САККИЗЛИКЛАР

Гульчехра Нуруллаева

Дадахон Ҳасанга

Оҳ урарда қиёсингиз кўрсайдим,
Бир бор хандон қарошингиз кўрсайдим.
Қуёшларни уйғотади додингиз,
Кошки кўзда қуёшингиз кўрсайдим.

Ҳофизсиз-у, мунг, аламга сиғмассиз,
Шоирсиз-у, сўз, қаламга сиғмассиз.
Қачон кўрган сиздайларни бу тупроқ,
Оламсиз-у, кенг оламга сиғмассиз…
15. 02. 1992.
х х х
х

Ватан йиғлар кўзим қорачиғида.
Ватан йиғлар, лекин бузмаслар пинак.
Шу боис кунларим қуёш тиғида,
Ёзда ҳам, қишда ҳам бирдай жизғинак.

Барчага уч ахир биттагина бўз*,
Шундан тақдирдошмиз кулгу, йиғида.
Андак бедор бўлинг, қаршимдаги дўст,
Ватан йиғлар кўзим қорачиғида…
16. 05. 1992.
* Раҳматли онам: «Ҳаммамиз – бир бўзнинг учимиз», – дердилар.

х х х
х

Эшигимнинг олдида пойлаб,
Тун соқчилик қилади ҳар кун.
Деразамдан юлдуз-у ойлар
Айғоқчилик қилади ҳар кун.

Улар эркин руҳимдан маним
Эркни сиқиб чиқармоқчилар.
… Бунчалар гўл бўлмаса ғаним,
Хомхаёлчи бунча соқчилар…
16. 05. 1992.
х х х
х
…га
1.

Билардингиз мунглуғ кўксимга
Боларилар қўйганин уя.
Улар туғён солар кўзимга,
Эшик андак очилса қия…

Билардингиз: уларни қувмоқ
Менинг учун ўлим билан тенг.
Била туриб, кўксим айланг чок,
Била туриб, «Қувмайсизми?» – денг…
2.
Дедингизки: “Сизга не керак?
Тинчийсизми?..”
… Муз бўлиб қотдим.
Бошим узра йиқилгил, фалак,
О, мен бу кун дўстни йўқотдим…

Майли эди, бузмай ҳаловат,
Беаламлар тинчиса-тинса…
… «Тинчийсизми?..» – айлар маломат
Кўкси мендай кемтик бир кимса…
17. 02. 1992.

х х х
х

Шимол ёқдан келган совуқлар
Қовжиратди кўк баргларимни.
Қалам йўқлар, виждоним йўқлар
Бевақт сўлган дилбарларимни.

Қўлим – косов, сочим – супурги,
Осмоқ учун янги кўк барглар…
… Энди бўлса мени йиқмоқчи
Ўз тоғимдан келган совуқлар…
17. 05. 1992.

х х х
х

Ё раб, оқ-у қора олишар мангу,
Мангу олишади баландлик-пастлик.
Ярим аср умрим хулосаси шу:
Қутқара олади дунёни ростлик.

Руҳим – хас-кепакни ажратар элак,
Пок бўлсанг, бу жоним садқа, эй одам!
Менинг ёвим йўқдир ниқобдан бўлак,
Ёвим йўқдир бўлак ёлғон-риёдан…
17. 05. 1992.

х х х
х

Билмадим, юксакка чиқдингиз қандай?
Ўзни қуёш билиб, кўкда порларсиз.
Меҳр изларканман қаҳҳор замонда,
Меҳр кўрсатиб сиз, ёнга чорларсиз.

Майли, майли, мени нодон атангиз,
Бемор йўлингизни тута олмасман.
Хунхорлик – онангиз, ғазаб – отангиз,
Сиз томон қон босиб ўта олмасман…
17. 05. 1992.

х х х
х

Илк бор кўрганимда кўзи кулганлар
Кейин куюк бағрин менга очарлар.
Илк бор кўрганимда мард туюлганлар
Кейин номард чиқиб, жангдан қочарлар.

«Бахтлисан» деб қўйиб бахти қарога,
Атаб қўйган бўлиб номардларни мард,
Шошқалоқ кўз билан боқиб дунёга,
Кейин мен юрарман лол-у ҳижолат…
17. 05. 1992.

х х х
х

Мен меҳр илмини яхши биларман,
Жонимни тутарман иймони бутга.
Айтинг, меҳрларим нима қиларман,
Юлғич қўллар тўлса мен севган юртга?!

Бу юртга тилайман меҳрибон қуёш,
Нуридан нигоҳим ойлангувсидир.
Лекин юлғич қўллар тутар бўлса тош,
Руҳим қилич қўлга айлангувсидир…
17. 05. 1992.

х х х
х

Ҳақгўйдан ўзгасин тан олмас нигоҳ,
Нигоҳ қўрқоқлардан тонмоғи тайин.
Мен сизга жория бўларман, деб, оҳ,
Мен сизни йўқотиб қўйдим, нетайин.

Дўзаҳ бу – мен дўстни йўқотган пайтим.
Нетай, боқмасангиз риёга тикка.
Қайтинг, дўст, таъмадан иймонга қайтинг,
Мен ҳам қайтажакман жорияликка…
17. 05. 1992.

х х х
х

Бўлар эди рўзғорга шўнғиб,
Кашта тиксам, гулга сув қуйсам.
Бошга ҳарир рўмолим танғиб,
Хоналарни яшнатиб қўйсам…

Ўртанмасди ўшанда бағир,
Билмасдим ҳам: ким дўст, ким ғаним…
… Яшолмасман бу асно. Ахир
Туркийларим – рўзғорим маним!
18. 05. 1992.

х х х
х

Омон бўлинг, соғ бўлинг,
Кўксимга тиғ урганим.
Рўшноликнинг бор йўлин
Сизда бўлсин кўрганим.

Озор йиққан дарахтнинг
Гарчи битта баргиман,
Қайсар мардга бадбахтлик
Тиламоғим даргумон.

Омон бўлинг, соғ бўлинг…
18. 05. 1992.

х х х
х

Ёв дарсин уқмагил, жон болам,
Ёв дарсин олади қўрқоқлар.
Қўрқмагил, қўрқмагил, жон болам,
Ватансиз қолади қўрқоқлар.

Оқ сутим ўтинчи – қонингда,
Юпанчим, муродим – қон аро.

Энг қаро ёвларинг – ёнингда,
Ёндаги юртсизлар – энг қаро.

Қўрқмагил, қўрқмагил, жон болам!..
18. 05. 1992.
х х х
х

Аввал сўқир эди, аввал кўнувчан
Дунё оғриқларин жо этган қалбим.
Энди қилаётир ҳар кун битта жанг
Менинг кўзим очиб, мингларча алпим.

Ажаб, алплар томон туҳматга ўраб,
Тошлар отишади пана-панадан.
Не учун юзма-юз олишмас, ё раб,
Эр бўлиб туғилган эса онадан?!
19. 05. 1992.

х х х
х

Бармоқларни йиғиб, мушт қилсам,
Чор атрофни аҳил дўст қилсам,
Ва оқибат она Туркистон
Оғриқларин фаромуш қилсам…

Юволмаса сел кўкламимни,
Уролмаса дўл кўкмагимни,
Бармоқлари мушт бўлган қўлим
Муштламаса ўз кўкрагимни…
19. 05. 1992.

х х х
х

Кеча эдингиз қувғин,
Кеча у зот тахтдайди.
Жойин олсангиз бугун,
Бугун сизни мақтайди.

Тегрангизда жонфидо,
Кўнгил хушлар биринчи…
… Йиқилсангиз мабодо,
Сизни тишлар биринчи…
19. 05. 1992.

х х х
х

Мартабаси баланд қуёшнинг,
Риё нима – билмаганидан.
Ноилидир мамнун қарашнинг,
Икки юзли бўлмаганидан.

Меҳри ошкор, нафрати ошкор,
Ҳар одими эл назарида.
Сақич қилиб чайнолмас зинҳор
Ҳеч ким уни гап бозорида…
23. 05. 1992.
х х х
х

Мақтаниш, десалар, майли, ихтиёр,
Ўз-ўзим тиғлашга букун қодирман.
Ёзган китобимни варақлаб бедор,
Қалбим бўйлаб пичоқ тортаётирман.

Сатрларим менинг, адашган, тахир…
Йиртаман, йиртаман… Қанчангиз хира…
Чидаш беринг, букун ўрнимда ахир
Ўз-ўзига жарроҳ, янги Гулчеҳра…
23. 05. 1992.

х х х
х

Сизнинг маҳкамангиз жуда ҳам улкан,
Дарвозаси қўш-қўш, девори харсанг.
Биллур равоқлари қуёшга тўлган,
Кичрайиб кетарман, олдига борсам.

Соқчилар пойлашар таманно билан,
Гидирсиз қалбимни тирнайди ғашлар…
… Сизнинг маҳкамангиз қурилган баланд,
Чўкиб кетсин учун менга ўхшашлар…
24. 05. 1992.
х х х
х
1991 йилнинг 29-30 августида бўлиб ўтган Олий Совет сессиясида Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Лекин зал бу хабардан жумбушга келмади, қарсак чалмади…

Менинг халқим учун кўп бўлди фириб,
Менинг халқим учун кўп бўлди найранг.
Қилманг маломатлар, кўча тўлдириб,
Мустақиллик кунин қилмаса байрам…

Тарихда бисёрдир оғзин куйиши,
Андуҳ чиқаверар, ҳолини сўрсак.
Қилманг маломатлар, сизга бахт қуши
Унга кўринмасдан, урмаса қарсак…
23. 05. 1992.
х х х
х

Кўра туриб кўзда намимни,
Ношукурга йўяр эмишлар.
Учратсалар агар номимни,
Чизиқ тортиб қўяр эмишлар.

Ҳайрат қони ҳайрон қаламга
Чак-чак томар жон ярасидан.
Мен яшайман, боқиб оламга
Чизиқларнинг панжарасидан…
24. 05. 1992.
х х х
х

Букун чулғар экан кураш дунёни,
Мен яшаш дарсини бермай қумримга,

Аза очмоқдаман, сезмай риёни,
«Шу дунё яхши» деб ўтган умримга.

Ўкиниб, ўртаниб, чекиб надомат,
Қалбдан изтиробга жой бермоқдаман.
… Умр ўтаётир суйгун, аломат,
Мен яна ёмбини бой бермоқдаман…
06. 06. 1992.
х х х
х

Салом, майса, зангори нигоҳ,
Оёқлари кишан, руҳи ҳур.
Этганинг-чун баҳордан огоҳ,
Пок ташрифинг учун ташаккур.

Сен биздан-да зийрак ва юксак,
Сен биздан-да топқирсан, ишон.
Сендай баҳор элтмоқчи бўлсак,
Оёқлар ҳур, руҳларда кишан…
06. 06. 1992.
х х х
х

Бизнинг юракларга тўкиб дард-алам,
Йиллар ўтиб борар, чопади кунлар.
Майли, шеър ёзмасанг ёзмабсан, қалам,
Шеърни нима қилсин очлар, юпунлар?!

Нажот излар экан беимкон кўзлар,
Имконлар ахтариб, куйишлар-ку – шеър…
Ватан қил устида турган шу кезлар
Дардин либос қилиб кийишлар-ку – шеър…
06. 06. 1992.
х х х
х

Учар чоғи энтикиб кўрдим:
Озодлик бор от ёлларида.
Сенинг эркинг топташди, юртим,
Лубянка*нинг подвалларида.

Кўрганларинг энди нур бўлсин,
Юртим, мовий осмонларингда.
Хунхорларинг чидолмай ўлсин
Гулчеҳранинг достонларида…
06. 06. 1992.
*Лубянка – Москвадаги машҳур қамоқхона.

х х х
х

Шафтоли ниҳоли муниса, майин,
Унга соя солса баланд оқ қайин,
Ниҳол фарёд қилса, оғриқ кўксимда,
Мен ёруғ дунёга қандай боқайин?!

Бағри лолалардан қон-қон адрман,
Тўрт томоним – тоғлар, мен сирма дилман.
Тошлар кўчиб турар тоғдан кўксимга,
Шу боис най эмас, чилдирмадирман…
06. 06. 1992.
х х х
х

Ёзган эдим, кўриб кўланка,
Тота олмай эркинлик таъмин:
«Ўзбекистон – занжирбанд ўлка,
Ўзбекистон – ярадор замин…»

Қачон, қачон, айтингиз, қачон
Занжирлари тўкилгай экан?!
Яраларин боғламоқ учун
Камалаклар эгилгай экан?!
06. 06. 1992.

х х х
х
…га

Гарчи маломатлар юрар изма-из,
Ортдан бигиз қилар кимлар қўлларин,

Сиз яхши биласиз, яхши биласиз
Ўзни муҳофаза этмоқ йўлларин.

Биз қачон кўрмайлик. «куйгайсиз» чандон,
Сизни ким бадхўга йўёлсин экан?
«Куйиб», итарасиз ҳақгўйни ёндан,
«Куйиб», юрагига қадайсиз тикан…
07. 06. 1992.
х х х
х

Ҳеч ўйламай ўтказдим
Изтиробни бошимга.
Мен умримни тутқаздим
Қувончиммас, ёшимга.

Ватан номли изтироб
Бошимда оқ қор бўлди,
Кўзларимда намакоб,
Кўксимда виқор бўлди…
07. 06. 1992.

х х х
х

Най бўлишни сизга қолдирдим,
Эй, куйи-ла андармон юрак.
Қучоқ бўлиб, Ватаним гирдин
Мен оғушлаб олмоғим керак.

Тикиларкан бисёрдан-бисёр
Бу тупроққа бегона кўзлар,
Соқчи бўлсак, ёмонми, дилдор,
Сиз най бўлиб куйлаган кезлар…
07. 06. 1992.
х х х
х

Толлар мажнун бизим андуҳимиздан,
Тутлар бужур юрак чандиғимиздан.

Тошлар кўмирларга кетмиш айланиб,
Қат-қат оғриқ тўла сандиғимиздан.

Андуҳдан йўлларни, оҳ, узолмасмиз,
Чандиқни табибга боқизолмасмиз.
Биз шунча ношудми, шунчалар ношуд,
Сандиқни сувларга оқизолмасмиз…
07. 06. 1992.
х х х
х

Ҳижолатдан лолман, ўтмишим
Кўзларимга бир пас тикилса.
Кимман ўзи? Билмаслик – ишим,
Билмасликдан мен – бахтли кимса.

Жавоҳир деб юрдим шишани,
Машъал билдим, кўрсам парча нур.
Кечир, Ватан, қўлинг кишани
Сўқирлигим тортиғи эрур…
07. 06. 1992.
х х х
х

Соҳиб бўлармишсиз яна бир шонга,
Агар бу юрагим курашдан тинса.
Мана, ола қолинг уни нишонга,
Муваққат тўрдаги муваққат кимса.

Сизга ҳеч гап эмас унга ўқ отмоқ,
Сўнг алвон кўксимга оёқ босмоқлик.
Менга ҳеч гап эмас қадни тик этмоқ,
Ва сизнинг номингиз қон-ла ёзмоқлик…
07. 06. 1992.
х х х
х

Заҳри қотил кемирган руҳим
Бирдамликдан даволар излар.
Қўшиқлари кемтик шукуҳим
Азоблардан наволар излар.

Шу қисматни тақдири азал,
Ажаб, раво кўрмишдир бизга.
Нетайликки, қўрқоққа ҳазар,
Ношукурмиз бағри тўкисга…
07. 06. 1992.

х х х
х

Менинг руҳдошларим тоғларда яшар,
Табиий, покиза, озод гул бўлиб.
Чўққилардан ошар, сойлардан ошар,
Битта орзу бўлиб, битта дил бўлиб.

Мени ҳудудида сақлайди шаҳар,
Тоғларга тушолмас махбус йўлларим.
Сизга толпинарман, сиз-чи, бехабар,
Табиий, покиза, озод гулларим…
07. 06. 1992.
х х х
х

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares