ПУЛ ТОПИШ КЕРАК, УХЛАШ ШАРТ ЭМАС

Яшашнинг йўли
Абулфайз Бapoтoв

Россиядан мардикорчиликдан қайтаётган ўғлимни Тошкент темир йўл вокзалида кутиб олиш учун йўлга чиқдим. Поездга билет олдим деб хабар берганига салкам бир ой бўлган эди. Ана шу бир ойнинг ўтиши кони азоб бўлди. Кун санаймиз, вақт дегани эса имиллаб, сира ўтақолмайди. Хуллас, машина ёллаб, Тошкентга йўл олдим. Шофёр ёнида мудраб кетиб борар эканман, ўйлайман: “ўғлимнинг Россияга кетганига икки йил-у, саккиз ой бўлди. Турли хаёлларга боравериб, жуда қийналиб кетдик. Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, касал-пасал бўлиб қолмадимикин,- деб, ўйлаймиз. Хайрият, телефони дегани бор экан, соғинган пайтларимизда қўнғироқ қилиб, аҳволини, соғлигини билиб турдик.
Ҳозир республикамизнинг 5 та шаҳрида фуқороларимизни хорижда ишлаши учун қонуний тарзда жўнатадиган миграцион пунктлар ишлаб турганлиги ҳақида қайта-қайта эълонлар берилмоқда. Лекин, ушбу пунктлар фуқороларнинг ишга бўлган талабини қондираяптимикин? Агар қондираётган бўлса, нега улар жонларини хатарга қўйиб, тўп-тўп бўлганича Россиянинг турли бурчакларига кўр-кўрона иш қидириб кетмоқдалар.
Бундан тўрт ой муқаддам Бўстондан 15 нафар йигитлар ишлаш учун Тошкентга отланишган эди. Кейин маълум бўлишича, иш ваъда қилган кимса, уларни алдаб Қозоғистонга ўтказиб, қулдек сотиб юборишган. Энг ачинарлиси, одам савдосининг бош айбдори, туман ИИБ. жиноят қидирув бўлими бошлиғи эканлиги юракда оғриқ ўйғотади. Тўрт ой деганда йигитларнинг дараги чиқди. Мардикорликка кетганлар ота-оналарининг тинимсиз қилган ҳаракатлари туфайли минг машаққатлар билан уйларига қайтиб келишди. Уларнинг айтишларига қараганда, уларга қулларча муносабатда бўлиб, қаттиқ қийнаб ишлатишган. Пировардида бир чақа ҳам пул ололмаган мардикорлар, жонлари омон қолганларига шукур қилиб, уйларига етиб келишган.
Мамлакатимизда одам савдосига қарши қаттиқ кураш кетаяпти. Ишсизликка барҳам бериш учун ҳар йили юз мингларча иш ўринлари яратилмоқда. Лекин хорижга кетаётган мардикорларнинг оқими тўхтамаяпти. Сабабини сўрасангиз, “ у томонларда ойлик маош яхши, кун кўрса, бола-чақани боқса бўлади,”- деб, жавоб беришади.
Шунақа ўй-хаёллар билан Тошкентга етиб борганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Поезд кечаси соат ўн яримларда келишини билсак ҳам, анча барвақт вокзалда пайдо бўлдик. Мен вокзалнинг шундоққина рўпарасида, машиналарга ажратилган махсус жойда машинанинг ичида ўтириб турадиган бўлдим.. Мен билан бирга келган укамнинг ўғли ва шофёр вокзалга кетди. Ярим соатлардан кейин бир ўсмир аравачада ўғлимнинг юкларини олиб келиб қолди. Қувониб кетганимдан, “раҳмат ўғлим,”- деб, икки минг сўм узатдим. Ўсмир менга олойиб қаради.
-Бу нима қилганингиз бобой, мен сизга гадоймидимки, икки минг сўм бераяпсиз?- деди жаҳли чиқиб
-Бўлмаса қанча беришим керак? Ана вокзал, бир қадам. Меҳнатинга яраша-да.
-Бобо, билмасангиз билиб қўйинг. Буни тадбиркорлик дейдилар. 15 минг сўм берасиз. Бир сўм ҳам кам бўлмасин.
Лаънати тадбиркор 15 килограмча юкни 400-500 метрлик масофадан аравачасида олиб келгани учун шунча пул сўраётган эди. Қарасак, овозини баландлатаяпти, чамаси жанжал қилишга баҳона ахтараяпти. У билан тортишиб ўтиришнинг фойдасизлигини билиб, айтган пулини бердик. Ўғлимнинг гапига қараганда, поезддан тушганиданоқ, “ака, юкларингизни машинагача ўзим олиб бориб қўяман деб, юкларни аравачасига шоша-пиша орта бошлаган. “Кира ҳақига кўпи билан икки минг сўм олар деб ўйлаган эдик,”- деди ўғлим. –Унинг бундай қилишини қаёқдан билибмиз.
Жўнаётганимизда болага насихатомуз дедим:
-Ҳали ёш экансан, китоб ўқиб, телевизор кўриб уйингда ўтирсанг бўлмайдими? Ухлайдиган пайтинг ҳозир.
Бола менга қараб тиржайиб қўйди.
-Бобо, пул топиш керак, ухлаш шарт эмас. Бу ерни шаҳар деб қўйибди.
Хайрият, бола ҳинд киноларидагига ўхшаб, “бу ерни Бомбей деб қўйибди, демади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares