Т А Н Л О В

Соиб Мухандис
Дарвозамиз калитини кўпайтириш мақсадида устахонага бордим. Уста – рус миллатига мансуб, ўрта яшар, Виктор исмли йигит экан. У калитни кўриб:
– Бир донаси тўрт минг сўм бўлади, – деди.
– Намунча қиммат? – десам:
– Чиқимлари кўп. Анчагина маблағ лицензия тўловларига кетди. Ойлик тўловлар, ҳар кунлик патта тўлови, яна… кимларгадир текинга ясаб беришга тўғри келади. Хўжайинлар кўп… Майли, ёшингиз ҳурмати, сиз учун ярим пулига ясаб бераман. Савоб ҳам керак-ку одамга, – дея, калит ясашга уннаб кетди. Сўзлари унга нисбатан меҳримни товлантириб юборди. Ўзи ҳам очиққина йигит экан. Қўли ҳам, оғзи ҳам ишларди.
– Россияга кетгандим, қайтиб келдим, – деди у.
– Россиядаги ҳаёт яхшироқ, дейишади-ку, – десам:
– Мен ҳам шундай ўйлагандим, ўз юртим, ўз миллатим, деб… – деди.
Викторнинг айтишича, у дурустроқ иш топа олмай, дастлаб черковга борган. Унга ўхшаш ишга кирмоқчи бўлганларни черков ҳовлисидаги узун стол атрофига ўтказиб, овқатлантиришган. Ҳатто стаканда ароқ ҳам беришган. Хоҳловчиларга эса, яна қуйиб беришган ҳам. Овқатланиб бўлганларидан кейингина ишга олинганлар эълон қилинибди. Анчагина талабгорлардан фақат ярмичасини ишга қабул қилишибди. Викторнинг билишича, ишга олиш мезони ароқ экан. Бир стакандан ортиқ ичганларни, черков қуббасида ишлаш хавфсизлиги нуқтаи назаридан, ишга олишмаган экан.
Черковда иш тугагач, Виктор бошқа жойга ҳам иш сўраб борганини сўзлаб берди. Унинг айтишича, корхона мутасаддиси:
– Руслар ўнг томон, бошқалар чапга, – дея, тўпланганларни икки гуруҳга ажратибди. Ким қаердан, касби нима? – йиғилганларни бирма-бир сўроққа тутишибди. Навбат Викторга келиб, унинг Ўзбекистондан эканини билгач:
– Э, сен ҳам “урюк” экансан. Ҳамтовоқларинг қаторига ўт, – дея, иккинчи гуруҳга қўшиб қўйишибди.
– Руслар ўта миллатчи экан. Хоҳ ишда, хоҳ кўча-кўйда бўлсин, сенга бошқача қарашади, бошқача муносабатда бўлишади, – дейди Виктор. Ўз она юртида бегона бўлиш, хўрланиш, камситилишларга чидаб яшаш унга оғир ботиб, охири Ўзбекистонга қайтибди.
Викторга ниҳоятда ачиндим. Тайёрланган калитни қўлидан оларканман:
– Кўпам сиқилаверма. Шу юрт – сенинг ҳам юртинг. Мен – сенинг қардошинг, – деб, қўлига тўрт минг сўм тутқаздим, қадрдонлардай қучоқлашиб хайрлашдим

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares