириб олган эди.
Борган сари тетиклашиб қолаётган хожи, қизи ва неварасини кўриб суюнди, илгаригидай ҳаётнинг оддий қувончларидан баҳра олаётганидан кўнгли кўтарилди.
– Бормисан қизим?! – дея хитоб қилди кўришиб, – Кичкинтойимни олиб келиб яхши қилибсан.
Унга кўтариб олиб келишган икки ёшли неварасини хуш кўриб, бошидан ўпди, кичкинтойларнинг ёқимли хидини хидлади ва ёнига ўтқазишгач болаларига бирма – бир кўз югуртириб чиқди.
Барчалари унинг кўз ўнгидан униб ўсишган, ўзларидан кўпайиб бола – чақали бўлишган ва ҳозирда ўзига хос салобатга эга эдилар. Хожи уларга қараб: “Улар баъзи бировлар сингари, бефаросат ва ноаниқ нарсалар ортидан кувадиган ахмоқлар бўлиб етишмадилар.”- деган хулосага келди ва дархол бундан кўнгли янада тўлди. У ҳаяжонланиб кўйи, кап – катта бўлиб қолган, пўрим ва маҳобатли фарзандлари борлигидан энтикиб, улар билан боғлиқ фикр – ўйларига эрк бериб юборди.
Мана, у шунча фарзандларини боқиб – тарбиялаб катта қилди – оёққа турғизди: эрга берди, уйлатди, ўқитди ва уйли – жойли қилди. “Ҳаммалари ўз ўрниларини топишди, ақллари тўлишди ва ўзимдан кейин уларга каттагина мерос ҳам қолмоқда.” – деб фикр қилди у. Фарзандлари унинг нигохига уддабуррон, оғзидаги ошини олдирмайдиган, ўткир ва фойдали нарсани дарров фахмлай оладиган ишончли инсонлар бўлиб кўринмоқда эдилар. “Мен уларга кўпгина ота – оналар бера олмаган нарсаларни бердим, шунга қараб улар ҳам эсли – хушли бўлиб тарбия олишди, оёққа туришга ва ҳаётда ўз ўринларини топишларига керакли иш ёки лавозимларни эгаллашларига тадбирини қилдим. Ҳа, шубхасиз, мен болаларимни хозирини ва келажагини чиройли қилиб таъминлаб қўйдим.”
Хожининг кўнгли худди жуда қийин ишни қойилмақом қилиб уддалаб ташлаган одам сингари ғурурга тўлди ва бевосита шулар тўғрисида гапиргиси келиб тараддудга тушиб қолди.
– Болаларим, – деб хитоб қилди у кўтаринки бир ҳаяжон билан, – Мен сизларни яхши тарбия қила олдимми? Беками – кўст вояга етказа олдимми? Олийгохларда ўқишларингизни тадбирини кўра олдимми? Эрга бериб, ўйлантира олдимми? Уйли – жойли қила олдимми? Нима дейсизлар, гапиринглар… оталик бурчимни бажара олдимми? Гапиринглар… жигарбандларим…
Нозим хожи тўлқинланиб кетганидан кўзлари ёшга тўлди ва ундаги ҳаяжон оиласига ҳам ўтди: Cарвинозни кўзи ёшга тўлди, Жахонгирни ранги оқарди, Юсуфжон ўрнида қотиб қолди, Жавлон бирон нима қилмоқчидай ўрнидан туриб кетди, хожи она эса ўтирган жойида пиққиллаб кўзларидаги ёшларини рўмолчаси билан арта бошлади.
Улар бундай ҳаяжонга йўғрилган вазиятни, қачонлардан бери кутаётган-ларидан дарров таъсирланиб кетишди. Чунки оталарининг ўлими яқинлигини билишган бўлишсада, хали ўлим нималигини билмаган хонадон вакиллари оталари холатига қараб, на бир қайғуни ва на қўйинишни хис қилаётган эдилар. Ахир одам деган ўзига яқин бўлган инсонни йўқотиши мумкинлигидан таъсирлана олмаса, кўзига ёш келмаса, хиссиз безрайганича тураверса, бу нарса қўни – қўшнилар кўзига ғалати бўлиб кўринши ва шу туфайли уятли бир хожолатга тушишлари мумкинлигидан озроқ ҳафсираб юришган эди. Мана, нихоят оталарининг сўзларидан хиссиётлар жунбишга келган вазият вужудга келди ва ҳамма ўзгача бир ҳаяжонга тушганиларидан таъсирланиб, борваракайига, хатто бир – бирлари қараб ҳам ўтирмай гапира кетишди.
– Дадажоним, сиз оталик бурчини ҳаммадан кўра яхшироқ қилиб бажардингиз, – деб чийиллади Сарвиноз.
– Сиз кўпчилик қилолмаган ишларни қилдингиз, – деди тез ва қуруқ қилиб Жаҳонгир.
– Сиз туфайли барчамизни ҳовли – жойимиз бор, – дея ғулдиранди Юсуфжон.
– Сиз энг яхши отасиз, – деди Жавлон.
Нозим хожини кўзлари жиққа ёшга тўлди. Яқин орада болалари, уйи, хотини ва бошқа ўзи кўниккан бир дунё неъматларни кўра олмаслигидан, ажралиши мумкинлигидан кўнгли бузилди. Кечагина бардам ва бақувват бўлган, бугунга келиб бемалол йиғлашга ҳам кучи етмай қолган рамақижон хожининг ичига ботган кўзларидан оқаётган ёшлари, ноилож ва чорасиз қолган одамнинг аянчли қайғуга тўла кўз ёшлари бўлиб, бу нарса эса, чамаси дунёга бўлган аъзанинг ўзгинасига ўхшаётганди.
Бироқ хожининг кўз ёшлари яқинларининг кўнглини янада бўзиб юборди ва бутун вужудлари ҳайриҳоҳлик билан йўғрилган бир ачинишга тўлди.
– Худони айтгани шу экан, – дерди чорасиз қолган чол ўзини босолмай пиққиллаб, – Аммо айрилиқ аччиқ, аччиқ, аччиқ…
Ҳамма унинг ҳолига ачинган кўйи, агар имкони бўлганида эди, мана шу нобакор касаликка даво бўлган дорини ерни тагидан бўлса-да, албатта қидириб топишга тайёр эканликларини сезишди.
Узоқ йиғлашга хожининг кучи етмасди албатта, шунга қараб бироз ўтиб – ўтмаёқ у ўзини анчигина босиб олди ва фарзандларига оналарида қолаётган пулларида улушлари борлигини айтиб, ўлимидан сўнг хар олти ойда хатми Қуръон қилдириб унга бағишлашлари лозимлигини ўқтирди. Шунингдек баъзи бир ўзи суйган невараларига алоҳида қўшимча нарсаларни берганини ҳам билдирди ва бироз тин олиб туриб қолди, барча кўз югуртириб олди, хурсинди ва нихоясида барча ишларини охирига етказган одам каби омилкорлик билан деди:
– Мени кўп – кўп дуо қилиб туринглар, шунда рухим шод бўлиб, дуоларингдан манфаат олиб тураман.
Унинг кўзлари олислар тикилиб фикр қилиб қолди, тек қотди ва ўтаётган умри тўғрисида маълум бир хулосаларга кела бошлади.
Мана худони айтгани бўлиб кўп нарсага эриша олди – уддасидан чиқди: ўқиди, катта мансабдор бўлди, уй-жой бўлди, болаларини катта қилди, уларни ўқитди, турли ишларга жойлаштирди, вахаказолар… Нихоят, икки маротаба хаж қилиб барча гунохларидан фориқ бўлди, бой – бадавлат ва маҳаллани каттаси айланди – хуллас калом нимани истаган бўлса шунга эришди. Агар худо яракламаган бўлганида шуларга эриша олармиди ва кўзлаган мақсадлари амалга ошармиди?! Албатта йўқ, эришмаган бўларди. “Бир нима амалим худога маъқул келганки, ишимни доимо тўғрилаб келди, мақсадимга эриштирди.” Эндиликда эса неча йиллар бўлибдики озми-кўпми намоз ўқиб худо демоқда, ўзини тўғрилаб кўрсатмаларини бажариб келмокда ва бу ёғига, ажаб эмаски қўллаб юборса! Иншооллоҳ ҳаммаси яхши бўлади, демакки жаннат тушади.
Ҳозирда, умуман олганда эса охирги ўн йил мобайнида Нозим хожининг ишончида, одамнинг истакларига мослашувчан кўнгли сабаб мана шу фикр – у ҳам бўлса ўзига мослаштирилган, иродасиз ва кўпгина номақбўл амалларни қилган одамларни ўзини оқлаш учун ишлатувчи хўжа кўрсинки гап – юзаки бир чўпчак устивор эди. Коммунистларнинг югурдаги бўлган бу кимсанинг назарида, кимнинг иши ўнгидан келибдими, демакки унда худонинг розилиги бордай бўлиб туюларди ва кўпчилик қандай яшаган бўлса шу каби яшаганлигини хисобга олиб, шунча одамнинг дўзахга тушишига ишонмас эди. Унингча, нима иш қилибдики Оллоҳнинг истагани учунгина қилди ва Уни розилиги бор ишларнигина амалга ошди. Тез орада ҳаёт билан видолашиш аниқлигидан, ўлими яқинлигидан, иложсизлик ва бошқа билими бўлмаганидан шу нарсага – одамларнинг майллари асосида бунёд бўлган фикрга махкам ва қаттиқ ёпишиб қолди.
Чунки биз хикоя қилаётган бу жамиятда тўғрилик, халоллик ва тоза ҳаёт тарзини кўрсатган Яратувчининг ахлоқига роя қилиш каби қадриятлар аллақачон унитилинган бўлиб, ўз ўрнини озми – кўпми мунофиқликка, иккиюзламачиликка ва қайси йўл билан бўлсада бойиб олишга бўлган харакатга бўшатиб берган эди. Юзага чиқиб қолган қолган бир талай сафсатабозлар эса тинмай халоллик, тўғрилик ва Оллоҳнинг розилиги хақида гап сотмоқда эдилар. Булар тез орада деярли ҳамма жойни эгаллаб олишди ва маънавий бўзиқликни пардалашни, номақбул харакатларга баҳоналар топишни бошлаб беришди. Эндиликда бир тўда бўлиб кўчаларни ва турли хил эфир тўлқинларини эгаллаган ярим яланғоч беиболар қалблари тўғрисида, порахўр ва давлат мулкини умараётганлар халоллик хақида, мунофиқ ва беиймонлар эса дин борасида сафсата сотмоқда эдилар.
Буларни сиёсатига кўр – кўрона ишонган Нозим хожини тилаги ҳам айнан шу бўлган эди. Биз эса, мухтарам китобхон, бу ўринда бирон нима дея олишимиз анчагина мушкул бўлиб кўринади! Нима ҳам дердик, у шу йўлни ўз ҳоҳиши билан танлади ва аниқ бир кўринишга келиб қолган тақдири воқеалик бўлди ва ушбу оқибат тамон бормоқдан ўзга чораси қолмади.
У сўнги бор жонланиб олди, кўзларига ёш келди, болалари, хотинига кўз югуртирди ва қўлини кўкга кўтариб хитоб қилди:
– Эй Оллоҳим, гунохларимни кечиргин, жойимни жаннатдан қилгин!
Ҳаммани кўзига ёш келди ва барча ҳаяжон ила уни овитишга тушиб кетди.
– Дадажан хали яхши бўлиб кетасиз, – деди Сарвиноз илдамгина кўз ёшларини артиб.
– Дадаси, мана тузала бошлаяпсизку, – деди хожи она эрини қўлини силаб, – Бунақа гаплар билан ўзингизни қийнаб нима қиласиз?!
– Яхшисиз…
– Тузалмоқдасиз…
Хожи секин – аста зайифлашиб бораётганини сеза бошлади. Яқинларига “Мени ётқизиб қўйинглар”, – деди ва иймон калимасини келтирди.
Шундай қилиб хожи ўзининг дунё билан мулоқат қила олиш имкониятини ниҳоясига етказди ва унинг шахсий қиёмати кейинги босқичга ўтганлигини англатувчи ходисалар рўй бера бошлади.
Кутилмаганда ҳамма ёқни тўлдириб, қулоқ ва ақлини шоштириб юборувчи турли хил овозлар кела бошлади. Худди астагина эшик очилди-ю, аммо кўз очиб юмгунча ҳамма нарсани тўлдириб ташловчи сон – саноқсиз овоз ва товушлар оламига кириб қолгандай бўлди. Одамни эсанкиратувчи, номалум ва ўзгача бир вахимадан қаерга қочиш билолмай қолган хожининг фикрлари бир зумда пораканда бўлиб кетди. Ўзлиги гўёки ичи бўш идиш каби ҳолига келди; унда босиб келаётган хайбатли қўрқувдан бошқа хеч нима қолмади. У оний бир тарзда, мутлақо қайтариб бўлмайдиган, бор туйғуларини шоштириб юборувчи ва махв қилувчи бир қўрқувни аниқ хис қилди.
Овозлар секин аста ортга чекинди ва хожи ён – атрофига аланглаб, нималар содир бўлаётганини билишни истасаётган бўлсада, ўзга оламларни ҳам кўра оладиган холатга тўширилганини тўла англай олмади. Вужуди енгил тортиб, оғриқ ва дармонсизлик ундан чекиниб қолганини сезди ва у қараган томондаги девор мумдай эриб қўздан ғойиб бўлгани, ортидан эса узоқ кенгликлар кўзга




