ДЕМОКРАТИЯ БОРАСИДАГИ ҲАНГОМАЛАР

“Меҳнат муҳожирлари” турукимидан

Ботир Норбой, филология фанлари доктори

Ўзаро суҳбатлашиб турган Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан “Аҳволлар қалай?” деб сўрадим. Улардан бири:

-Демократия бўлгандан бери аҳволимиз ёмон, – деган эди, бир гуруҳ кишилар қаҳ – қаҳ отиб кулишди. Кулганлар орасида зиёлинамо кийинган, кўзойнакли йигит ҳам бор эди. У:

– Демократия нима ўзи? – деб савол берди.

– Билмасам, биз томондаги газеталарда “демократияни чуқурлаштириш”, «демократияни қарор топтириш» ҳақида кўп ёзишади. Чуқурлашмагани шу бўлса, чуқурлашгани қанақа бўларкин, ишқилиб қарор топиб қомасинда, деб хавотирланиб юраман. Ҳар ҳолда, ҳозир бизда ишсизлик, қимматчилик, мардикорлар кўпайган, ҳатто аёллардан ҳам мардикорлар чиқди… Бундай воқеа чор ҳукумати пайтида ҳам, уруш йилларида ҳам бўлмаган.

– Агар ишсизлик демократия бўлса, Қозоғистон ва ундан кўра ҳам демократикроқ бўлган Россияда нега ишсизлар кам? – сўради кўзойнакли йигит.

– Билмасам?..

– Билмасангиз, билиб қўйинг, ишсизлик демократия маҳсули эмас, аксинча, демократия йўқлигининг белгисидир. Демократия бўлса, ҳар бир шахс эркин бўлади, кишилар ўз соҳалари бўйича фирма ёки шунга ўхшаган идоралар очиб, ишсизликни камайтиришади ҳатто тугатишади. Касбингиз нима?

– Дурадгорман… Сиз айтгандай, фирма очиб, ишлашга мен ҳам ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо, иш бошлашим билан солиқ қўмитасидан бир киши келиб аввал ҳужжатларимдан сўнг фаолиятимдан камчилик топа бошлади. Кейин билсам унга икки дона ром керак экан… Ундан бир амаллаб қутилган эдим, прократурадан ходим келиб, ясаб қўйган эшигимни арзон – гаровга олиб кетди. Эшик ром сотиб оиламни боқа олишимга кўзим етмагач, бир бригадага қўшилиб Қозоғистонга келдим.

– Демократия дегани эркин инсон ва эркин шароит дегани. Худди шу хил нарсалар йўқлиги учун солиқ қўмитаси ходими ромингизни олиб кетган, шу сабабли унинг ва прокурорнинг ноқонуний ишларига қарши туролмагансиз, оқибатда ишсиз қолгансиз.

Гапга қорачадан келган 40 ёшлардаги киши аралашди.

– Сизнинг гапларингиз балки назарий жиҳатдан тўғридир, аммо бизнинг шароитда гапларингизни амалга ошириш қийин.

– Нега?

– Мен ҳам фермер хўжалиги очиб ўн гектар ер олган эдим. Ҳам меҳнат қилиб, ҳам қарз бўлдим…

– Қанақасига қарз бўлдингиз?

– Ерни олгандан кейин трактор ишлатишга мажбур бўлдим. Тракторчига ва ёнилғига отни калласидай пул тўладим. 6 гектар ерга пахта, 3 гектар ерга буғдой, қолганига сабзавот экасан, деб шартномага қўл қўйдиришди. Уруғликка, минерал ўғитларга, дорилашга, фалонга, пистонга деб пулларимни олишди.

– Нега олишади, берманг!

– Банкдаги ҳисоб рақамимда турган пуллардан олишди, Мендан сўраб ўтиришгани ҳам йўқ. Уруғлик, минерал ўғитлар, трактор мойи, ҳаммаси улар айтган нархда. Бола – чақам, қориндош – уруғларим билан олти ой ишлаб ҳосил етиштирдим. Буғдойимни 180 сўмдан нарх қўйиб, комбайнда ўриб, олиб кетишди. Мен уларга, “биродарлар, бозорда буғдой 400 сўм, меникини ҳеч бўлмаса 300га баҳоланглар,”, деб илтимос қилдим. Аммо: гапимни бир тийинга олишмади: “нархни сен эмас, биз қўямиз, уруғликни, тракторни, минерал ўғитларни биз берганмиз”, дейишди. Мен уларга “текинга бермагансизлар, пулимга бергансизлар”, дея олмадим.

– Чунки юрагингизда қўрқув бор. Фермер дегани акахон, давлат билан ҳеч қандай шартнома тузмайди. Ер солиғини тўлайди халос.

– Шартнома тузмай ҳам кўрингчи, онангизни Учқўрғондан кўрарсиз, ­- деди собиқ фермер.

– Биламан, аммо бор гапни айтяпман. Биринчидан, Сиз Ўзбекистонда чиқаётган матбуотни ҳам, ҳатто президентингизнинг асарларини ҳам ўқимайсиз. Ўқиганингизда эди.И. Каримовнинг: “Юртимизда. Ҳар қайси вилоятда,туман ва жамоада ер ҳақиқий эгасини топса, мулкка, меҳнатга муносабат ўзгарса, деҳқонга хайриҳоҳлик, қўллаб қувватлаш бўлса, юксак ижобий самараларга эришиш мумкин”, деган сўзларини эслатиб уларни мот қилардингиз.

– Қўйинг, шу гапларни, бу сўзлар фақат қоғозда эканлигини ўзингиз ҳам билиб турибсиз. Иккинчи гапингизни айтаверинг.

– Иккинчидан, чет элларда фермерлар ерига нима экишни ҳам, олинган ҳосилни қаерга олиб бориб, қанчага сотишни ҳам ўзи ҳал қилади.

– Қани эди, бизда ҳам шундай бўлса, қишлоқ одамларининг итини ялоғи ҳам олтиндан бўларди.

– Олтиндан бўлмай қўя қолсин, ҳеч бўлмаса меҳнатига яраша ҳақ олсин, шунгаям жон дердик, – деди собиы фермер.

– Қишлоқларингда қанча одам фермерлик билан шуғулланади?

– Қозоғистон ва Россияга кетмаганларнинг ҳаммаси фермернинг қўлида ишлайди.

– Чет Мамлакатларда аҳолининг 3 ёки 5 фоизи фермерлик билан шуғулланади, аммо ўз одамларини ҳам боқади, бошқа мамлакатларга ҳам маҳсулот экспорт қилади. Сизнинг ишларингизнинг юришмаганининг сабаби яна эркинлик йўқлигига бориб тақалади. Фермер ҳар бир фуқаро каби эркин ва озод бўлиши керак.

– Бизда ҳозир эски колхознинг ерлари фермерларга бўлиб берилган. Фермерлар уюшмасининг раҳбари бошчилигида ишлашади.

– Унда улар фермер эмас, колхоз эканда?

– Колхоз бўлса қани эди, колхозда ҳеч бўлмаса икки ёки уч қоп унга етадиган пул беришарди, фермерда ишлайдиганлар пул нима эканлигини билишмайди.

– Демак улар фермер бригадаси аъзолари эмас, қуллар эканда? Фақат қулларгина пул олмай ишлайди. Пул олмаса нега ишлайди, ишламасин!

– Ўша ернинг ўтидан олиб молларини боқади, ялиниб ёлвориб озгина буғдой олади. Нима қилсин?!

– Фермер ҳам, у ерда ишлайдиганлар ҳам озод ва эркин одамлар бўлишлари керак! Бўлмаса итнинг охирги оёғи бўлиб юраверасизлар.

– Хўш, фермер, умуман инсон озод бўлиши учун, сиз айтгандай юртимизда ҳақиқий демократия бўлиши учун нима қилишимиз керак? – асабий равишда савол берди дурадгор…

– Бу борада шахсан менда аниқ рецепт йўқ, аммо вилесипедни қайтатдан ихтиро қилиб ўтирмай, бошқа демократик мамлакатлар қилган ишларни амалга ошириш керак, тамом вассалом!

– Яъни?!

– Менга қолса, ишни матбуотни эркинлаштиришдан бошлаш керак. Матбуот эркин бўлса, Сиз юқорида айтгандай, амалдорлар Сизга зулм ўтказа олмайди, пора ола олмайди, меҳнатингиз маҳсулини арзон гаровга ёки пул бермай олишдан ҳайиқади, инсонни хўрлашдан, тахқирлашдан қўрқишади. Эртасига қилмиш ва қидирмишларини ёзиб чиқишларини ким ҳам истайди?!

– Қилмиш қидирмишларни қаси журналист ёзармиш?! Ёзиб бўпти!

– Ёзади! Мана, қозоқлар, ўрислар ёзяптику! Агар эркинлик берилса ўзбек журналистлари ҳам ёзади. Ахир 1985 1995 йилларда анча мунча муаммоларни ёзиб чиқишганку!

– Хўш, матбуотга эркинлик берилиб, журналистлар ёзиб ҳам чиқди. Раҳбарлар ёмон ишлар қилишдан ҳайиқди ҳам дейлик! Кейин нима қилиш керак?

– Давлатга қарашли барча идора раҳбарларини, Судларни, Оқсоқоллар йиғини бошлиғини, туман ва вилоят ҳокимини ва ниҳоят Республика президентини ҳаққоний сайловлар асосида сайлаш керак. Ҳозир қуйи бўғиндан бошлаб вилоят ҳокимигача тайинланади. Тайинланган раҳбар халқ билан ҳисоблашиши қийин. Агар сайланса, халқ билан ҳисоблашади: “мени халқ сайлаган, эртага ҳисоб беришим керак, уларнинг кўнглидан чиқмасам, мени олиб ташлашади, эл олдида шарманда бўламан”, деб ўйлаб, тиришиб – тирмашиб ишлайди.

– Идора бошлиқлари, суд, ҳокимларни халқ сайласа, номзодларни ким қўяди?

– Идора бошлиқларини шу корхонада ишлайдиганлар, Фуқаролар йиғини бошлиғи номзодини шу маҳалланинг одамлари, суд, туман ҳокими ёки вилоят ҳокимининг номзодини ўша туман ва вилоятда фаолият олиб бораётган ҳақиқий партияларнинг аъзолари қўйишади.

– Ҳақиқийси билан сохтасини қандай ажратасиз?

– Халқ ичидан етишиб чиққани ҳақиқий, юқоридан туриб тузилгани кўпинча сохта партиялар бўлади, бундай партияларни сиёсатда “қўғирчоқ партиялар” ёки “чўнтак партиялапр”дейишади. Қуйидан туриб тузилган партиялар ҳақиқий партиялар бўлиб, кўпчилик ҳолларда ҳукуматга мухолиф бўлишади.

– Мухолиф дегани душман деганими?

– Йўқ, душман деганимас. Халқ томонидан тузилган, ҳукуматнинг чатоқ ишларини танқид қилиб. Уни тўғри йўлга соладиган партияларни мухолиф партия дейишади.

– Биздагилар ўзининг танқид қилинишига йўл қўйиб берар эканми?

– Беради! Агар демократия йўлга қўйилса, йўл қўйишга мажбур!

– Ҳукуматни бошқарадиганларнинг номзодлари эса партялар орқали муқобил асосда кўрсатилади.

– Майли номзолар ҳам қўйилди, дейлик! Кейинчи?

– Кейин ҳар бир номзод раҳбар ёки депутат бўлса қандай ишларни амалга оширишини халқ олдига чиқиб гапириб беради. Халқ кимга ишонса ўшани сайлайди.

– Сайлангандан кейин айтганларини бажармасачи?

– Унда норози сайловчиларнинг имзоларини йиғади. Агар сайловчиларнинг ярмидан кўпи депутат ёки раҳбарнинг ишидан норози бўлиб, бу хатга имзо чекса, қонун асосида у раҳбар ёки депутат ўз ўрнидан кетади.

– Сайловнинг ҳаққоний ўтганини биз қаердан биламиз?

– Мавжуд партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари қўйган номзодларнинг сайланиш жараёнини ҳукумат мулозимлари билан биргаликда кузатади, керак бўлса, назорат қилади.

– Парламент сайловларида ҳамми?

– Албатта, ҳамма сайлов ва референдумларда жамоат ташкилотлари, шу жумладан, партияларнинг вакиллари тенгҳуқуқлилик асосида сайланиши, уларнинг вакиллари сайловни қаттиқ ва оғишмай назорат қилишлари шарт!

– Бизда бундай сайловлар бўлмас эканда, чунки халқ ичидан етишиб чиққан партиялар бизда йўқ. “Бирлик халқ ҳаракати партияси”, “Эрк” демократик партияси” фаолиятлари расман бўлмасада, амалда таъқиқланган.

– Бу Сизларнинг қўрқоқлигингиз, ўзбекнинг минталитети билан боғлиқ, – деди кўзойнакли йигит.

– Минталитет деганингизни тушунмадим – гапга арашди яна фермер.

– Минталитет халқнинг қон – қонига сингиб кетган, у оғишмай амал қиладиган хусусият ёки иллатлар… Бу хусусият ва иллатлар унинг юриш туришида, урф – одатларида, мақол ва маталларида акс этади. Ўзбекнинг юриш – туришини кузатганмисиз? Кўчада ҳам хавотир билан, бир одим отиб орқсига икки қараб юради. “Раҳбар деб бир чивиқни қўйиб қўйишса, мен шунга бўйсунаман”, дейди. Тағин бу одатидан фахрланишини ҳам айтади… Раҳбардан ўлгудай қўрқади… Маслан, Сиз агар ҳозир шу ерга ҳокимингиз келиб қолса нима қиласиз?

Фермер раҳбар келмаётганмикан, деб атрофига бир қараб олди. Ва:

– Салом бераман – деди.

– Салом берибгина қолмайсиз, икки букилиб таъзим ҳам қиласиз. Иложи бўлса, унга хушомад ҳам қилгингиз келади. Аммо ўрис ёки қозоқ ундай қилмайди.

– Ўзбекнинг ҳам ҳаммаси ундай қилмайди, – дедим мен.

– Ҳаммаси эмас, кўпчилиги шундай қилади. Ёки беш олти лаганбардор қилган ишни бошқалар ҳам ё ошкора, ё яширин қўллаб – қувватлайди. Сиз катта деганда улуғ ёшли одамни эмас, раҳбарни тушинасиз, Ёшлигингизданоқ сизни каттани ҳурмат қил, деб тарбиялашган, тўғрими?

– Тўғри – деди дурадгор ноилож.

– Ўзбекда “Эгилган бўйинни қилич кесмайди”, “Ўнг юзингга урса лар, чап юзингни тут”, “Қўл югуриги ошга, тил югуриги бошга”, деган мақоллар борми?

– Бор.

– Яна шоирларнинг шеърларида ҳам, “Тишингни авайла, узаяр ёшинг, тилингни авайла, омондир бошинг” сингари мисралар кўпми?

– Кўп, бироқ “Гар қилич келса, бошимга мен дегайман ростин “ (Муқумий) , “Эгилган бўйинни қилич кесмас, деб, Яшамоқ керакми. Бўйинни эгиб, Дўстларим, дўстларим, қўшилмангиз ҳеч, Бўйинлар тик бўлсин, кесса ҳам қилич”(Миразиз Аъзам) каби сатрлар ҳам бор, – дедим мен.

– Борликка бор. Бироқ ўзбек қайсига кўпроқ амал қилади, биринчисигами ёки иккичисигами?

– Биринчисига .

– Ана, тўғрисини айтдингиз. Аммо қозоқ ёки ўрис ундай қилмайди. Қозоқда “Бош кесиш бор, аммо тил кесиш йўқ”, деган мақол бор. Ўрис ҳам “Говори правду”, деб туриб олади. Улар ҳақикатни биздан кўра кўпроқ ёқтиришади. Уларнинг Белинский деган олими “Ҳатто онанинг фарзандига муҳаббати ҳам ҳақиқатга асосланиши керак”, дейди.

– Энди улар бошидан кечирган шароит билан ўзбек бошидан кечирган шароит бир хил эмасда! Ўзбек Македониялик Искандар, кейинроқ чингизийлар, сўнг эронийлар, сўнг ўрисларнинг босқинини… сўнг 37 йиллар қирғинини кўрди…

– Сиз айтган босқин ва қийинчиликларни қозоқ, тожик, гуржи, қирғиз,ҳатто ўрис ҳам кўрган. Бошқа халқларнинг бошидан ҳам шундай қийинчиликлар ўтган.

– Унда гап нимада?

– Гап биринчидан, ўзбекнинг минталитетида иккинчидан, раҳбариятларингиз яратган ваҳимага қурилган шароитда. Сизларда МХХ, ИИВ, армия жуда кучли. Аслида бу ташкилотлар халққа хизмат қилиши керак. Сизларда эса у халқни қўрқитишга хизмат қилмоқда…

– Президентга бўйсунгандан кейин уни ҳимоя қиладида!

– Ҳамма бало Сизларнинг тушунчаларингиз камлигида ёки нотўғрилигида! Сизлар президентни Ўрта асрлардаги подшодай қабул қиласиз. Ҳолбуки, президент анчадан халқ хизматкоридир. У халқ иродасини тимсоли сифатида конституцияга бўйсуниши, Сизнинг инсоний қуқуқларингизнинг кафили бўлиши керак.

– Бизда эса халққа берилаётган ойлик маошни, нафақа пулини ҳам президент беряпти, деб тушинади.

– Демак, энг катта хато Сизларнинг жоҳиллигингизда! Жаҳолат ва минталитет қўшилиб, Сизларнинг мияларингиз ишлашдан тўхтаб қолган. Тўғри, ҳа деб. Жоҳил, жоҳил деявериш ҳам тўғри эмас. Шароит Сизларни шу аҳволга солган. Аслида, Сизлардаги ижтимоий сиёсий шароит Қозоғистон ёки Россияда бўлса, ўша ердаги аҳвол ҳам Ўзбекистондагидай бўлиши мумкин эди. Аммо бундай шароитнинг бўлишига қозоқ ёки қирғиз, ўрис ёки украин йўл қўйиб бермайди.

– Тўғри, тан олди, фемер. Демократия дегани унчалик қийин гап эмас эканку!

– Гапимнинг давомини ҳам эшитинг, деди кўзойнак таққан йигит. Демократик жамиятда бир – бирига бўйинсунмайдиган уч ҳокимият бўлади. Бу қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятидир. Улар бир – биридан мустақил равишда ишлашади. Шунда парламент аъзолари ҳам, ҳатто президент ҳам ижро этувчи ёки суд ҳокимиятининг ишларига аралашаолмайди.

– Бизда ҳам демократия бўлиши учун нима қилишимиз керак?

– Юқоридаги гаплардан маълум бўлмадими? Биринчидан, минталитетингиздаги салбий томонларни ўзгартиришингиз, раҳбарлар билан тўғри туриб, ҳайиқмай гаплашаолишингиз, керак пайтда ўз ҳақ ҳуқуқларингизни талаб қилишни билишингиз керак. Иккинчидан, раҳбарларингиз конституцияга бўйсунаман, инсон ҳақ ҳуқуларини ҳимоя қиламан, демократик жамият қуриш учун ишлайман, деб онт ичганми?– кулиб сўради, кўзойнакли йигит…

– Бундан ҳам яхши гапларни айтган, – деди фермер.

– Айтган бўлса энди, талаб қилиш сизлардан.

– Қандай талаб қиламиз?

– Мен юқорида демократия нималигини содда қилиб тушунтирдим. (Эркин матбуот, эркин сайловлар, учта бир –бирига бўйсунмайдиган ҳукумат. Худди шуларни раҳбарларингиздан талаб қилишга Сизнинг ҳаққингиз бор.

– Қандай қилиб талаб қила оламиз?!

– Уни ўзингиз топинг, АЛЛОХ бошни Сизга нимага берган?…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares