ОШҚОВОҚ КЕЛДИ

Тирикчилик
Абулфайз Бapoтoв 

Декабрнинг иккинчи ўн кунлиги бошланса ҳам, осмонда қуёш чарақлаб нур сочиб турибди. Телевизор Европани заптига олиб, бир қанча мамлакатларга кўпдан-кўп ташвишлар келтираётган қиш қаҳри ҳақида юракни увиштирадиган кўрсатувлар бераяпти. Одамлар йиллар давомида табиат қонуни билан ҳисоблашмай яшаб келди. Бугун эса, қилмишлари учун табиат олдида жавоб бермоқда. Шунга айтсалар керакда, ҳисоб- китобли дунё бу деб.
Эшигим олдидаги чоғроққина чорпояда Киска лақабли мушугим иккаламиз ўзимизни офтобга тоблаб ўтирибмиз. Киска 8 ёшга тўлди, мен эса 69 ёшга қадам босаяпман. Киска менга шундай ўрганиб қолганки, бир ёққа бормоқчи бўлсам, “кетма” дегандай, тинимсиз миёвлаб барчани хит қилиб юборади. Киска хамма нарсага тушунади, фақат тили йўқ-да, жониворнинг. У мендан бахтлироқ. Чунки у бировни ғийбат қилмайди, ранжитмайди, арақ ичмайди, пора олмайди, террорчилик қилмайди, мансаб талашмайди, бировнинг ҳаётига зомин бўлмайди. Чунки у тили йўқ бир махлуқ, бу нарсаларга ақли етавермайди.

 

Инсон эса, кучли ақл-тафаккурга эга бўлгани ҳолда, маданий йиртқичга айланиб ўтирибди. Очкўзлиги туфайли, табиатга етказган катта зарари эвазига жазосини олаётган бўлсада, ҳали ҳам бу хатарли бу йўлидан қайтгани йўқ. Ишқилиб, инсон охир-оқибатда батамом шайтоннинг малайига айланиб кетмаса бўлгани эди.
Майли, фалсафа суқишдан тийиламан. Хуллас, ўзимдан бахтлироқ ҳисоблаган Кискам билан ўтирганимизда, чамаси ёши олтилар атрофида бўлган бир бола, “ошқовоқ келди,”- деб, чийиллаганича, уйимиз олдидан ўта бошлади. Орқасида акаси бўлса керак, 7-8 тача ошқовоқ юкланган тачкани итариб борарди. Болача эса, бир гапни тинмай такрорлаб қичқирар, афтидан у бу вазифани қандайдир қувонч ва фахр туйғусида адо этарди.
Мен эса ўйлардим: бу йил полиз ва сабзавот экинлари ҳосили чакки бўлмади. Аммо деҳқон минг машаққатлар билан етиштирган ҳосилидан деҳқон кўзлаган фойдани олдимикин. Чунки деҳқончилик дегани ўз-ўзидан бўлавермайди, баъзан зарур бўлган ўғит, ёқилғи ва бошқа нарсаларга ортиқча сарф-харажат қилишга тўғри келади. Бир вақтлар табиий равишда етиштирилган, таъми тилни қирқ ёрадиган қовун-тарвузлар бугунга келиб маъданли ўғит деганига ғирт банги бўлди, усиз маза-матрасиз нарсага айланди. Мавсумда эса ўғит, ёқилғи деганининг нархи осмонга сапчиб кетди. Кўплар харажатимни бир амаллаб чиқариб оларман деб, топганини ерни шудгорлашга, ўғит, ёқилғи ва бошқа харажатларга сарф қилди. Ҳосил пишиб етилганидан кейин қарасаки, уни бозори чаққон жойларга олиб бориб сотишдан иложи йўқлиги маълум бўлди. Деҳқон бундай ҳисоб-китоб қилиб кўрса, ёқилғи қимматлашиб кетганлиги сабабли, маҳсулот йўл харажатини қопламас экан.
Бу деҳқончиликдан жабр кўрганлардан бири, қўшнимиз Абдураҳмон бўлди. У Зарбдор туманига борадиган йўлнинг собиқ “Ниҳол” хўжалигига қайрилиш жойида, анча вақтдан бери деҳқончилик қилинмай ташландиқ ҳолда ётган бир гектарча ерни эгасидан сўраб олди-да, деҳқончиликка қўл урди, ёнига бешкубилик ҳамқишлоғи Ўктамни олиб, ерни ҳайдатди, жўя олдиртирди. Қирқма қовун деб олган уруғи бошқа бўлиб чиқди. Сентябрнинг охирларида ҳосил пишиб етилди. Унгача Абдураҳмон билан Ўктам ери ёнидан ўтган лоток ариқдан сув олиш учун овора-ю-сарсон бўлиб мотор излади. Мотор эгаси молига қиммат нарх қўярди. Катта харажатлар билан келтирилган моторни юргизиш учун кетадиган бензин ҳам анча-мунча харажат талаб қилди. Айниқса селитра, аммофос ўғити фалон пул бўлиб кетгани уларни жуда қийнади.
Камбағалнинг деҳқончлиги қурсин экан. Маъданли ўғит кам солинганлиги, унинг устига экин мириқиб сув ичмаганлиги учун қовун-тарвузларнинг вазни майдалашиб кетди. Уни бозорга олиб бориш навбатдаги муаммога айланди. Биринчидан маҳсулоти бозорбоп эмас эди, иккинчидан, “ушовидан тушови қиммат,”-деганларидек, йўл кираси фалон пул бўлиб кетган эди. Абдураҳмон эшак аравада шаҳарча айланиб, қовун-тарвузларини сотишга ҳаракат қилди. Яхши фойда кўрмади шекилли, бир гал менга, “ ака, ерни текин олганимга шукур қилиб, эрта қувонган эканман, шўрим қуриди. Олган фойдам харажатларимдан фақат ёғилғисини қоплади, холос. Бошқасидан ўтдек куйдим,”- деган эди.
Ошқовоқ келди.-деб, тинимсиз чийиллаб бораётган болакайни кўриб, ана шуларни эсладим. 8 та ошқовоқнинг ҳар бирини минг сўмдан сота олса, 8 минг бўлади. Бозорда бу пулга бир кило мол гўшти ҳам бермайди. Халқнинг асосий тирикчилиги бўлган ун, ёғ ҳам қимматлашиб кетди. Хўш, ошқовоқни етиштирган деқон унга қанча меҳнат, қанча маблағ сарф қилди-ю, қанча фойда кўрди экан? Бунга биргина ўша ошқовоқ етиштирган кишигина жавоб бериши мумкин. Менинг хаёлимдан ана шу ўй ўтган пайтда, боланинг овози анча наридаги “Дом”лар орасидан эшитилаётган эди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares