ОЧИҚ ХАТ
Муҳтарам жаноб А. Хўжа (кечирасиз, исмингизни билмаганим учун газетада ёзилганидек мурожаат этаётирман)!
Яқинда Ўзбекистонда чиқадиган “Халқ сўзи” газетасининг 2010 йил 28 декабрь сонида “Дунё нигоҳи” рукни ҳамда “Чет эл ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доиралари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ахборот-таҳлил марказларида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишидаги маърузаси юзасидан кенг муҳокамалар давом этмоқда”, деган кузатиш билан “Ўзбекистон замонавий жамият барпо этишда янги ва самарали усуллардан фойдаланмоқда” сарлавҳаси остидаги мақолани ўқиб қолдим. “Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан уюштирилган “Акс садо” тарзидаги мазкур чиқишдан сизнинг фикрларингиз ҳам ўрин олган экан. Мулоҳазаларимни тўлароқ англатиш учун ўша гапларингизни тўлиқ келтириш мақсадга мувофиқ кўринади:
“Туркистон – Америка” уюшмаси раиси А. Хўжанинг таъкидлашича, АҚШда истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакиллари мамлакат мустақиллиги, ўзбек халқининг эрки ва фаровонлиги асоси бўлган Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигини яна бир бор катта қувонч ва кўтаринки кайфиятда нишонлади.
“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, давлат ва миллатнинг раҳбари сифатида, ўз халқининг қатъий қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда, Ўзбекистонни Конституцияда белгиланган барқарор тараққиёт сари етакламоқда”, дея таъкидлади А. Хўжа. Унинг фикрича, “Туркистон – Америка” уюшмаси Ўзбекистон Президенти томонидан белгиланган мамлакатда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган вазифаларни тўла қўллаб-қувватлайди.
А. Хўжанинг сўзларига кўра, АҚШда Ўзбекистоннинг ривожланиш жараёнини кузатиб бораётган ҳар бир одам Ўзбекистон Президентининг Конституция кунига бағишланган анъанавий чиқишини ҳар йили катта қизиқиш билан кутади. Сабаби, давлат раҳбари ўз маърузасида ўтган йилни сарҳисоб қилиб, асосий мақсадларни ўз номида мужассам этган келгуси йил дастурининг йўналишларини белгилаб беради. Шу тариқа мамлакатда ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган аниқ давлат дастури амалга оширилади.
Шунингдек, у Ўзбекистонга бир неча бор амалга оширган сафарлари чоғида “Баркамол авлод йили” Давлат дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтди. “Мамлакатнинг турли туманларида қисқа вақт ичида барпо этилган ўқув юртлари ва соғломлаштириш марказлари, спорт иншоотлари ҳамда болалар ижодиёт уйлари, уларда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун яратилган қулай шарт-шароитлар дунёнинг қатор мамлакатлари учун ўрнак бўлмоғи лозим. Аммо энг асосийси шуки, мен Ўзбекистон ёшлари билан суҳбатлашганимда уларда ўз билимларини янада бойитишга ва келгуси тараққиёт сари астойдил интилишни, уларнинг ўз мамлакатлари учун бунёдкорлик ишларига шай турганини кўрдим. Шу боис, Ўзбекистоннинг келажаги ишончли қўлларда эканига аминман”, деди “Туркистон – Америка” уюшмаси раиси.
У Ўзбекистон Президентининг 2011 йилни “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, деб эълон қилиши ҳақида сўз юритар экан, ушбу ташаббуснинг нақадар долзарб, балки ҳаётга татбиқ этиш учун асосли эканини қайд этди. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши, шубҳасиз, халқ фаровонлигининг юксалишига ҳамда Ўзбекистон мустақиллигининг иқтисодий асосини янада мустаҳкамлашга имкон яратади”, дея ўз сўзини якунлади А. Хўжа”.
* * *
Ҳурматли А. Хўжа! Мен, аввало, юқоридаги гапларни ўз оғзингиз билан айтмагансиз, дея ўйлайман. Негаки, хоҳлаган одамини ўз манфаатига қурбон айлаган ҳолда йўқ нарсаларни “сўзлатиш амалиёти” бизнинг ўзбек матбуотимиз учун янгилик эмасдир-ки, айни хусусда илгариям бир неча бор масала кўтарилганди.
Мабодо, ҳаёт аслиятидан нақадар йироқ бўлган мазкур мулоҳазаларни шахсан сиз билдирган бўлсангиз, узр-ку, аммо, Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан мутлақо бехабар ва ғофил экансиз. Айниқса, ўзингиз уқтирганингиздек “АҚШда истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакиллари”нинг номларидан хулосалар чиқаришингиз, гарчи, “Туркистон – Америка” уюшмаси раиси эканингиз тақдирда ҳам, юмшоқроқ қилиб айтганда, инсофдан эмас, бундай йўл тутиш демократик давлатда тарбияланган инсонга ярашмайди. Ваҳоланки, хориждаги аксарият ватандошларимизнинг Ўзбекистонда олиб борилаётган қатағон – зўравон сиёсатдан, ётағон – ўлағон иқтисодиётдан кескин норози эканликларини, биз Ўзбекистоннинг ўзида турсак-да, яхши биламиз. Мен ижодкор этикаси нуқтаи назаридан ҳамда сиз билан илк бор ғойибона муносабатга киришаётганим учун ўзаро баҳсга тушмоқчи эмасман. Шу тақдирдаям, ўзингизнинг ушбу асоссиз мулоҳазаларингизга қатъиян қўшилмаслигимни билдирмоқчиман.
Яна фурсатдан фойдаланиб, хориждаги ватандошларимизга қарата йўллаган қуйидаги шеъримни келтирмоқчиман-ки, Ўзбекистоннинг ҳозирги фожиаси унда қисман акс этгандир:
БИЗГА ДИЁНАТ ЙЎЛЛАНГИЗ!
(Хориждаги ватандошларимизга)
То ҳирс-у ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафси ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулм-у ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.
Алишер НАВОИЙ.
Истиқлолни кутгандингиз Оллоҳдин тилаб бардошлар,
Боз, ани таҳсинладингиз – севинчдин кўзларда ёшлар,
Умид қилдингиз: ҳуррият ўзбекни иқболга бошлар,
Ният этдингиз: бахтиёр яшар энди миллатдошлар —
Сиз, азизлар – муҳтарамлар, хориждаги ватандошлар!
Зеро, бизнинг матлаблар-да уйғун, ҳамоҳанг келганди,
Мустақилликни шарафлаб, қалблар қувончга тўлганди,
Ки, заъфарон юзларга ранг, ризққа қут эниб қолганди,
Юрт хиёл қаддини ўнглаб, эл эркин нафас олганди —
Эй, эъзозли – эҳтиромли туркийзодалар – юртдошлар!
Минг-минг таассуф, илинжлар – эътимодлар пучга чиқди,
Эзгулик ниҳолларини зиллат қасирғаси йиқди,
Замона зўрларни сийлаб, ночорларни чоҳга тиқди,
Орзулар селлара оқди, армонлар дилларни ёқди —
Эҳ, муҳожир аждоддошлар, қон-қардошлар, миллатдошлар!
“Юртбоши”, “йўлбошчилар”нинг, фақат, ўз боши ташвиши,
Тўкислар – бойлардин наф кўрмас, бирон муҳтож – мискин киши,
Барининг мардумлар ҳаққи, хариш мулкка ўткир тиши,
Яна мол – дунё талашмоқ, бўғиз ғажишмоқ қилмиши —
Ҳой, азизлар – муҳтарамлар, хориждаги ватандошлар!
Кимсалар урчиди: тангриси – тилло, пайғамбари – пул,
Улар отаси – манфаат, онаси – нафсониятдур,
Худога банда эмаслар, бу инслар – жиғилдонга қул,
Нопок нафси-чун қорни ёқиб, йўнгайлар йўқни буткул —
Эй, эъзозли – эҳтиромли туркийзодалар – юртдошлар!
Қаён боқсанг мунофиқлик: ҳийла, кийна, фитна, риё,
Адолат, қонун – қоғозда, амалда ҳақ-ҳуқуқ – рўё,
Мамлакатда зиёлилар, чинпарварлар йўқдай, гўё,
Соямиздин-да сесканиб, оғиз очолмаймиз биз, ё —
Эҳ, мусофир қон-қардошлар, аждоддошлар, миллатдошлар!
Ҳирс – тамаъ, деб қопишадур чаламулла – “оятчилар”,
Қоронғуда топишадур қонунчи-ю жиноятчилар,
Бир кўрпани ёпишадур ҳукком, қуззот, ғоратчилар,
Эр-хотундай қапишадур талончи-ю зиёнатчилар —
Ҳой, азизлар – муҳтарамлар, хориждаги ватандошлар!
Халқ ортидин рутбалилар халқ дардидин ҳаддин йироқ,
Эл ғамидин гапирсанг, гар, қочгайлар тағин чеккароқ,
Халқни зор қақшатганларнинг кетларин ўпгайлар, бироқ,
Ялтоқ – шалтоқликдин кўра ўлганлари-му, яхшироқ —
Эй, эъзозли – эҳтиромли туркийзодалар – юртдошлар!
Жамият порахўрлиг-у ҳирс – наҳс захмига мубтало,
Меҳрсиз – оқибатсизликдин ўлкага ёғилмиш бало,
Чорасизлар Холиққамас, махлуққа айлар тавалло,
Йўқлик – ишсизлик мингларни ошёндин айирмиш, илло —
Эҳ, муҳожир аждоддошлар, қон-қардошлар, миллатдошлар!
Зотан, уруш эмаса-да, қишлоқлар қолди ҳувиллаб,
Аксар эркак малай – гадой, четдин нон ахтаргай йиллаб,
Кўп аёл чўри – мардикор, фарзандлар дайдир чувиллаб,
Гоҳ, болалар – чоллар тобуткаш, ўлик кўмадур увиллаб —
Ҳой, азизлар – муҳтарамлар, хориждаги ватандошлар!
Оҳ, бу не кўргулик-ки, ўз юртимиздаям ғарибмиз,
Ватанда яшаб кун кўрмай, ҳар сабабдин қирилибмиз,
Қадр – қимматимиз бой бериб, орни қўлдин чиқарибмиз,
Гўллик туфайли қўй, балиқ, чувалчангга менгзалдик биз —
Эй, эъзозли – эҳтиромли туркийзодалар – юртдошлар!
Қодир Эгам, не қилсанг-да, этма эътиқоддин жудо,
Ҳаққониятнинг йўлига жумлаи жаҳонлар фидо,
Халқим кўксида тоғдай ранж, ахир, ким ургайдур нидо,
Эркни чорловчи унларга само қайтаргайму садо —
Эҳ, мусофир қон-қардошлар, аждоддошлар, миллатдошлар!
Абад, хор-зор ўтармизму, тонгимиз отмайдур, наҳот,
Турон – Туркистоннинг азал шони тикланмасму, ҳайҳот,
Салтанат топталаверса, Ватан берилгай-ку барбод,
Аввало, Ҳақдин ҳамда жаҳоний жамоатдин нажот —
Ҳой, азизлар – муҳтарамлар, муҳожирлар – ватандошлар!
Муқаддас ота маконнинг аянч қисматин ўйлангиз,
Хароб ҳолимиз кўргали сарҳаддин берён бўйлангиз,
Имон – виждонни йўқотдик: бизга диёнат йўллангиз,
Ўзбекистон тақдири-чун адойиларни қўллангиз —
Сиз эъзозли – эҳтиромли туркийзодалар – юртдошлар!
* * *
Муҳтарам А. Хўжа жаноблари! Сиз тавсифлагандек “ўзбек халқининг эрки ва фаровонлиги асоси бўлган Ўзбекистон Конституцияси” амалда ишламаётганлиги учун ҳам сизга йўллаётган очиқ хатимни ҳақиқий исм -шарифим билан эмас, адабий тахаллусим билан имзолашга мажбурман. Нима учун шундай қилаётганимни яхши тушунасиз ҳамда ушбу мурожаатимга нисбатан қандайдир тарзда муносабат билдирасиз, деган умиддаман.
Ҳурмат билан: ЭЛТУҒЁН.




